Ўзбекистон: совет ўтмиши сари олға
Қудрат Бобожон
Биз ҳар куни хабарлар оламиз, мамлакатда кун сайин демократия заифлашаётгани, диктатура кучайиб бораётгани ҳақида.
Эҳтимол, оддий авом учун бир қарашда сезилмаётгандай, бироқ аста секин – ҳуқуқларимизни поймол этаётган, фуқаролар ҳаёти устидан назоратни кучайтираётган ҳар бир янги қонун нормаси, ҳар бир қоида остида бизнинг эркинликларимиз ўлдирилмоқда.
Кўплар ўзига савол берадими: нима учун айнан мен, пахтага боришим керак? Нима учун кимдир, менинг Интернетда нимани ўқишим, нимани ўқимаслигимни ҳал қилиши керак? Мен тўлаётган солиқларни ким ва қандай сарфламоқда? Сайлаб қўйилган шахслар мамлакатни қанчалик самарали бошқармоқда?
Эндиликда бу саволларга жавоб бериш – ўзгача фикрлашнинг жиноий кўринишидан бошқа нарса эмас. Биз бу даврдан ўтганмиз.
80-йилларда мен журфак талабаси эдим, мен бунга қарши қандай кураш олиб борганимизни яхши эслайман.
Ўшанда, ҳозирги Ўзбекистондаги каби, босмахона дастгоҳлари ўта жиддий назорат қилинар, ксерокслар ҳали пайдо бўлмаган, компьютерлар ва Интернетгача ҳали умумумун анча узоқ эди.
Мафкурага зид бўлган ҳар қандай нарсани чоп қилиш, хатарли оқибатга олиб борар эди. Биз бундан қўрқсакда, бироқ варақалар чоп қилдик.
Ўша пайтларда менинг шалоғи чиққан “Москва” ёзув машикам бор, мен унда фақат етти нусҳагача “самиздат” чоп қила олардим.
Кейинчалик бизга босмахона ҳарфларининг бутун бошли кассасини ҳадя қилишди – қўл босмаси учун ҳақиқий қўрғошин литералари.
Улар ёрдамида мен қўлда варақа матнини – бир варақдан иборат коммунизмга қарши чақириқни териб чиқдим. Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, сиёҳ, қўрғошинга мутлақо тўғри келмайди.
Варақа ёзувлари чаплашиб кетган, айрим жойларининг умуман ўқиш қийин, бироқ отамлар эътиборини тортиш мумкин эди. Умуман КГБ эътиборини ҳам.
Мени ўшанда турмага босишмади, бироқ армияга жўнатишди. Шундан кейин ҳам эътиборсиз қолдиришгани йўқ.
Бу 82-йил, СССР қулашига ва Ўзбекистон мустақиллигига ҳали тўққиз йил бор эди.
«Табриклайман, сен ликвидаторсан!», – деди 91-да, менинг қачонлардир амалга ошмаган эркин босмахона учун литералар келтириб берган эски дўстим. Бу пайтга келиб ахборот тарқатишнинг замонавий ускуналари: ўша ксерокслару, компьютерлар пайдо бўлган.
Бунинг устига расмий газеталар ҳам ҳақиқатга яқин нарсаларни чоп қила бошлаган ва одамлар ҳам эркин фикрлашга ўрганишганди.
Бироқ, тағин нимадир юз берди. Тағин тарих ғилдираги ортга қараб айлана бошлади – тағин бизни алдай бошлашди, ва тағин биз бу ҳақда гапиришдан қўрқа бошладик.
Сиёсат, иқтисод, ОАВ – бунинг бари Ўзбекистонда икки параллел реалликда мавжуд. Расмий версияга кўра: демократия, фикр эркинлиги, фаровонлик ва барқарорлик. Реал ҳаётда эса: ноҳақлик, қашшоқлик, коррупция, ҳар қандай ўзгача фикрга тоқатсизлик.
Ўзбекистонликлар шу икки реалликда бир вақтнинг ўзида яшашга ўрганишган, индамай хашарга чиқишади, пул бериб пахта мажбуриятидан қутилишади, пора беришади, Интернетда тақиқланган ОАВни ўқишади ва тилларини тишлари орасида сақлашади.
Ва тағин – озодликка интилишгани учун жазоланган журналистлар мухолифатчилар ҳақида эсламасликка ҳаракат қилишади. Улардан қайсилари – панжара ортида, кимлардир бошқа мамлакатга қочиб чиқишга мажбур бўлган, кимнидир эса эса жинни дея эълон қилишган.
Бундай мамлакатни қандай келажак кутади? Шимолий Кореяга разм солинг – агар, албатта, Интернетдан ушбу мамлакатда нималар содир бўлаётгани ҳақидаги ҳақиқатларнинг урвоғини топа олсангиз.
Энг сўнгги «илҳомлантирувчи» хабарлардан бири: мамлакатда барча эркакларнинг сочини, қадрли ўртоқ Ким Чен Ирнинг ўғли, коммунистик мамлакат ҳукмронлигини мерос олган, қадрли ўртоқ Ким Чен Ин сочи каби тарошлаш мажбурияти қўйилди.
Кулгилими? Нима сизга Ислом Каримов сочининг тарошланиши ёқмайдими?
Умуман, тўғри айтишади, энг қоронғу тун тонг олдидан бўлади дея.
Ва менинг шунга ишончим комилки, бугун, Ўзбекистондаги мустабид режим ҳар қачонгидан кучаяркан, қаердадир, кимнингдир чўнтагида кичкина флешка бор. Флешкада эса – бузилмас дея аталган нарсаларни бузишга қодир ғоялар бор.