АЭСга қарши форишликлар, қисқарган йўл ва сурилган бедазор – ЭП154
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубини ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларидан келган.
Дастлабки мурожаат Хоразм вилоятидан. Урганч туманида маҳалланинг асосий йўлини ёпиб уй қуришмоқда.
Кейинги шикоят Сурхондарёдан. “Опен бюджет”да ғолиб чиққан йўл лойиҳаси нега қисқаришга тушди?
“Сурхондарё вилояти Бандихон тумани Бағрикенг маҳалласидан ёзмоқдамиз. Маҳалла аҳли апрел ойида “Опен бюджет” портали орқали 3 кмлик йўлни асфалтлаш лойиҳасида ғолиб чиққан эди. Негадир 3 кмлик асфалт йўл 2,5 кмга қисқартирилибди. Ўзи йўлларимиз 40-45 йил олдин барпо этилган. Илтимос, “Опен бюжет”да тасдиқланган лойиҳага кўра 3 км йўлни асфалтлаб беришсин” дея талаб қилмоқда бандихонликлар.
Навбатдаги шикоят Қашқадарёдан. Кўкдалада аҳоли электр муаммоларидан қийналмоқда
«Ассалому алайкум Элтуз!
Биз Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Ўтамайли маҳалласи, Абдулла Қодирий кўчасидаги уйларда яшовчи фуқаролар томонидан шикоят юбормоқдамиз.
Маҳалламизда электр қуввати камлиги сабабли кундалик ҳаётимизда турли ноқулайликлар юзага келмоқда. Бу муаммо кўплаб хонадонларга таъсир кўрсатмоқда ва яшаш шароитларини анча қийинлаштирмоқда.
21-май куни Трансформаторимиз қайта таъмирлашнишига қарамай яна бузилди.
Маҳалламиз учун қўшимча трансформатор ўрнатилиши, эски симёғочларни янгисига алмаштириш ва агар керак бўлса янги симёғочлар ўрнатилишини ҳохлаймиз.
Сизларнинг ёрдамингиз билан маҳалламизда яшаш шароитларини яхшилашга умид қиламиз!» дея ёзмоқда Кўкдала турғунлари.
Бир гуруҳ жиззахликлар эса Россия қурадиган АЕС лойиҳасига қаршилигини билдирмоқда.
“Жиззах вилояти Фориш тумани Амир Темур ва Мустақиллик МФЙлар аҳолиси номидан мурожаат қиляпмиз. Куни кеча Россия ва Ўзбекистон президентлари учрашувида Фориш туманида АЕС қурилиши бўйича шартнома имзоланди деган хабарларни эшитиб хафа бўлдик. Халқдан бир оғиз сўрамай, АЕС қуриладими? Бу она ватанимиз бўлган Ўзбекистон учун хавф эмасми? АЕС ажал эмасми? Агар уни Россия қурадиган бўлса, биз лойиҳага қаршимиз. Ватан бизники, аждодларимиздан қолган меросимиз, биз ватанимизда бунақа иншоот қурилишини ёқламаймиз. Бир умр чироқсиз, шам ёқиб ўтсак ҳам АЕС қурилишига қаршимиз. Раҳбарларимиз аҳоли талабини инобатга олади деган умиддамиз” дея норозилик билдиришмоқда форишликлар.
Ва сўнгги шикоят Тошкент вилоятидан. Тадбиркор беда ўрилган ерига ноқонуний трактор солинганидан шикоят қилмоқда…”
Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг. Соғ бўлинг.