Ўзбекистонда хонадонларни тортиб олиш. “Фойдаланиш зарурати йўқ…”
2015-2017 йилларда Ўзбекистон фуқароларининг “бузуқлар маскани” деб эълон қилинган квартиралари ва уйларини оммавий равишда мусодара қилиш ҳолатларини ўрганиш муҳим жиҳатни аниқлашга ёрдам берди. Ҳокимиятнинг фоҳишахоналарни “аниқлаш”га оид буюртмасини бажараётган тезкор ходимлар кўчмас мулкни тортиб олишни оммавий амалиётга айлантирди. Тўғри, тортиб олинган квартираларнинг бир қисми кейинчалик фуқароларга қайтарилди, чунки бу уларнинг ягона яшаш жойи бўлиб чиқди. Прокурорларнинг мусодарага оид буйруқларида: “У яна бир квартирага эга эканини инобатга олган ҳолда жиноят содир этилган квартирадан фойдаланишига зарурат йўқ деб топилиб, мазкур мулки давлат фойдасига мусодара қилинсин”, деб очиқдан-очиқ айтилади.
Бошқача айтганда, барча прокурор ва судьялар мамлакатда фуқароларни безбетларча ва ошкора талаш бўйича мисли кўрилмаган кампания юз бераётганини ҳамда тортиб олинган квартираларни милиция ва режимнинг бошқа малайларига беришга бутун суд-ҳуқуқ ва маъмурий тизим иштирок этаётганини, бу қандайдир алоҳида бир ҳолат деган гап-сўзларга ўрин йўқлигини жуда яхши биларди.
Дорихоначи ака-укалар
1979 йилда туғилган, эри билан Чилонзор туманида яшовчи тошкентлик Роза Тўрабекова 2011 йилда аэропортдан унча узоқ бўлмаган жойдан, Бобур кўчасидан икки хонали квартира сотиб олиб, уни ўз номига расмийлаштирди ва даромад топиш мақсадида дарҳол ижарага бера бошлади. Бунинг учун ҳеч кимдан шикоят бўлгани йўқ. Унинг сўзларига кўра, ижарачилар билан расмий шартнома тузмаган, чунки ҳеч ким буни талаб қилмаган.
Йилда Torg.uz (ҳозирги OLX) сайтидаги эълон бўйича унга 25 ёшли Баҳром Абролов мурожаат қилган. У ўзини холасиман, деб таништирган аёл билан келган. Аёл Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманилик уч ака-ука квартирани ижарага олмоқчи эканини, улар пойтахтда ўқиб, ишлашини тушунтирган. Ҳаммаси тинч бўлишини ваъда қилган.
Роза Баҳромдан зарур маълумотларга эга бўлган паспортининг нусхасини (манзил: Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани, рақами йўқ уй, паспорт серияси CБ 2613060, судланмаган) олиб, ҳар доимгидек расмий шартнома тузмасдан, квартирага киритди.
Йигит у ерда қарийб ярим йил яшади. Роза унинг акаларини ҳам кўрди, улар дорихонада ишлашларини айтишди, Роза уларнинг ҳужжатларини текширмади. Бу вақт ичида бирорта фавқулодда ҳодиса юз бермади, на қўшнилардан, на участка профилактика инспекторидан шикоят бўлгани йўқ.
Бир куни Баҳром унга қўнғироқ қилиб, квартирадан кетаётганини, калитни дўсти орқали бериб юборишини айтди. Калитни ҳақиқатан ҳам унга олиб келиб беришди, квартирада ҳамма нарса жойида эди, аммо коммунал тўловлардан озгина қарз қолганди. Роза бунга қўл силтаб, янги ижарачиларни – талаба қизларни топди ва улар билан 2016 йилда расман ижара шартномаси тузди. Шу шартнома билан апрель ойида БТИга борди. Бу ерда унинг квартирасига банд қўйилганини эшитди. Ҳали 2015 йилдаёқ суд бўлиб ўтган, унда Абролов унинг квартирасида “фоҳишахона очгани” учун судланган, кейин шаҳар суди биринчи инстанциянинг квартирани жиноят қуроли сифатида мусодара қилиш ҳақида чиқарган қарорини ўз кучида қолдирган экан.
Аслида нима бўлгани ҳақида Роза суд архивидан олишга муваффақ бўлгани жиноят ишлари бўйича материаллардан тасаввурга эга бўлиши мумкин, холос. “Фоҳишахона” аниқлангани ҳақида менга ҳеч ким айтгани йўқ, – аччиқланади у. – Мени на биринчи, на иккинчи инстранция судига чақиришмаган. Мен бу ишда ҳеч қандай – на жабрланувчи, на айбланувчи мақомида эмасман. Квартиранинг бозор қиймати тахминан 30 минг доллар. Уни менга давлат совға қилмаган, лотереяда ҳам ютмаганман. Мен кўп йил ишлаб, кексаликнинг ғамини ейиш мақсадида уни ўз пулимга сотиб олганман. Бу бор-йўғи оддий велосипед эмаски, шундай келишса-ю, тортиб олишса”.
Жиноятни сохталаштириш
У қўлга киритган ҳужжатлардан маълум бўлишича, ушланганлар Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлими терговчилари лейтенант С.Чориев ва майор Александр Югай томонидан сўроқ қилинган. Чориев иш қўзғатиб, айблов хулосасини тайёрлаган. Кузатувлар тажрибасидан келиб чиқиш айтиш мумкинки, иш материалларини ким тайёрласа, уни ўша сохталаштиради.
Эътиборлиси шуки, қўлга олинганларнинг кўрсатмасида ва суд қарорида “фоҳишахона”ни босган тезкор ходимларнинг фамилиялари эслатилмаган. Уларда фақат “Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимлари томонидан “Орият” тадбирини ўтказиш чоғида фоҳишахона аниқлангани” қисқагина айтиб кетилган. Эҳтимол, улардан бири лейтенант Чориевнинг ўзи бўлган.
Роза Тўрабековадан ижарага олинган квартирада нима юз берган?
Баҳром Аброловнинг 2015 йил 13 августдаги сўроқ баённомасидан:
«2015 йил 7 август куни соат 19:00 ларда … ўзини Ўлмасхон деб таништирган номаълум қиз телефон рақамимга қўнғироқ қилиб, йигити билан дам олиш (интим муносабат) учун квартира кераклигини айтди. Мен унга ижара квартирамнинг манзилини айтдим ва шу ерга чақирдим. Ўлмасхон… йигити билан келди… У жинсий яқинлик қилиш учун икки соатга жой сўради. Мен уларга ижара квартирамни бердим, … эвазига Ўлмасхондан 50.000 сўм ($ 11) сотиб олдим ва квартирадан чиқиб кетдим. Уй подъездидан чиқаётганимда… мени милиция ходимлари тўхтатишиб, ўзларини таништиришиб, шахсимни тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишимни сўрашди. Мен ИИБ ходимларига ҳужжатларим уйда эканини айтиб, биргаликда квартирага чиқдик. … Эшикни очганимда … ИИБ ходимлари квартирада Ўлмасхон ва унинг дўстини кўрди. Кейин ходимлар … Ўлмасхон ва унинг дўстидан бу ерда нима қилаётганликларини ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бор-йўқлигини сўрашди. Йигит ўзини Петряков Владимир Эдуардович, қиз эса Ибрагимова Ўлмасхон Латифхон қизи деб таништирди. Кейин Ўлмасхон ИИБ ходимларига йигити билан жинсий алоқа қилиш учун квартирани мендан 2 соатга 50 минг сўмга ижарага олишганини гапирди. Шундан сўнг мен чиндан ҳам квартирани йигити билан жинсий алоқа қилиши учун Ўлмасхонга 2 соатга 50 минг сўм эвазига берганимни айтдим. ГУВОҲЛАР ИШТИРОКИДА мен 50 минг сўмни ихтиёрий равишда ИИБ ходимларига бердим (…).
Терговчи Чориевнинг саволи: Квартиранинг Роза исмли эгасига … сиз Петряков Владимир ва Ибрагимова Ўлмасхонга … жинсий алоқа учун 50 минг сўм эвазига шароит яратиб берганингиз маълумми? Агар унга маълум бўлса, Роза бу пуллардан манфаатдорми?
Жавоб: Мен квартирани ижарага олган Роза исмли аёл Петряков ва Ибрагимовага жинсий алоқа қилиш учун 50 минг сўм эвазига шароит яратиб берганимни билмайди ва у бу пуллардан манфаатдор эмас.
Савол: Ўлмасхон сизнинг телефон рақамингизни қаердан олган ва сиз у билан танишмисиз?
Жавоб: У телефон рақамимни кимдан олганини мен билмайман ва у билан таниш эмасман.
Қўлга олинган шахс – доимий равишда Наманганда (5-миттитуман, 31-квартира, вақтинча ишсиз, паспорт серияси СН 2110981, судланмаган) яшовчи 23 ёшли Ўлмасхон Ибрагимова ҳам деярли шу гапларни гапирган.
Сўроқ баённомасидан:
“…Мен йигитим Владимир билан қарийб икки йилдан буён учрашиб юраман. Бугун учрашганимизда ҳам Владимир ҳар доимгидек жинсий яқинлик қилишни таклиф этди… Кейин мен Баҳром исмли кишининг (…) рақами сақланиб қолган эски телефон аппаратимдан қўнғироқ қилдим ва йигитим билан жинсий яқинлик қилиш учун жой кераклигини айтдим… Сўнг мен йигитим Владимир билан шу манзилга келдим ва Баҳром билан учрашиб, унга келишилган 50 минг сўмни бердим… Кейин мен бу квартирада йигитим билан бир марта жинсий алоқа қилдим… Шундан сўнг квартирага ички ишлар ходимлари, Баҳром ва номаълум шахслар кириб келди. ИИБ ходимлари кимлигимизни сўради… биз бу квартирада жинсий алоқа қилганимизни, бунинг учун Баҳром бизга квартирани 2 соатга 50 минг сўм эвазига берганини айтдик”.
Терговчи Чориевнинг саволи: Сиз Баҳромнинг телефон рақамини кимдан олгансиз ва илгари ҳам бу квартирага жинсий алоқа қилиш учун келганмисиз?
Жавоб: Мен Баҳромнинг рақамини номаълум такси ҳайдовчисидан олганман, Баҳром квартирага одам қўйишини билардим, илгари квартирада бўлмаганман ва БАҲРОМ БИЛА ТАНИШ БЎЛМАГАНМАН.
Баҳром Абролов ҳам, Ўлмасхон ҳам кўрсатмаларини ўзбек тилида берган. Ибрагимованинг “йигити”, 26 ёшли Владимир Петряков эса рус тилида. Иш материалларида у ҳақда маълумотлар бор: Тошкент шаҳрида (Учтепа тумани, 11-квартал, 7-уй, 4-квартира) яшайди, ЎзР ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича судланган. Бироқ у айнан қачон судлангани, қандай жазога ҳукм қилинганига аниқлик киритилмаган.
Уни лейтенант Чориев эмас, балки Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИБ тергов бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Александр Югай сўроқ қилган. (Бу ўша – Рембрантнинг графикага оид ишларини ноқонуний тортиб олиш ишида ўғри, собиқ депутат Йўлдошевга ЖКнинг “Ўзганинг мулкини ўғирлаш билан боғлиқ бўлмаган жиноятлар” бўйича 170-моддасини қўллаган, кейин эса унга нисбатан ишни ҳеч қандай сабабларсиз бекор қилгани билан “кўзга кўриниб қолган” терговчи).
Сўроқ баённомасидан:
“Мен, Владимир Петряков … қиз дўстим Ибрагимова Ўлмасхон Латифхон қизи билан учрашдим. … у бир неча соатга квартирасини бериб турадиган ТАНИШИ борлигини айтди. Ўлмасхон ТАНИШИГА қўнғироқ қилди. Кейин билсам, унинг исми Баҳром экан… Ўлмасхон Баҳромга пул берди… Бирмунча вақт ўтгач, кимдир тақиллата бошлади, аввалига мен эшикни очмоқчи эдим, лекин у ташқаридан қулфланган эди, кейин яна ётоқхонага қайтдим. Бир неча дақиқадан сўнг квартирага Баҳром қандайдир нотаниш одамлар ва милиция ходимлари билан бирга кириб келди. Ўлмасхон ва мен ётоқхонада эдик, яланғоч эдик. … Биз квартирани жинсий яқинлик қилиш учун Баҳромдан 50 минг сўмга ижарага олганимизни тан олдик…”.
ИИБ ходимлари билан квартирага кириб келган гувоҳлар Ҳамроз Назаров ва Даврон Низомиддиновнинг кўрсатмалари ҳам эътиборга лойиқ. Уларнинг иккаласи ҳам бу воқеанинг бошқа иштирокчилари каби “вақтинча ишсиз”. Касби бўйича ёлланма ишчилар. Уларнинг иккови ҳам битта жойдан: Самарқанд вилояти, Иштихон тумани, Равот қишлоқ фуқаролар йиғини, Ширин қишлоғи, рақамсиз уй. Ўша куни улар воқеа содир бўлган уй олдидан мутлақо тасодифан ўтиб кетаётган бўлган, кейин эса қуйидагилар юз берган (иккаласининг ҳам айтганлари бир хил):
“Соат 19:00 атрофида танишим билан Яккасарой туманидаги Бобур кўчасидан ўтиб кетаётган эдик. … фуқаро кийимдаги кишилар олдимизга келиб, ўзларини ички ишлар ходимлари деб таништиришди ва биздан битта ишда гувоҳ сифатида иштирок этишимизни сўрашди, биз рози бўлдик. Кейин биз милиция ходимлари билан квартира томон юрдик… Ушбу уйнинг ПОДЪЕЗДИГА КИРГАНИМИЗДА (эътибор беринг, подъезд олдида эмас, айнан милиция ходимлари билан подъездга кирганларида) бир кишини учратдик. ИИБ ходимлари паспорт тартиби текширилаётганини айтишди ва ундан ўзини таништиришни сўрашди…”. Қолган барчаси стандарт схема бўйича.
Бир-бирига зид ва ишонч уйғотмайдиган бу кўрсатмалар асосида терговчи Чориев жиноят ишига Баҳром Аброловни айбланувчи сифатида жалб этиш бўйича қарор чиқарди. Ўзининг қасддан содир этилган ҳаракатлари натижасида, ғаразли ёки бошқа паст мақсадларда фоҳишахона ташкил этиб, ЎзР ЖКнинг 131-моддаси (қўшмачилик ёки фоҳишахона сақлаш) 1-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этди.
Чориев, шунингдек, қарорнинг нусхаси туман прокурорига юборилганлигини билдиради.
Қуйида яна иккита тасдиқловчи резолюция. “Розиман” – Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИБ ТБ бўлинма бошлиғи Д.Сотимбоев. “Розиман” – Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Д.Исаев.
“Фоҳишахона”ни мусодара қилиш
2015 йил 27 августда Тошкент шаҳри Яккасарой тумани жиноят ишлари бўйича суди судья Ш.Бақоев раислигида ўша туман прокурори ёрдамчиси У.Холбоев иштирокида Баҳром Аброловга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, терговчилар Чориев ва Югай тақдим этган воқеа версиясига тўлиқ рози бўлди ва судланувчини бир йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш ҳақида ҳукм чиқарди. Ушланганларнинг гувоҳлиги судья Бақоевда ҳеч қандай шубҳа уйғотмади. Суд қарорида квартиранинг тақдири ҳақида айтилмаган.
Кейинги тадбирлар квартираларни ноқонуний тортиб олиш амалиётларининг деярли ярмида қўлланиладиган одатий сценарий бўйича кечди. Тўрт ой ўтгач, 15 декабр куни Тошкент шаҳри прокурори Мирзоҳид Обидов Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди кассация инстанциясига “жиноят қуроли масаласини муҳокама қилмаган” Яккасарой тумани суди хатога йўл қўйганини таъкидлаб, унинг қарорига протест келтирди.
“Яққол кўриниб турибдики, айбланувчи Б.Б.Абролов В.Петряков ва Ў.Ибрагимованинг жинсий алоқа қилиши учун шароит яратиб бериб, юқорида кўрсатилган квартирадан фоҳишахона сифатида фойдаланишдан мунтазам равишда ноқонуний даромад олишни РЕЖАЛАШТИРГАН… Квартирадан мунтазам фойдаланиш ҳам ушбу жиноят иши материаллари билан тасдиқланади. (…) Шунинг учун ушбу квартирани жиноят қуроли сифатида тан олиш ва уни давлат мулкига ўтказиш масаласини қўшиш орқали суд қарорига ўзгартириш киритиш талаб этилади”, деб ёзади пойтахт прокурори.
“Тошкент шаҳри Ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасидан 2015 йил 12 сентябрда олинган маълумотномага кўра, жиноят содир этилган квартира эгаси Роза Абдугалиевна Тўрабакова номида бошқа яшаш жойлари: Сергели тумани, Спутник-2 массиви, 59-уй, 3-квартира ва Сергели тумани, Спутник-2 массиви, 2-уй, 2-квартира ҳам бор. Бу ҳолат унда жиноят содир этилган (… манзилида жойлашган) квартирадан фойдаланиш зарурати йўқлигини, судланувчига ушбу хонадондан ноқонуний даромад олиши учун шароит яратиб берганини англатади. Ва Тошкент прокурори Роза Тўрабекованинг квартирасини ашёвий далил деб тан олиш, кейин эса жиноят қуроли сифатида давлат мулкига ўтказишни сўради.
Аслида бу икки квартира Розанинг катта оиласи яшаган Дўстлик массивидаги 3 хонали квартирани бўлиб олиш натижасидир. Бўлиб олиш пайтида бу уйда тўртта бола бўлган. Улар улғайгандан сўнг оила қуриши керак бўлган. Розанинг сўзларига кўра, квартиралар Розанинг номига расмийлаштирилган, бироқ улардан бири унинг синглисига (ҳозир у ерда онаси яшайди), иккинчиси эса акасига мўлжалланган эди. Ўтган йилнинг кузида улардан бири сотилганди.
Прокурор протест келтирганидан олти кун ўтгач, 2015 йил 21 декабрь куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари судининг кассация инстанцияси мажлисида раислик қилувчи А.Асроров, комиссия судьялари Т.Турсунов ва С.Каримов ҳамда прокурор К.Ғанибоев иштирокида Бобур кўчасидаги квартирани мусодара қилишнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Суд прокурор Обидовнинг даъволарини инобатга олиб, квартирани давлат мулкига ўтказиб, уни пойтахтнинг Яккасарой тумани ҳокимлиги балансига қўйишга қарор қилди.
Фактлар фош этади
Фуқароларнинг кўчмас мулкини мусодара қилиш билан боғлиқ аксарият ҳолатларда бўлгани каби барча айблов фақат ушланган уч кишининг иқрорлигига асосланади.
Ҳакамларни Баҳром Аброловнинг ҳатто “қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш” моддаси бўйича жазо тайинланиш таҳдид остида ҳам дарҳол ҳаммасига иқрор бўлгани ва меҳмонларни пул эвазига квартирасига киритганини айтгани, бошқалар ҳам бирданига ўз айбини тан олгани ҳолати ҳам ажабланишга мажбур қила олмади. Дилдора Юсупованинг квартираси тортиб олиниши ҳам худди шундай тарзда юз берган, ҳатто пул миқдори ҳам бир хил – 50 000 сўм.
Бундай “аниқлашлар” масаласида ҳам бошқа ҳолатларда бўлгани каби юқоридаги саволларни бериш, худди шу каби зиддиятларни кўрсатиш мумкин.
Терговчилар қандайдир манзилда фоҳишахона ишлаётганини қандай аниқлади? Айблов хулосаси асосида чиқарилган суд қарорида айтилишича, “у тахминан соат 19:00 да … Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими ходимлари томонидан” аниқланган. Бундан икки дақиқа олдин улар тасодифан ўтиб кетаётган, вақти етарлича бўлганларни тўхтатган, улар билан Баҳром Абролов учратиб қолинган подъездга киришиб, ундан ҳужжат сўрашган. Аммо нега айнан ундан? Ахир қандайдир ноқонуний иш ташкил этгани унинг пешонасига ёзилмаган-ку? Ҳолбуки, ҳеч кимдан шунчаки ҳужжат сўралмайди, яна аввалдан таклиф этилган гувоҳлар олдида.
Айтганча, квартира эгасининг сўзларига кўра, уй шундай жойлашганки, подъезд кўча томонга қарамайди, у ерда фақат болалар боғчаси жойлашган ва бегона одамлар у ердан ўтиб қайтавермайди. Хуллас, тасодифан ўтиб қайтувчилар бўлиши мумкин эмас.
Бундан ташқари, Абролов “19:00 ларда” унга бир қиз қўнғироқ қилганини ёзади. Кейин улар келишди, сўнг у пулни олди, квартирадан чиқди ва пастда милиция томонидан қарши олинди (у пастга тушиб қайтиб чиққунгача бўлган вақт ичида “жуфтлик” гўёки ювиниб, жинсий алоқа қилишга улгуряпти). Яъни вақт ўртасидаги тафовут яққол кўриниб турибди – буларнинг барчаси воқеа иштирокчилари айтаётгани каби юз бериши мумкин эмас.
Энди ичкарига кирганлар “жуфтлик”ни ярим яланғоч ҳолда учратгани ҳолати ҳақида. Эслатиб ўтамиз, Петряков кимдир эшикни тақиллатган пайтда эшикни очишга урингани ва очолмагач, ётоқхонага йўл олгани, БИР НЕЧА МИНУТдан кейин эса квартирага милиция ходимлари гувоҳлар билан кириб келгани ҳақида ёзади. Аммо агар кимдир улар вақтинча бўлиб турган квартирага киришга астойдил уринса, кийиниш учун бир неча минут етиб ортади ҳам. Аммо Петряков ва Ибрагимова принципиал равишда кийинмайди.
Роза Тўрабекова уларнинг турли тилларда гувоҳлик беришларига эътибор қаратмоқда. “Улар орасида тил тўсиғи бўлган. Чунки қиз вилоятлик. Йигит эса қамоқдан келяпти, судланган. Эҳтимол, у билан қандайдир келишув бордир: қамоқ муддатини қисқартиришлари учун у органлар билан тил бириктиргандир.
Қонунчиликда фоҳишахона тушунчаси бу ерга айнан фоҳишалар ва уларнинг мижозлари келишини англатиши қайд этилган (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист М.Рустамбеков таҳрири остида чиққан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига шарҳлар”да фоҳишахона мижозларни қабул қилувчи МАХСУС ЖОЙ сифатида таърифланган, унинг мажбурий аломати эса бу ерга мижозларнинг муайян ҳақ эвазига ДОИМИЙ РАВИШДА келиб туриши ҳисобланиши билдирилган – таҳр).
Роза Тўрабекованинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Б.Набижонова назорат тартибида берилган протестида келиб тушаётган шикоят ва жараён иштирокчиларининг улар манфаатларига тааллуқли (Обидовнинг протести назарда тутилмоқда) норозиликлари ҳақида манфаатдор шахсларни (жумладан, жабрланувчиларни – Роза Тўрабекова жабрланувчи бўлишга тўла ҳақли, чунки у квартирасини бой берди) хабардор қилишга оид қонунчиликда белгиланган қатор меъёрларга эътибор қаратди. Тўрабекова хабардор қилинмаган ва унинг суд мажлисига иштироки таъминланмаган, яъни бу иш унинг иштирокисиз бир томонлама кўрилган. ЎзР ЖПКнинг 484-моддасига (Ҳукмни бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асослар) мувофиқ эса суд тергови ва ишни юритишнинг тўлиқ эмаслиги ва бир томонлама экани суд ҳукмини ўзгартириш учун асос ҳисобланади.
Қўшимчасига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги “Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга тааллуқли айрим масалаларда қонунчиликни қўллаш тўғрисида”ги 17-қарори 2-бандига мувофиқ, ушбу ҳужжатнинг 2015 йил августдаги ҳолатига кўра, ашёвий далил тушунчасига “ЖИНОИЙ ЙЎЛ БИЛАН ОРТТИРИЛГАН маблағларга ЖИНОИЙ ҲАРАКАТЛАР СОДИР ЭТИЛГАНДАН КЕЙИН сотиб олинган мулк, пул ва бошқа қимматликлар” киритилади. Айблов томони эса квартира жиноий йўл билан орттирилган пулга харид қилинганини исботлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.
Адвокатнинг таъкидлашича, суднинг кассация инстанцияси квартира фоҳишахонага мослаб жиҳозланмагани (бир неча ётоқхона, кроватлар, халатлар – таҳр.) ва унинг эгаси жиноятга умуман алоқадор эмаслигига эътибор ҳам қаратмаган.
Қўшимча қилиш керакки, фоҳишахонанинг мажбурий аломати унга мижозларнинг мунтазам келиб туриши ҳисобланади, бу ҳақда эса гап ҳам бўлмаган, жиноят иши материалларида ҳам ҳеч нарса дейилмаган. Тўғри, Абролов квартирани гўёки шу мақсадда бергани ҳақида Ўлмасхон Ибрагимова гап орасида айтиб ўтади.
“Жиноят ишида Б.Абролов ва Ў.Ибрагимовани (…) ўзаро юзлаштириш протоколи мавжуд”, – деб ёзади бу ҳақда адвокат Набижонова. – Ва протокол охирида Б.Абролов қўлда ёзилган ёзувда у қизнинг кўрсатмаларини тасдиқламаслигини ва унинг сўзлари туҳмат эканлигини айтган (бу унинг “Мен Баҳромнинг квартирани ижарага беришини билардим”, деган сўзларига тааллуқли бўлиши мумкин, чунки бошқа ўринларда уларнинг гувоҳликлари мос келади – таҳр.). Дастлабки тергов бу ҳолатни муҳокама қилмади … ва ҳақиқатни аниқламади”.
Шерик судьялар
Квартираси мусодара қилинган суд қарори ҳақида Роза Тўрабекова жуда кеч билди (ахир унга бу ҳақда хабар қилинмаган) ва апелляция беришнинг 10 кунлик муддатини ўтказиб юборди. Кейин эса тушунмовчилик юз бергани, квартира жиноят қуроли бўлиши мумкин эмаслиги, чунки у кўчмас мулк эканини тушунтириб, турли инстанцияларга мурожаат эта бошлади. Аммо судьяларнинг барча худди бир кишидек Яккасарой ТИИБ ходимлари томонидан сохталаштирилган айбов хулосасига асосланган икки дастлабки инстанциянинг қарорлари тўғрилигини тан олишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Деҳқоновнинг 2019 йил 18 февралдаги жавобидан:
«Суд … квартира … Б.Абролов томонидан жиноятни содир этишда жиноят қуроли сифатида фойдаланилганлигини ҳисобга олиб, квартирани давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида асосланган хулосага келган…”.
Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди раиси М.Абдужабборовнинг 2016 йил 23 августдаги жавобидан:
“Сизнинг суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсманга) ёзган шикоятларингиз кўриб чиқилди …
Сизнинг шикоят хатларингизда келтирилган айнан шу мазмундаги даъволарингиз илгари ҳам жиноят иши материаллари асосида тўлиқ ўрганилгани, шикоятларни қондириш учун асос йўқлиги ҳақида батафсил жавоб йўлланганлиги… сабабли шикоятингиз қаноатлантирилмасдан рад этилди”.
Тошкент шаҳри жиноят ишлари суди раиси ўринбосари Ш.Иноғомовнинг 2016 йил 10 ноябрдаги жавобидан:
“Сизнинг суд қарорларидан…. норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ёзган шикоят аризангиз назорат тартибида кўриб чиқилди. Худди шу мазмундаги даъволарингиз илгари ҳам жиноят иши материаллари асосида тўлиқ ўрганилгани, шикоятларни қондириш учун асос йўқлиги ҳақида батафсил жавоб йўлланганлиги… сабабли шикоятингиз қаноатлантирилмасдан рад этилди”.
Олий суд судьяси С.Мамбетқодировнинг 2019 йил 26 августдаги жавобидан:
“Шикоят аризангизда Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича кассация судининг 2015 йил 21 декабрдаги сизга тегишли квартира асоссиз равишда жиноят қуроли сифатида тан олинганига оид қарорини бекор қилишни сўрагансиз… Сизнинг шикоятингиз қаноатлантирилмасдан қолдирилди”.
Олий суд судьяси .Э.Эргашевнинг 2019 йил 25 октябрдаги жавобидан:
“Шикоят аризангизда Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича кассация судининг 2015 йил 21 декабрдаги қарорини бекор қилишни сўрагансиз… Сизнинг шикоятингиз қаноатлантирилмасдан қолдирилди”.
“Икки йилдан сўнг, шок ҳолатида барча инстанциялар бўйлаб югуриб юрган пайтимда Баҳром Аброловни кўчада учратиб қолдим, – деб эслайди Роза. – Мен унинг олдига бориб, бўлиб ўтган воқеаларни тушунтириб беришини талаб қилдим. У буларнинг барчасини бажаришга мажбур бўлганини айтди. “Мени кўп гапиришга мажбур қилишди”, деди. “Кўп гапириш” “ёлғон гапириш” дегани бўлса керак, мен шундай тушундим”.
Ҳозир унинг тортиб олинган квартирасида шаҳар милиция бўлими (ГОМ) бошлиғининг Миржалол (фамилиясини билмайди) деган катта лейтенант ўринбосари яшайди. У ўша туманнинг собиқ участка профилактика инспекторидир.
Махфий режа
Тортиб олинган квартираларнинг катта қисми 2018-2019 йиллар давомида ўз эгаларига қайтарилди. Улар деярли умидини узган бўлса-да, ишлари қайта кўришга жўнатилганди. Аммо квартиралар фақат бу хонадон ягона яшаш жойи бўлганларга қайтарилди. Бир неча квартиралари бўлганларга эса қайтариш рад этилди, ҳолбуки, қонун унинг бир хилда қўлланишини кўзда тутади. Қолаверса, жиноят умуман содир этилмаганди, бу милициянинг саҳналаштирилган жиноятлари эди-да.
Квартираларни тортиб олиш кампаниясининг кўпгина иштирокчилари яқинда қамалди. Масалан, собиқ бош прокурор, кейин эса ДХХ раҳбари бўлган Ихтиёр Абдуллаев, Олий суд раиси ўринбосари Баҳодир Деҳқонов. Аммо адолат тантанаси ҳақида гапиришга ҳали эрта: улар бунинг учун жазоланмаган, аммо аниқ нима учун қамалганини фақат тахмин қилиш мумкин.
Бироқ “махсус операция”да бевосита иштирок этган кўплаб тезкор ходимлар, терговчи, прокурор ва судьялар ҳеч қандай жазо олмади. Масалан, квартираларни “жиноятчилик қуроли” деб тан олмаган биринчи инстанция судлари қарорларини ёппасига қайта кўришга жўнатган Тошкент шаҳри прокурори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Мирзоҳид Обидов 2016 йил март ойида Тошкент шаҳри ҳокимининг маъмурий ишлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсатини мувофиқлаштириш бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди, 2017 йил бошида эса Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳри бўйича “халқ қабулхонаси” раҳбарлигига тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, “фоҳишахоналарни аниқлаш” баҳонасида мусодара қилишлар 2015 йилда бошланганди ва 2017 йилдан ҳокимиятдагилар бу махсус операциясидан кўзланган аниқ мақсадни яширишни ҳам деярли йиғиштиришганди.
2017 йил 10 сентябрда Тошкентда участка профилактика инспекторларига 150 та квартира калитлари тантанали равишда топширилганди. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг ўша йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уйлари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди. Мазкур қарорга мувофиқ, уларни 2017-2018 йилларда ўзлари хизмат ўтаётган жойларда жойлашган кўп қаватли уйлардан хизмат квартиралари билан таъминлашга оид дастур қабул қилинди.
Қарорга 2017-2018 йилларда Тошкент шаҳрида участка инспекторларини квартиралар билан таъминлашнинг асосий параметрлари илова қилинди. Унга асосан, уларга Тошкент шаҳридан 537 та квартира берилиши керак эди. Давлат ҳокимияти органларига уларни ўз тасарруфида бўлган ёки иккиламчи бозордан харид қилинган, ёки ДАВЛАТ ТАСАРРУФИГА ЎТКАЗИЛГАН квартиралар билан таъминлаш учун уй-жой фонди шакллантириш вазифаси юкланганди.
Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг 2017 йил 20 июлдаги брифинг чоғида айтишича, фақат ўша йилнинг дастлабки ойлари давомида Тошкент шаҳрида “фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик”ка оид қарийб 400 та ҳолат қайд этилган. Бошқача айтганда, президент режаси қисқа вақтда ижро этилган.
Алексей Волосевич
Русчадан “Элтуз” таржимаси, мақола Asiaterra.info нашрида босилган