Тор йўл, бузилган кўприк, ҳавони бузаётган цемент заводи
Бугунги мактублар, Андижоннинг тор йўли, Фарғонада бузилган кўприк, ҳавони булғаётган цемент заводи ҳақида. Дастлабки мактуб Андижондан.
Йўл торлиги боид авариялар кўпаймоқда
«Биз Андижон вилояти Марҳамат туманидан мурожаат қиляпмиз! Марҳамат тумани Чапаев светафорида ҳар куни авария бўлади. ИИБ ЙПХ умуман эътибор бермайди. Туман ҳокимлигининг ҳам хабари бор, лекин бу муаммо билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Йўл жуда тор, кенгайтириш керак деб неча марта мурожаат қилдик, натижа йўқ»
Кейинги мактуб Бухоро вилоятидан –
Синфни таъмирлашга ота-оналардан йиғилган пул қаерга Йўқолди?
«Ассалому алайкум Элтуз оға!
Сизга Бухоро вилояти Шофиркон тумани 22-мактаб ўқитувчилари номидан мурожаат этмоқдамиз.
Мактаб директори 2021-2022-ўқув йили якунида ҳар бир синфни таъмирлаш учун ота-оналардан бир миллион сўмдан пул йиғиб олди, лекин йиғилган пулнинг тенг ярмини ҳам синфлар таъмири учун сарфламади. Мактаб спортзали бир неча йилдан буён таъмирланмаган, мактаб футбол майдонининг аҳволи ачинарли ҳолда.
Директор спорт майдонининг бир қисмини тадбиркорга сотиб юборган. Мактабни янги ўқув йилига тайёргарлигини текширишга келган туман халқ таълими бўлими ходими Илхом Камолов эса 22-мактаб жисмоний тарбия ўқитувчилари билан ошхонада ароқхўрлик қилиш эвазига мактабдаги барча камчиликларга кўз юмиб кетди. Олдин ҳам 22-мактаб директорининг хато ва камчиликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда мурожаатлар бўлган эди.
Мактаб директори Ғулом Сафаров ижтимоий тармоқлардаги мурожаатлардан қўрқмаслигини, уни туман халқ таълими мудири қўллаб қувватлашини, бундай муаммоларни ҳал қилишнинг ё‘лини топганини, бу каби мурожаатлар унинг ҳар қандай фаолиятига умуман таъсир қилмаслигини қўрқмасдан айтиб келади. Биз Бухоро вилояти халқ таълими бўлими бошлиғи Дилфуза Мустафоева ва Шофиркон тумани ҳокими Жамшид Шароповлардан мазкур муаммоларни атрофлича ўрганиб, юқоридаги раҳбарлар фойдасига ишни бости-бости қилмасдан адолатли чора кўришларини илтимос қиламиз!»
Кўприк бузилмоқда – техника хавфсизлиги чоралари эса кўрилмаган.
“Фарғона вилоятидан ёзмоқдамиз. Марғилон – Қиргули кўприги бузилмоқда, аммо бу ерда керакли хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Одамлар кўприк тагидан ўтмоқда. Аҳоли ўтиши учун жой ё‘қ. Ҳолатга э’тибор қаратишларини сўраймиз”
“Уйи ёнган шофирконлик оилага ёрдам керак”
“Бухоро вилояти Шофиркон тумани Кулоллар қишлоғидан мурожаат ё‘лламоқдамиз. 19 август ҳамқишлоғимизнинг хонадони (18-уй) бахтсиз ҳодиса туфайли ёниб кетди, ҳатто кўрпа-тўшак, фарзандларининг кийим-кечагигача кул бўлди. Бу оиланинг боқувчиси оила тебратиш учун Россияга кетган. Аёли эса 3 боласи билан бошпанасиз қолди. Биз қишлоқ аҳли ҳам қараб турмаймиз, кўмак берамиз. Ҳурматли Президент ва туман ҳокимидан бу оилага ёрдам беришларини сўраймиз. Илтимос, биргалашиб шу оила дардига малҳам бўлайлик!”
Сўгнгги мактуб Жиззах вилоятидан – “Цемент заводидан чиқаётган заҳарли моддалар?”
“Жиззах вилояти Зафаробод тумани Ҳамза қишлоғидан мурожаат қиляпмиз. Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Чимқўрғон семент ишлаб чиқариш заводидан заҳарли моддалар чиқмоқда. Бу моддалар аҳоли саломатлигига хавф солмайдими? Табиатга етказилаётган зарар-чи, уни ким назорат қилади? Экология идораси ҳолатни ўрганиб, тегишли чора кўришини кутиб қоламиз”.
:
Бу сизга ўқиб эшиттирганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Туркумга кирмаган кўплаб шикоятларни Элтуз Порталининг телеграм саҳифасида ўқишингиз мумкин. Уларга тегишли идоралар эътибор қаратади дея умид қиламиз. Эслатиб ўтамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлинг.
@eltuz portali