Cатира
3 сентябр 2019

Анжанча биткоин

Андижонда биткоин яратиш билан шуғулланадиган янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ишнинг бошида “Кубикоин” корхонаси тургани, лойиҳанинг қиймати эса 1,2 миллион доллар экани маълум қилинди. 

Андижон вилояти ҳокимининг бир иш кунидан репортаж тайёрлаган kun.uz сайти биткоин яратадиган лойиҳа ҳақида бошқа тафсилотларни ёзмаган.

Аммо шу ёзилганининг ўзи ҳам мавзуни тушунганлар учун анча қизиқ туюлади. Зеро, ҳеч ким ёки бирорта марказ томонидан бошқарилмайдиган электрон (рақамли) пуллар, яъни криптовалюталар масаласида ҳатто дунё ҳукуматларининг ҳам қарашлари турлича. 

Аксар давлатлар криптовалюталарнинг муомалада бўлишини тақиқлаган, баъзи мамлакатларгина минг иккиланишлар ортидан уларнинг савдосига рухсат берган. 

Интернетни бир титкилаб кўринг, биткоин ва унинг таваккалчиликлари ҳақида қоплаб ёзилган. Биргаликда криптовалюта яратиш таклифларининг эса саноғи йўқ. 

Криптовалюталар билан фирибгарлик қилиш имкониятларининг кенглиги сабаб бу масалада ҳукуматлар ҳам эҳтиёткорлик билан иш тутишни маъқул кўради. 

Бугун биткоин дунёнинг энг қиммат криптовалютаси ҳисобланади. Балки шунинг учундир Ўзбекистон рақамли пуллар оламида ўз бахтини синашга қарор қилганига сабаб? 

Лекин масаланинг яна бир томони бор. Яъни криптовалюта яратиш жараёни профессионаллар тилида айтганда, майнинг дейилади.

Майнинг фермалари ўнлаб, юзлаб компьютерлар тизими бўлиб, уларнинг ишлаши учун улкан миқдорда электр энергияси талаб этилади.

Битта майнинг ферма унча-мунча катта корхонани таъминлайдиган электрни “еб” қўяди.

Бир сўз билан айтганда, майнинг ферманинг ускуналари жуда қиммат, самараси эса паст. Ҳар қандай янги майнинг ферма Хитойнинг электр станциялари базасида қурилаётган мегаваттлаб қувватли майнинг кластерлари билан рақобат қилишига тўғри келади. 

Масаланинг айни шу жиҳати “Анжанжа биткоин”нинг келажагига шубҳа уйғотади. Шунинг учун халқни, ўнлаб корхоналарни электр билан таъминлаш муаммо бўлиб турган бир пайтда биткоинга бало борми, деган савол туғилиши табиийдир. 

Бугун халқ ҳатто ёзда ҳам электрга зор. Қишни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Момоларимизнинг жинчироғи қайтганига анча бўлди бу юртга. 

Агар ҳақиқатан ҳам Андижонда шундай “инновацион” лойиҳа амалга оширилаётган бўлса, унинг истиқболи порлоқ, деб айтиб бўлмайди. Зеро, бу шубҳаларни туғдирадиган сабабларнинг айримларини юқорида келтириб ўтдик. 

Яна бир мулоҳаза. Янги технология деб, инновация деб бундай кўпик лойиҳаларга пул тикиш ўзи шундай ҳам инвестициялардан қийналаётган мамлакат учун керакмикин?

Тўғри, ҳоким шундай инновация қиляпман деб, гарчи буни ўзи тушунмаслиги мумкин бўлса ҳам,  юқорининг олқишини олиши турган гап. 

Балки шунинг ортидандир, ҳатто Андижоннинг ҳокими мустақиллик арафасида орденли ҳам бўлди. Мана шу орденни олишига “Анжанча биткоин”нинг ҳам ҳиссаси бўлса не ажаб?!

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори

Тағин ўқинг
12 август 2019
(Прокурорларнинг очиқ хати тўлиқ ва стилистика сақланган ҳолда эълон қилинмоқда)  Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиеев, халқсевар юртбошимиз, мурожатимиз бошида Сизга, ...
26 июн 2018
Ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид қамоқдалигида уни кўришга бораётган пайти автоҳалокатга учраган қизи ва рафиқаси иши юзасидан 25 июль куни ...
19 май 2021
Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскарлар 9 май арафасида боғ ҳудудини тозалаш ...
15 март 2023
Бугун таниқли ўзбекистонлик журналист Ҳурмат Бобожоннинг туғилган куни. Ҳурматнинг мақолалари бир қатор ҳорижий тилларда ҳам янграётгани билан ҳам қадри ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...