Мирзиёев ўзбек милициясини тузата оладими?
Президент Мирзиёев қарори билан милиция органларида шаффофликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Президентнинг қарорига кўра, жорий йил 1 майдан бошлаб ИИВ тизимида юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини «телефон орқали қабул қилиш» маркази ишга туширилиши керак.
Шунингдек, ҳужжатда таъкидланганидек, бутун мамлакат бўйлаб Ички ишлар идораларида тергов жараёнлари аудио ва видеотизимлар билан жиҳозланган махсус хоналарда амалга оширилиши лозим.
Бундан ташқари, тергов департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида видеоанжуман кўринишидаги алоқа тизими жорий этилади.
Ўтган йили милицияни танқид қилган президент 4518 нафар ходим ишдан бўшатилгани, улар аксарият порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этганини билдирган эди.
«Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак?» — деган эди Мирзиёев.
Рассом Думҳам ўзбек милиционерини жиноятни кўриб кўрмасликкка оладиган ҳодим сифатида тасвирлади.
Eltuz.com