Асосий мавзулар
22 апрел 2024

Тиллага айланган йўл ва куни тойлоқликларнинг пулига қолган Жанзе… 

Элтуз портали №141: Сўнгги 5 та мактуб Ўзбекистоннинг Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан. Чиқиндиларни йўқ қилиш муаммоси:

 “Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Яшнобод МФЙдан мурожаат йўллаяпмиз. Чиқиндиларни йиғувчи “Solitary garden” корхонасининг ўз вазифасини бажаришидаги сусткашлик сабабли маҳалламиз мана шу аҳволга келиб қолди. Мутасаддиларимиз бу ҳолатга эътибор қаратишмас экан, келгусида биз бундан-да аянчли манзара гувоҳи бўлишимиз мумкин…”

Кейинги шикоят Сурхондарёдан. Фуқароларнинг вақти Мажбурий ижро бюроси эшиги олдида кутиш билан ўтмоқда.

 “Сурхондарё вилояти Термиз туманидан мурожаат қилмоқдамиз. Туман Мажбурий ижро бюроси ёнида фуқаролар сарсон бўлмоқда. Чунки баъзида ходимларни иш жойидан топиб бўлмайди. Оқибатда фуқароларнинг куни ташкилот ходимларини кутиш билан ўтади. МИБ масъулларидан ҳолатни назоратга олишларини илтимос қиламиз”.

Ва навбатдаги мактуб Чироқчидан. Тағин мамлакатнинг расво йўллари. Бугунги парадда пешқадамликни Қашқадарё йўллари эгаллади.

«Қашқадарё вилоятида Чироқчи туманидаги энг расво ёмон йўлни томоша қилинг, вилоят ва туман депутатлари ҳамда вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари қачон ўз ишини қилади.

Туман ҳокимлигининг эса парвойи фалак, фақатгина ҳокимлик биносини қайта қайта ремонт қилиш билан банд.

Ҳар  куни чуқурларни санаб машиналар бузилмоқда, маҳалла аҳли кўчадаги чангдан азият чекмоқда, ёғингарчилик вақтида тизза бўйи лойга ботишади.

Қанийди ушбу мурожаатимизни халқ дарди билан ёниб яшайдиган вилоят ҳокимимизга етиб борса аҳволни кўрганларида эди, камчиликлар бартараф қилинган бўларди!

Мактаб ўқувчилари эса илм олиш учун мактабга боришда жуда катта қийинчиликка дуч келишмоқда.

Чироқчи тумани Чоштепа маҳалласи ичидан ўтган кўча асосий кўчалардан бири тахминан 2 км йўл шунақа кўринишда.»

Агар Ўзбекистон йўл идорасининг ҳар километр йўлга 950 минг доллар сарфлаши ҳақидаги ҳисоботи тўғри бўлса, Чироқчининг бу йўли 999 пробалик тилла билан қопланиши керак эди. Ёки рахматлик Борис Немцов таъбири билан айтганда, шунча пулга бу йўл қалинлиги 5 сантиметр узунлиги икки километрлик қора икра билан қопланган бўларди. Кеп қолинг, йўл солиғидан еб қолинг. Кейинги мактуб Андижондан. Шаҳарда ўқув маркази ташкил этмоқчи бўлган тадбиркор ёзмоқда.

«Ассалому алайкум Хурматли Туз оға.

Сизларга мурожаат қилишимдан мақсадим шуки, мен ўзим ИТ (айти) сохаси мутахассисиман. Шу сохада ўқиганман, ўқувчиларга дарс хам берганман ўқув марказда ишлаб. Шогирдларим хам бор. Хозирда ўзимнинг хусусий ўқув марказимни очмоқчиман.

Айни пайтда Андижон шахри, Эски шаҳарда, Марказий деҳқон бозорининг 2-қаватидаги бинолар бўш турипти. Анча йилдан бери бўш туради ва хеч ким фойдаланмайди. Шу жойдан битта жойни олиб ўқув марказ қилмоқчиман. Лекин бозорқўм Умаров Мақсуд ака бунга тўсқинлик қилиб келмоқда. Илгари хам буни ундан сўраганимда Алишер деган ходими ҳал қилишини айтган эди. У ходим эса мендан хизматини берсез, ишизи тез хал қилиб бераман деганди. Хозирда у ходим соғлиги ёмонлашгани сабаб ишдан бўшаган. Ўрнига бошқа ходим ишламоқда.

Нахотки бўш жойни олиб ишлатиш учун ҳам шапка бериш шарт бўлса?! Бўлмаса оддий тадбиркор очолмедими шуни? У жойнинг арендасига пул тўлайди бозорни хисобига тушади бу пул, давлатга хам солиқ тўледи, ишчи ўрни яратиб ходимларига ойлик беради, уларни хам даромадли қилади. Ўзини ўйлаб менга ортиқча ташвиш керак эмас деб, пулни бериб мени рози қилса ўтиради бўлмаса йўқ деб ишни тўхтатиб, оддий тадбиркорни йўлига тўсқинлик қилиш хозирги Президентимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнат эмасми?!

Давлат ишида ишлайдиган танишларим ҳам аралашди. Дадам билан мен нечи мартадан учрашдик бориб, барибир хеч кимнинг гапини олмади, этибор ҳам бермади, муомаласи ҳам жудаям қўпол, фақат ишни тўхтатиш бўлди мақсади. Хеч кандай натижа бўлмади. Шу муаммони ёритиб беришингизни сўрайман. Шунда балки бу муаммо хал бўлиб қолар деган умид билан сизга мурожаат қилдим!»

Очиқлик сиёсатидан келиб чиқиб айни мактуб эълон қилинди. Лекин менимча шахсий бизнесингизга давлат ишида ишлайдиган танишларингизни аралаштирмаганингиз маъқул. Бозор ўз йўлига, сиёсат ўз йўлига.

Самарқандда эса мамлакат энг таниқли ашлачи Ҳамдам Собиров концертига ўқитувчилар орқали мажбурий чипталар сотилмоқда экан.  Ҳоким буйруғи билан, президент амри билан.

«Ассалому алейкум!

 Мен, Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидан мурожаат қиляпман. Шу кунларда Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг кучли сиёсатлари олдинга сурилиб, бор куч-қудратимиз ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига, уларнинг келажагига қаратилиши ўрнига педагоглар 10 май куни Самарқанд шаҳрида «Жанзе» дастури билан консерт қўядиган ва фойдани ҳам «кимлардир» кўрадиган Хамдам Собировнинг консерт чипталарини мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларига сотишга мажбурланмоқда. Чипталар сотилмай қолган тақдирда ойликдан ушлаб қолинади ҳар доимгидек. Чипта нархи 50000 сўм, битта мактабга 50-60 донадан ва  йўлкираси ҳам камида жамоа бўлиб бориш учун тумандан кўрсатилган жойгача ўртача 20000-30000 сўмни ташкил қилади. Яна чиптада ўриндиқ рақами кўрсатилмаган. Стадионга бориб ўзингиз жой топиб олаверасиз. Бу жараёнга асосан ўқувчиларни жалб қилиш сўраляпти. Бошланиш вақти 17:00 да.  Йўл ҳаракати қоидаларига ҳам, стадионда қаердадир қолиб кетишига ҳам яна ўқитувчи жавобгар экан.  Бу концерт биринчиси ҳам охиргиси ҳам эмас. Самарқандга қайсики санъаткор келса бизни «эътиборимиздан четда қолмайди» Туман таълим тизими шўба мудири Тўйчи Тўхлиевич деган шахс Мактабларни даромад манбаига айлантириб олган шекилли, ёки мактаблар санъаткорларни боқиш масъулиятини ҳам ўз гарданига олганми? Бу саволга ким, қачон жавоб беради билолмаяпмиз. Чипталар кассаларда сотилса бўлмасмикан». Дея ёзади самарқандлик Элтуз обуначиси.

Мана сенга тойлоқ! Эҳ Жанзе, жанзе, кунинг келиб келиб ҳеч косаси оқармайдиган Тойлоқнинг камбағал фуқаролари боласининг пулига қолдими! Бундан кўра Озоданинг шалағи чиққан кўк жигулисини судраб тирикчилик қилганинг яхшимасмиди дейишмоқда стадиондаги концерт учун палағда тухум йиғаётган тойлоқлик болалар.  

Ва умуман бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи бўлсангиз суперрахмат тугмачасини босинг. Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
12 феврал 2016
«Замондош» сайти муҳаррири бўлган Ризо Обиднинг калласи ишлаб қолди. Боши бориб тошга текканидан сўнг ишлаб кетди шекилли. Галима Бухарбаева ...
28 октябр 2020
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Франция молларини бойкот қилишга чақирди. Тушундик. Хитой молларига бойкот қилсак қандоқ бўлар экан, раис? ...
16 феврал 2023
1999 йилнинг 16 февралида Тошкентнинг беш жойида кетма кет портлашлар юз берди. Аввалига Вазирлар Маҳкамаси биноси олдида бомба ўрнатилган ...
16 ноябр 2020
Ўзбекистон мактабларида дарсдан олдин мадҳия куйланиб, танаффусда махсус радиокарнайлардан ватан мавзусидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирила бошланди. Жорий қилинган бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...