Тинчи бузилган ўқитувчилар, меҳнат инспекторлари ва берилмаган кредит – ЭП169
Элтуз Порталига навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Cурхондарё, Тошкент, Андижон, ва Сирдарё вилоятларидан келган. Дастлабки мурожаат Сурхондарёнинг Сариосиё туманидан. Мактубдан аён бўлишича мактаб директори ўқитувчиларнинг тинчини бермаётган экан.
“Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидан мурожаат йўллаяпмиз. 2-сонли мактаб директори дастидан тинчлик йўқ. Биз ўқитувчилар меҳнат таътилимизда мактабни таъмирлаш, тозалаш ва ўз ҳисобимиздан ҳар бир синфхонага зарур жиҳоз олишимиз керак экан. Сариосиё тумани мутасаддилари ҳолатга эътибор қаратишини сўраб қоламиз” дея ёзмоқда сариосиёлик ўқитувчилар.
Навбатдаги мактубни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги меҳнат инспекцияси ходимлари йўллаган. Улар қонунчиликда белгиланган моддий рағбат пуллари тўланмаётганидан Элтузга шикоят қилишмоқда.
“Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сонли қарорига биноан, Меҳнат инспексияси ходимларининг ойлик маошига бир қанча қўшимчалар, устама пуллар, моддий рағбатлантиришлар, бир йилда 1 маротаба 2 ойлик маоши миқдорида моддий ёрдам пули, мукофот пули, йилда 9 та байрамга 2 ойлик маош миқдорида байрам пули, ҳар ойда ундирилган жарима суммасининг 10 фоизи, БҲМнинг 2 баробари миқдорида овқат пули, шунча миқдорда йўл пули ва мансаб учун тўловлар назарда тутилган.
Инспекция ходимларининг маош ва қўшимча тўлови бекорга юқори қилиб белгиланмаган. Чунки ушбу ходимлар корхона-ташкилотларда меҳнат қонунчилиги бўйича текширишлар ўтказиб, аниқланган камчиликлар юзасидан мансабдорларни маъмурий жавобгарликка тортади, меҳнат қонунчилиги борасида давлат назоратини амалга оширади. Текширишларни одилона ва адолатли олиб боришлари ва коррупция балосига йўл қўймасликлари учун инспекция ходимлари моддий таъминоти етарлича қилиб қўйилган. Бироқ ҳозирда ушбу моддий рағбатларнинг аксари инспекция ходимларига берилмай келяпти. Ҳурматли вазир Беҳзод Мусаев, инспекция ходимларининг юқорида кўрсатилган пулларини тўлаб беринг, бу пуллар ходимларнинг болалари ризқи, ахир!” дея зорланмоқда меҳнат инспекторлари.
Кейинги мактуб тағин Ўзбекистоннинг таъмирланмаган йўллари юзасидан. Ваъдабоз ҳоким йўлларни қачон ремонт қилади? Андижон вилоятидан мурожаат қилишмоқда.
«Ассалому алайкум! Биз Андижон вилояти Андижон тумани Найман, Беганот, Янгиобод, Чавкан дарё ва Гулобод МФЙ фуқаролари номидан мурожаат қилмоқдамиз. Зора туманимиз ваъдабоз раҳбарларига етиб бориб, озроқ виждони уйғониб қолса.
Бизнинг ҳудудимиздаги Жаҳон бозоридан Гулобод МФЙгача бўлган серқатнов катта йўл бор. Бу йўлни қачон асфалт бўлганини қариялар ҳам билмаса керак. Ҳозир йўллар жуда ҳам абгор ҳолатга келиб қолган. Мутасаддилар кўриб туриб сукут сақламоқда. Айтсак, ҳар сафар янаги ҳафта деб ваъда беради. Лекин қуруқ гап холос. Салкам икки йилдан бери йўл ямоғининг охири кўринмаяпти.
Найман МФЙдаги йўлнинг икки четида катта «закан» бор. Йўл носозлиги сабаб бир неча бор машиналар «закан»га тушиб кетмоқда, «яма»лар кўплаб йўл транспорт ҳодисаларини келтириб чиқармоқда. Йўлни тўлиқ асфалт қилмаса ҳам, ҳеч бўлмаса «яма»ларни ямаб беришсин. Ушбу йўлдан эллик мингга яқин одам фойдаланади. Серқатнов йўл. Илтимос, шу масалада ёрдам беринг…» дея ёзмоқда андижонликлар.
Навбатдаги мурожаат ахлатлар ичидаги ҳаёт туркумидан. Тошкент вилоятиниг Ўртачирчиқ турғунлари ёзмоқда.
“Биз Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани,“Шоликор” маҳалласидан мурожаат қиляпмиз. Бу тўпланиб қолган ахлатлар жуда инсонни безор қилди. Бадбўй хидлар чиқаради. Каламушлар келиб, касалликлар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Бу муаммо анчадан бери такрорланаяпти. Тозаҳудуд масъуллари келишини кутяпмиз. Бу муаммони ҳал қилинглар” дейди мурожаатчи. Мурожаат бўйича туман масъулларидан ечим кутамиз
Ва ниҳоят бугунги сўнгги мактуб сирдарёлик аёлга тегишли, у апрел ойидан буён кредит олиш учун ҳаракат қилиб ҳеч бир натижаша эришмагани ҳақида ёзмоқда.
“Мен – Гулчинор Умурзоқова, Сирдарё тумани Бахт шаҳридан мурожаат йўлламоқдаман. 3 нафар вояга етмаган фарзанднинг онасиман. Оилавий шароитимиз оғир. Хўжайнимнинг қўлида хунари бор: дастурчи. Мустақил иш бошлаш учун 17 миллион сўм кредит олмоқчи бўлдилар. Керакли анжомлар, масалан, компютер учун маблағ керак эди. Жорий йилнинг апрел ойидан бери югуртиришади. Айрим бойлар кредит олиб бўлди, аммо бизни негадир сарсон қилишди. Тинчлик МФЙ раисига, ҳоким ёрдамчисига, Сирдарё тумани ва Бахт шаҳри ҳокимларига мурожаат қилдик. Банк ходимлари келишди, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Зокирхон Аҳмедов тавсия берса, кредит чиқарамиз дейишди. Аммо тавсия бермаяпти. Ҳатто айни вақтда вақтинча ижарада турган жойимиз эгасига ҳоким ёрдамчиси бизни уйдан чиқариб юбориш кераклиги, чунки биз уйни гаровга қўйиб кредит олаётганимизни айтибди. Ҳоким ёрдамчиси сабаб уч фарзандимиз билан сарсонмиз.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш, ижтимоий кредитлар ажратиш, иш билан таъминлаш учун чоралар кўрмоқда. Аммо бизга негадир кредит берилмаяпти. Хўжайним иш бошлаб, фарзандларимизни уйли-жойли қилиши керак. Мурожаатимиз ҳурматли Юртбошимизга етиб борса, сўровимиз ерда қолиб кетмайди деган умиддамиз” дея ёзмоқда сирдарёлик Элтуз обуначиси.
Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда каналимиз обуначилари сони 664 минг нафарга етди. Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг. Соғ бўлинг.