Cатира
24 апрел 2019

Адлия вазирлиги фаоллашаётган фуқаролик жамиятини жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди

Адлия вазирлигининг ўз телеграм канали орқали йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши ҳақидаги огоҳлантириши Ўзбекистондаги эркинлашишга ҳаракат қилаётган фуқаролик жамияти учун ўзига хос чақириқдир.

Вазирлик ўз огоҳлантиришида бундай ҳаракатлар ташкилотчилари ҳам, уларга шароит яратиб берган фуқаролар ҳам жавобгарликка тортилиши тўғрисида эслатиб ўтган.

Шароит яратиш деганда бундай тадбирлар қатнашчиларига бинолар ёки бошқа мулк (алоқа воситалари, кўпайтирадиган ва бошқа хил техник ускуналар, транспорт)ни бериш ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун бошқа шароитларни яратиш тушунилади.  

Гарчи бу огоҳлантириш Тошкентда 9 май куни “Барҳаёт полк” акциясини ўтказиш масаласига боғланаётган бўлса-да, моҳиятан ўз ҳуқуқларини талаб қилиб рухсатсиз турли йиғинлар ўтказиши мумкин бўлган фуқароларга ҳам тааллуқлидир.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ҳокимлиги “Барҳаёт полк” акциясини ўтказишга рухсат бергани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Кейинроқ пойтахт ИИББ ҳокимликнинг бундай тадбир ўтказишга рухсат берганига оид маълумотга эга эмаслиги ҳақида баёнот эълон қилнган.

Лекин моҳиятан Адлия вазирлигининг огоҳлантириши аслида сўнгги вақтларда фаоллашган фуқаролик жамиятига қаратилгандек кўринмоқда.

Жумладан, яқинда фуқаролик жамияти фаоллари бир қанча халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатлар, тадбиркорлар иштирокида мамлакатдаги “буз-буз”лар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Расмийлар иштирок этмаган бу йиғилишда фуқароларга тегишли кўчмас мулкларни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар муҳокама этилди.

Айнан шу мавзу кейинги вақтларда Ўзбекистон расмийларининг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб турибди. Ҳатто халқаро миқёсда бу жараёндаги қонунбузарликлар ҳақида гапирила бошланди.

Бундан аввалроқ Сергели туманида қурилган кўп қаватли турар жой эгалари ипотека тўлови миқдори ошиб кетганидан норози бўлиб, парламент олдида рухсат этилмаган йиғинга тўплангани хабар қилинганди.

Аввалига уйларнинг бир квадрат метри 2,8 миллионга баҳоланиб, кейин нархлар 4,3 миллион сўмгача оширилгани аҳолининг норозилик сифатида турли йиғинлар ва учрашувлар ўтказишига сабаб бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқлар бонг ура бошлади.

Адолат излаб Сенатга келган аҳолини тинчлантириш учун ҳукумат анча тер тўкишига тўғри келди. Турли даражадаги учрашувлар ташкил этилиб, уйлар нархи асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳақида ваъдалар берилмоқда.

Албатта, аҳоли вакилларининг ўз ҳуқуқлари ҳимояси учун бундай чиқишлар қилиши ҳукуматга маъқул келяпти, деб бўлмайди.

Қолаверса, фаолларнинг йиғилишлар ўтказиб, амалдорларга ёқмайдиган мавзуларни уларнинг бурни тагида муҳокама қилиши ҳам улар учун ёқимсиздир.

Шунинг учун Адлия вазирлигининг юқорида тилга олинган огоҳлантириш билан чиққани айнан шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 апрел 2020
1784 йилнинг 15 апрелида кундузи соат иккида мистер Россо ва 10 яшар ноғорачи болакай Ирландиянинг Дублин шаҳридан аэростатда ҳавога ...
12 январ 2017
Ўзбекистонда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ортидан сенатор ва депутатларнинг бу ҳужжатга оид баландпарвоз чиқишлари пайдо бўла ...
29 ноябр 2021
Тармоқларда яланғоч видеоси тарқалгани ортидан Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани ҳокимлиги биносида 3 декабрь куни бўладиган йиғилишда 43 ёшли депутат ...
18 май 2023
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда Тошкентда яшаëтган Умида Ҳақназар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...