Контейнерда яшайдиган ҳоким
Наманган вилояти ҳокими президент келган пайтда танқид қилинган маҳаллада бу ерда шароит яхшилангунча яшашини билдирди.
— Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнатилади ва унга “вилоят ҳокимининг уйи” деб ёзиб қўйилади, — деди Шавкатжон Абдураззоқов.
Абдураззоқовга кўра, маҳаллага сув қувури тортилади ва йўллар таъмирланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни “Бунёдкор” маҳалласида бўлган ва ичимлик сув йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган ҳудуддаги аҳволни танқид остига олганди.
Президент Наманган шаҳри прокурорига танбеҳ бериб, «нега деворни оқламайсан», деган эди.
– Баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар, – деганди давлат раҳбари. – Қандай виждон билан лавозимда ўтирибсизлар?! Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Аҳволни қаранглар, бу сизнинг юзингиз. Ҳеч бўлмаса деворларни оқлатиб, ҳовлиларни тозалатиб қўйсанг бўларди-ку?
Айни пайтда Наманган вилоятидаги юзлаб маҳаллалар президент назарига тушмагани ва ҳоким контейнер қўйиб ëтмагани боис хароб аҳволда қолмоқда.
Рассом Элсевар
Eltuz.com