Асосий мавзулар
21 июн 2019

РТдан ваъз: Прокурорлар ҳам йиғлайди

Хушхабардан бошласам гапимни. Россиялик олигарх Усмонов Тошкентдаги мактаб деворини оқлаб берадиган бўлди. Малладес, брат. Ашнақа бўсин!

Хонқа дон комбинати омборчиси осилган ҳолда топилди. Комбинатда ревизия растратани текширмоқда. Омборчи ҳам, сирлар ҳам кўмилди.

Гулнора Каримова қамоқда касал бўлибди. Оëғи шишиб, қон босими ошган. Кайфиятиям чатоқ. Маликага раҳм қилинг, азизлар.

17 июнь Сергели туманининг Саховат маҳалласидаги 25-уйда яшаган 18 яшар қиз ўз уйида осилган ҳолда топилди. Севги, ҳижрон азоби ëки ҳин киносини кўрган бўсла керак.

Дунë хабарларини элакдан ўтказиб кўрсангиз, боласини сотадиган миллат ўзбек эканига гувоҳ бўласиз. Қаршида чақалоғини 1000 долларга сотаётган аёл 15 июнь куни қўлга олинди. Тошкентда фарзандини 9 минг долларга сотмоқчи бўлган эр-хотин ушланди.

Ички ишлар вазирлиги 2019 йилнинг олти ойи давомида бола сотиш бўйича камида саккизта ҳолат аниқланганини билдирди.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2017 йилда 305 та фарзандни сотувга қўйиш ҳолати қайд этилган. Жумладан, уларнинг 72 нафари бола, 61 нафари янги туғилган чақалоқлардир.

Самарқанд туғруқхонасида бир кунда бешта чақалоқ ўлди. Онага бегона жасад берилди. Тирик болани сотворишгани гумон қилинмоқда. Бу гапларни гапириб туриб, тишларим ғижирлаяпти.
Яна булар ўзларига «болажон халқ» деб от қўйиб олишган. Бу хабарларни эшитганлар энди пули бўлмагандан кейин боласини сотиб ейди-да, дейди. 

Иккинчи жахон уруши даврида Ленинград шаҳрида қамалда қолган оналар боласининг ўлигини товада қовуриб егани ҳақидаги мудхиш эпизодлар тарихга кирган. Энди у пайтда Ленинград фашист қамалида эди. Ўзбекистонни ким ва қайси душман қамал қилди? Шу гапларни ëзиб тахайюл қилиб турсам, журналист Жамшид Шомуродов кечиримли бўлайлик, дея фикр билдирибди.

Кечиримли, кечиримли, кечиримли бўлавериш керак.

Токи ўтган ҳам, кетган ҳам шунчаки кўнгилхушлик учун кетингга бир тепиб ўтсин.

Токи еб турган яримта нонингни тортиб олишсин.
Токи хонадонингда бегоналар хўжайинлик қилсин.
Токи одам саналма, дайди итдан қадрсизроқ бўл.
токи… дея заҳарханда қилади ўртоқ Шомуродов. Эҳ, ўртоқ Шомуродов, бўйнидан бойланган итдан нимани кутасиз.

Қўйлар назарида чўпон энг улуғ инсон. Ит эса қўйларни қўриқлайдиган содиқ ҳимоячи. Бўри эса қўйлар наздида душман. Аслида мундай олиб қарасангиз, чўпон ҳар куни қўйнинг гўштини ейди, ит эса суягини ғажийди. Бўридан юз марта кўп қўй гўшти истеъмол қилади бу иккаласи. Аммо қўйлар билмайди буни. Қўйдай юввош халқимиз бор, дейишади юртбошилар.

Бўрини гапирсанг, қулоғи кўринади дейишади. Одам одамга бўри бўлган Тошкент шаҳрида бўри пайдо бўлгани ҳақида эринмаган ҳамма ëзди. Ана, бўри шаҳарда юрибди, дейишди. Кейин бўрини ушлаб ўлдиришди. Биттаси кетмон сопи билан бошига солди, бошқаси оëғига ўроқ билан  урди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ходими ҳаммадан кеч келди, аммо шундоқ ҳам ҳушсиз ëтган бўрининг бошига арматура билан солди. Солади-да! Ҳокимликдан оладиган ойлигини оқлаш керак-ку. 

Тошкентдаги бўри «осиë бўриси», «эрон бўриси» ëки «ҳинд бўриси» дея аталади.  Бўрининг бу тури Исроилда Қизил китобга киритилган. Нормал жамиятда бу бўри ухлатадиган дори солинган ўқ отиб нейтраллаштирилади. Ваҳшийлар ўлкасида эса арматура билан уриб ўлдирилади бу жонивор.

Шу ҳафта ичида Тошкентдаги дайди мушукларни ушлаб, бўғиб ўлдиришди. Терисидан пальто тикишса керак президентнинг қизларига, валлоҳи аълам.

Умуман, ëввойи ҳайвонлар, бечора жониворларни қийнаб ўлдираëтган мамлакатга ўхшади Ўзбекистон.

Бундан олдин эчкиэмар ва айиқни ўлдиришди. Балиқлар увилдириқ қўяëтгани боис ов тақиқланган бўлишига қарамасдан, Хоразмда улкан лаққаларни тутиб олиб, пишириб еб ташлашди. Сиз дарëдаги лаққаларни айтасиз, ҳокимиятдаги семиз лаққаларни ҳам тутишди.

Аввалига Бош прокуратура Ўзбекистон ДХХнинг собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев ва Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Деҳқонов қамоқда экани ва жинояти тергов қилинаëтганлигини очиқлади.

Шу ўринда «Элтуз» биринчи бўлиб бу ҳақда хабар берганини мақтаниб қўйсам. Абдуллаев қамалди, у тергов қилинмоқда, деганимизда ҳукумат бетини без қилиб, Абдуллаев касал бўлгани учун ишдан кетди, холос, деб турувди. 

Бош прокурор Отабек Муродов ҳам ишдан бўшатилди. Муродов қамоқда деган гаплар ҳам юрибди. Отабек Муродов бош прокурор бўлган пайтда прокуратура матбуот учун максимум очиқ бўлди.

Прокуратура матбуот котибаси Сурайë Сатторова медиаюлдузга айланди. Порахўр прокурорлар қамалди.

Янги тайинланган бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев эса нафталин ҳиди келадиган, сийиб келиш учун ҳам катталардан русхат сўрайдиган қовоқкалла. Ниғматилла каби самаотводчининг келиши салбий ҳолат.

Президентнинг кадрлар сиëсати тупикда. Мана, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин эмас, қирқ кунда чиқди. 

Ҳафта ичида буюк ëзувчи ва шоир Муҳаммад Солиҳ китобини мусодара қилган терговчи бу китобларни уларнинг эгаси шоир Маҳмуд Ражабга қайтариб берди ва узр сўради. Лекин Комил Алламжонов раҳбарлигидаги идора «Адабиëт газетаси» муҳаррири Бахтиёр Каримовга дағдаға қилиб, Муҳаммад Солиҳ номини газетага ëзма, деди.

Бизда махфий рўйхатда МС.

Шу ўринда хушхабар. Сурхондарё ҳокимлиги Суриядаги террорчилар сафидан  қайтиб келган аёлга икки хонали квартира берди. Бунга қўшиб бахмал ëстиқ ва кўрпа-тўшак ҳам берибди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўйинчоқ айиқ, Ëшлар иттифоқи пуфлаб шиширадиган ўйинчоқ чўчқача ҳам совға қилишди. 

Суриядаги террорчилар сафидан қайтган аëлга таҳсин ва олқиш. Фақат ўртоқ президентга битта савол бор. Ўзбекистон Жиноят кодексидаги моддалар юзасидан. Масалан, 150-модда: Урушни тарғиб қилиш. 151-модда: Агрессия, босқинчилик урушини режалаштириш ёки унга тайёргарлик кўриш, шунингдек, шу ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган фитнада қатнашиш. 154-модда: Ёлланиш. 155-модда: Тайёрланаётган ёки содир этилган террорчилик ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар ва фактларни хабар қилмаслик.

Ўртоқ президент, агар бу моддалар Ўзбекистон ҳудудида бекор қилинган бўлса, билайлик. Қонун устуворми ëки сизнинг хоҳиш-хархашангиз! Ижро ҳокимияти хизматчиси сифатида сизнинг хоҳишингиз қонундан устун бўла олмайди. Жаслиқ қамоғида қанчаси шу моддалар билан қамалиб ëтибди. Уларни ҳам чиқариб, уй-мошин, кўрпа-тўшак беринг. 

Услубга риоя қилган ҳолда гап сўнггида ривоят. Хуллас, ўйланиб қарасам, бизнинг оила ижтимоий тармоқ кирмаган дунëдаги сўнгги ячейкага айланибди. Оила мен, хотиним, қайнонам ва тўртта боламдан  иборат. Болаларнинг учтаси қиз, бири ўғил. Хуллас, оила кенгашида виртуал дунëга қўшилиш ҳақида қарор қабул қилдик ва бунинг учун оила бюджетидан молия ажратдик. Аввалига 7 дона смартфон сотиб олдик. Уйга вайфай ўрнадик. Файсбук, Инстаграм ва Телеграмда “Бизнинг оила” деган саҳифа ҳам очдик. Бундан ташқари, ҳар бир оила аъзоси фейсбукда биттадан саҳифа очди. Энди бизнинг оиланинг етти аъзоси қўлидаги телефонга тикилиб ўтирадиган башариятнинг бир қисмига айланган эди.

Аввалига яхши кетди. «Бизнинг оила» деган саҳифамизда мусаффо осмон, ҳовлимиздаги шафтоли ва анжир пишгани, дастурхонимдаги тортдан тортиб, новвотгача кўз-кўз қилиб қўйилди. Кўрган кўз яйради. Аммо бирдан қандайдир фейк аккаунтлар орқали оиламизнинг бутун сирлари очила бошлади. Масалан, катта ўғлим уйдаги мошинани обқочиб, бамперини уриб синдириб қўйибди. Буни менга билдирмасдан ремонт қилиб қўйишган экан. “Синчалак” деган аккаунт эгаси буни фош қилди. “Қақилдоқ” деган юзер эса уйда меҳмонлар учун аталган конфет тўла бонка қаерга яширилганини фош қилди. Шундан кейин бир пасда бонкани топиб, ичидаги шикалатларни еб ютишди. “Сотти” деган юзер эса қайнанам уйдаги продукталарни биздан бекитиқча қизига бериб юбораëтгани видеосини телеграмга қўйворса бўладими. Жанжални каттасини ўзим қилдим.

Мен қиламан ўттиз – қайнона қилади тўс-тўс. Бирдан “Ҳожи она“ деган юзер менинг ишдаги ишқий саргузаштларимни ëзиб, достон қилса бўладими. Ер ëрилмади, ерга кирмадим. Хуллас, ижтимоий тармоқ боис оиламизнинг осмони мусаффо эмаслиги, дастурхондаги тўкин-сочинлик аслида кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмаслиги ва яна қатор иллатлар ўртага чиқди. Оиламиз барбод бўлиш ëқасига келди. Фавқулодда кенгаш чақирдик. Мен сўз олиб, уйимизга интернет ошкоралиги кириб келмаган пайтда нақадар бахтли ва фаровон бўлганимизни кўзимда ëш билан сўзлаб бердим. Хотин ҳам, қизлар ҳам,  ўғлим ва ҳатто қайнона ҳам мени қўллаб, ошкоралик ва сўз эркинлигининг гўрига ғишт қалашди.

Кенгаш қарорига кўра, смартфонлар ичидан сим карталарни чиқариб, тандирдаги оловда ëқиб юбордик. Телефонларни кўтарасига сотвордик. Уйдаги вайфайни ҳам ўчирдик.  Вайфай ускунаси ҳам тандирдаги олов ичра жизғанак бўлди. Оила бюджетидан пул ажратиб, бизнинг ҳовлимиз радиусидаги сайтлар ва телефон сигналларини блок қиладиган блокиратор ускуна сотиб олдик. 
Шундан кейин осмонимиз яна мусаффо бўлди, юзимизга кулги, қалбимизга ҳузур, дастурхонимизга тўкинлик қайтиб келди. Қамоқ осмони тўртбурчак бўлиб кўринса ҳам тинчликка нима етсин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Видео: https://youtu.be/B4qmjI4R54c

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 феврал 2017
63 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон қамоқ муддатини тўлиқ ўтаб бугун озодликка чиққани инсон ҳуқуқи фаолларининг қувончига сабаб бўлмоқда. ...
2 март 2018
19 йиллик тутқунликдан кейин «Эрк» демократик партияси фаоли 54 ёшли журналист Юсуф Рўзимуродов 22 февраль куни Чирчиқ қамоқхонасидан озод ...
13 сентябр 2019
Жамоатчилик босими нима дегани? Буни машҳур рус рассоми Вячеслав Зайцев айтиб берган эди. Зайцев кичкиналигида барча совет болалари қора ...
9 май 2020
Мана, ҳафта ўтиб яна кўзимиз кўзимизга тушди. Мен айтаëтган гапларга қулоқ соляпсиз. Кўрсатувни кўздан эмас, юракдан кечираëтганингизни биламан ва ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...