Cатира
8 январ 2019

ҚҚС нарх-навога қандай таъсир кўрсатяпти?

Тошкентда машиналарга қуйиладиган метан газнинг нархи 1950 сўмдан 2200 сўмга кўтарилди. Буни кўпчилик қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) олиш бошлангани билан боғламоқда.

Бу қанчалик тўғрилиги ҳақида ҳозирча расмий доиралар бирор бир тушунтириш бераётгани йўқ. Аммо ижтимоий тармоқларда ҚҚС мамлакатда нарх-навонинг янада ошишига пойдевор қўйгани борасида мунозаралар кучайганидан кучайган.

Жорий йилда янги солиқ концепцияси доирасида ҳукумат умумбелгиланган солиқлардан воз кечиб, товар айланмаси 1 миллиард сўмдан юқори бўлган юридик шахслар учун 20 фоизлик ҚҚСга ўтиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу қарор аввалбошданоқ жуда кўп тортишувлар, баҳслар, қарама-қарши фикрларга сабаб бўлди.

Жумладан, мазкур қабул қабул қилиниши ортидан Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази (CED) раҳбари Юлий Юсупов: “Солиқ ислоҳотини амалга ошираётган ҳукуматнинг энг катта хатоси, менимча, ҚҚС ставкасини 20 фоиз қилиб қолдириши бўлди”, деб ёзган эди.

Унинг фикрича, бу ҳолатда бизнеснинг легаллашуви ва солиққа тортишнинг умумий тартибига ўтиши кутилганидан камроқ кўламда бўлади. Бизнес ҚҚСга ўтмасликка фаол тарзда ҳаракат қилади, жумладан, бизнесни майдалаштириш, тушумни яшириш, янги юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтишга уринади.

Бундан ташқари, экспертнинг таъкидлашича, маҳаллий товар ва хизматларнинг баъзи турлари қўшни мамлакатларникига нисбатан камроқ рақобатбардош бўлиши, солиққа тортиладиган базанинг қисқариши натижасида бюджет даромадлари камайиши мумкин.

Ю.Юсупов солиққа тортишнинг янги тизимига ўтишдаги биз дуч келаётган кўплаб муаммолар айнан ҚҚС ставкасини пасайтиришни истамаслик билан боғлиқлигини эслатганди.

Ўзбекистонда 2019 йил учун белгиланган давлат бюджети параметрларида қўшилган қиймат солиғининг улуши энг юқори бўлиб, 35 фоиздан ошади.

Бундан кўринадики, мамлакат ҳукумати янги ҚҚСга бюджетни тўлдиришнинг асосий манбаси сифатида қарамоқда.

Шу билан бирга, ҚҚСнинг 20 фоиз, яъни МДҲнинг аксарият давлатларидагига нисбатан баландроқ қилиб белгилангани ички бозорда нарх-наво ўсишига сабаб бўлмаслигини таъкидлаб келмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ва электрон ОАВда билдирилаётган фикр-мулоҳазалар эса кўпчилик ҳукуматнинг бу ваъдаларига ишонқирамай қараётганини кўрсатаётир.

Жумладан, kun.uz муштарийси Шукурулла Файзуллаев ҚҚС нархларнинг ошишига сабаб бўлмайди, дейишга ҳали жуда эрта, деб ҳисоблайди.

“Бугунги тизим бўйича корхона томонидан тўланаётган иш ҳақига ва корхона томонидан амалга оширилаётган баъзи харажатларга ҳам ҚҚС солиш кўзда тутилган. Ҳолбуки, иш ҳақи тўлаш вақтида ҳам корхона, ҳам хизматчи белгиланган солиқларни ва мажбурий тўловларни тўлайди, боз устига, корхона яна иш ҳақидан ҳам ҚҚС тўлайди”, деб ёзади Ш.Файзуллаев.

У солиқ босими охир-оқибатда харидорнинг елкасига тушиши аниқлигини айтар экан: “Шундай равшан кўриниб турган вақтда давлат ташкилотларининг “ҚҚСнинг киритилиши товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келмайди”, дейиши ғалати”, дея қўшимча қилади.

Мутахассислар масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратмоқда. Бунда ҚҚС тўламайдиган корхоналарда реализация ҳажми камайиши мумкин. Чунки ҚҚС тўловчи корхоналар маҳсулотларни айнан ўзлари сингари ҚҚС тўловчилардан сотиб олишга ҳаракат қилади.

Натижада товар айланмаси 1 миллиарддан кам бўлган кичик корхоналар қийин аҳволга тушиб қолади.

Иқтисод фанлари доктори Шуҳрат Тошматов бу кичик корхоналар бозорга чиқарган товарларда ҚҚС ҳисобламасликлари туфайли юзага келаётган бозор иқтисодиётига хос бўлмаган носоғлом рақобатни бартараф этишга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.

Айрим экспертлар эса бу ҳолат кичик корхоналарнинг молиявий имкониятларини камайтириб, кенгайишига тўсиқ бўлишини таъкидлаётир.

Янги йилдан бошлаб ҚҚС юзасидан танқидий ва салбий муносабатлар кўпайиб кетганидан сўнг иқтисодчи Юлий Юсупов юқорида эслатиб ўтилган аввалги фикридан қайтгандек кўринди.

У ўзининг фейсбукдаги саҳифасида касса чекларида ҚҚС банди пайдо бўлгани муносабати билан бошланган чиқишларни “жазава” ва “саводсизлик”, деб айтди.

Иқтисодчининг фикрича, агар ҚҚС тўловчилари олдинроқ занжирда бўлган бўлса, энди янги солиқ тизимига ўтишда нархлар ошиб кетмайди. Айрим ҳолларда эса у камайиши мумкин, сабаби, ҚҚСга ўтиш ягона солқ тўлови тўлашдан воз кечиш демакдир.

“Агар у чекларда кўрсатилмаган, боз устига, қўшимча қиймат яратилишининг аввалги босқичларида тўловлар кўрсатилмаган бўлса, бу у бўлмаганини англатмайди. Яъни бир солиқни бошқасига алмаштириш юз берди. Баъзи ҳолларда солиқ юки (шунга қараб нарх) ошиши мумкин, баъзида у ўзгармайди, қайсидир бирида эса ҳатто камаяди”, деб ёзди Юлий Юсупов.

Гарчи ҳукумат ҳам, айрим иқтисодчилар ҳам ҚҚСнинг янги тартиби жорий этилиши нарх-наво ошишига олиб келмаслигини таъкидлаётган бўлса-да, истеъмолчилар ўртасида барибир ўзгача кайфият ҳукм сурмоқда.

Чунки янги йилдан айрим товарлар нархи ошгани сир эмас. Буни эса истеъмолчилар ўз-ўзидан ҚҚСга боғламоқда.

Шундай экан, халқни ҚҚС нарх ошишига олиб келмайди, деб ишонтириш жуда қийин. Нарх-навони барқарор ушлаб туриш эса ундан ҳам қийин бўлиши кундек равшанлашиб бораётган бир вақтда хавотирларга ўрин бордек кўринмоқда.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 декабр 2015
Россиянинг Краснодар шаҳрида баланд қаватли уй қурилишида ишлаётган 30 яшар ўзбек йигит 18 қаватдан йиқилиб ўлди. Eltuz.com
16 апрел 2020
Раҳматли отам Мадаминбег Бегжонбег ўғлининг Иккинчи жаҳон урушида олган беш-олтита нишони бор эди. Улардан иккитаси – катта кумуш танга ...
27 апрел 2017
Каримов номини абадийлаштириш қарори бўйича танлов якунига кўра, ҳайкалтарош Илҳом Жаборов унинг ҳайкалини барпо қиладиган бўлди. У илгари Амир ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...