Cатира
10 январ 2024

Укадемик унвони қандай олинади?

Ўликни ювғучи ювсин, емакни ошчи пиширсин, қўйни қассоб сўйсин, илмни олим қилсин. Академик оламдаги носоғлом муҳит ҳаққинда гапириш учун этигимни кийиб ўрнимдан турдим. Эсингизда бўлса бир неча ой олдин бир амалдор олимни танқид қилдик. Мана яқинда у академик бўлди. Мардларча уни қутладик, шу зафарга муносибдирки ютуққа эришди дедик. Биз бу масалага кейин қайтамиз дедик, братнинг хатолари бўлса яна танқид қиламиз дедик. 

Майли, у олим ҳозир юрагини чангалламасин. Масала бошқа. Рассом Туз одил, ҳақ бўлганнинг ҳаққини ерда қолдирмайди. Бизни шу академия сайловидан кейинги бошқа машмашалар қизиқтиради. 

Давлат бова 66 ўринли квота ажратди. Тасдиқланган номзодлар еса 16 киши бўлди. Aввало уларни бу билан қутлаймиз. Энди бизни ўйлантирган оғриқ тишларни айтмасак бўлмас. Aйрим номзодларнинг ютуқларини икки оғиз эътироф қилиш виждонимиз амри. Aкадемиклар орасида Дилфуза Эгамбердиевага нега ўрин топилмади? Унинг индекслари Scopus indeksi h=47; Web of science дегич платформада h=43; Google Scholar h=57; RG h=54! Тушунмайдиганларга соддароқ қилиб айтадиган бўлсак бу дунё тан олган рейтинглар, бундай юқори индексга эришиш жуда қийин. Дилфуза эришди, уддалади. Лекин бу олима эътибордан четда қолди. 

Яна бир қаҳрамон олима – Шаҳло Турдиқулова. У ҳам номзодлар орасида бор. Опа қўрқмади, иккиланмади, шартта академия танловига ҳужжат топширди. Чунки Турдиқулова хоним ПЦР тестини ишлаб чиқишда етакчи эди. Тест билан чекланмай, ковидга вакцина ҳам чиқаришда жонбоз бўлди. Бутун инсониятни азоблаган вирусга қарши курашда жаҳон олимларидан ортиқ бўлса бўлди, кам бўлмади. Шу олимага 66 квотадан битта жой топилмади. 

Бизнинг академик ректоримиз Шуҳрат Сирожиддиновнинг Hirsch Индекси 1. Агар чет эллик олимга Hirsch индекси 1 бўлган одам бизда академик бўлди десам, ётиб олиб кулади. Шу орада педагог Барно Aбдуллаева бир бахтимни синай, академик бўлсам пешонамдан деб ҳужжат топширди. Уни муносиб кўришмади. Опани илмий ишлар фабрикаси қилган дейишяпти. Туз оғангиз бу гапга эмас, бошқа масалага урғу бермоқчи. Барнони важ қилиб бутун бошли педагогикани ёпиш керак дея енг шимариб, иштонбоғини маҳкам тутиб югураётган аламзадалар асл муаммо. Бутун дунёда бор бир фан тармоғини сенларнинг гапинг билан йўқотиш керакми шунда? 

Майли, илмий ишларни яхшилаб текшириш, пичоққа ярамайдиганини йўқ қилиш. Текширишни эплолмаймиз, фан тармоғини ёпайлик дейишасан. Фан тармоқлари отангдан мерос қолган боғдаги дарахтми? Ёқмаганини аямай чопворишасан! Aзага келган хотин дардини айтиб йиғлармиш. Педагогика баҳона бошқа ижтимоий фандаги “жонбозлар” ғимирлаб қолди. Ётиб қолгунча отиб қол ёки қўрқоқ олдин мушт кўтарар бўляпти буёғи. Улоққа қўшсанг чанги чиқмас кимсалар номидан душман беллаган олимларига гапириб, гапириб олишяпти. Ёқмаганини уриб қочяпти, зўрига тош отяпти. 

Бир нарса аниқ – ҳасадчи микроскопда атрофни кузатади. Бу вазиятда Туз оға нима дейиши мумкин, яна нима сирларимни очиши мумкин деб мақолани олазарак бўлиб ўқиб ўтиришибсанлар ҳозир. Сенларга айтар гапим Қаҳҳордан ўзлашма: илм дегани атом бўмбадан кучли. Шу кучингни беъмани сарфлаб юрма. Бўладиган ишни қил, олиммисан илмингни қил. Тусмол таваккал билан этагингга қараб фол очиб, бирор фанни ёпаман дема.

 Aйб топишни эса Туз оғангга қўйиб бер. Дилфуза Эгамбердиевадан, вакциначи опадан ўрнак ол. Кетини узмай излан, ўйлан. Соя бўлма нур бўл. 

Матчон суқилиш: Фанда ўрни йўқ, лавозимидан фойдаланиб турли йўналишдаги тайёр иши билан келган илмий шифри турлича тадқиқотларга раҳбарлик қилган ва хирш индекси ўта паст одамга қандай қилиб академик унвони берилди? Э нима қипти? Илмий ишим сувда оқиб кетди – деган қиз Phd олганда ректор одам академик бўлмасинми? Йиққан – терганини илмга сарфлабди-ку!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
11 январ 2016
Бугун  Президент резиденцияси олдида пикет ўтказганлари учун олиб кетилган намойишчиларнинг соат кечки 22.00 да  қўйиб юборилгани хабар етиб келди. ...
5 ноябр 2018
Бу йилги пахта терими мавсумида Фарғона вилоятида олингани айтилаётган, ижтимоий тармоқда пайдо бўлган фотосуратларда “Пахтага қўли теккан одам – ...
18 декабр 2018
Сизга омад тилайман, азизим. Оддийгина омад. Кўчада кетяпсиз, сизни мошина босиб кетмади. Тасодифан ўрмонда мурдани кўриб қолиб полицияга хабар ...
23 декабр 2019
2015-2017 йилларда Ўзбекистон фуқароларининг “бузуқлар маскани” деб эълон қилинган квартиралари ва уйларини оммавий равишда мусодара қилиш ҳолатларини ўрганиш муҳим ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...