Cатира
15 феврал 2018

Собиқ КГБчилар «ҳайдалиш» тараддудини кўришмоқда

МХХ идорасининг Тошкент шаҳри марказида жойлашган бош биносидан кўчирилаётгани ҳақида 14 февраль куни «Элтуз» нашри хабар берган эди.

Тошкентнинг қоқ марказида СССР замонида қурилган тўрт томони ёпиқ, машъум КГБга тегишли бу бино турма камераларига туташ ва бу хоналарда ўзгача фикрли шахслар тергов қилиб келинган.

Эндиликда бу бино миллий гвардияга берилади, МХХнинг марказий офиси эса босқичма босқич шаҳар чеккасида қурилган бошқа бир бинога кўчирилади.

КГБ биносида қандай сирлар яширилган?

Тошкентлик журналист, парламентнинг собиқ депутати Карим Баҳриев ижтимоий тармоқда бу идора архиви ошкор қилиниши кераклиги ҳақидаги таклифни илгари сурди.

«Агар кўчирилаётган бўлса, архивини халққа ошкор қилиш керак, чунки шу ердан Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романининг иккинчи қисми, Қодирийнинг янги романи учун тўплаган материаллари ва қўлёзмалари топилиши мумкин.

Қолаверса, кимларни кимлар сотгани, кимлар сўроқ қилгани ва ҳукм этгани ҳақида фактлар ошкор бўларди».

Ғарбда бундай тажриба бор. Масалан, 1987 йили Берлин девори қулаганидан сўнг Германияда немис жамияти КГБ-Штазе архивларини ошкор қилишга киришди.

Бу ўз даврида нафақат одамларнинг уларни сотган одамлар ҳақида билиши, балки КГБ қудрати ҳақидаги ортиқча мифнинг йўқ қилиниши учун ҳам муҳим бўлган эди.

Совет давридаги КГБ-НКВД махфий идорасининг меросхўри бўлган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) 1991 йилнинг 26 сентябрида қайта ташкил этилган эди.

Туркистонда совет тузумини ўрнатиш учун амалга оширилган қизил террор ва ўзбек ойдинларининг оммавий қатағони шу идора ходимлари орқали амалга оширилган эди.

Айни ҳибсхонада – айни қийноқлар

Шу ўринда МХХ ўз ўтмишдоши КГБдан кўра бир ҳисса кўпроқ куйлак йиртди, яқин ўтмишда НКВД анъаналарини айнан такрорлади.

Бироқ эндиликда «Элтуз» нашрига Ўзбекистонда МХХ идораси билан боғлиқ вазият ўзгараётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Масалан, МХХнинг Юнусобод туманидаги Гвардейский кўчасида жойлашган тергов изолятори ёпилаётгани ҳақида.

Айни тергов ҳибсхонасида 27 сентябрь куни ўғирлаб кетилган журналист Бобомурод Абдуллаев уч ойдан ортиқ тергов қилинганди.

Онаси Бобомурод Абдуллаевнинг МХХ ертўласида қийноқларга тутилганига иқрор бўлгани ҳақида билдирганидан сўнг журналистга қарши «жиноят иши» тўхтатилди. Унинг ноқонуний ҳибсга олиниши ва қийноққа тутилиши бўйича тергов бошланди.

Ҳозирда ишдан четлатилган, Бобомуродни ҳибсга олган ва тергов қилган МХХ терговчилари Нодир Тўрақулов ва Александр Веселевнинг кейинги тақдири «Элтуз»га номаълум. Тасдиқланмаган манбаларга кўра, улар «эҳтиёт чораси сифатида» ҳибсга олинган.

«Ҳайдалиш куйини чалингиз…»

31 январь куни МХХ раиси Рустам Иноятов ишдан кетган. Шунингдек, президент Мирзиёев МХХнинг вилоятлардаги 11 нафар раҳбари ва бир қанча генералларни ишдан ҳайдаган эди.

Ишдан кетган раис сенатор бўлиб ҳукумат хизматига ўтди. Лекин унинг қўли остидаги махфий хизмат ходимларининг қисмати унчалик ҳавас қиладиган даражада эмас.

Жумладан, МХХ раисининг ўринбосари, 52 ёшли генерал-лейтенант Шуҳрат Ғуломов қамоққа олиниб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани маълум.

Рассом Туз ўзининг навбатдаги ҳажвий суратида «ҳайдалиш тараддуди»ни кўраётган МХХ ходимларини акс эттиради.

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 январ 2018
Расмда кўраëтганингиз «Сетра» автобуси олдида селфига тушган Мақсад Ўзбекистоннинг 52 ватандошини сўнгги манзилга элтган автобуснинг тирик қолган ҳайдовчиси. Бу ...
23 июн 2020
Президент Шавкат Мирзиёев россиялик ҳамкасби Владимир Путиннинг таклифига биноан, жорий йил 23-24 июнь кунлари амалий ташриф билан Москва шаҳрига ...
28 май 2024
Мен миллатчи эмасман! Лекин қайтадан таъмирлатилган ва Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Ж. Ортиқхўжаев томонидан Пасхага совга қилинган Камолондаги бутхонанинг ...
2 январ 2019
Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 апрелидан  Вазирлар Маҳкамасининг 847-сонли қарори билан мобил гўшакларини рўйхатга олиш бошланади. Қарорга кўра, рўйхатга киритилмаган телефонларни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...