Асосий мавзулар
12 феврал 2019

Tashkent City қурилиши метро учун қанчалик хавфсиз?

Бугун Тошкент метрополитенидан фойдаланаётган юз минглаб ватандошларимиз яна шу саволга жавобни билишга ҳақли.

Лекин метрополитен раҳбарлари нега бир неча ойдан буён метронинг “Халқлар дўстлиги” ва “Пахтакор” бекатлари оралиғида поездлар одатдагидан секин ҳаракатланишининг асл сабабини яшириб келмоқда?

Ўтган йилнинг сентябрида бу бекатлар оралиғида поездлар ҳаракати секинлашганига сабаб мазкур участкаларда шпаллар ва рельслар алмаштирилаётгани эканини маълум қилган эди.

Шу билан бирга, бу ишлар 5-10 кунда ниҳоясига етказилиши билдирилиб, йўловчиларнинг кўнгли тинчлантирилган эди.  

“Метро составларининг секинлашиши 5 кундан 10 кунгача давом этади, йўловчиларнинг безовта бўлишига ҳеч қандай сабаб йўқ”,- деганди ўшанда Тошкент метрополитени мулозими.

Бироқ орадан 5 ойдан кўпроқ вақт ўтса ҳамки, поездларнинг ҳаракати одатдаги маромга тушмади. Бу эса турли шов-шувларни келтириб чиқармоқда.

Жумладан, поездларнинг секинлашувига сабаб Tashkent City қурилиши пайтида туннелга шикаст етганидир, деган гап-сўзлар ҳам тарқалди.

Аммо бу миш-мишлар Tashkent City маъмурияти томонидан ҳам, метрополитен мулозимлари томонидан ҳам рад этиб келинмоқда.

“Элтуз” ўз манбалари орқали бу саволга жавоб топишга ҳаракат қилди. Маълум бўлишича, метронинг поездлар секинлашаётган участкасида, метрополитендаги манбанинг айтишича, ёриқни мустаҳкамлаш ишлари олиб борилаётир.

“Ҳозир бу ёриқни бартараф этиш мақсадида мустаҳкамлаш ишлари олиб бориляпти. Ўша участка темир тиргаклар ёрдамида мустаҳкамланяпти”, деди манба “Элтуз” билан суҳбатда.

Ҳақиқатан ҳам поезд составлари секинлашадиган участкада туннел деворларига темир тиргаклар ўрнатилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Фақат деворнинг бир томонидагина камида 10 та шундай тиргак ўрнатилган.

Лекин “Элтуз” манбаси туннел деворининг ёрилишига нима сабаб бўлганини аниқ айта олмаслигини билдирди.

“Tashkent City қурилишида оғир техникалар ишлаяпти. Бундан ташқари, баланд бинолар қурилаётгани сабабли уларнинг пойдевори ҳам чуқур олинади. Ҳозир пойдевор учун чуқур қазилгандан сўнг 14 метрлик узун бетон ходалар ҳам ерга қоқиб чиқиляпти. Балки шулар таъсир қилган бўлиши мумкин. Аммо бу фақат менинг тахминим, холос. Ҳатто бизга ҳам ёриқ пайдо бўлганининг асл сабаблари айтилаётгани йўқ”, деди манба.

Унинг сўзларига кўра, метрополитен хизматчилари ўзаро гурунгларда бу носозликни “ёриқ” деб айтади. Аслида бу туннелнинг чўкишими ёки ҳақиқатан ҳам қандайдир ёриқми, мазкур ҳолат Tashkent City қурилишига қанчалик боғлиқ, буни кўпчилик билмайди.

Кўпчилик, жумладан, юз минглаб йўловчиларга ҳам аниқ маълум қилинмаётган бу носозлик аслида нима эканлигини очиқлаш турли ортиқча гап-сўзларга чек қўяди.

Шунга қарамай, ҳозирча бирорта расмий бунга журъат этмаяпти.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 апрел 2017
Сўнгги икки ҳафта давомида ўзбек телевидениесининг бош хабар дастурлари «Давр» ва «Ахборот»да сезиларли ўзгаришни кузатиш мумкин. Телекўрсатувларда гарчи, янги ...
18 июн 2024
40 ёшли Элёр Имомов “Ҳожиакбар Ҳожимурод боғи” фермер хўжалиги раҳбари. Фарғона вилояти Бағдод туманининг чўл ҳудудида 2017 йилдан буён ...
3 июн 2020
Бир нарсага эътибор қаратдим: АҚШда бўлаётган воқеаларга эътибор рус интернетида жуда юқори; рунетда бу воқеаларни анархия деб қоралаш, афроамерикаликларни ...
14 август 2018
Бугун eltuz.com сатирасида рассом Туз қирғиз-ўзбек чегарасидаги яширин туннелдан ўтишга мажбур бўлаётган келинлар муаммосини акс эттиради. Ота-онасини кўриш учун ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...