Асосий мавзулар
17 октябр 2019

Тўғри сўзни ёзган togri.uz сайти ёпилди

Ўзбекистон сиëсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаëти янгиликларини ëритиб келаëтган togri.uz сайти фаолияти 14 октябрда тўхтатилди. Сайт муҳаррири Хуршид Йўлдошевнинг маълум қилишича, сайт ёпилганини шу куни эрталаб билган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса Togri.uz ахборот сайтининг ёпилиши таъсисчиларнинг ўз қарори экани ва бунда ҳеч қандай ташқаридан босим бўлмагани ҳақида баёнот берди.

Тogri.uz журналисти Хуршид Йўлдошев фейсбук саҳифасидаги чиқишида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги баёнотидаги бу иддаоларни инкор этди.

Жумладан, Хуршид Йўлдошев «сайт ёпилишидан атиги икки кун аввал жуда катта режалар тузилгани, мақсадлар катта бўлгани, ёпилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмаслиги, сайт барқарор ўсишда бўлгани» ҳақида ёзди.

Сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов сайтнинг ёпилиши юзасидан «Элтуз»га қуйидаги изоҳини билдирди:

«Мирзиёев бошқаруви гарчи авторитар бўлиб қолаётган эса-да, айрим унсурлари билан барибир Каримов бошқарувидан фарқ қилади. Мирзиёев даврида маҳаллий матбуот озроқ эркинликдан нафас олди, воқеа ва муаммоларни ёритишда сал жасоратлироқ бўлди, ҳатто танқидий материаллар пайдо бўлди. Илгари тўсиқ қўйилган айрим чет эл ОАВлари мамлакатдан аккредитация олди, гарчи уларнинг ҳаммаси эмас.

Бироқ бунақаси кетмасди. Каримовчи эски гвардия ва эркинликни бўғувчилар Мирзиёев даврида ҳам позицияларини йўқотишмади, энди эса улар тағин аслига қайтишмоқда.

Аввалига мамлакатнинг матбуот масалалари бўйича бош хўжайини Алламжонов жамиятдаги ахборотларни беришда ҳозирча етакчи бўлиб келаётган «Озодлик»ка хуруж қилди. Кейин эса у ижтимоий тармоқлардаги танқидий изоҳларга ғазабини сочди. Энди эса кескин муаммоларни кўтариб чиққан togri.uz вебсайти ҳукумат босими остида ёпилмоқда. Албатта, тўғри сўзни ёзгани учун.

Айни пайтда барча маҳаллий ОАВга мужда берилди: Ўз ўринларингни билинг. Расмий хроникани ёритинг, бироқ ижтимоий-сиёсий муаммоларга аралашманг. Бу сизнинг ишингиз эмас. Бу муаммо билан хос идоралар шуғулланади.

Шу муносабат билан савол кўндаланг бўлади: Нима учун Ўзбекистонда ҳанузгача ОАВ яратишга рухсат олиш механизми сақланиб қолмоқда?

Нима учун Интернетда хабар тарқатиш учун ҳукуматдан лицензия олиниши керак? Бунақаси дунёнинг бирор бир демократик давлатида йўқ.

Эфирга чиқиш ҳар қандай шахснинг ҳаққи. Фақат ўқувчилар аудиторияси бу ОАВга ишониш-ишонмаслик масаласини ҳал қилиши мумкин. Агар у қонунни бузган бўлса, масалан, кимгадир туҳмат қилган бўлса, бунинг учун суд бор. Демакки, сўз эркинлигини бўғиш учун бомба юқорида қайд этилган рухсат бериш механизмининг ўзига жойлаштирилган.

Бу ҳолатни одатда шифокор қўядиган «бемор тирик» ёки «аллақачон ўлган» каби ташхисга қиёслаш мумкин. Тogri.uz ёпилгунига қадар «бемор ҳалиям тирик», дейиш мумкин эди, гарчи анча чекланган бўлса-да, барибир сўз эркинлиги бор эди. Энди эса «бемор ўлди», дея тасдиқлаш мумкин».

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 ноябр 2024
Бугунги кунни англаш учун тарих илмини билиш керак. Тарих – бу ўликлар ҳақидаги илм. Ўлганларни тинч қўйинг дейдиган ошқовоқ ...
19 декабр 2019
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги метро қурилиши пайтида кўчки оқибатида ҳалок бўлган олти нафар шахснинг исмларини эълон қилди. Уларнинг тўрттаси Қашқадарёда, ...
13 май 2019
Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражаб уйида тинтув ўтказилганидан уч кун ўтиб – 13 май куни касалхонага ётқизилди. «Элтуз» ...
26 май 2016
Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларга яхта сотиб олгани дув-дув гап бўляпти. Баъзан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...