РТдан ваъз: Тили кесилган давлат
Минг йилларки, булбул каломи,
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Лекин шўрлик тўтининг ҳоли,
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.
Она тилим, сен борсан, шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан¸
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз¸
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.
Абдулла Орипов.
Таниқли ëзувчи Расул Ҳамзат билан боғлиқ бир ҳикояни эсладим бугун. Расул Ҳамзат бир тоғ қишлоғига бориб, бир кампирдан 270 та қарғишни ëзиб олибди. Улар ичида энг даҳшатлиси “Илоҳим, она тилингдан ажраб қолгин”, деган маънода эди.
Мана, сиз билан ўз она тилимда тиллашаëтган эканман, демак она тилим тирик. Демак, бизни ҳеч ким тилингдан ажралиб қол, дея қарғамаган.
Аммо, лекин, бироқ… Кеча мозори шарифлик ўзбек бизнесмен «Элтуз»га мурожаат қилди. Бир миллион доллар тўлаб сотиб олган тухумларини Хоразмдаги божгирлар фурасига ортишга тақиқ қўйишибди.
Мени божгирларнинг қонунсиз ҳаракатидан кўра Мозори шарифдаги ўзбек бизнесменнинг Қўшкўпирдаги бизнесмен билан рус тилида шартнома тузгани ҳайратга солди. Яна ҳам тўғрироғи, шартнома рус ва инглиз тилида тузилган. Нега бундай? Бу давлатнинг тили йўқми?
Ахир бундан 31 йил олдин – 1989 йилнинг 21 октябрида ЎзССР Олий Совети ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонун қабул қилган эди-ку.
Мана ўша қонун. Фалакнинг гардиши билан бу қонун ҳам олдин рус тилида ëзилиб, кейин ма=аллий тилга таржима қилинган.
Бу ўша йили қабул қилинган 3561-қонун эди. Бу қонун Совет Ўзбекистонида халқ талабига кўра қабул қилинган илк қонун сифатида тарихга кирди.
ХАБАРЛАР
Аслида бир гала хабарни бир-бирининг кетига улаб, айтиб-айтиб ташлайман, деб турувдим, аммо Ғузордаги ғалаён режамни ўзгартирди.
Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида Enter Engineering Pte.Ltd заводи ишчилари 21 октябрь тонгида ғалаён кўтариб, завод маъмурий биносини остин-устун қилишди.
«Элтуз» таҳририятига тақдим этилган видеода юзлаб ишчилар исёнии акс этган.
Видео ва «Элтуз» суҳбатлашган гувоҳлар сўзларидан маълум бўлишича, стихияли тўполонлар пайтида завод маъмурияти биносидаги оргтехника ва маъмурий бинодаги жиҳозлар синдирилган.
Завод ишчилари сўзларига кўра, улар камида уч ойдан буён маош олмаган.
ИШЧИЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ
Эмиль Золя деган француз ëзувчиси 1885 йилда ëзган «Жерминал» романи ўзбекчага совет даврида таржима қилинган. Бу китобни чўпчак ўқимайдиган катта авлод билади. Романдаги воқеалардан бири ишчилар исëнидир. Кондаги ишчилар қўзғолон қилишади.
Ғалаёнга кончиларнинг хотинлари ҳам қўшилади. Гап шундаки, кончилар ойликсиз ўтирган пайтда маҳалла баққоли бу аëллар билан ëтиш эвазига озиқ-овқат бериб турган.
Аëллар бу ҳақорат учун баққолдан ўч олишади. Уни ўлдириб, жинсий аъзосини суғуриб, ходага илиб, бошқа намойишчилар қаторида юришади.
Роман қаҳрамонларидан бири бўлган кибор хоним уларни узоқдан кўриб, «колбаса дўконини талашдими», деб сўрашгача боради.
Нима демоқчиман? Ғузордаги ишчилар «тинч намойиш» ва «иш ташлаш» қилишлари керак, деган ақлли тавсияларни эшитдим. Машаллоҳ. Аммо баъд.
Биринчидан, бу 12 минг ишчи иш ташлайман ëки тинч пикет қиламан, деб Қаршидан Ғузорга келмаган. Уйдаги оч болаларимга икки нонга етгулик пул олиб кетай, ўзим ҳам кунда 3 марта овқат есам, деб ишга боришди.
Бу ўрис иш берувчилар ўзбек ишчилари табелига 8 соат ëзиб, 12 соат ишлатишди. Иш 7 дан кечки 7 гача. 3 ойдан бери ойлик беришмади. 20 октябрь кечки овқатни, 21 октябрдаги нонуштани ҳам беришмади.
Булар уйидан қатнамайди ишга. Ëтоқхонада ëтади. Мастава пиширадиган хотини Қаршида қолган. Одамлар оч эди. Бунинг устига, иш берувчилар уларни соатда саксон марта «чукча, баран», деб сўкиб турибди.
21 октябр куни «Қани овқат?» деб боришганда, «Тошингни тер!» дейишган уларга қараб. Ошхонага элтувчи тор даҳлизга тиқилган оломон жунбушга келган. Очдан қоч, деган гапни эшитганмисиз.
Хуллас, жаҳли чиққан оломон курсиларни синдирди. Уларнинг ишини кузатиб турадиган камераларни сўйил билан уриб кўзини кўр қилди. Чунки пичоқ бориб суякка етган эди.
Ўзбекнинг ҳақи нега берилмайди?
Жаҳл келса, ақл мутлақо қочади. Европада ишчилар синдикатларга бирлашган. Бу синдикатлар маданий қилиб иш ташлаш ўтказиб беради. Аммо бизнинг ишчилар синдикатга аъзо эмас. Улар хатто эшшакдан ҳам қадрсиз.
Киночилар ғузорлик ишчини «массовка»да кинога олса, 8 соатига 200 минг беради. Агар Ғузордаги эшшакни кинога олса, эгасига 80 миллион тўлайди.
Ғузордаги иш ташлаш – ишчилар исëни. Аммо исëннинг тури кўп. Европадаги фемен деган қизлар гуруҳи ўзининг сиëсий норозилигини изҳор қилиш учун қип-яланғоч бўлиб олади. Лекин Ўзбекистонда яланғоч бўлиб юрганларнинг бирор бир сиëсий талабни илгари сурганини билмайман.
Бундан 320 йил олдин Наманганда Бобораҳим Машраб деган одам яланғоч юргани тарихда акс этган. Ўтган ҳафта эса Тошкентда қип яланғоч асбобини осилтириб юрган эркакни кўришувди.
ИИБ ходими келиб “Мақвоссан” деса, “Яхши кўрган қизим ташаб кетди”, деганди. Бир ой олдин эса Самарқанддаям битта иштонсизни кўриб ëқа ушлашди. Мана, мустақиллик шарофати билан Урганчда ҳам қип яланғоч юрган 26 яшар йигит ушланди.
У милисаларга ҳамла қилди. Худди Мауглини ушлаëтгандагидай. Мауглидан фарқли, урганчлик яланғоч балодай гапиради. Хуллас, бу иштонсизни жиннихонага тиқиб қўйишди.
Ўшдаги Даҳшат қорининг констатация қилишича, бу қиëмат аломатидур. Аммо кўча-кўйда яланғоч юрса ҳам Машрабдан яхши ғазаллар қолди.
Эй, сабо, ғамбодадурмен, бистаримни кавлама,
Чун шафақ олудаман, хокистаримни кавлама.
Ҳар замоне Лайлидин манга китобатлар келур,
Сенки мажнун бўлмасанг, сардафтаримни кавлама.
Хонавайронлар билур афтодаларнинг ҳолини,
Эйки, маҳрам бўлмасанг, чашми таримни кавлама.
То кишига дард тегмай, бўлмади бағри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса, дарди сиримни кавлама.
Ўзбек тили байрами ҳақида
Аслида 21 октябрь куни тил байрами эди. Ғузорда исëн чиқмаганида бутун бир ваъзни давлат тилига бағишламоқчи эдим. Майли, келган еридан давом эттирсам.
Бундан 31 йил олдин Ўзбекистонда давлат тили ҳақида қонун чиқди. Бу қонун қабул қилиниши арафасида Горбачëв ҳуррияти берган эркинликдан жасоратланган¸ Болтиқбўйи республикалари ўрнагидан илҳомланган минглаб ўзбеклар ўз тилининг расмий мақомини талаб қилиб, майдонларни тўлдиришар эди.
Ўзбек шоир-ëзувчиларининг тил ҳимояси учун узатган қўллари истиқболига минглаб қўллар чўзилаëтган эди.
Воқеадан узоқлашган сайин баъзи тафсилотлар хиралашади. Ўзбек тили ҳақидаги қонунни биз фақат биринчи бандига қараб, зўр қонун экан деймиз, аммо бу қонун моҳиятан ўзбек тили мартабасини мустаҳкамлай олмади.
Қонун бошида “Ўзбек тили давлат тили бўлиши керак”, деган модда бор. Ундан уëғида 45-хатбошида “Айни пайтда ўзбек тили билан бирга рус тилида иш олиб борилиши керак. Фалон нарсалар рус тилида ëзилиши керак. Фалон мажлислар рус тилида олиб борилиши керак”, дейдиган гаплар билан фақат рус тили деган сўз такрорланган.
Ўзбек тили бир марта тилга олинган бўлса, рус тили 45 марта тилга олинган эди. Худди шу йўл билан аслида ўзбек тилининг давлат тили бўлиши четга суриб қўйилганди.
Кейинги ўн кун ичида ўзбек тили ҳақида гапирилди. Биз курашиб, бу тилни давлат тили қилдик, деганларни ҳам эшитдик.
Ленин кўтарган хода қанчалик узун эди?
Ўзбек тилига давлат мақоми берилгани ҳақидаги хотираларни эшитар эканман, Москвадаги Ленин музейида ишлаган танишимнинг ҳикояси эсимга тушди.
Таваллуди муносабати билан «Ленин билан шанбаликда қатнашганлар кимлар эди?» деб газетада эълон беришган. Бир кун ўтиб, мен ҳам Ленин ëнида туриб хода кўтарганман, деганлардан мингтаси қўнғироқ қилган.
Агар уларга ишонилса, Ленин кўтарган ходанинг узунлиги километрларга чўзилиши лозим эди. Бугун ëв қочса кўпайган ботирлар фонида ўзбек тилига мақом берилишига кимлар қарши эканини яна бир эслашда хайр бор.
1988 ва 89-йилларда ўзбек тили борасида Ўзбекистон матбуотида шундай қизиқ баҳс-мунозара кўтарилди. Тарафма-тараф маҳораба бўлди.
Тарафлар асосан икки гуруҳга, икки жабҳага бўлинган эди. Ўзбек тилида чиқадиган матбуот¸ ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари “Ўзбек тили Ўзбекистонда, албатта, давлат тили бўлиши керак”, деган фикрни илгари сурган эди.
Иккинчи томонда эса “Йўқ¸ Ўзбекистонда рус тили давлат тили бўлиши керак”, деган фикрни илгари сурувчи рус тилида чиқувчи оммавий ахборот воситалари бўлган.
“Ўзбек тили камбағал. Унинг сўз бойлиги жуда ҳам оз. Шунинг учун Ўзбекистонда ўзбек тили эмас, рус тили давлат тили бўлиши керак”, деганга ўхшаган гапларни “Ташкентская правда” газетаси ëзган эди.
“Йўқолсин ўзбек тили”, деганга ўхшаган гапларни “Пионер Востока” газетаси ëзган эди.
Талабалар институт ҳудудида эрталаб соат 9 дан кеч соат 9 гача рус тилида гапириши керак”, деганга ўхшаган гапларни Тошкент транспорт институтининг кўп тиражли газетаси ëзганди.
“Шу пайтгача ҳамма иш рус тилида олиб борилган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак”, деганга ўхшаган фикрларни “Правда востока” газетаси деярли ҳар сонида ëзиб турганди.
Айниқса, “Правда востока” газетаси бу масалада ашаддий эди. У дастлаб “Йўқ, Ўзбекистонда фақатгина рус тили давлат тили бўлиши керак”, деган тезисни илгари сурганди.
Лекин халқнинг майдонларга чиқиб, митинглар ўтказаëтганини, ўзбек матбуотининг ўзбек тилини ашаддий ҳимоя қилаëтганини кўриб, улар бироз юмшади шекилли, “Ўзбекистонда бир тил эмас, икки тил – ҳам рус тили, ҳам ўзбек тили давлат тили бўлсин”, деган тезисни мунозара ўрталарига бориб майдонга ташлайдиган бўлди.
“Правда востока” нинг тутган йўлларидан бири шу бўлдики, у асосан ўзи ўзбек ëки ўзбек фамилияли бўла туриб ўзбек тилини билмайдиган одамлардан фойдаланди.
Шундай одамларнинг чиқишларини кўплаб уюштирди. Айни пайтда, Ўзбекистонда яшаëтган руслардан ҳам фойдаланиб¸ “Ўзбек тили давлат тили бўлмаслиги керак. Рус тили давлат тили бўлиши керак”, деган қарашларни илгари суришга муваффақ бўлишди.
Ўша пайтда ўзбек тилига мақом берилишига нафақат русийзабон аҳоли вакиллари, балки ўзбек ëзувчилари ҳам қарши бўлганлигини яхши эслайман.
Сарвар Азимов, Ўлмас Умарбеков, яна бошқа ëзувчиларимиз, бир қанча олимларимиз икки тиллиликни тарғиб қилганлар. “Биз рус тилидан ажралиб қолсак, нима бўлади? Мен рус тили орқали олим бўлдим, бошқа бўлдим” деган гапларни академиклар айтган.
Уларнинг аксарияти амалдор эди. Агар шунақа демаса, амалдан ажралар эди. Сарвар Азимов “Правда востока” газетасида ўзбек тилининг давлат тили бўлишига тиш-тирноғи билан қарши чиққан. У икки тиллиликни илгари сурган.
Давлат тилига рус тилида гапирадиган Каримовдан бошлаб, Каримовнинг атрофидаги бутун мулозимлари қарши эди.
Уларни ўзбек тилининг давлат тили ўлароқ қабул қилинишига мажбур қилган нарса кўча эди, оломон эди, халқ эди.
Халқнинг тазйиғидан қўрқиб, “Жанжал чиқмасин. Халқ кўчага чиқиб, тартибсизликлар бошланиб, ижтимоий беқарорлик чиқиб кетмасин”, деган қўрқув уларни бу қарорни қабул қилишга мажбур қилди.
Мустамлака тили
У пайт халқ уйғонган бир пайт эди. Аммо халқ ухлаши билан қабул қилинган тил қонуни ҳам ухлади. Аксар вазирликларда иш умуман ўзбек тилида юритилмади.
Аммо давлат тили унутилгани билан бир вақтлар Туркистонни найзалар билан босиб олган давлат тили унутилмади. Ўзбекистонда рус тилининг мавқеини, асосан, Россиядаги ашаддий миллатчи Жириновский партияси мансублари ëки Кремлга яқин айрим сиёсатчи ва мулозимдар ҳимоя қилиб келади. Улар боғчадан бошлаб ўзбекларнинг Москва, Кремль, Путин каби сўзларни ëд олишини исташади.
Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мамлакат боғчаларида рус тилининг “иккинчи она тили” сифатида ўргатилаëтгани бунинг мисолидир.
Аксарият шартнома ва меъёрий ҳужжатлар рус тилида ëзилади. Тошкентдаги барча кафе ва ресторанларда чекни рус тилида уриб беради.
Шу ўринда улуғ рус ойдини Валерия Новодворскаянинг мана бу сўзини эслашда ҳикмат бор:
«Рус тили энди маданий восита сифатида хизмат қилмай қўйди. Бугунги кунда у собиқ мустамлакаларимизнинг ўз тарихига бўлган садоқатини ва европача қадриятларга интилишини йўққа чиқариш мақсадида қўлланиладиган ҳарбий-сиёсий жиҳатдан зарба бериш қуролига айланган».
Бунинг фонида президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрни ўзбек тили байрами сифатида нишонлаш ҳақидаги қонунни имзолади.
Бу – эшитган одамнинг қулоғига ëқадиган гап. Сиëсатда буни популизм деб аташади.
Кўпинча популистик риторикада айтилган гаплар ўша мажлиснинг ўзида қолиб кетади.
Масалан, Туркиянинг собиқ бош вазири Демирел халқ билан учрашувида ҳар бир туркка иккита калит ваъда қилган эди. Квартира ва автомобил калити.
Кейинги йиғилишда халқ Демирелдан «калит қани?» деб сўраганида, бош вазир «Кечанинг гапи бугунга тўғри келмайди», деб жавоб қайтарди.
Ўзбек раҳбарлари Москвага бориб Путин буванинг кўзига қараши билан ўзбек тили давлат тили деган гапни тезда унутиб қўйиши эҳтимоли катта.
Ўзбек қавми раҳбарга ваъдани бажармаслик ҳақида эслатишдан андиша қилади. Масалан, ҳеч ким «Қани товуқ, қани тухум, қани эчкининг сути ва лимон», деб сўрамади.
Сўрасам, гўштнинг нархи яна баландлайди, деб ирим қилади.
Бу қавм фақат «қўллаб-қувватлайди». Тарихий хотира бор бу қавм генида.
Гап бошқа…
Горбачёвнинг ароққа қарши маъракасини қўллаб-қувватлаб туриб «чойнакка ароқ солиб ичишни кашф қилган» бу қавм Мирзиëев қарори билан жорий қилинган эчки, товуқ учун банкдан кредит олиб, пулни тўйга ë боласини институтга киритиш учун порага сарфлашни ҳам «уддалайди».
Яша уддабуррон!
Яъни ташқаридан ўзини Мирзиëев гаплари «қулоғига ëққандек қилиб кўрсатган» бу қавм барибир ўз билганидан қолмайди. Югуриб бориб, боласини ўрис мактабига бериб келади.
Улуғ ўзбек ëзувчиларининг бола-бақрасию набира-абираси рустиилли бўлиб кетганининг сабаби ҳам шу.
Президент «Дабадабали тўй қилма» деганида, ТВга чиқиб Беҳбудийни эслаган мулозим сал ўтмай Самарқанднинг Шердор майдонида тўй қилгани эсимда. Мен эсламасам, ютуб эслайди. Ютуб ўзбек мулозимларнинг дабдабали тўйлари акс этган видеоларга тўла.
Бир профессор ТВга чиқиб, «Олийгоҳларни битириб диплом олган мутахассис республиканинг олис жойларига бориб ишласин. Ватаннинг ҳар бир нуқтаси азиз», деб айтганида таъсирланиб кўзим намланган эди.
Аммо бир ҳафта ўтиб бу профессорни тоғамнинг уйида кўриб қолдим.
Вазир бўлиб ишлайдиган тоғамдан бу профессор институтни битирган ўғлини Тошкентда ишда қолдириш (албатта, вазирликда) илтимоси билан келган эди….
Кечанинг гапи…
Мавзу давлат тили ҳақида эди. Истаймизми ëки йўқ, рус тили – босқинчилар тили. Мустамлакачининг тили.
Нега йиллар давомида Ўзбекистонда яшаган ўрис ўзбек тилини ўрганмайди. Аммо у мабодо Исроил ëки Германияга борса, дарров иврит тили ëки немисчани ўрганади.
«Эй немис, сен нега ўрисча гапирмайсан?» деб ҳуқуқини талаб қилмайди. Чунки иврит тилини ëки немисчани ўрганмаса, нафақа ола олмайди, ишга кириши қийин. Америкадаям¸ Германиядаям, Латвия, умуман, барча давлатларда паспорт олиш учун тилдан имтиҳон топширилади.
Ўрислар ҳаммадан илдам бўлиб, тилни бийрон ўрганиб ташлашади. Фақат Ўзбекистондан бошқа жойда. Ўзбекистондаги маҳаллий руслар бу ер менинг маҳримга тушган, дейди.
Жириновскийни эшитиб завқланади. Шовинизм қон томирларида жўшиб, Кауфману Скобелев каби қиличидан қон том томган жоноларлар замони ўтмади, деб ўйлайди.
Албатта, Ўзбекистоннинг заиф ҳукумати мамлакат тили обрўсини кўтара олмагани ҳам бор нарса. Масала бошқа жойда — мне за державу обидно. Ўзбекистонда ўзбек тилини ДАВЛАТ ТИЛИ қила олмаган давлатдан хафаман.
Аммо айни пайтда дунë билан тиллашиш учун инглиз тилини энг камида Грузиядаги каби тизимли ўрганишни йўлга қўйиш ва лотин ëзувига тўла ўтмоқ лозим.
Бўлмаса, марҳум Туркманбоши Сапармурод Ниëзов патриотизми даражасига тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
«Нега дориларнинг устига лотинча аналгин деб ëзади¸ бош оғриғи дориси деб ëзсак ҳамма тушунади», деган эди марҳум. Ва бу гап туркман халқи ва «зиëли»ларга ëққан эди.
Бир кун ўтиб дорилар устидаги қутига «Бош оғриғи дориси» деб ëзиб ҳам қўйишди. Аммо бу билан сиëсатнинг асосий бош оғриғига даво топилмади.
Сиëсатчилар одатда ҳукуматга келгунча популизм билан шуғулланади. Иқтидорга келган сиëсатчидан ислоҳот кутилади. Касал одам уйига доктор чақирса, ундан даво кутади.
Доктор келиб латифа айтиб қайтиб кетса, касал ҳам, унинг яқинлари ҳам ғалати аҳволда қолади.
Сингапур қаддини кўтарган Ли Куан Ю, Грузияда коррупцияни йўқ қилган Саакашвили¸ Россияда бозор иқтисодини жорий қилган Егор Гайдар, 1979 йилда Британия иқтисодини ислоҳ қилган Маргарит Тетчер айнан жиддий ва касал кўз ëшига ичи ачимайдиган доктор каби иш тутишган эди.
Натижа эса тарих ҳукмида турибди.
Бизда эса натижа йўқ. На давлат тили ҳақидаги қонунни ва на лотин ëзувини жорий қилишни ҳануз қойиллата олмадик.
Кишан кийма…
Тарих истак майлига эга эмас, дейдилар. Зеро, уни кимнингдир истак ва хоҳишига кўра ўзгартиришнинг иложи йўқ.
Шу сабаб арихни борича қабул қилиш ва ундан келажак учун муайян сабоқлар чиқариш лозим. Қолаверса, тарих миллат тафаккури ҳамда унинг келажак йўлларини ëритгувчи ўзига хос чироқдир.
Шу боис Туркистон миллий озодлик кураши тарихининг айрим қоронғу саҳифаларига оз бўлса-да ойдинлик киритиш истагида архив қутиларини очиб, бизни ўтмиш билан боғлайдиган ип учларини қидирдим.
Қозоқ тарихчиларига кўра, Туркистон мухторияти гимнини Абдулҳамид Чўлпон ëзган экан. Аммо матнни ҳеч қаердан топа олмадим. Топганим марҳум шоир Рауф Парфининг 1999 йили ëзган мухаммаси бўлди.
Юзлашдинг балоларга, аламлар ичра кўзлашдинг,
Ўзинг куйдинг, ўзинг ёндинг, ўзгалар ҳаққи ўзлашдинг,
Бу қул бозоринда изғиб қумрилар каби бўзлашдинг,
Кўнгил, сен бунчалар нега кишанлар бирла дўстлашдинг,
На фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунча сустлашдинг.
Кўзимга хоки, Туроним, озодлик гарди инмасми,
Бу кунлардан умид йўқми? Йўлларинг қаро тунмасми,
Хазон бўлган баҳор сенми, нишон ҳурликдан унмасми,
Ҳақорат дилни оғритмас, тубанлик мангу тинмасми.
Кишанлар парчаланмасми, қиличлар энди синмасми?!
«Аллоҳ, Аллоҳ», йиғлаюрсан булутдек бағри сўзонсан,
Мунавварсан, мукаррамсан, рисолат туғида шонсан,
Сен Каъбамсан – Туркистонсан, хунимсан сен ахир қонсан,
Тириксан, ўлмагансан, сен-да одам, сен-да Инсонсан,
Бўйин эгма, кишан кийма, ки сен ҳам ҳур туғилгансан.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз