Тошкентнинг қадимий қисмини бузишиб, бетон уй қуриб сотишмоқчи
Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган Лолазор маҳалласидаги тарихий биноларнинг йиқилиши ва улар ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши ҳақида уй эгаларига 3 февраль куни маълум қилинди.
Бу ҳақда мақола чоп қилган «Фарғона» ахборот агентлигига кўра, қурилиш лойиҳаси президентнинг 5511-фармони асосида «тошкентлик ва Москвадан келган» лойиҳалаш ширкатлари томонидан тайёрланган.
Яна ҳам аниқроғи, қурилиш фаолияти билан шуғулланишга шу йилдан (2019) изн берилган, илгари иситиш ускуналари савдоси билан шуғулланиб келган Muhandis-konsalting ширкати бу ишлар билан шуғулланмоқда.
Тошкент марказидаги бузилиши кутилаётган уйлар, мақола муаллифига кўра, Николай подшо даврида – 1891-1917 йилларда қурилган ва Тошкент зилзиласи ҳам таъсир қилмаган тарихий бинолардир.
Бундан аввал Open Democracy ташкилоти журналистлари ўз суриштирувида Tashkent City, Akfa Dream World, Akfa Group лойиҳалари Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли эканини очиқлаган эди.
31 январь куни шаҳар ҳокими журналистларга берган матбуот анжуманида бу маълумотларни қисман тасдиқлаб,
«Бу (Akfa ширкати) менинг 20 йиллик компаниям, ўзим яратганман. Мен ҳоким бўлганим билан уни ташлаб кетмайман», деган эди.
Рассом Туз
Eltuz.com