Cатира
15 феврал 2022

Юрак уришдан тўхтади

Бор эканда йўқ экан, оч эканда тўқ экан. Бўри баковул экан, тулки ясовул экан. Қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан. Азал-азалдан биология ва физология қонунларига бўйсуниб яшаб келаётган бир организм бор экан. Организмни Бош мия бошқарар экан. Унга ҳар куни ҳар хил фикрлар ёғилиб келаверар экан. Кунлардан бир куни у организмни бошқаришнинг янги усулини ўйлаб топибди ва барча ички аъзоларга қуйидаги хабарни юборибди: Ҳей ички аъзолар! Биз “Янги организм” қурамиз. Бир жойда ўтиришни бас қилинглар! Энди ҳамманг организм бўйлаб юрасанлар! Етар бир жойда туришларинг! Қайси аъзо қандай ишлаётганини ўз кўзинг билан кўришинглар керак” дебди.

Бош миядан ички аъзоларга келган ушбу мудҳиш хабарни эшитиб юрак дарғазаб бўлибди ва дарҳол Бош мияга хабар юборибди: “Бундай қилиш асло мумкин эмас! Анатомия қонунларини ҳеч қачон бузиб бўлмайди! Акс ҳолда организм ҳалок бўлади! Ҳар ким ўз ишини ўзи бажариши керак! Ахир ҳар кимнинг ўз вазифаси бор! Жигар ишини юрак, юрак ишини буйрак ҳеч қачон бажара олмайди, ахир!” Бироқ юракдан отилиб чиққан бу нидо Бош мияга кор ҳам қилмабди. Бош мия билганидан қолмабди. Унга қулоқ солмаган юракни кейин жазолайман, деб ўйлабди у.

Бош мия бошқа ички аъзоларга ўз ҳукмини ўтказа бошлабди. Унинг важоҳатидан қўрққан барча ички аъзолар ўзлари билмайдиган ва ҳеч қачон қилиб кўрмаган ишлари билан шуғулланишга бел боғлашибди. Ахир ҳар нарсани билгувчи Оллоҳ эмас, Бош мия-ку, деб ўйлабди улар. Шундай қилиб ички аъзолар “аъзобай-аъзобай” юра бошлашибди: жигар буйраклар турган жойга силжиб тушиб уларнинг вазифасини, буйраклар эса тепага силжиб чиқиб жигар вазифасини бажаришга киришибди, яъни улар ўт қопига сийдик ажратиб чиқара бошлабди, ҳалқум эса организмнинг энг пастига тушиб тўғри ичак қиладиган ишни, тўғри ичак эса энг юқорига чиқиб ҳалқум вазифасини бажаришга киришибди… Энг пастдаги тешикка тепага чиқиб оғиз вазифасини бажарасан дейишибди, пастдаги яна битта аъзога “тепага чиқиб тил вазифасини бажаргин” деган топшириқ келибди. Шунда тил тилга кириб “Мен нима қилай” деса, сен пастга тушиб “ўша аъзо” вазифасини бажарасан дейилибди. Қолган аъзолар билан рўй берган патологик ҳолатлар ҳақида гапиришга тил ожиз…

Организмда рўй бераётган шармандали ва фалокатли бу ҳолат оқибатида барча тўқималарда моддалар алмашинуви издан чиқиб анор сувидек ҳалол қон оқаётган томирларда харом қон оқа бошлабди. Ушбу патологик жараёндан таҳликага тушган юрак сўнгги маротаба Бош мияга илтижо қилиб: “Бу экспериментни дарҳол тўхтатинг! Акс ҳолда бутун бошли организм, шу жумладан, Сиз ҳам ҳалок бўлишингиз муқаррар!” дебди. Бош мия қалбга, яъни юракка қулоқ солмай билганидан қолмабди. Алал оқибат юрак уришдан тўхтабди…

Нейропсихолог, профессор
Зарифбой Ибодуллаев
14 феврал 2021 йил

Тағин ўқинг
17 март 2017
«Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ташаббуси билан Бухородаги марказий кўчага Ислом Каримов номи берилди», дея тантанавор эълон қилди «Миллий ...
18 феврал 2021
Либерал Россиянинг катта қисмини бирлаштиришга муваффақ бўлган шахс, Путинга мухолифат тимсоли сифатида намоён бўлган Алексей Навальнийнинг обрўси аксарият қисми ...
8 июн 2018
«Зарафшон» зонасига этап қилинган сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон 2002 йилнинг баҳорида айни модда билан туҳмат қилиб айбланган Рустам Маматқулов ...
16 декабр 2016
Халқ шоирларию, қўшиқчиларидан тортиб масжид имомигача янги юртбошига мадҳиялар ўқиркан, Шавкат Мирзиёев ҳокимият супасига фақат ўз одамларини яқинлаштирмоқда. Бу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...