Асосий мавзулар
7 июн 2019

РТдан ваъз: Мирзиёев ош қилади – «Элтуз» фош қилади!

Жумадан жумагача ўтган даврда эътиборга тушган воқеаларни санасам.

Хоразмдаги келин қайнотасини сўйиб ташлади. Қайнота гўрда, келин қамоқда.

Бир қадам олға – икки қадам орқага. Кундузи фара ëқиб юриш икки йилга кечикди.

Ўлдирса ҳам прокурор ўлдирсин. Ўз машинасида талаба йигитни мажақлаб босиб ўлдирган собиқ прокурор 20 миллион сўм жарима тўлаб, қамалмай қолди.

Болажон халқнинг туғиб сотиш бизнеси авж нуқтасида. Қашқадарёлик аёл янги туғилган ўғил чақалоқни 5 миллион сўмга сотмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Болани семиртириб сотса, қиммат бўларкан. Бундан олдин Навоийда 6 ёшли фарзандини 15 миллион сўмга сотаётган аёл қамалувди.

Айиқполвонга ачиндик. Чироқчида айиқни ўлдириб, мурдасини таҳқирлаб, расмга тушишди.

Бир аëлга уй бериб, кейин кетига тепиш, деган фокуси чиқмай қолган Андижон вилояти ҳокими хориж матбуотини душман, деб атади.

Хориж матбуотини ҳамма бир тану бир жон бўлиб қарғаш фонида «Озодлик» мухбири Ўзбекистонга киритилмади.

Аммо Сурияда каллакесарлик ва террорчилик билан шуғулланганлар Ўзбекистонда карнай-сурнай билан кутиб олинди.

«Хўш, иннайкейин-чи?»  Айтаëтганларим шум боланинг бой отага айтган гапларини эслатмайдими…

Пичоғ ҳам синди. От ҳам ўлди. Уйингиз ҳам ëнди. Аммо шум боладан фарқли тарзда биз бўлган воқеани айтамиз.

Шунча шум хабарни ëнида битта хушхабар ҳам айтиш керак. Ўзбекистон президентининг қозон-ўчоқда ош қилаëтган расми чиқиши билан тармоқнинг ўзбек сегменти хурсандлигидан сийворди.

Худди кичкина бола илк бор тил чиқариб нанна деганида ота-онаси ҳайратга тушгани каби минглаб ўзбеклар капкир ушлаган президент суратини кўриб “вачач” деворди.

Ўзи Мирзиëв улкан қадамлар билан Туркманистон президентига ўхшаб кетмоқда кундан кунга.

Мирзиëев ўтсин, деб битта фермер даласига оқ кафелдан йўл қилдирибди. Муборак оëқлари чарчамасин деб. Ош қилган расмини кўриб  “Пошшойимизга капкир ярашибди”, деган сон мингта.

Яна бировлар президент оëғидаги кавуш нархининг 500 доллар эканини айтиб ғурурланишди. 

Подшолар саройидаги бичилган қуллар ҳарам тешигидан қараб султоннинг олати билан фахрланганини «Минг бир кеча» эртакларида ўқигандик. Мана, энди ҳаëтда ҳам кўрдик. Шукур етказганига.

Хўш, нима бўлибди? Битта темир бўчкадан ясалган ўчоқ устидаги қозонни капкир билан кавлаш шунчалик ҳайратланарли манзарами?
Масалан, Сингапур президенти Ли Куан Ю ўз мамлакатини энг бой ва фаровон қилиш формуласини эълон қилганида халқ ҳақиқатдан ҳам ҳайратланган эди.

Ëки Михаил Саакашивили милиса ходимларини ëппасига ишдан бўшатиб, коррупцияни йўқотгани ҳам ҳайратга сазовор.

Михаил Горбачев телевозорга чиқиб “зулм салтанати” СССРнинг тугаганлигини эълон қилгани;

Германия канцлери Ҳелмут Колнинг Берлин деворини бузишга амр бергани;

Россия президентининг танк устига чиқиб нутқ сўзлагани ҳақиқатдан ҳам шараф ва шонга лойиқ дақиқалардир. 

Энди яна бир гап. Пошшойимиз ош қилди, деб ўзини отаëтганлар диққатига. Ўзбекистонда пошшо йўқ. Сайлаб қўйилган президент бор.

Президент халқ тўлаган солиқдан ойлик оладиган хизматчи. Ўша темир қозон ҳам, ичидаги гўшт, гуруч ҳам, президент оëғига илволган 500 долларлик шиппак ҳам халқ тўлаган солиқ ҳисобига.

Президент ва, умуман, давлат ҳизматчилари бизнес қилиб даромад олиши бутун дунëда ва Ўзбекистонда ҳам тақиқланган.

Манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги учун. Мирзиëев ош қилаверсин. Бунга эътироз йўқ.

Аммо нормал жамиятда ошчи ош қилади, сутчи сут сотади, этикчи кавуш ямайди, чилангар ëрилган қувурларни таъмирлайди.

Дарвоқе, яхши ош қилган одам яхши қурувчи, дегани эмас. Тошкентдаги халқаро аэропортни қурдирган прораб ошни ўрмалатиб юборади. Аммо қурган аэропорти битта ëмғирга чидамай чакка ўтиб ëтибди.

Кимдир ош қилади, «Элтуз» эса фош қилади. Журналистнинг вазифаси шу. Журналист жамият юзига ойна тутади. Қоронғу зимистонни чироқ ëқиб ëритади. Нозим Ҳикмат  айтганидек: “Сен ëнмасанг, мен ëнмасам, қоронғиликни  қандай ëритамиз?”

Икки жума оралиғида «Элтуз» таҳририяти Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг бизнес салтанати ҳақидаги фош қилувчи мақолани эълон қилди.

Мақолада  Тошкент ҳокими ва  хотин-бола-чақасининг  Ўзбекистонда эксклюзив имтиëз билан ишлаëтган 67 та ширкатга алоқадорлиги ҳақида жиддий малумотлар бор. Масалан, ҳокимнинг хотини Нигора Ортиқхўжаева Ўзбекистондаги энг йирик хусусий клиника – Akfa Medline ширкатининг 61,64% акцияси эгасидир.

Бу ширкатга ҳукумат Ўзбекистон соғлиқни сақлаш секторида деярли бошқа бирор компанияга берилмаган эксклюзив имтиëзларни берган.

Жорий йил ҳукумат мамлакатдаги биринчи ва ҳозирча ягона хусусий тиббиёт университети очиш ҳуқуқини ҳам айнан Akfa Medline га берди.

Ўзбекистондаги бошқа бирор ширкатга бу имкон ҳатто таклиф ҳам этилмади – очиқ тендер ўтказилмай туриб, хусусий университет ҳаққини Akfa Medline ликобчасига солиб беришди.

Бу университетни ташкил этиш жараëнининг каттагина қисми Тошкент шаҳри ҳокими ваколатидадир. Хотини очаëтган университет иш бошлашини ҳоким Ортиқхўжаев таъминлаб беришида очиқдан-очиқ давлат ва шахсий манфаатлар тўқнашмоқда.

Уй қурилса, бетонини Ортиқхўжаев эгалик қиладиган ширкатдан оласан.

Эшик, ром, пол, потолок. Ишкопда турган шикалат. Ошхона жиҳозлари, телевизор, борингки, эшик қўнғироғигача Ортиқхўжаев ширкатида ишлаб чиқилган.

Эртакда айтилади-ку. Бу сурув сурув қўйлар кимники? Лайлаквойники. Аммо лайлаквойдан фарқли, Тошкент ҳокими ўз бизнес салтанатини коррупция, рейдерлик ва давлат имтиëзи устига қурди. Бундай одамлар ҳақида гапирган терговчи Жеглов “ўғри кабинетда эмас, қамоқда ўтириши керак», дейди.

Айтаман десам, гап кўп. Ўзидаги “муллани ëқиб олган” ашулачи Абдулла Қурбонов Маккаи мукаррамада сўкингани учун лицензиядан айрилди.

Ай-яй-яй, Абдулла. (Қўшиқ кетади).

Ўзи ҳамма ëқ ай-яй-яй бўп кетди. Буларни гапирадиган шоир йўқму, деди президент. Бир нарса қидириб, туман кутубхонасига борганимда шоир Ҳабиб Саъдулла китобини варақладим.

Шоир ўтган асрнинг етмишинчи йилларидаëқ ҳозир мода бўлган “акахонлик”, яъни «крышевание» ҳақида ëзади.

Менга дорилфунун муқаддас даргоҳ,
Менга ҳар муаллим табаррук бир зот.
Сўнгги синовдан сўнг ишондим мутлоқ,
Лекин бу ҳаëт….

Қабул қилмадилар мандат кунида,
Назарга илмади ”аъло” баҳолар.
Тортишув сўнггида, суҳбат сўнггида,
Мандан ғолиб чиқди турли баҳона.

Чиқсам мағрур турар қабулхонада
Кеча имтиҳондан “йиқилган” йигит.
Ўпиб қутлашади ота-оналар,
“Яша доно ўғил”,
“Бор бўл, студент”

Менга турқи таниш қориндор ота,
Ҳар гал имтихонда келиб кетарди.
Учраб қолганда ҳам йўлда бир хатар,
“Йиқилган” ўғлини адл кўтарди.

Балки пулдор эди, балки амалдор,
Балки ниқоб кийган битта муттаҳам.
Шундай асоларга суянса алҳол,
Тикланиб кетаркан ҳатто латта ҳам.

Бугун ўша “йиқилган”, аммо қориндор отаси кўмагида “ўқиб» тикланган латталар давлатни бошқараëтгани ҳисобга олинса, таназзул моҳияти тушунилади.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/5ynXrZ2px2I

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 феврал 2020
Ижтимоий тармоқда «Илҳом» театридан бинонинг олиб қўйилишига қарши норозилик ортидан 11 февраль куни Маданият вазирлиги театрнинг ўз ўрнида қолишини ...
30 сентябр 2016
Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Москвадаги уйига қўнғироқ қилган eltuz.com нашри мухбири, унинг турмуш ўртоғи билан гаплашиб, ...
6 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг 29 май кунги қарори билан «Ўзбекэнерго» 6 562 нафар электромонтёрни, «Ўзтрансгаз» эса 4 255 нафар газ текширувчини ...
22 октябр 2018
Яқин кунларда Ўзбекистонда қимматчилик бошланиши ҳақида аҳоли ўртасида шу кунларда анча кенг тарқалган хавотирнинг асоссиз эмаслигини ҳукуматнинг ўзи тасдиқлади. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...