КГБ-МХХ vs Рембо. Кураш давом этади. 1-қисм
СССРнинг қудратли КГБ идораси жиноятларини фош қилгани учун халқ орасида» Рембо» лақабини олган ва ўн йилга қамалган ўзбек милицияси тезкор вакили Қаҳрамон Хўжақулов икки йилдан бери ўзини оқлашга уринмоқда…
“Eltuz” нашрининг суриштирув гуруҳи КГБ-МХХдан азият чеккан собиқ милиция майори ҳақида фильм тайёрлади.
Эътиборингизга фильмнинг биринчи қисмини тақдим этамиз.
КГБ-МХХ наркобизнесини очган ўзбек ҳамон оқланмаяпти
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев иқтидорга келгач, собиқ МХХ, ҳозирги ДХХнинг кўплаб жиноятлари ҳақида ошкора айтди. Айниқса, “хизмат”нинг наркотрафикка алоқадорлигини кескин танқид қилди. Унинг бу ҳаракатлари МХХдан жабр чеккан кишиларда катта умидларни уйғотди.
Улардан баъзилари ўзларини расман оқлаш учун Ўзбекистоннинг турли идораларига мурожаат қила бошладилар. Лекин кўп ҳолларда давлат идоралари бундай мурожаатларни жиддий ўрганиш ўрнига, аризачиларни у идорадан бу идорага жўнатишни маъқул кўришмоқда. Баъзи ҳолларда бундай кишилар яна таъқибга олинмоқда.
“Eltuz”нинг бугунги фильми КГБ-МХХдан азият чеккан собиқ милиция майори ҳақида. У икки йилдан бери ўзини оқлашга уринмоқда. Демак…
КГБни оёққа турғизган ўзбек милиционери
Бундан ўттиз йил олдин сурхондарёлик оддий ўзбек милиционери СССРнинг энг қудратли икки ташкилоти – КГБ ва Ташқи ишлар вазирлигини оёққа турғизган. Наркотрафикка қарши у олиб борган навбатдаги операция натижаларидан СССР ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ва КГБ раиси Виктор Чебриковнинг ороми ростакамига бузилган.
1988 йилда 28 ёшда бўлган Қаҳрамон Хўжақулов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасида тезкор вакил бўлиб ишлаган. Ўша йил ёзида Хўжақулов ўзининг махфий манбаларидан муҳим хабар олади. Хабарда номаълум шахслар Афғонистоннинг Мозори Шарифидан Ўзбекистоннинг Термизига доимий равишда наркотик ташиши айтилган эди.
Қаҳрамон Хўжақулов:
“1998 йилнинг ёзида манбаларим қизил рангли, яъни дипломатик рақамдаги оқ рангли ГАЗ-24 автомобилида номаълум кимсалар Термиздаги уйлардан бирига ҳар ҳафта 1-2 марта келиб, ҳар келганда автомобиль балонини ташлаб, яна олиб кетишини айтишди. Менга келган маълумотларга кўра, кейинчалик шу балонларни бу уйдан номаълум кишилар олиб кетиб юришган. Мен Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбариятини бу ҳақида огоҳлантириб, маълумотни тезкор ўрганишга рухсат олдим. Ўтказган суриштирувларим натижасида автомобилнинг захира ғилдираги ичида наркотик моддаларни Афғонистондан олиб кираётган кишилар собиқ СССРнинг Мозори Шарифдаги консуллиги ходимлари Бабкин, Милошевич ва Хацкевич эканлигини аниқладим. Дипломатлар қолдирган наркотикларни олиб кетиб юрган шахслар эса Термиз давлат педагогика институтининг бир ўқитувчиси ва яна бир тадбиркор эканлиги маълум бўлди”.
Қаҳрамон Хўжақулов Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбариятига вазият ҳақида хабар беради. Раҳбарият эса, ўз навбатида, ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР ички ишлар вазири Учқун Раҳимовга мурожаат қилади. Мурожаатда Сурхондарё милицияси наркотик савдосига аралашган совет дипломатларини қўлга олишга рухсат сўрайди.
Ўша пайтдаги Ўзбекистон ички ишлар вазири полковник Учқун Раҳимов КГБдан чиққан эди. Шу сабабдан бўлса керак, чекистлардан чиққан вазир дипломатларни қўлга олиш учун аввал СССР КГБсидан, кейин Ташқи ишлар вазирлигидан рухсат олиш кераклигини айтади. Шу баҳонада у операцияни вақтинча тўхтатиб туради.
Қаҳрамон Хўжақулов:
“Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Маҳкамов менга Бабкин, Милошевич ва Хацкевчиларни қўлга олиш операциясини биз эмас, “комитетчик”ларнинг ўзи амалга ошириши ҳақида айтди. Дипломатларни қўлга олиш операциясини ўтказиш учун СССР ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе ва КГБ раиси Виктор Чебриковнинг рухсати кераклигини айтди. Кейин менга маълум бўлишича, СССРнинг Мозори Шарифдаги консуллигида расман дипломатик ходим бўлиб ишлаб юрган Бабкин, Милошевич ва Хацкевич аслида КГБнинг биринчи бош бошқармаси, яъни ташқи разведка бошқармасининг ходимлари экан. Ҳозирда бу бошқарма Россияда алоҳида ташкилотга айлантирилиб, Ташқи разведка хизмати деб айтилади. Хуллас, ички ишлар идоралари бу операциядан четлаштирилди. Шундай бўлса ҳам КГБнинг Афғонистондаги разведкачилари наркотик савдосига аралашиб қолгани ички ишлар идоралари раҳбарларига, жумладан, ўша пайтда СССР ички ишлар вазири генерал-полковник Александр Власовга ҳам маълум бўлиб улгурган эди”.
КГБ жосусларининг жиноятлари ошкор бўлиб улгурган эди. Вазият шунчалик жиддий тус оладики, 1988 йил ёзида СССРнинг Афғонистондаги элчиси Николай Егоричев ва Ўзбекистон ССР КГБсининг раҳбари генерал-лейтенант Владимир Головин зудлик билан Москвага чақиртирилишади. Хуллас, наркофуруш чекистларни қўлга олишдан бошқа чора йўқ эди.
КГБ раҳбари Виктор Чебриков Москвадан Ўзбекистонга махсус қўлга олиш гуруҳини жўнатади. Москвалик чекистлар Ўзбекистон КГБсининг тезкор ходимлари билан биргаликда Термизга боришади. Сурхондарёга келгач, улар ишни тезкор маълумотларни ўрганишдан эмас, КГБнинг тинчини бузган ўзбек милиционери Қаҳрамон Хўжақуловни кўришдан бошлашади.
Қаҳрамон Хўжақулов:
“Бабкин, Милошевич ва Хацкевич ишидан четлаштирилганимдан бироз вақт ўтгач, хонамга рус миллатига мансуб бир киши кириб келиб, мен билан саломлашди. Менга ўзини: “Я полковник КГБ Белов”, – деб таништирди. “Сынок, мы тебе звание Героя Советского Союза не дадим, но орден дадим”, – деди. Кейин билсам, шу одам Москвадан келган КГБ гуруҳининг раҳбари экан… Кейинчалик мени КГБнинг Тошкентдаги идорасига чақиртиришди. У ерда тергов бошқармаси ходими, полковник Сергей Медведев менга саволлар бера бошлади”.
Лубянка вакиллари наркофуруш ҳамкасбларини Ҳайратон кўпригидан ўтаверишдаги чегара постида қўлга олишади. Бабкин, Милошевич ва Хацкевич бу сафар ҳам чегарани ўша оқ рангли ГАЗ-24 автомобилида кесиб ўтишаётган эди.
Дипломатик автомобилнинг захира ғилдирагидан 20 килограмм қорадори чиқади. Машинадан кўп миқдорда хорижий валюта, қимматбаҳо антиквар буюмлар ҳам топилади.
“Eltuz” суриштирув гуруҳига маълум бўлишича, Термизда қўлга олинган уч дипломат шу куннинг ўзидаёқ Тошкентга, Ўзбекистон ССР КГБсининг Тергов бошқармасига ва тергов изоляторига олиб келинган.
Бироқ уч кундан сўнг Бабкин, Милошевич ва Хацкевич номаълум сабабларга кўра қўйиб юборилган. Наркофуруш уч чекист лубянкалик ҳамкабслари билан бирга Тошкентдан Москвага учиб кетишган. Москвага етиб келгач, Бабкин, Милошевич ва Хацкевич жазоланиш ўрнига, КГБнинг қуйи табақа идораларига ишга ўтказилган.
Уларни фош қилган сурхондарёлик милиция майори Қаҳрамон Хўжақулов эса рағбатлантирилиш ўрнига вилоят маркази Термиздан узоқлаштирилгади. У Жарқўрғон тумани Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмасига бошлиқ этиб тайинланган. Яъни милиционерлар тилида айтганда “хизмат сургунига” юборилади.
Лекин Хўжақулов янги иш жойида ҳам жиноятчиликка қарши астойдил кураша бошлаган. Жумладан, анчадан бери очилмай ётган қатор жиноятларни фош қилган.
Масалан, ўша пайтда Сурхондарёда иккинчи раҳбар Қўчқор Аҳмедовнинг укаси Эшши Қўчқоровни ўлдирган қотилларни топган. Бу жиноят ўша пайтдаги прокурор Ҳайитмурод Тўлагановга яқин кишиларнинг қўли борлиги туфайли очилмай ётган эди.
Қаҳрамон Хўжақулов ўзининг фаоллиги билан яна маҳаллий прокурор ва чекистларнинг жиғига тега бошлайди.
Энди уни Термиздан янада олисроқ жойга – Денов туманига ўтказишади. Буерда ҳам у йиллар давомида очилмай ётган жиноятларни очишга эришади. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли уни “Рембо” деб атаб бошлайди. Лекин “Рембо”нинг бу ҳаракатлари халққа ёққани билан аламзада чекистларга ёқмайди. Ва маҳаллий КГБ Қаҳрамон Хўжақуловга қарши туҳмат уюштириш учун махсус операция ишлаб чиқади.
Бу махсус амалиёт ҳақида суриштирувимизнинг кейинги қисмида ҳикоя қиламиз.
Eltuz.com нинг махсус журналистик суриштирув гуруҳи томонидан тайёрланди .