Мирзиёевга ишониб қайтмоқчи бўлган қочқин ватанга киритилмади
Швециядан юртига қайтмоқчи бўлган 58 ёшли ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов 23 май куни Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилиниб, Тошкент аэропортидан қайтарилди. Стокгольмга қайтиб келган Қурбонов воқеа тафсилотлари юзасидан «Элтуз» мухбирига интервью берди.
«Менинг қайтишимга асосий сабаб президент Мирзиёевнинг чақириғи бўлди. «Қўли қонга ботмаган бўлса келсин, ота-энасини олдига келиб яшайверсин», деган гаплари менга турки бўлди», дейди Қурбонов.
Бироқ Тошкент аэропортида бор-йўғи икки соат бўлган ҳуқуқ фаоли Стокгольмга ватандошлиги йўқ шахсга айланиб қайтди.
«Шамсиддинов деган лейтенант битта печать билан мени Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилди», дейди у.
Қурбоновга президент фармонига кўра, беш йил ичида Ўзбекистонда бўлмаганлиги боис ватандошликни йўқотганлигини маълум қилишган.
«Ўша келган самолётимга ўтқазиб қайтариб Швецияга жўнатишди», дейди ҳуқуқ фаоли.
Қурбонов 2006 йили Швециядан бошпана сўраган, бироқ шу пайтгача ватанга қайтиш умидида швед ватандошлигини олмасдан келаётган эди.
Шу йилнинг 4 декабрида Стокгольмда учрашув ўтказиб, ўзбек қочқинларини ватанга қайтишга даъват этган Ўзбекистоннинг Германиядаги консули Азимбой Озодовнинг тавсияси билан у ватанга қайтишга аҳд қилади.
Бироқ Муҳиддин Қурбоновнинг Тошкент аэропортида ватандошликдан маҳрум қилиниб Швецияга қайтиб келиши Ўзбекистондаги «кирди-чиқди» муаммоси эскича қолаётганини кўрсатмоқда.
Eltuz.com