Cатира
18 июл 2018

Буғдойини давлат тортиб олган фермер сомонга умид қилмоқда

“Биз фермерликнинг энг яхши даврларини ўтказиб қўйган эканмиз. Бу йилги аҳволимиз шундай далолат бермоқда”.

Бу қашқадарёлик бир фермернинг эътирофи. У узоқ йиллардан буён фермерлик қилишини, лекин бу йилгидек босимга анча вақтдан бери дучор бўлмаганини айтди.

“Ҳали ғалла бўйича режани бажармаган йилим бўлмади. Шунга яраша қолган буғдойни уйимга тўкардим, ишчиларимга тарқатардим. Бу йилги буғдой эса бошга битган бало бўлди”, дейди фермер.

Унинг сўзларига кўра, буғдой режаси бўйича шартнома икки марта қайтадан тузилган. Биринчи шартнома бекор қилиниб, ўрнига фермерга янада кўпроқ ғалла топшириши белгиланган бошқа шартнома имзолатилган. Бундан ташқари, бу шартномага қўйимча равишда яна ўн фоиз ортиқча ҳосил топшириш бўйича мажбурият ҳам юкланган.

“Аммо ҳокимлик мажбуриятни бажарган фермерларга ҳам ортиқча ғаллани ўзига олишга рухсат бермади. Ёки режасини бажармаган фермерга сотишимиз, ёки ҳаммасини давлатга топширишимизга мажбур этди”, деб нолиди фермер.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, ўтган йили 45-50 тонна ортиқча буғдойни ўз уйига тўктирган. Шундан ишчиларига берганидан ортганини сотиб, пахта етиштириш учун сарфлаган.

Фермернинг бешта доимий ишчиси бор. Уларга 3 тоннадан ғалла бериши керак. Қолаверса, мавсумий ишчиларга ҳам сомон ва маълум миқдорда ғалла билан ҳисоб-китоб қилиши лозим.

Лекин барча ғалласини давлатга топширгани сабабли ишчиларининг олдида уятли бўлиб турибди. Энди қандай қилиб бўлмасин, улар билан ҳисоб-китоб қилиш йўлини топиши шарт.

“Бу йил пилласи ҳам бошқа битган бало бўлди. Пилланинг кўп қисми ўлиб қолди. Тепадагилар ўрнига пул тўлашимни талаб қилишди. Қайсидир ҳисоб рақамига 6 миллион сўм тўлаб келдим. Катталар бу пуллар хайрия учун ишлатилишини айтди”, дейди фермер.

Аммо у ўзи каби фермерлар топширган пул хайрияга ишлатилишига ишонмайди. Бу пул “туя” қилиниши ҳақиқатга яқин, дейди фермер.

Унинг билдиришича, ҳозир фермерларга кредит бериш олдингилардан кўра анча енгиллашган. Шунга қарамай, ҳамма ҳам кредит олиш иштиёқида ёнаётгани йўқ. Чунки худди олдинги даврлардагидек, фермер ўз ҳисоб рақамига ўзи тўла эгалик қила олмайди.

“Олдин ҳам ғалла ўраётган пайтда милиция, ҳокимиятдагилару яна аллакимлар даланинг бошида туриб оларди. Лекин режани бажаргандан сўнг битта-иккитаси қоларди, қолгани бошқа фермерга кетарди.

Қолганларига 200-300 кило ғалла бериб, ҳосилни тез ўрдириб, уйга ташиб олардик”, дейди фермер.

“Ҳозир эса уларнинг ҳам нафси ўпқон бўлиб кетди. Бир нарса бериб, ортиқча ҳосилни ўзимизга олиб қолайлик десак, сўрагани осмон қадар.

Бунинг устига, ҳаммаси буғдойни тўлиқ ўриб бўлгунча тепамизда тургани учун ўзимиз ғалласиз қолимизга кўниб ўтирибмиз”, деб қўшимча қилади у.

Фермернинг таъкидлашича, бу йил сомон анча қиммат. Шунинг учун у ўз ишчилари билан ҳисоб-китоб қилиш учун сомоннинг пулига кўз тикиб турибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 ноябр 2020
Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт тизимини тубдан қайта қуришга қаратилган топшириғи ортидан ҳали касбини тўлиқ эгаллаб улгурмаган талабалар гўёки амалиёт ...
20 сентябр 2019
Непотизм лотинча nepos сўзидан олинган бўлиб, унинг луғавий маъноси – “невара” ёки “жиян” деганидир. Аммо бу сўзнинг замонавий маъноси ...
25 июн 2023
Пригожиннинг уруш саҳнасидан чекиниб, Ростовда нағма кўрсатгани, Путин билан келишув қилиб, Беларусга қочишини кўплар Путиннинг ғалабасидай қабул қилаяпти. Ҳатто ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...