Куëвдан мулла ҳам, доктор ҳам пора сўради
Наманганлик куёв, айни пайтда тиббиёт кўриги бўлими мижози Ибодулла Бойматов ўзи олган видеони Элтузга жўнатди.
«Аршин мололон» киносидаги куëв учун бир калла қанд, уч сўм пул ва битта мулла кифоя эди. Наманганлик бўлғуси куëв эса, доктордан справка оламан деб тўйи кечикди, боз устига пулсиз мулла ҳам никоҳ ўқимади. Буни унинг ўзи Элтузга айтиб берди.
У ҳатто, мулла ва никоҳни қайд қилиш бўлимига лозим қоғозларни ундириш учун тиббиёт кўриги бўлимидагилар билан жанжаллашишгача борганини айтади.
Айни жанжал, унинг Элтузга жўнатган видеосида акс этган. Видеони у Наманган вилояти Уйчи тумани Поликлиникасида мобил телефонига олган.
Ният уйланиш эди…
«Ўзи яхши бир ният – уйланиш учун қоғоз оламан, деб боргандим у ерга», деди у Элтузга.
Унинг билдиришича, бўлим ходимаси, унга «касали йўқ» деган қоғозни ёзиб бериш эвазига «15 минг сўм» сўраган.
«Бермаганларни менга ўхшаб шантаж қиларкан», дейди куёв бўлмиш.
Унинг иддао қилишича, шифохонанинг бу бўлими «ёғлиқ жой». Жанжалга эса, унинг пул қистирмагани бахона бўлган.
Жанжал катталашгач, Уйчидаги бир эркак «разбор»га чақирилган.
«Разборшик»нинг дағдағаси ҳеч нарсамаску, лекин асаббузарлик бўлиб, қуда томонлар олдида шу қоғозни қилиб бермай ноқулай аҳволга солишди», дея ҳикоясини давом эттиради шўрлик куёв.
Бизда ҳамма ёқ «Поле чудес»
Элтуз билан суҳбатида, кейинчалик 200 минг сўм билан ишини битиришга муваффақ бўлганини билдираркан, «Бу тоза пора пули» эканини писанда қилади.
Чунки, пул олди-бердиси ҳеч қаерда акс этмайди.
«Ўзи пулни олиб, бўлимма-бўлим югуриб, қилиб берадиган одамлари бор», дея қўшимча қилади у.
Унинг сўзларига кўра, биргина рентген ускунасига ҳомиладор ҳам, қўл-оёғи синган ҳам, касали оғир бошқа беморлар ҳам, қариялар ҳам куни билан навбатда туришади.
Бундан ташқари яна ОИТС маркази, анализ, қон топшириш ва ҳоказо бошқа бўлимлар бор.
«Агар пора бермай, ўзингиз навбатга туриб бу ишларни қилсангиз ҳам вақтингиз кетади, ҳам асабингиз бузилгани қолади», дейди суҳбатдош.
Мулланинг никоҳи – алоҳида трагикомедия
Куёв бўлмишнинг тағин билдиришича, никоҳ олдидан Ўзбекистонда мажбурий тиббий текширув жорий қилинганига анча бўлган.
«Бундай қоғозсиз на ЗАГС ходими, на бирор мулланинг никоҳ ўқишга ҳаққи йўқ», дейди у.
Бироқ тиббий справкани олганидан кейин ҳам никоҳ масаласи тезгина битмаганини айтади.
«Бизнинг Наманганда мулла никоҳ ўқимаса жуда ёмон бўларкан», – дейди суҳбатдош.
Унинг сўзларига кўра, аввалига мулла «никоҳ ўқимайман» деб, оёқ тираб туриб олган.
Кейин «никоҳ пули»ни масжид ҳисобига расмийлаштириб келиш учун анча вақт йўқ бўлиб кетган.
Шундан кейингина, Никоҳнома деган қоғоз қўлга теккан.
«Бонусига, «Ғусул» сураси ёзилган бир парча қоғоз ҳам берди. Бу совға эмиш», дейди ўз ҳикоясига бахтли якун ясаркан наманганлик куёв.
Видео: https://youtu.be/0qQ0ezpZRZ8
Eltuz.com