Асосий мавзулар
22 август 2024

Норози ишчилар, Айдаркўл, электр ва сув муаммоси

Элтуз Порталига навбатдаги бешта ҳат Ўзбекистоннинг Жиззах,Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларидан келган.  Дастлабки мактуб Жиззах вилоятининг Фориш туманидан. Завод ишчилари иш ҳақини талаб қилишмоқда.

 “Салом, Элтуз! Жиззах вилояти Фориш туманидан ёзмоқдамиз. “Карбонат” АЖ заводи ишчи-ходимларга иш ҳақини бермай, овора қилиб келмоқда. Заводни судга берганмиз, суд қарори чиққан ва иш Мажбурий ижро бюросига ўтказилган. МИБ ходимлари ҳам негадир қарор ижросини таъминламаяпти. Иш ҳақимизни ундиришда амалий кўмак сўраймиз” дея ёзмоқда завод ишчилари.

Кейинги мактуб ҳам Жиззахдан. Мактуб муаллифига кўра Айдар Арнасой кўли атрофида сайр қилиш учун қайсидир шубҳали ширкат пул олаётган экан.

“Айдар-Арнасой кўли халқ тилида Наврўз кўли деб аталади. Тузкон кўли ҳам ушбу кўллар тизимига киради. Тузконга кириш учун аҳоли қанақадир МЧЖга пул тўлаши керак экан. Табиатдан баҳра олиш учун ҳам пул тўлаймизми? Бунинг учун пул талаб қилиниши тўғрими? Айтишларича, ўша МЧЖ табиатга зарар келтириб, яйловни бузиб чегара қазибди, қанча ерда қурилишлар қилибди. Бунинг учун тегишли рухсат олинганмикан? Экология идораси ҳолатга изоҳ беради деган умиддамиз” дея ёзмоқда Элтуз обуначиси.

Кейинги мактуб Фарғона вилоятидан. Ёзёвонлик тадбиркорлар электр ўчириб қўйилганидан нолимоқда.

 “Салом туз оға! Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги тадбиркорлар номидан ёзмоқдамиз. Қуёш панел қўймасанглар бўлмайди деб чироқларимизни ўчириб кетишди. Бу туман прокурори топшириғи эмиш. Аптекалар электрдан узиб қўйилган, баъзи дорилар совитгичда сақланади. Дорилар иссиқда яроқсиз бўлиб эртага беморларга салбий таъсир қилса-чи? Баъзи тадбиркорлар музқаймоқ сотади. Хуллас, иссиқда айниб қоладиган қанча маҳсулот бор. Бу билан эса прокурорнинг иши йўқ. Ҳолатга ваколатли идоралар эътибор қаратади деган умиддамиз” дея ёзмоқда Ёзёвонлик тадбиркорлар.

Кейинги мурожаат Наманган вилоятининг Поп туманидан. Булоқларни эгаллаб олган маҳалла қўшни қишлоқ аҳолисига сув бермаяпти”

 “Ассалому алайкум Элтуз! Наманган вилояти Поп тумани Чоркесар қишлоғидан мурожаат йўллаяпмиз. 

Бизда 2022 йилдан бери ичимлик суви муаммо. Булоқларни эгаллаб олган бойлар маҳалласи 6000 аҳолига сув бермаяпти. Бойлар 100 лик қувурларда узлуксиз сув оқади. Пастдаги маҳалла эса пақирлаб сув ташийди. Туман мутасаддилари керакли чора кўрмаяпти. Туман прокуратурасига бордик, аммо улар фалон соатда борамиз деб ваъда бериб ўз вақтида келмади. Сув масаласини ҳал қилиб беришларини сўраймиз” дея ёзмоқда Чоркесар қишлоғи турғунлари.

Ва сўнгги мурожаат Ташкент шаҳридан. Мактуб муаллифи фикрига кўра, Ўзбекистоннинг сиёсий ҳукмрон партиясини ҳокимлик вакиллари эгалламоқда.

Партия сайловларида ваколат ҳокимликларга ўтказилмоқда. Ўзбекистоннинг ҳукмрон партияси “ЎзЛиДеп” янги сайловларда янгича тактика қўллаяпти.

Масалан, “ЎзЛиДеп” партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Равшан Фазилов топшириғи билан барча туман кенгаши раисларидан мажбурий аризалар ёздириб олинмоқда. Уларнинг ўрнига ҳокимлик вакиллари туман кенгаш раиси лавозимига тайинланяпти.

Сиёсий партиялар орасида етакчи бўлган “УзЛиДеп” 60 фоиздан ортиқ овозга эга. Энди ушбу партия депутатлигига номзод қўйиш ва тасдиқлаш туман ҳокимлари истагига кўра амалга оширилади.

Туман ҳокимларининг партия кенгаш раиси мақоми 2026 йилдан бошлаб бекор қилиниши қонунан белгиланган. Ҳокимликлар ётиб қолгунча отиб қол қабилида партияга ўз вакилларини сингдирмоқда.

“ЎзЛиДеп” партияси мажлисда ҳокимлик вакилини туман кенгаши раисига номзод қилиб тасдиқлаш масаласини муҳокама қилмоқда. Буни юқоридаги аудио ёзув аниқ тасдиқлайди.» дея ёзади тошкентлик Элтуз обуначиси. 

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мактуб эди. Эслатамиз, элтуз портали телеграмдаги алоҳида саҳифадир. У ерга хатлар учун махсус бот ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда каналимиз обуначилари сони 670 мингдан ошди.  Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
5 декабр 2016
2 декабр куни Урганч Сувратлар галереяси бош мухофизи Ширин Тошева галереяда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан текширишлар бўлгани ...
28 июн 2021
Бу табиат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоатчиликнинг халқаро банкларга қандай таъсир ўтказиши мумкинлиги ҳақида Бенквоч томонидан тайёрланган ...
28 декабр 2023
Сизга айтмоқчи бўлганим воқеани «Оталар сўзи ақлнинг кўзи» деган  ТВ форматда ҳикоя қилсам. Тасаввур қилинг, бир кўзойнак кийган марғилон ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...