Асосий мавзулар
22 феврал 2023

ЭП60: Чирчиқнинг ҳароб йўллари, девори тарс ёрилган мактаб ва зўриқаётган трансформатор

Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидан. Автомобил эгаси йўлларнинг аҳволидан нолимоқда. Ҳайдовчилар бу йўлдан юришга безиб қолган. Йўлсозлар қачон ваъдани бажаради?

Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги йўлнинг аҳволи. Бир тарафдан Нурафшон, иккинчи тарафдан Ўрта Чирчиқ ҳокимлигига чиқувчи йўл. Бир неча йил аввал асфалт қиламиз дейишганди, лекин бўлмади. Кейин йўлсозлар эски асфалтни шилиб, 2022 йил охирига янги асфалт ётқизамиз деб кетишган. Яна ваъда бажарилмади. Буни назоратга оладиганлар борми? Аҳоли қийналмоқда, ҳайдовчилар бу йўлдан юришга безиб қолган. Вилоят ҳокими Зоир Мирзаевдан амалий кўмак кутяпмиз.

Кейинги мактуб Андижондан. Тағин электр муаммоси. 150-200 хонадонга мўлжалланган трансформатордан 350 хонадон фойдаланмоқда

Андижон шаҳри Садоқат МФЙдан мурожаат йўлламоқдамиз. Бизнинг ҳудуд электр таъминоти 434/250 КВ сонли трансформатордан бўлиб, ҳозирги кунда ушбу трансформаторга 7 та кўчанинг 350 хонадони уланган. Ҳар бир хонадонда ўртача 5 киши истиқомат қилади десак, тахминан 1750 нафар фуқаро шу трансформатордан фойдаланамиз. Аслида, эса у 150-200 хонадонга мўлжалланган. Демак, ҳозир ошиқча кучланиш билан ишламоқда. Бундан ташқари, бу трансформаторга ўша атрофдаги тадбиркорлар ҳам ўзбошимчалик билан уланиб олган. Бунинг натижасида ҳаво ҳарорати кескин совиса ёки исиб кетса, трансформаторга куч келиб, авария рўй беради ёки ток кучланиши 100-130 га тушиб кетади. Бундай кўнгилсизликлар фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ филиали ҳамда энергоинспексияга мурожаат қилишимиз натижасида, масъул ходимлар ҳудудимизга келиб ўрганиш олиб борган ва ҳақиқатан трансформатор кучланиш билан ишлаётгани, юкламани камайтириш учун қўшимча трансформатор ўрнатилиши кераклиги ҳақида далолатнома тузган. Трансформатор 2022 йил биринчи чорагида ўрнатилиши белгиланган. Лекин шу кунгача бу масала ҳал бўлмади. Ёзма мурожаатларимизга эса қониқарли жавоб ололмаяпмиз. Прокуратурага мурожаатлардан ҳам наф бўлмади. Электр таъминоти масаласи қачон ҳал этилади?

Навбатдаги мактуб Тошкент вилоятидан. Чирчиқ дарёси устидаги кўприкда йўловчилар кўп, лекин машиналар тўхтамаяпти

Тошкентдаги Қўйлиқ бозори яқинидаги ҳолат. Чирчиқ дарёси устидаги кўприкда йўловчилар кўп, лекин машиналарни тўхтатишмаяпти. Ҳаммани мажбурлаб “Фоод сити” автобусига тиқиб, уйингизга ўша ердан кетасизлар дейишяпти. Уйим бошқа тарафда деса ҳам инобатга олишмаяпти. Марҳамат, шу автобус, бўлмаса яёв кетиш мумкин! Қизиқ, мақсад одамларни Қўйлиқ бозоридан бездиришми?

Кейинги мактубни эса парадокс ҳолат ёки тақдирнинг ҳазили деб тушуниш мумкин. Аксарият шаҳарлар учун одатий ҳол бўлган электр чироғининг ўчмаслиги Бухоролик йигит учун мўъжизадек туюлмоқда. Бухорода яна қандай мўъжизалар содир бўлмоқда

«Ёмғир тинмаяпти лекин свет бор, қиш ҳали тугамади гуллар очилиб кетяпти, йўллардаги “ямалар“ тўғирланмоқда.  Мўжизалар маскани Бухоро вилоятига Президент ташрифи кутилмоқда. дейди у.

Кейинги мактубни Элтуз порталига Тошкентлик тадбиркор йўллаган.

Солиқчилар ҳисоб рақамимизни ёпиб қўйди. Буюртма учун тўлов қилолмаяпмиз» дея ёзади тадбиркор.

Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган тадбикорман. 2008 йилда иш бошлаганман. Шунча йил ишлаган бўлсам, солиқ ходимлари бизни ҳозиргидек қийнамаган эди. Корхонамиз ҳисоб рақамини Тошкент шаҳри Давлат солиқ бошқармаси (ДСБ) ёпиб қўйди. Сабабини сўраганимизда, “сизлар кўрсатилган манзилда эмассиз, маҳалла қўмитаси тасдиқлаб берди” деган жавоб олдик. Маҳалла бизнинг бор-йўқлигимизни қаердан билсин, ахир, у бизни назорат қилувчи ташкилот эмас-ку! Қолаверса, ижара шартномамиз ижара.солиқ.уз сайтида рўйхатдан ўтказилган.

ДСБга бориб билдимки, ҳисоб рақами ёпилган фақат мен эмас эканман. Ҳисоб рақамларни очиб бераман деб даъво қилган бошқарма масъул ходими киргизган одамимиздан пул ҳам сўрабди. Биз албатта бунга рози бўлмадик.

Кейинги мактуб Чирчиқ шаҳридан.

Ҳурматли Туз оға,

Чирчиқ шаҳар ҳокими Даврон Хидоятовнинг ёнида юриб, вазифаси фақат унга эшик эшик очиб ёпишу, туалет қоғози ташиш бўлган ёрдамчиси Ботир, Чирчиқ шаҳар маданият  бўлимининг йиллик иш режасидаги битта ҳарф учун (бадиий сўзидаги битта “и” тушиб қолгани учун) ҳоким номидан дағдаға қилиб, йиллик режага имзо чекмаслигини айтди.

Битта хатони-ку битта компютер тугмасини босиш билан тузатса бўлади, лекин бу ҳоким изн бераётган саводсиз қурилишлар, чала йўллар, мактабларни энди ҳеч қачон тўғирлаш мумкин эмас.

Ҳали зилзила бўлмай туриб ўртасидан тарс ёрилиб кетган мактабни қандай тўғрилаш, унга кетган маблағни қандай қайтариш мумкин?

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида мактаб биносининг ташқи девори ёрилиб, ёмғир сувлари бино пойдеворининг бироз чўкишига сабаб бўлди. 

Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, ёриқлар таъмирланган. Пудратчига баҳорги таътилда бинони қайта тўлиқ таъмирлаш бўйича кўрсатма берилди.

Арзимиз маданият бўлимидаги арзимас баҳоналар билан қилинаётган сансоларликлар юзасидан эди. 

Ушбу мурожаатимизга Чирчиқ шаҳар ҳокимидан жавоб кутамиз.  

Бу сизга бугун ўқиб эшиттирганимиз сўнги бешта шикоят эди. Эслатиб ўтамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлинг.  

Тағин ўқинг
11 сентябр 2019
Тошкентда 10 сентябрь куни ўтган матбуот анжуманида республика фермерлар кенгаши раиси Актам Ҳайитов мамлакатда гўшт қимматлаётгани сабабини гўштнинг кўп ...
18 декабр 2022
Автобус кетиб бормоқда. Бирдан автобус ичида чироқ ўчади. Ғала ғовур. Вой свет ўчди. Батарея ҳам муздай. Қалбимиз бўлди куздай.
15 ноябр 2023
Элтуз порталига ёғилаётган шикоятлар оқимини ёритишда давом этамиз ва навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Андижон вилоятларидан ...
4 декабр 2020
Ҳар жума яқинлашгани сари ичимда бир орзиқиш ҳис қиламан. Узоқ сафардан уйга қайтган одам ўз яқинларига сафар таассуротларини айтиб ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...