Ҳоким “погромчилар” шарафига 10 та қўй сўйишга ваъда берди
Пайшанба куни Қашқадарё вилоятида Enter Engineering компаниясининг ғалаён кўтарган ходимлари билан суҳбатлашган Ғузор тумани ҳокими Беҳзод Суюнов катта концерт ўтказилишини маълум қилди. У, шунингдек, “погромчилар” шарафига 10 та қўй сўйишга ҳам ваъда берди.
Айни куни эрталабдан Enter Engineering компанияси раҳбарияти ишчиларига бир неча ойдан буён тўпланиб қолган маошларини тўлай бошлади.
«Элтуз» билан суҳбатлашган завод ишчиларидан бири бир неча ойдан буён қолиб кетган маошларни тўлаш учун заводга икки юк машина лиқ тўлиқ пул етиб келганини айтди.
Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси маошлар тўланмаётгани ва овқатлар вақтида берилмаётганига эътирозан чоршанба куни ғалаён кўтаришган эди.
Оммавий тартибсизликлар стихияли равишда ошхонада тирбандлик сабаб юзага чиққанди.
Юзлаб ишчилар дастлаб ошхонани ағдар-тўнтар қилишган, сўнгра завод маъмурияти биносига ҳужум қилиб, у ердаги оргтехника ва мебелларни бузиб ташлашган эди.
«Элтуз» билан суҳбатлашган гувоҳлардан бирининг айтишича, тартибсизликлар ишчилар сонининг ортиши баробарида кучайган. Дарғазаб оломон заводнинг масъул ходимларини дўппослаган.
Ишчилар билан музокара қилишга ва уларни тинчлантиришга келган завод ва маҳаллий мулозимлар ҳам қувиб солинган.
Гувоҳларнинг «Элтуз»га билдиришича, тартибсизликлар бир неча соат ўтиб, миллий гвардия ва милиция кучлари томонидан куч билан бостирилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг маълум қилишича, Ғузордаги воқеа прокуратура ходимлари томонидан ўрганилмоқда.
«Элтуз» суҳбатлашган ишчилардан бирининг айтишича, айни куни кечга бориб, кечки овқат ва пайшанба тонгида нонушта сифати яхшиланган.
Eltuz.com