Асосий мавзулар
12 июн 2020

Мирзиëев ҳокимлари ҳолва ейди

Гоҳида сизни гар ўртаса алам,

Қора бўлиб кетса бу ёруғ олам,

Кўзларда айланса адашган бир нам,

Одамлар бор кўнгилга малҳам,

Билинг, яхшилар-ла гўзалдир олам.

Жонларга жондош яхши одамлар,

Меҳрибон сирдош яхши одамлар.

Ҳам кўзу ҳам қош яхши одамлар,

Қалблари қуёш яхши одамлар,

Жонларга жондош яхши одамлар.

Мана, ҳафта айланиб, сиз, меҳрибон, сирдош яхши одамлар билан яна юзлашдим. Сизлар қўшиқларда куйланган энг яхши одамларсиз. Балки қиммат машинангиз йўқ, балки бошлиқ, эр ëки хотин дашноми остида эзилгансиз. Балки саломатлигингиз чатоқ, чўнтагингиз бўм-бўш.

Аммо бу камчиликлар сизнинг олтин қалбингизни йўққа чиқара олмайди. Олтин балчиққа тушса ҳам олтинлигича қолаверади. Сиз худди қуëшга ўхшайсиз, яхшига ҳам, ëмонга ҳам бир хилда нур тарқатасиз. Зотан, қуëш қораймас, олтин зангламас.

Азиз дўстларим. Эски ва янги қадрдонларим. Аслида сиз бахтли бўлишга ҳақлисиз.

Бахт ўзи нимадур, мен билолмадим,

Севги нима экан, тушунолмадим.

Аммо армонларнинг азобларидан

Қанча курашсам ҳам чиниқолмадим.

Бу дунё сиғмаган икки кўзимга

Тўлиб қолди икки томчи аччиқ ёш.

Пешона деганга ёзилган экан,

Роҳат эмас, фақат чидам ва бардош.

Бахт нима ўзи? Унинг формуласи борми? Олимларнинг айтишича, одам ҳолва еса, бахтли бўлар экан. Аммо Мирзиëев Ўзбекистонида ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейди.

Кейинги 10 кун ичида тармоқ, яъни интернетдаги ўзбек ижтимоий медиаси мансублари битта орзу билан яшади. Чўнтагимга миллион доллар пул кирсин, касал ëтган онам тузалсин, демади.

Импорт машинадан бож солиғи олинсин ҳам демади. Тармоқ худди қадим Римдаги гладиаторлар жангини томоша қилаëтиб, бармоғини ерга қаратган оломон каби ўз истагида  якдил эди.

Фарғона ҳокими ишдан олинсин, дейишди. 

Фарғона ҳокимининг ишдан олиниши ижтимоий медиадаги барча учун муштарак бахтнинг ягона формуласи эди.

Агар ҳоким ишдан олинса, товуқлар кунига иккита тухум туғади, агар ҳоким ишдан олинса, қисир сигирлар ҳам челак-челак сут бериб бошлайди. Эрсизларга эр, ерсизларга ер ато бўлади. Кўсалар иягидан ҳам соқол чиқиб, барби қўғирчоқлар ҳам паранжи кияди. 

Ана сизга бахт. Ана сизга кайф.  Ана сизга армонларнинг азобларидан бира тўла қутулишнинг ягона универсал йўли.

Аммо тармоқ мансубларига бу бахт насиб қилмади. Фарғона ҳокими ўз жойида қолди. Битта ҳоким алмашгани билан ҳеч нарса ўзгармаслигини билмайдими тармоқ мансублари?

Неожадид Сардор Салим ëзганидек, “винт эмас, тузум ўзгариши керак эмасми?

Барча саъй-ҳаракатларимизни Станислав Летс бир афоризмда ифодалаган: “Калла қўявериб, қамоқ деворини қуллатдинг ҳам дейлик. Аммо қўшни камерада нима қилмоқчисан?”

Ўзи бу мавзуда гапирмоқчи эмасдим. Тепадаги битта бирод пархона ҳақида жимип туринг, еб илтимос қилганди. Бирод кўп нарсани билиб, мен билан билганини баҳам кўрадиган фойдали ҳашарот. Гапини икки қилмай девдим. 

Нима ҳақда ëзай десам, пархонадан бошқа любой мавзу, боринг, ана оқ каркидон ҳақида ëзинг, деди.

Оқ каркидон

Майли оқ каркидон ҳақида ëза қолай. Оқ каркидон катталиги жиҳатдан филдан кейин турадиган махлуқ. 9 йил ўтлагани 5 тоннагача боради (оддий каркидон бунинг ярмича келади).

Оддий каркидоннинг тумшуғидан битта шох ўсиб чиқса, оқ каркидонда икки шох бор. Бу шохларнинг узунлиги баъзан салкам икки метр бўлади. 

Оқ каркидон Қизил китобга киргани учун 9 йил ўтлаб семириб кетганини ҳам отиб ташлаш ëки шохини кесиб олиш мумкин эмас. Оқ каркидонни ўрмон каттаконининг хотинига қариндош, дейишади. Лекин бу ҳақда илм ҳам сукут сақлайди.

Дарвоқе, оқ каркидоннинг шохини кесиб, майдалаб талқон қилиб ичса, импотенцияга фойда экан. Аммо бу ҳақда ҳам аниқ илмий хулоса йўқ.

Умуман, илм хулоса беришга шошмайди. Мана, коронавирусга ҳам ҳануз даъво топилмади. Аммо коронавирус боис кўп одамлар дунëга ақл кўзи билан қарай бошлади. Ҳиндистонда инсонлар коронавирусдан сақлай олмаётган икки мингдан зиëд худони тамсил қилган буту санамларини дарёга улоқтиришди.

Ўзбекистонда кимдир Ҳасан табибни Катта Фарғона каналига ирғитса бўлармиди. Ëки анави вирусолог олимни. Ҳали март ойида институтни коридорда битказган ўзбек вирусолог ТВга чиқиб, коронавирус иссиқда ўлади, деган эди.

Мана, Тошкентда бир куннинг ўзида 80 дан зиëд одам вирусга чалинди. Иссиқ Ҳиндистон ва Туркияда ҳам вирус ўлгани йўқ. Ўзбек олими дегани авом ёки жинни деган мазмунни билдирадими?

Кечган ҳафтада Мирзиëев ҳеч кимдан сўрамасдан, Ўзбекистоннинг 200 гектар ерини араб шайхларига шикор қилсин, деб совға қилиб юборибди.

Шу ҳафтада Тошкент марказидаги газета корпусини ҳам қайсидир арзандага ноль сўмга совға қилишди.

Эй, Мирзиëев!!! Ўзбекистон сен ва оилангнинг шахсий мулки эмас. Ҳаддингни бил.

Чўлпон айтганидек, халқ денгиздир, халқ кучдир. Яна халқ ўчдир. Халқ истаса, салтанатинг йиқилгай. Халқ истаса, даф бўларсан кўланка.

Ривожланган мамлакатларда халқ ўз иродасини партиялар ëрдамида ифодалайди. Шу тариқа ëш бола кетидаги памперс алмашгани каби президентлар алмашади.

Тарвуз партияси

Ўзбекистонда мабодо инқилоб бўлса, унга тарвуз инқилоби деб ном қўйган маъқул. Нега? Мамлакатда истагини амалга ошира олмай келган икки қавм бор (электорат демай оддий ëздим).

Биринчи қавм Ўзбекистондаги шариат асосида фаолият юритиладиган исломий давлат – ИД қуришни истовчилар. Бу тоифага мойилларнинг ўз истагини нима деб аташи ва қандай ўрамга солишидан қатъи назар, пировард истаги битта – халифалик қуриш.

Бу худди Тўйтепага борадиган одамнинг охирги бекати Тўйтепа бўлган автобусга чиққанидай гап. Автобус жадвалида бошқа туроқлар ҳам бор, аммо охирги борадиган ери Тўйтепа. Буни автобус шўпири, ҳам йўловчилар ҳам билади.

Аммо Би-Би-Си ëки мачит.ўз деган сайтдагилар айтганидек, шариатга асосланган, зинокор тошбўрон қилиниб, ўғрининг қўли кесиладиган, шахмат ва мусиқа тақиқланадиган жамиятни орзу қиладиганлар мамлакат аҳолисининг 99 фоизини ташкил қилмайди.

Жамиятни бир тарвуз деб олсак, шариат давлати истовчилар шу тарвуз пўсти қадар массага эга, деб тахмин қилсак бўлади. Масалан, тарвузни 100 фоиз десак, унинг 10 фоизини пўчоқ ташкил қилиш мумкин. Плюс-минус.

Исломий электорат анъанавий тарзда яшил рангда белгиланади (қора рангга охирида ўтилади).

Демак, жамият деган тарвузнинг усти ям-яшил эканини кўрдик. Тарвузнинг ичи қизил бўлишини биламиз. Жамият деб тасаввур қилганимиз тарвузнинг ички қисми қизил. Булар совет форматидаги коммунизмни орзу қиладиган ва СССР қайтишини истовчилар қавми.

Бу икки қавм истаги сўнгги 30 йил ичида исталмаган бўлиб келди. Каримов шакллантирган тепа бу икки қавм истаги амалга ошмаслиги учун анча иш қилди.

Шу билан бирга, бу икки қавм ташқи кучлар тарафидан муттасил боқиб парваришланди. Путин Россиясининг тарғибот-ташвиқот матбуоти советпарастлар урчишини таъминлади.

Мамлакат ичидаги рус тилли қатлам ва уларни тамсил қилган рус тилли журналистлар ҳам СССРни у ëки бу тарзда тарғиб қилиб ëтишмоқда. Афғонистон, Сурия, Покистон ва Туркиядаги сиëсий ислом тарғибот марказлари шариатчиларни парваришлади.

Албатта, маҳаллий клерикаллар ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшишди. Ўз вақтида “Озодлик”, энди эса Би-Би-Си ҳам муллакратик жамият тарғибига ҳисса қўшди. Ҳозир ўзига блогер деб ном қўйган, аслида клерикал тузум тарғиботчиларининг ҳиссасига гувоҳмиз.

Кичик ва илмий бўлмаган хулосамга кўра, Ўзбекистонда сиëсий қўзғалиш бўлиб, одамлар кўчаларга чиқса, буни тарвуз инқилоби, деб аташ мумкин.

Байроғига бирданига иккита тоталитаризм шиори ëзилган бу массанинг интилиши охир-оқибатда таназзулга юз тутишини тахмин қила оламиз.

Борса келмас

Эртаклардаги қаҳрамоннинг йўли иккига айрилганда, бирига “борса келмас”, бирига эса “борса келар” деган ëзув битилган бўлади. Бу икки қавм истаган икки йўлнинг ҳам оти “борса келмас”.

Бир вақтлар Орол ҳали қуримаган пайтда денгиз ўртасида Борсакелмас ороли бўлган. Оролда моховлар яшайдиган лепразорий фаолият юритган. Бу оролга борган моховлар қайтиб келмаган.

Жамият фақат яшил ва қизиллардан иборат эмас. Оқ, қора, пушти, мовий ва кулранглар ҳам бор. Аммо уларнинг истаклари аниқ фокусланган эмас.

Эртаклар, асосан, ўтмишда бўлган кечмишлардан баҳс қилади. Бир тажриба қилиб, келажак ҳақида эртак ëзиб кўрдим.

Келажакдаги имтиҳон

2025 йил Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги битириш имтиҳонларини Британиянинг Оксфорд университети профессори олсин, деб қарор қабул қилишибди.

Имтиҳон топшираëтган қиз имтиҳон олаëтган профессорга қараб мўлтираб турибди. Қизгина ўқитувчининг ўнинчи саволига ҳам жавоб бера олмади. Ҳар сафар бечора қизгина “вариант беринг”, деб ëлворади.

Профессор бўлса, “Мана шу матнни ўқиб, нима тушунганингни гапириб бер, қизим”, деди. Қиз бўлса, “Ўқиш ëзишни билмайман профессор тоға”, деди. 

Британиядан келган профессор савол аломати билан маҳаллий ўқитувчига қаради. Маҳаллий ўқитувчи бўлса, “Бу қиз бир вақтлар Сангинов ва ўғиллари ўпирган тўғон жойлашган Сардоба қишлоғидан. Президент лимити билан ўқишга имтиҳонсиз кирган. Ўзи кирган пайтида ҳам саводи йўқ эди. Президент менга саводи муҳим эмас, садоқати бўлса бўлди, деганди. Бу қизнинг исми Садоқат”, деди ўқитувчи.

Британиялик профессор ҳайрон бўлиб, “Ким ўқитди буни?” деса, “Буни илмий иши дарëга оқиб кетгани учун олим унвони берилган хола ўқитди. Бу хола ҳам ўқиш-ëзишни билмайди”, деган жавоб олди.

Хуллас, Садоқат дипломсиз қолишини билиб, изиллаб йиғлашга тушди. Бу қизнинг кўз ëшлари шу қадар мўл-кўл эди. Бу кўз ëшлардан Сардоба сув омбори бемалол тўлди.

Тиббиëт бўйича ўқиб, врач дипломини олмоқчи бўлиб, битириш имтиҳони топшираëтган Нурафшон деган йигитнинг ҳам буткул саводсиз экани аëн бўлди.

“Сенинг қўлингга диплом берсак, эртага одамларни даволаш ўрнига ўлдирасан-ку. Сен қанақа қилиб ўқишга кириб қолдинг?” дея савол берди профессор.

Маҳаллий ўқитувчи тоға масалага аниқлик киритди: “Бу бола президентга шеър айтиб бергани учун мединститутга имтиҳонсиз кирган”.

Навбатдаги уч қизнинг исмлари бир хил экан – Адолат, Адолат, Адолат. Бу қизлар Зулфия мукофотини олгани учун ўқишга имтиҳонсиз киришганини бидиллаб, ўзлари шессекундда айтиб беришди.

Британиялик профессор маҳаллий ўқитувчи тоғага биринчи синф алифбо китобини олиб келишни илтимос қилди.

Китобдаги О ҳарф ëзилган жойдаги “Олим олма ол” деган сўзни бу учала Адолат ўқий олмади.

“Биз рақс тушишни ва президент келганида гул кўтариб, урра деб бақиришни биламиз”, дейишди қизлар.

Қошлари ўсган ўттизта йигит ҳам имтихондан ўта олмади. Уларга қараб, профессор: “Ер сайëрасининг шакли қандай?” деб савол берди.

“Акажон, вариант берсангиз, патинкангизни ялаймиз!” дейишди улар. Бу Сўх эксклавидан имтиҳонсиз ўқишга кирган йигитлар эди.

Шу тариқа милисани, прокурорни, миллий гвардияни, кластерчини, Жоха акфачи ва Мурод билдингчи, Озод отарчи ва бошқаларнинг президент имтиëзи билан имтиҳонсиз кирган саводсиз болалари қатор тизилишди.

Булар эртага доктор бўлиб, одам даволаши, ўқитувчи бўлиб билим бериши, чет тиллардан таржима қилиши керак бўлган мутахассислар эди.

Уларни бирлаштирадиган икки хусусият бор эди. Биринчиси, худди гитлерюгенд аскарлар каби ўз фюрери, яъни Мирзиëевга кўр-кўрона садоқат. Иккинчиси, мутлақо саводсизлик.

Эртак охирида профессорнинг қорни оғриб қолди. Доктор чақиришмоқчи эди, профессор рад қилди.

“Мен бундай садоқатли саводсизлар қўлида ўлганимдан кўра, Дубайдан санитар вертолёт чақиришни афзал кўраман. Бу саводсизларнинг қўлига диплом бериш ҳужжатига имзо чекмайман”, деди профессор.

Профессор санитар вертолётга чиқиб, Ўзбекистонни тарк қилди. У вертолёт ойнасидан қараб: “Эҳ, Ўзбекистон, сенинг кунинг кимларга қолди?” деди.

Мусибатнинг ўн йиллиги

Кечган ҳафтада Туркистон тупроғидаги бир мусибатли сананинг ўн йиллиги эсланди. Ўзларига титул миллат деб ном қўйган этномахлуқлар бундан 10 йил олдин Ўш ва Қорасувдаги ўзбекларни ўзбек бўлгани учун ўлдиришди.

Бу қашшоқ ва битига ботган, ишсиз этнозўравонлар ўзбеклар яшайдиган гўзал уйларга ўт қўйишди, мол-мулкларни ўмаришди. Қўй-молларини еталаб кетишди, қизларини зўрлашди.

Дўкон ва емакхоналарига бир кунда эга чиқишди. Одатда фалокатлар техоноген ëки табиат фожеаси бўлади. 10 йил олдин Ўш ва Қорасувдаги фалокат ўзини титул миллатман деган тўда қўли билан яратилди. Қирғин ва хўрликни биз эслаймиз ва эслашни итсмаганларнинг эсига ҳам соламиз.

Сўзим битди. Мен ботиниб изҳор қила олмаган хўрсиниқ ўшлик ўзбек шоири Шавкат Раҳмон мисраларида янграсин.

Бу қандай кун ўзи,

қандай кун ўзи,

ҳаттоки мушуклар, итлар ишшайди.

Сохта қаҳрамонлар кетдилар тўзиб,

ёлғон даҳоларнинг оғзи қийшайди.

Элнинг бошиман деб юрган касларда

бош ўзи йўқлиги хўб бўлди аён.

Покиза кўринган не-не дастлардан

паррон бир ёғдуда ёлқинланди қон.

Бу қандай кун ўзи,

қандай кун ўзи,

жой-жойига қўяр ҳамма нарсани,

қай бир мунофиқнинг ўйнатиб кўзин,

бир неча юзига тортар тарсаки.

Чекка-чеккаларда қилганча ғийбат,

ишратни омол деб билган ўйсизлар

қўймижоз бу элнинг тили йўқ дерди,

оғзингни оч элим,

кўриб қўйсинлар.

Филодим бу куннинг сасин эшитиб,

сохталар зириллар — паноҳ топилмас.

Нархи кўтарилар сичқон тешигин,

ҳайратдан оғизлар энди ёпилмас.

Эй, дилим,

дунёдан озурда бўлма,

келажак кунларга ишонмоқ хўбдир.

Битта катта кунни кўрдинг ҳозирча,

бу элнинг каттакон кунлари кўпдир.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
30 март 2022
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида тузилганига бир йилдан сал кўпроқ вақт бўлган Жамоатчилик кенгаши ими-жимида тугатиб юборилгани ҳатто унинг ...
10 август 2023
Элтуз эълон қилган Булунғурда ИИБ ходимлари калтаклаган ўспирин видеоси юзасидан ички ишлар идораси муносабат билдирди. “Ходимлар қўполлик қилиб ураяпти”- ...
19 июл 2024
Мана ит қувган гадойдек хафтаям зувв этди, ўтди кетди. Яна сизларнинг қошингиздаман. Суҳбати ду анда маззаку, дейди Хайëм. Юз ...
6 декабр 2021
Германиядаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова 4-5 декабрь кунлари Ўзбекистонда фермерлар билан учрашди. «Элтуз» илгари хабар қилганидек, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...