Бир ҳайкал 10 йилда 4 марта жой алмаштирди
Каримов даврида шаҳар чеккасига чиқариб ташланган Шомаҳмудовлар ҳайкали яна эски жойига қайтарилмоқда. Ҳайкаллар 9 май куни «Истиқлол» (собиқ «Халқлар дўстлиги») майдонига қайтарилади ва қисқа бир тарихий даврда тўртинчи бор қайта ўрнатилади.
1982 йили Рашидов даврида ўрнатилган ҳайкаллар комплекси илк бор 2008 йили «Отчопар» бозори яқинидаги чекка бир жойга кўчирилганди.
2017 йилнинг апрелида эса ҳайкаллар «Дўстлик» (собиқ Бобур номидаги) истироҳат боғига кўчириб ўрнатилди.
Кўчириш чоғида Шомаҳмудовларнинг болғаси, сандони ва 15 етим боласидан биттаси йўқолиб қолгани ва кейинчалик топилгани ҳақида «Элтуз» нашри хабар берганди…
Роппа-роса бир йил ўтиб, 2018 йилнинг апрелига келиб, “Истиқлол” санъат саройи олдидаги майдонда реконструкция ишлари бошлаб юборилди.
Бу хабарни Тошкент шаҳри ҳокимлиги расмий сайти ҳам тасдиқлади.
Адашган ҳайкаллар
“Санъат асари ўлароқ, мен бу ҳайкал мажмуасини ҳеч қачон қабул қила олмаганман, балки бу менинг ичимдаги социалистик реализмни қабул қила олмаслик ҳиссининг кўринишидир эҳтимол”, деган эди Муҳаммад Солиҳ «Элтуз» мухбирига берган интервьюсида. https://eltuz.com/video/199834/ Муҳаммад Солиҳ кўчишни орзу қилган “Адашган ҳайкаллар” бадиҳасини ёзган эди.
“Нон дўкони олдидаги одамлардай қаторлашиб турган” ҳайкалларнинг қачон ва нима учун “бу ерга келиб қолишганлигини” ўзлари ҳам билмасликларини у ўша пайтда совет даврига хос сарказм билан тасвирлаган.
“Нега бу ерда Байрон эмас, Пушкин ўтирибди?” деган саволга унинг хаёлий қаҳрамони “Чунки мен унинг мухлисиман!” дея қитмирлик билан жавоб беради.
Бу сўзлар оқ қайинларни соғинган Пушкин орзусига зид…
“Агар ҳайкаллардаги шиддат ёлғон бўлмаса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, улар ўзлари турган супадан бир куни, шубҳасиз, тушади ва хоҳлаган томонга равона бўлади…”
Бу гаплар 40 йил бурун айтилганига кўпчиликнинг ақли бовар қилмайди. Чунки Пушкинни ёки Шомаҳмудовларни жойидан қўзғатиш у пайтда ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди.
“Бу мақола аслида ҳайкалларни кўчириш ҳақида эмас, уларни келтирган рус истилочиларининг кетишини орзу қилиб ёзилган эди”, дейди Муҳаммад Солиҳ.
Совет даврини қўмсаган ўзбекистонликлар рамзи
Тошкентлик таҳлилчи Анвар Назирнинг фикрига кўра, кейинги йилларда ёдгорликларни кўчирилиши ва қайта тикланиши совет ва рус қадриятларига қайтилаётганини англатади.
Анвар Назирнинг «Элтуз»га билдиришича, Шомаҳмудовлар ҳайкал совет даврини қўмсаган ўзбекистонликлар учун рамзга айланган.
Шомаҳмудовлар ҳайкалидан ташқари, таҳлилчи илгари бузилган, «русийзабон омма шовқинидан сўнг эса давлат ҳисобидан Тошкентнинг марказига кўчирилиб, энди давлат ҳисобидан катта маблағ эвазига қайтадан тикланаётган» рус генерал-губернатори Кауфман қурган бинони мисол келтиради.
«Россияпараст доираларнинг бунга жавобан: “Кауфман қурган бинони Шавкат Мирзиёев ўз шахсий қарори билан тиклади ва бу буюк губернаторнинг хотирасини абадийлаштириш!” деган гаплар билан оғизлари юмилмаяпти», дея писанда қилади Анвар Назир.
Шу билан бирга, «Маданият вазирлиги Абдулла Қодирий уй-музейи яратилишига давлатда маблағ йўқ, деб айтишга тили борди», дея таъкидлайди таҳлилчи ўз блогида.
Кауфман «ўзбеклар кўпроқ пахта билан банд бўлса, камроқ сиёсий ва бошқа мавзуларга вақти бўлади”, деган сўзлари билан машҳур бўлган мустамлакачи эканини таъкидлар экан, таҳлилчи «Ш.Мирзиёев Шомаҳмудовларда тўхтамаслиги зарур», дея киноя қилади.
«Ленинга юзлаб ҳайкаллар қўйилган эди бизда, яна Марксга ва Бухорони қирган Фрунзега, «босмачиларни» қирган Куйбишевга, Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Мунавварқориларнинг бошини еган Сталинга ҳам, ана шу «тарихимизнинг буюк шахсларининг» ҳайкалларини ҳам, албатта, тикласин!» дейди Анвар Назир.
Ҳайкалларнинг кўчирилиши – мантиқсизлик
Ҳайкалтарош ва кандакор рассом Омон Азиз «Элтуз»га берган суҳбатида Ўзбекистонда Шомаҳмудовлар ҳайкалининг қайта-қайта кўчирилишини мантиқсизлик, дея атади.
«Уларнинг бошқа иши йўқми, деган савол туғилади», деди «Элтуз» мухбирига берган интервьюсида 76 ёшли ҳайкалтарош.
Шомаҳмудовлар композицияси 1982 йили Дмитрий Рябичев томонидан яратилганди.
Америкада яшаётган ижодкор Омон Азизнинг сўзларига кўра, совет даврида бутун Тошкент ҳайкалтарошлиги Шапиро билан Рябичев ихтиёрига ўтиб қолганди.
80-йилларда Абдумўмин Бойматов, Дамир Рўзибоев каби ўзбек ҳайкалтарошларининг уруш мавзуидаги асарлари танловга қўйилганини эслайди, жумладан, ҳайкалтарош.
«Абдумўмин аканинг «Сен етим эмассан» композицияси ўша Рябичевникидан кўра яхшироқ эди. Худди шошмақом мусиқасини эслатарди, бетакрор эди», дейди Омон Азиз «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.
Рябичевнинг беқиёс санъаткор эканини эътироф этаркан, санъаткор сифатида ҳайкалнинг айрим нуқсонларини санайди.
«Масалан, мен эркакнинг нима учун тикка турганини билмайман. Лекин болалар яхши топилган», дейди Омон Азиз. Шунга қарамай, у бу ҳайкалларни ҳеч қаерга кўчирмаслик керак, деган фикрда.
Eltuz.com