Асосий мавзулар
2 июн 2020

Янги қўмита МХХ қаматган маҳкумлар муаммосини ҳал қила оладими?

Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита тузиш режаланмоқда, дея баёнот берди Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 29 май куни ўтган матбуот анжуманида. 

Янги лойиҳада қўмита қийноқлар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиши, текширувлар олиб бориши, шунингдек, жиноят ишини юритиш чоғи ушланган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиши режаланаётгани билдирилган.

«Элтуз» етти йил бурун қамалган, МХХнинг Сурхондарё вилоятси бошқармаси ходимларининг  шафқатсиз қийноқлари остида Тожикистон фойдасига жосусликни бўйнига олган маҳкум  Абдуғани Эрдоновга қўнғироқ қилишга муваффақ бўлди. 

Эрдонов қийноқларга қарши қўмита фаолиятидан умид қилаётганини айтди:

“Қийноқларга қарши қўмита иш бошлаганини эшитиб севиндим. Мана, икки кун бўлди, Светлана Ортиқовага хат ёзиб, бизга ноҳақ қўйилган жазони қайта кўриб чиқилишини илтимос қилмоқчи бўлиб ўтирибман”, деди Абдуғани Эрдонов «Элтуз»га берган интервьюсида.

Етти йилдан буён қамоқда қолаётган 63 яшар сурхондарёлик Абдуғани Эрдонов ишини суд карантин боис номаълум муддатга қолдирди.

Ўғли билан бирга Шеробод туманидаги манзил колонияда ўтирган Абдуғани Эрдонов уларнинг ишини Сурхондарё вилояти жиноят ишлари суди кўриб чиқишини кутаётган эди.

Эрдоновнинг «Элтуз»га билдиришича, февраль ойида ўтиши керак бўлган суд 7 апрелга сурилган. Кейин эса коронавирус карантини боис, суд жараёни номаълум муддатга қолдирилган.

“Оиламиздан мендан ташқари 14 киши қамалиб ўтирибмиз. Ўғлим, сингимнинг ўғли, акамнинг ўғли, амакимиз, қудамиз… Олти йил Жаслиқда ўтирдик. Бундан аввал мени ўғирлаб кетиб, ноқонуний тарзда 4 ой 10 кун ҳибсда сақлашди. Ўша ерда мени энг оғир қийноқларга тутишди. Лекин бу суд ҳужжатларига киритилмаган ва жазо муддатимга қўшилмаган”.

Эрдонов “Элтуз”га уни Жаслиқ қамоқхонасида икки ярусли темир шконкага қўлидан осиб қўйиб қийнашганини гапириб берди.

“Энг даҳшатлиси – фарзандларинг, яқин қариндошларингнинг ҳам шундай азоб чекаётганини кўриш. Мана, шунча йилдан буён ўғлим билан ётибман, бундан ортиқ қийноқ борми одамга?” дейди Эрдонов.

Эрдонов, шунингдек, унинг ишига оид маҳкумалардан бўлган учта аёл оғир қийноқларга дош бера олмасдан ўлганини айтади:

“Биринчи аёл Қурбонова Гулчеҳра. 14 йил жазо муддати берилиб, Зангиота турмасига борганидан кейин берилган азобларга чидай олмасдан ўлди ўша ерда. Иккинчиси Муқимова Дилфуза, унгаям 14 йил беришган эди. Мана, учта боласи қолиб кетди. Бу ердан чиқиб бориб, ўша аёллар колониясида ўлди у ҳам. Учинчиси Эшбекова Муҳаббат. У реабилитация марказида азобларга бардош бера олмасдан ўлди”.

Эрдоновнинг сўзларига кўра, унга ва унинг оиласига қарши жиноят иши Миллий хавфсизлик хизмати полковниги, МХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими собиқ бошлиғи Нодир Тўрақулов томонидан уйдирилган. 

Лекин Тўрақуловнинг ўзи 2018 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Жиноят кодексининг 11 та моддаси, жумладан, таъмагирлик, ўзлаштириш, порахўрлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, айбсизларни жавобгарликка тортиш, қийноқлар қўллаш, ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбдор деб топилди.

У ҳолда нега Эрдоновлар иши орқага сурилиб келаяпти? Бу саволга жавоб бераркан, Эрдонов бунинг бир сабабини уларнинг қўлига ҳеч қачон айблов хулосаси ва суд қарори берилмагани билан изоҳлайди. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 январ 2019
Журналист Каримберди Тўрамурод ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Самарқанддаги 64-махсус мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов аслида шантаж ва туҳмат қурбони бўлгани, унинг ...
12 декабр 2019
Абдували Қутбиддин умрининг сўнгги йилларида сал “бузилмоқчи”, маддоҳлик қилиб кўрмоқчи ҳам бўлди. Аммо анча-мунча кечикканини англади чоғи, “қийшанглашга” астойдил ...
14 июл 2020
Қадрли ўқувчилар. “Элтуз” нашри жамоаси таътилга чиқишга қарор берди. Биз каналларимизда cиз билан яна юзлашамиз. “Элтуз” таҳририяти ўз ишини ...
15 октябр 2024
…Яқинда одамнинг жигар, буйрак илик каби тана аъзоларини сотаман деган студент Тошкентда қамалди. Тошкентни ўпкасидан жудо қилган Бош вазир ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...