Асосий мавзулар
20 сентябр 2019

Жосусликда айбланган сурхондарёлик оила адолат изламоқда

2013 йилнинг 2 майида Термиздаги қурилиш фирмаси раҳбари бўлган 60 яшар Абдуғани Эрдонов ўз машинасида қурувчиларига овқат олиб кетмоқда эди. Йўлда уни ДАН ходими тўхтатади ва ундан сал нарида турган «Нексия»га ўтиришини сўрайди. У бегона машинага ўтиргач, бошига зарба беришади. Абдуғани ҳушидан кетади. Шу кундан бошлаб Абдуғани Эрдонов ҳамма нарсасини – эркинлигини, оиласини, соғлиғини ва қонунга бўлган ишончини йўқотади.

«Отамни ва оиламизнинг 12 аъзосини 2013 йили Тожикистон фойдасига жосуслик ва диверсияда айблаб суд қилишди. Отамни калтаклашди, натижада у кўриш қобилиятини йўқотди. Қамоқнинг дастлабки кунлари уни аллақандай хусусий уйда сақлашди. Бу ИВС ёки СИЗО эмас эди. У ерга МХХ ходимлари келиб, то жиноятларни ўз бўйнига олмагунча отамни қийнашар эди. Бу жиноятларни у ёки бизнинг оиламиздан бирор киши содир этмаган. Бу аввал бошидан уйдирма иш эди. Буни Сурхондарё вилояти МХХ раҳбари бўлган Нодир Тўрақуловнинг ўзи ўйлаб топган бўлса керак», дейди Раҳмонали Эрдонов «Элтуз» нашрига берган интервьюсида.

Эрдоновлар оиласининг 12 нафар аъзоси устидан очилган жиноят ишига МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақулов раҳбарлик қилган эди.

Тўрақулов бу оилани буткул яксон этиш учун ҳамма ишни қилди ва у қилган шафқатсизликлар одамни ҳайратга солади.

Абдуғани Эрдонов қамалгач, унинг хотини ва қизи мажбуран Тожикистонга сургун қилинади. Набиралари эса онасидан маҳрум қилиниб, Ўзбекистонда қолади.

Орадан беш йил ўтиб, Зумрад вояга етмаган уч фарзанди билан қўшилишга муваффақ бўлганини айтмоқда.

«2014 йили ички ишлардаги Асом деган бола келди. Мажбурлади. Чиқасан деди, сўкди, ҳар хил гаплар гапирди. Ёш болаларим бор, қаерга чиқаман, дедим. Мана шундай ҳужжат тайёрлаб, мажбур қилди қўл қўйишга. Кичик ўғлим бир ёшга тўлган куни чиқиб кетдим», дейди Зумрад Эрдонова.

Эрдоновлар Ўзбекистондаги ҳарбий қисмларнинг манзилларини тўплаганликда айбланишган.

Жумладан, 2014 йилнинг апрелида интернетда Эрдоновлар иши ҳақидаги “Тожикистон: оч бўлсак-да, 30 кумуш тангага хоинлар ёллаймиз” сарлавҳали рус тилидаги мақола пайдо бўлади.

Мақолада Ўзбекистон ҳудудида террорчилик ҳаракатлари тайёрлаган тожик диверсантларининг кенг тармоғи фош этилгани иддао қилинган эди.

Тергов машинаси Тожикистон фойдасига ҳаракат қилган жосуслар ролини ўйнашга маҳкум оила аъзоларининг тақдирини вайрон қилишда давом этади.

«Оиламизнинг 12 нафари, жумладан, акаларим ва жиянларим Абдуғани, Равшан, Эркин, Бегали, Мўмин Тожикистон фойдасига жосусликда айбланиб, узоқ йилга қамоқ жазосига хукм қилинди. 2013 йили 11 йилга қамалган қариндошимиз Хадича Хўжамуродова айни пайтда аёллар колониясида жазо муддатини ўтамоқда. У ҳибсга олингандан сўнг уч фарзанди Тожикистонга депорт қилинган эди. Дилфуза Қурбонова ва Гулчеҳра Қурбонова эса аёллар қамоқхонасида бир йил ўтиб оламдан ўтишган», дейди Раҳмонали Эрдонов.

Жорий йилнинг июлида Эрдонов Жаслиқ қамоқхонасидан Шерабоддаги манзил колониясига кўчирилди.

Беш йил Жаслиқда бўлган Эрдонов соғлиғини йўқотди. Жиноят ишидаги ёвузларча қилинган қонунсизликларга қарамай, ёпиқ ҳарбий суд ҳукми билан у яна 10 йил манзил колониясида қоладиган бўлди.

Бир вақтлар Сурхондарёнинг қудратли шахсларидан бўлган МХХ полковниги Нодир Тўрақуловнинг ўзи ҳозир ҳибсда сақланмоқда. Бироқ у уйдирган жиноят иши ҳамон ўз кучида қолмоқда ва у панжара ортига ташлаган одамлар эса қамоқда муддат ўташмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 май 2017
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси сайти, Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг номи Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ...
18 май 2016
Фарғона вилоятидаги боғчалардан бирининг боғча опалари бугун енгил тин олишди. Ахир бир ой қурт боқишни ўзи бўладими? Эрта тонгда ...
26 май 2021
“Абдулла Ғариб продакшн”, рассом Элсевар, рассом Туз ва “Элтуз” янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг 7-қисмини тақдим этади. Автобусни ...
8 август 2022
Ўзбекистон ва Марказий Осиëда танилган 44 яшар поп қўшиқчи ва сиëсий фаол Жаҳонгир Отажоновнинг Туркиядаги шахсий машинаси ўғирлаб кетилди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...