РТдан ваъз: Тегирмоннинг тиши йўқ
Мана, ҳафта ўтиб сиз билан юзлашдим. Кўзларингиз қорачиғида ўзимни кўраман. Сизнинг дардингиз – менинг дардим. Сизнинг ғамингиз – менинг ғамим. Сиз шам бўлсангиз, мен пиликман. Сиз суяк бўлсангиз, мен илик.
Одамларни шодлик қанчалик бирлаштирса, ғам ва мусибат ҳам шунчалик якдиллаштиради.
Бундан 20 йилча олдин марҳум қўшиқчи Олмахон Ҳайитованинг мухлислари унга нортуя совға қилганида интервью олиш учун олдига боргандим. Ичида нима дарди бўлса, қолдирмай айтиб берган эди Олмахон опа раҳматли.
Кейин менинг қўлимдан ушлаб: «Соғлиқнинг қадрини билгил, хаста бўлмасдан бурун, хасталик шукрини қилғил, токи ўлмасдан бурун», дея насиҳат қилган эди.
Гарчи улуғ Махтумқули 250 йил олдин ëзиб кетган бу сўзларни ëд билсам-да, мисралар менга таъсир қилди. Шу кунларда яна эсладим мазкур сатрларни. Олмахон опанинг шогирдларидан бири Оғабек Собиров ижросида эшитдим буни.
(видео)
Соғлиқ қадрини билгил, хаста бўлмасдан бурун…
Буни илмий тилга кўчирсак, фалокатни режалаш, деган мазмун чиқади.
Нима у фалокатни режалаш?
Менинг машинамда тўртта фалокат ëстиғи бор. Худо кўрсатмасин, машина авария бўлса, бу ëстиқлар ўсиб чиқиб, мени ўлимдан қутқаради. Машина заводидагилар шу тахлит фалокатни режалашган.
Масалан, ҳаво очиқ бир кунда дўконга бориб шамсия олдингиз. Эртага ëмғир ëғса, асқатади.
Ëки ëзнинг иссиқ кунида дўкондан жундор пўстин олиб, кийим илгичга илиб қўйдингиз. Чунки қиш келишини биласиз. Ниначидан фарқимиз ҳам шу.
Ниначи шўх куйлаб чалди соз,
Сайилларда ўтди гўзал ёз,
Томошадан бўшай демади,
Қиш ғамини сира емади.
Ниначидан фарқли ўлароқ, чумоли қишли-қировли кунларда оч қолмаслик учун ëзда машаққат чекади.
Ниначига аза – чумолига маза.
Энди чумолидан анча каттароқ жонзот, масалан, Ўзбекистон президенти фаолиятини олиб қарайлик.
Шавкат Мирзиëев жаноби олийларининг мамлакат раҳбари бўлганига уч йилдан ошди. Уч йил ичида астономик суммага «Ҳумо» муз саройи ва «Конгресс холл» қурилди. Иккита президент саройи қурилиб, учинчисига пойдевор қўйилди.
Коммунизм ва Сталинни мақтаган шоир зоти бўлса, ҳайкали тикилиб, адиблар хиëбони ташкил қилинди. Амалдорлар ўз кабинетларини безатиш учун Италиядан мебель буюртма қилишди.
Мана, бирдан бошимизга фалокат тушди. Пандемия. Коронавирус таҳликаси. Афсус, президент бунëд қилган бу муз саройи ва бошқа саройлардан наф бўлмади. Италиядан олиб келинган мебелларида ўтирадиган мулозим ҳам йўқ. Ҳамма уй-уйига, така тўйига.
«Тошкент сити» ҳам ëтибди гўристон каби ҳувиллаб.
Тўқсонинчи йиллар суронида фикри чархланиб донишманд бўлган дўсти азиз Паҳлавон Содиқ ëзибди:
«Тошкент сити» пулига 40 мингдан ортиқ сунъий нафас олдириш жиҳозини сотиб олиш мумкин. Келажакда.
Грузияда Саакашвили президент бўлган 9 йил ичида 140 та янги шифохона қурилган, 2200 та сунъий нафас олдириш жиҳози сотиб олинган экан. Американинг битта қимматбаҳо антивирус лабораторияси олиб келиб ўрнатилган. Аҳоли сони 3,7 млн.
Каримовнинг 25 йиллик бошқарувидан, нари борса, 25 та шунақа аппарат мерос қолган. 500 та янгисига буюртма берилгани айтилди.
Дарвоқе, Саакашвили ҳам ситилар қурган».
Тўғри айтди Паҳлавон. Саакашивили фалокатни режалаштириб, миллатнинг эҳтимолий дардига дармон бўлган. Шу маънода Ўзбекистон раҳбарининг узоқни кўра олмаслиги ва ўз қавмининг бир парчаси ўлароқ, кўзбўямачилик ва сохта дабдабага ўчлиги аëн бўлди.
Замон сени ўқитар,
Таёқ билан сўқитар.
Сабоғингни билмасанг,
Дўконда бўз тўқитар.
Ота-оналар, маошсиз таътилда болаларни яхшилаб ўқитинглар, бўлмаса улар ҳам мардикор бўлиб, маска тикишади келажакда.
Коронавирусдан сақланиш борасида қўшни тожиклар сертадбир бўлди. Ҳар ҳолда уруш кўрган, донишманд халқ. Хитойда энди коронавирус ҳақида гапиришни бошлашганда, 2020 йилнинг январь ойи якунида Тожикистон мамлакатга келаётган барча кишиларни текширишни бошлади, кейин эса хорижликларнинг киришини умуман чеклади.
Хориждан келган бир неча минг киши йирик шаҳарларда узоқликда бўлган 14 кунлик мажбурий карантиндан муваффақиятли ўтдилар. Олдиндан кўрилган чоралар муҳим роль ўйнади. Шу кунда Тожикистон расман коронавирус ҳеч кимга юқмаган давлат сифатида турибди.
Бизда эса туризм индустрияси амалдорлари эшикни ланг очиб ўтиришди: «Кел-кел, жоним, қизил танли, ёрим», деб.
Майли, у бир эси паст, ўқимаган мулозим. Халқ-чи? Мен январь ойида «хитойликларнинг саëҳатга келиши кўпайди», деб ëзганимда, биз хитриймиз, бизга вирус юқмайди.
Пулини олиб, бойиймиз, деб ўтиришди. «Лўлининг эшагини суғор – пулини ол», деб. Ким кимнинг эшагини суғоргани бугун аëн бўлди. Авомнинг аҳволи шу.
Бугунга келиб Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси бош шифокори беҳини кўп енг, деб маслаҳат бериб ўтирибди. Беҳи пишишига ҳали 7 ой бор.
10 кун олдин бир вирусолог олим чиқиб, «10 кун чиданглар, иссиқда йўқ бўлиб кетади», деб ақл берган эди. Мана, 10 кундан ҳам кўп вақт ўтди. Коронавирус юқтирганлар кўпайганидан кўпайиб бормоқда.
Ўзбекистон андиша ичида ўтирган 28 март куни Тошкентнинг эски шаҳарида хўроз уриштирилди. Каллахоналикнинг хўрози қочди. Қашқар маҳалла хўрози ютди. Эҳ, хўроз, ҳунаринг оз.
Кўрганинг тўй бўлсин, еганинг қўй бўлсин. Бу дуо Ўзбекистонда бир миллиард марта айтилган.
Тўй қилмаса тура олмайди булар. 27 март куни Тошкентнинг Чилонзор туманида карантин шартларини бузиб, тўй қилганлар жазоланди.
Тўй эгалари одам тўплаб, карантин қоидасини бузгани етмай, ўзлари ва меҳмонларнинг аксар қисми маска ҳам тақмаган.
Уйда яшовчи ўрислар арз қилишгач, воқеа жойига шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари етиб келган.
Тўй ташкилотчилари билан суҳбат ўтказилиб, уларга карантин тартиб-қоидалари тушунтирилгач, тўй бекор қилинган.
Карантин қоидасини бузганларга 1 миллион сўм жарима солинди.
Ўзбекистонга касал олиб келган биринчи бемор билан контактда бўлган киши ўлганидан хабарингиз бор. Бу иккаласи ҳам карантин қоидаларига риоя қилмаган. Риоя қилиш керак.
Жанубий Кореяда касаллик тарқалиб 30 та киши коронавирусга чалинганида ҳукумат вазиятни назоратда ушлаб турди. 30 киши карантин қоидаларига риоя қилди. Аммо 31-бемор қоидаларга риоя қилмади.
У диндор бўлгани боис, касал ҳолида черковга бориб чўқинди ва дарров 1200 одамга касал юқтирди. 31-бемор Жанубий Кореянинг фалокат ичида қолишига сабаб бўлди.
Умуман, ҳуқуқий нигилизм каттадан кичиккача юққан вирус.
Ўзбекистонда қонун билан қабул қилинган давлат тили нормаларига мулозимлар нега амал қилмайди? Собиқ мулозим, ҳозир қандайдир фонд раҳбари Комил Алламжонов коронавирусга қарши видео чиқарибди.»Мудофаа» деган сўзни «оборона» деб ишлатди бир неча марта, “цепочка” дейди.
«Бўтта», «шўтта», «антда», «вотти, вотти» Нима бу? Қачондан бошлаб Тошкент шеваси давлат тилига айланди?
Эпидемия пайтида миллатини севмаган манқурт ўзбек депутатлари Ўзбекистонни Россия манфаатларига қурбон қилиш ҳаракатини бошлаворди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг маълум қилишича, парламент қуйи палатаси кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
Шу депутатлар коронавирус юқиб, ўлиб қирилиб кетса, шахсан менинг раҳмим келмайди. Табиий танланиш, деб қўявераман.
Эчки мингга қўйиб югурса ҳам барибир кийик бўлолмайди.
Лекин Тошкент ҳокими сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг икки тансоқчисига юққан коронавирус ҳокимга юқмабди. Коронавирус ҳам одам танлайди шекилли.
Телеграм гуруҳида коронавирус Ўзбекистонда 1000 одамга юқди, деб ëзган шаҳрисабзлик Отабекни топиб, 10 кунга қамашди.
65 дан ошганлар уйдан чиқиши тақиқланди. Якка тартибдаги хайрия акциялариям бугундан тақиқланди.
Бир пачка макаронни тўртта дўппи кийган ҳўкиздай эркак кўтариб, кампирларга бериб расмга тушиб юрибди самореклама қилиб. Ëнида сайёр фотостудия. Вирус тарқалса, макарондан қимматга тушади.
Оддий халқ уйида ўтирибди. Ховлиси борлар-ку, бир нави. Домнинг тор хонасига тиқилганларнинг асаби таранг бўлган. Одатда кунига ўнтадан ошмайдиган эр-хотин жанжаллари Тошкент шаҳрида бир кунда 8 мингдан ошди, дейишди. Хотин арра, эр ўтин бўлган замон келди. Ëки тескариси.
Болаларга ҳам қийин. Бечоралар зерикиб кетди.
«Озодлик» радиоси қирғиз ҳизматининг Иссиқкўл вилоятидаги мухбирига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида 5 ўспирин ўз жонига қасд қилган.
Бу ҳақда хабар қилган мулозима Элмира Усенованинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчилари 16 мартдан бери карантинда бўлишган, ўшандан бери вояга етмаганлар орасида жонига қасд қилиш бўйича 5 та ҳолат қайд этилган.
“Булар 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар. Улар оилалардаги турли келишмовчиликлар туфайли ўз жонига қасд қилишди. Бундай ҳолатлар Балиқчи шаҳрида, Иссиқкўл, Оқсуй, Жетиўғуз ва Тон туманларида юз берди. Болалар карантинда бўлишганда, уларга алоҳида эътибор бериш керак. Мен ота-оналарга сабрли бўлиш кераклиги, болаларни хафа қилишнинг кераги йўқлигини айтмоқчиман», деди Усенова.
Мулозимага кўра, 16 мартдан 29 мартгача болалар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган.
Футбол қироли Пеле айтганидек, болаларни севинг.
Аммо Тошкентдаги бадавлат эркаклар биринчи хотиннинг уйида ўн кунлаб ўтиришга мажбур бўлганидан фиғони фалакка чиқибди. Фигаро у ëқда, Фигаро бу ëқда бўлган эркаклар иккинчи хотин билан висол орзусига етиш учун охири ҳийла ўйлаб топишди.
Пул эвазига скафандр кийиб, доктор қиëфасига кирган икки космонавтсимон киши келиб, бу эркак вужудида “коронавирус” борлигини “аниқлаб”, махсус машинада биринчи хотиннинг уйидан зудлик билан олиб кетиб, тўғри иккинчи хотинникига олиб боради. Эркак иккинчи хотинининг уйида 14 кун “карантинда” ўтирганидан кейин скафандр кийган космонавтлар уни қайта биринчи хотинининг уйига олиб келиб қўйишади.
Реставрациядан кейин яна очилибди, деган бўларди бу картинани кўрган санъатшунослар. Пул бўлса, чангалда шўрва. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайди.
Аммо ëши 50 дан ошган эркаклар юракни асрасин. Юрак сенсан дилда борим, дилимни найга жўр этдинг..
Кейинги ҳафтада икки таниқли киши юрак хуружидан ўлди. Бири машҳур рассом ва киночи Нозим Аббосов, яна бири «Тарона рекордс» деган юлдузлар фабрикаси асосчиси Равшан Йўлдошев. Бу иккала замондош тенгқур эди. Тасодифни қарангки, иккаласи ҳам 58 ëшда.
Бугун телевизорга чиқиб ақллилик қилаëтган шоу бизнес вакилларининг 90 фоизи марҳум Равшан Йўлдошев инкубаторидан чиққан.
У киши терговчи бўлганида одамларни қақшатгани алоҳида масала (бу масалада Равшанни лаънатлайдиганлар сафидаман).
Лекин ўзбек шоу бизнеси деган заводни қурган одам Рўшши брат бўлади. Юлдузлар чиқадиган фабрика бу. Масалан, ҳамма кўтининг тешигини муҳокама қиладиган Тамилла ҳам ўша заводдан кўтига сифат белгиси қўйилиб чиққан.
Нилуфар Усмоновани ҳам ўша зовутда эпақага келтиришган (энасини кучи етмаган эплаб олишга). Севара, Сетора, Сарвара, Варвара, яна битта Севара….. Инкубатор-да, ишқилиб, қай бирини санай.
Раҳматли Равшанбой ëшулли қизи Лолага алоҳида меҳр қўйган эди. Гапнинг тўғриси, «Тарона рекордс»ни Равшан оға қизи Лола учун очган эди.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бастакор ва хонандаларга иш ва пул топиб берган идора эди «Тарона рекордс».
«Тарона шоу» дегани бўларди. Оскар мукофоти берганга ўхшаб, мукофотлар беришарди. Ҳозир «Би-би-си»да ишлайдиғон Райҳон Матëқубова ўша шоуда ўртакашлик қиларди.
Халқ авом. Битта ақли паст Юлдуз Усмонова ëки Озодбекни чақириш учун бутун умр йиғиб терган 10 минг долларини икки соатда сарфлаворади.
Авом ва қора халқ. Ҳеч қачон бу халқ ўқитувчи ëки олимни сийламаган. Китоб ўқиëтган боласига қараб «пирапессор, бор молга қара», деб ижирғанадиган масса. Ҳатто кино қаҳрамони «пирапессор» деб, китоб ўқийдиганлар устидан кулса, қўшилиб куладиган уродлар тўдаси.
Улар фақат ашулачи нима еди, нима сичди, нима қусди, деган саволга қизиқади. Бу қизиқишнинг битмас-туганмас олтин кони эканлигини аниқлаган Равшан худди нефть минораси ўрнатгандай қилиб, бу тўданинг пулини сўрадиган тизим яратди.
Неварасини олиб келиб, шуни «звезда» қилиб бер болам, деб бир чорси пул олиб келиб берадиган оқсоқоллар сон мингта.
Овози бўлмаса ҳам, ҳатто дудуқ ëки соқов бўлса ҳам қўшиқ айтиб бойийдиганлар мансуб бўлган тўдамиз.
Шунақа, братлар, юзга бетқоп тақволинглар, хотя вирусга барибирмиш. Игнанинг учидай тешикдан икки миллион вирус бемалол кириб кела оларкан.
Бекорга айтишмайди «мис қозоннинг миси чиқар, беркитганнинг иси чиқар», дея.
Эртак ëки ривоят жума ваъзининг асосий қисмига аллақачон айланиб бўлганини сиз, азиз томошабинлар билиб бўлгансиз.
Эртаксиз ваъз муҳаббатсиз ҳаëтга ўхшайди. Эртаксиз ваъз – худди қаноти йўқ қуш. Эртак ва ҳикоянинг илдизи бир. Ҳикоя сағал ростга ўхшаб ëзилади ва катталар ўқийди уни кўзига кўзойнак тақиб.
Бугунги ҳикоямни инглизча “Friday eyes”, ўзбекча эса Жуманазар деб атадим. Анави ўзбек Гагарини Жуманазар акага алоқаси йўқ бунинг.
“Friday eyes”
У махсус скафандр шаклидаги дурбин ва блутуз ëрдамида дурбинни дастаклайдиган телефон аппаратини темир челакка ташлади. Ортидан махсус дастур ëзилган лабтопни ҳам челакка ирғитди. Устидан скипидар қуйиб гугурт чақди. Яхши ëнсин деб эски газеталарни ҳам челакка ташади. Сассиқ қора тутун чиқди.
Аммо қаҳрамонимизнинг кўнгли хотиржам эди. У рамштейн қўшиғини ҳуштак қилиб куйлаб, қўлини чўнтагига солиб кўчага чиқиб кетди.
Энди у бемалол юрар, хавотир ва таҳлика уни тарк этган эди.
Қаҳрамонимиз бўлган бу йигитнинг оти Йўлчи.
Онасининг айтишича, Сингапурдан Тошкентга учаëтган учоқ ичида туғилгани учун учоқ капитани шундай от қўйган.
Кўринишидан ботаникка ўхшаш Йўлчи аввалига Шовотдаги математика интернатида ўқиди.
Кейин Варшавада амалий математика бўйича институтнинг оптик физика бўлимини тугаллади.
21 ëшида тунда кўрадиган дурбинларни такомиллаштириш бўйича НАТОдан буюртма олди.
АҚШнинг Нью-Мексика штати Альбукерке шаҳридаги Пентагон лабораториясида ишлади.
Онаси касал бўлиб ëтиб қолганида ўз ҳисобидан узоқ муддатли таътил олиб Тошкентга келди.
Келганининг учинчи куни коронавирус васвасаси бошланди.
Ўсал бўлиб ëтган онаси бошида ўтирган Йўлчи зерикканидан вирусни кўрадиган дурбин устида ишлай бошлади.
Коронавируснинг 20 та тури бор экан. Вирусолог олимлар билан ëзишиб, ўзи учун керакли маълумотларни олди.
Дурбин прототипи бир ҳафтада тайëр бўлди.
Тайëр бўлган куни жума эди. Дурбинга ўзбекча “жуманазар”, инглизча “Friday eyes” деб ном берди. Ташқи кўринишидан у 3 Д кинолар кўриш учун юзга тақиладиган скафандрни эслатарди. Йўлчи коронавирусни қизил ранг билан маркировка қилди.
Сил зарғалдоқ, эбола яшил, ўлат мовий, ичтерлама эса сариқ рангда эди. Қолган вируслар кулрангда белгиланди.
Шанба куни Йўлчи дурбинни кийиб, уйни кўздан кечирди. Коронавирус йўқ эди.
Аммо минглаб бошқа вируслар бор эди.
Йўлчи вирусология институти тарафга қараб, кўзида дурбин билан юра бошлади.
Эшик тутқичлари, дарахтлар деворлар, энг даҳшатлиси, ҳавода минглаб вируслар бор эди. Бу вируслар одамлар кийган ниқоблардан бемалол ўтиб, уларнинг бурун ва томоқлари орқали кириб, бутун аъзойи баданини қоплаган эди. Игна учидай сатҳда икки миллион вирус бақрайиб ўтирганини кўрган Йўлчи даҳшатга тушди.
Йўлчи қўрқиб кетиб уйига қайтди.
Эртасига якшанба куни эрталабдан дурбинни тақиб, электр скутерга ўтириб, Юнусобод тарафга йўл олди. «Интерконти» меҳмонхонасида учрашуви бор эди. Йўлчи меҳмонхонасининг коронавирус билан тўлиб-тошганини кўриб, ўтакаси ëрилди.
Шу кеча ухлай олмади.
Оила дўсти бўлган профессор уни эшитиб кўриб параноял шизофрениянинг илк аломатлари бор, деган диагоз қўйди.
Кейинги бир ҳафта ичида Йўлчи бутунлай вос-вос бўлиб қолди.
Ухлай олмас, ухлаганида вируслар унга қараб мўр-малахдай ëпирилгандай бўлаверарди.
“Жуманазарнинг кўзини ўйиш керак”, деган қарорга келди.
Душанба куни у барча ашқол-дашқолларни ëқиб юбориш учун темир челакни ҳовлига олиб чиқди.
Шунақа, азизларим, тегирмоннинг тиши йўқ, ҳўлу қуруқ иши йўқ. Ëки ваъз бошида эслаганим Олмахон опа айтганидек:
Ўтди умрим, во дариғ, даврон эканин билмадим,
Ширин жоним бу танимға меҳмон эканин билмадим.
Видео
Мана, кўрасизлар, ҳамма ўлмайди. Албатта, кимдир тирик қолади. Тирик қолган ëки касалга чалинмаган одам, албатта, сиз бўласиз. Чунки сиз бунга лойиқсиз. Ҳали ўн гулингиздан бир гулингиз очилмади. Сиз сафар қилмаган эллар, сиз танаввул қилмаган емаклар, сиз искамаган чечаклар бор.
Белингиз тўла бола. Кўнглингиз тўла орзу. Амалга оширмаган бир сури ишингиз бор. Сиз кияман деган кийимлар ҳали тикилмади. Сиз минаман деган машиналар ҳали конвейердан чиқмади.
Сиз харжлайдиган пуллар босмахонада босилмади. Сиз уйланмоқчи ëки эрга тегмоқчи бўлган одам сиз сари илк қадамларини отди. Сиз бахтли бўласиз. Чунки бунга ҳақлисиз. Минг бора ҳақлисиз.
Узоқ қоронғу туннел ичида юрган одам бу туннел охирида нур борлигига ишонади. Албатта, бу нурга қовушади. Бу қора кунлар ўтиб кетади. Бахт, саодат, саломатлик устувор бўлган кунларда ёйилиб, ëзилиб яшайсиз. Қадамингизда гуллар очилади. Назарингиз тушган боғлар мева тугади.
«Олмазорлар гулин тугади,
Мева боғлаб шохин букади.
Тоғлардаги қип-қизил лола,
Бўлиб гўë олтин пиëла,
Булоқлардан узатади сув» (Ҳамид Олимжон).
Мана, кўрасиз. Мени айтди дейсиз. Сиз узоқ яшайсиз. Сиз эккан ниҳоллар дарахт бўлиб соя берганини кўрасиз. Бугун туғилган қулунлар эртага от бўлиб чопганига гувоҳ бўласиз. Қаранг, ëмғир ëға бошлади. Ëмғир ер юзидаги бутун кирларни ювиб ташлаëтгандай.
Ана, ëмғир тугади. Булут орасидан кун чиқди. Қуëш нурлари кўзни қамаштиради. Живил-живил, пирил-пирил нурлар ва ранглар ўйини. 21-асрнинг энг буюк ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ айтганидай: «Эртага албатта бахтли бўласиз. Агар бугун ўлмасангиз».
Биринчи апрель куни Насриддин Афанди, Николай Гоголь, камина Рассом ТУЗ ва Бобомурод Абдулланинг туғилган куни бўлиб ўтди. Уларни бирлаштирадиган битта жиҳат бор.
Улар жамият юзига кўзгу тутган ва тутаëтганлардир.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак.
Рассом Туз