Попнинг жабрдийда фермерлари
“Поп тумани ҳокимлигида ёлғончилик, ерларни талон-тарож қилиш авж олган. Таниш-билишчилик кучайган, тадбиркор фермерларнинг ер майдонлари ноқонуний тортиб олинган”.
Бу сўзлар тумандаги “Иброҳим-Маъмура” фермер хўжалиги раҳбари Умидахон Иброҳимованинг Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергановга йўллаган шикоятидан олинди.
Унинг ёзишича, эри вафот этган, уч фарзандини ёлғиз тарбияламоқда. 2015 йилда ташкил этилган фермер хўжалиги шартнома режаларини бажариб келган.
“Поп туманига Аъзамжон Султонов ҳоким бўлиб келганидан сўнг фермерлар ишларига аралашишлар кучайди, ер муносабатларини тартибга солиш издан чиқа бошлади.
Ҳоким ва унинг ўринбосари Акрам Қўчқоровнинг шиори “ерингизни оламиз”га айланди”, дейди Умидахон Иброҳимова.
Нусхаси “Элтуз”да мавжуд шикоятда билдирилишича, Ўзбекистон президенти Поп туманининг рентабеллиги ва балл бонитети паст, сув танқис 3100 гектар ер майдонига пахта экишни тўхтатиб, бошқа мақсадларда фойдаланишга кўрсатма берган.
Аммо туман ҳокими айнан шу кўрсатмадан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, 2018-2019 йиллар давомида унумсиз ерлар қолиб, серҳосил майдонларни боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик каби сердаромад соҳалар эгаларига ажратиб берган.
Президент пахтачиликдан чиқаришга кўрсатма берган ерлар эса туманнинг пахта етиштириш умумий режасида кўрсатилиб келинмоқда. Бу ерларга пахта ва соя экишда давом этаётган фермерлар эса меҳнатига куйиб, давлатдан қарздор бўлиб қолмоқда.
Шикоятдан маълум бўлишича, 2019 йил 18 январда ҳамма фермерлар туман маданият марказига йиғиб келинган. ИИБ ходимлари кўмагида улардан ер ижара шартномасини бекор қилиш, ерни туман захирасига қайтариш ҳақида мажбурий равишда ариза олинган. Лекин ҳокимликда таниш-билишлари бор фермерлар ерларини сақлаб қолган.
Еридан ажраган фермерлар эса назорат органлари, ҳатто президентга ҳам шикоят йўллашган. Аммо бу шикоятлар яна Поп туманига қайтиб келиб, масала ечилмасдан қолиб кетаверган. Прокуратура аризалар мажбурий ёздириб олингани масаласига тегишлича ҳуқуқий баҳо бермаган.
“Фермер хўжаликлари тугатилгандан сўнг тумандаги 10300 гектар ер пахта ва ғалла етиштириш учун “Art Soft Tex” кластерига берилди. Лекин кластер фақат 8000 гектар ерда деҳқончилик қилади, холос.
Чунки қолган 2300 гектар ер ҳокимлик қарори билан пинҳона равишда балиқчилик, боғдорчилик каби сердаромад соҳаларга ажратиб берилган”, дейилади Умида Иброҳимованинг шикоятида.
Умида Иброҳимова ери ҳокимлик томонидан тортиб олинганидан норози бўлиб, адолат излаб юрган ўнлаб фермерларнинг бири. “Элтуз”да ўз ерини қайтариб олиш учун турли шикоятлар ёзаётган, судларга мурожаат қилаётган яна кўплаб фермерлар тўғрисида маълумотлар бор.
Шулардан бири Ойбек Норйигитов бўлиб, унинг “Зайнатбегим Мобинахон” фермер хўжалиги ери 2018 йил 24 декабрда сохталаштирилган имзо қўйилган ариза асосида ноқонуний тарзда туман захирасига қайтарилган.
2019 йил 18 январда барча фермерлар қатори Ойбек Норйигитовдан ҳам ерни туман захирасига қайтариб бериш тўғрисида мажбурий ариза олишга ҳаракат қилинган, аммо фермер бунга рози бўлмаган. Шунга қарамай, унинг аризаси сохталаштирилган имзо асосида тайёрланган.
Расмий ҳужжатларда “Зайнатбегим Мобинахон” фермер хўжалиги ерини туман захирасига қайтариш тўғрисида туман ҳокими 2019 йил 18 январда ва ўша йили 4 февралда чиқарган иккита қарор мавжуд.
Фермер ер битта бўлса-ю, уни қайтариб олишга оид иккита қарор чиқарилганига туман ҳокимлигининг қинғир ишларига далолат сифатида қарамоқда. Лекин Наманган вилояти маъмурий суди ҳокимлик қарорини асосли ва ҳақиқий деб топган. 2021 йил октябрда фермернинг апелляция шикояти ҳам ҳокимлик фойдасига ҳал бўлган.
Поп мансабдорларидан жабр кўрган фермерлардан яна бири Дилдора Усмоновадир. Ҳокимликдагилар 2017 йилда уни унумдорлиги паст 9 гектар ерга пахта эктиришга мажбурламоқчи бўлишган.
Мутахассислар бу ерда пахта етиштириб бўлмаслигини ҳужжатлаштириб, ерни пахта режасидан чиқариш ваъдасини беришган. Аммо кузга келиб ҳокимликдагилар 9 гектар учун пахта режасини топширишни талаб қилишган.
Охир-оқибат фермерга бу бўйича қарздорлик юкланиб, эри Хайрулла Усмоновга иш очилиб, у жавобгарликка тортилган.
“Биз судланиб, яшаб турган уйимизни сотиб, бу пахта қарзини тўлашга мажбур бўлдик. Аммо 2019 йилда бу ҳолат такрорланиб, яна 9 гектар учун пахта пулини тўлашга мажбурлашди.
Биз доимий равишда ғалла ва пилла режаларини тўлиқ бажариб келганмиз. Пилла боқиб, биринчилардан бўлиб топширганмиз. Аммо Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султоновнинг давлат сиёсатини бутунлай нотўғри ташвиқот қилиши оқибатида биз анча жабр кўрдик”, дейди Дилдора Усмонова.
Унинг машмашалари бу билан тугагани йўқ. Эри турли адолатсизликлар туфайли юрак хасталиги орттириб олгани етмаганидек, бошига кредит қарздорлигини тўлаш ташвиши ҳам тушган.
Гап шундаки, ҳокимлик ери тортиб олинган фермерларга ерини қайтариб бериш эвазига фуқароларга иссиқхона қуриб бериш учун кредит расмийлаштиришга ундаган.
“Ўша пайтлар Қўштепа-Найман зонасида 30 кишига иссиқхона қуриш учун ер берилган. Ери ўзида қолганлар қарзни тўлаган, ери тортиб олинган фермерлар бу кредитни тўлай олмай азият чекди. Шулар қаторида биз ҳам бормиз”, дейди Дилдора Усмонова.
Шарифа Тўйчиева 2019 йилда ери тортиб олинган фермерлардан бири. У ҳам шўр ерга пахта экишга мажбурланган. Кейин эса пахтадан қарздорлиги ортидан номига иссиқхона учун дея мажбуран кредит расмийлаштирилган.
Тўйчиева иссиқхона учун кредит олишдан бош тортганида, унга бу ишга рози бўлса, ери яна қайтариб берилишини ваъда қилишган.
“Ҳозирги кунда ишсизман. Еримни олиб қўйишган. Иссиқхона учун 18 миллион сум қарз бўйнимда қолиб кетди. “Артсофт” кластери эса мен етиштирган ғалла ҳосили пулини бермаяпти”, дейди Шарифа Тўйчиева.
Умуман, Поп туманида бугун ери олиб қўйилган, ўзи эса қарзга ботирилган бундай фермерлар кўп. Уларнинг адолат излаб бормаган идораси, ёзмаган шикояти қолмади. Лекин муаммолари ҳали-бери ҳал бўладиганга ўхшамайди.