Асосий мавзулар
16 апрел 2021

Иванқишлоқдан ким хабар олади?

Мўрисидан тутун чиқар, 

Қатламаси бутун чиқар.

Етти келин югуриб чиқар,

Рамазон, омин!

Мана, азизлар, ўлмаган қул, яна ойлар султони Рамазонга етдик. 

Энди бемалол машинани қулфламай, бозор олдида қўйиб кетаверинг. Ўғри урмайди, милиса жарима ëзмайди. Бозорга бориб нишолда олсангиз, тарозидан урмайди. 

Ҳеч ким, айниқса, вазиру вузаролар алдамайди. Чунки бу ойда шайтонлар арқонлаб қўйилган. Аммо Ўзбекистон деб аталмиш бахти қаролар мамлакатидаги шайтонларни бойлашга арқон етармикин? 

Қисқа хабарлардан кейин келган еридан давом эттираман.

Расмдагилар эр-хотин. Ислом Каримовнинг кўзлари бахтдан чақнаб турган невараси Марям (Лола Тиллаеванинг қизи) 7 йил олдин Америкага келганида 14 ëшда эди. Мана, бўйи етиб, эргаям тегди. Тўй Лас-Вегасда бўлди. 

Элвис Пресли кўринишидаги насроний ҳабаш никоҳни қайд қилди. Марям барча ўзбек қизлар нуқул орзу қиладиган узун тўй кўйлак кийди. Оқ кўйлакка роса кўп мунчоқлар тақилган. 

Куëв бўлса XXL ўлчамдаги битта оқ футболка ва кенг-мўл калта иштон (шортик)да завжаи ҳалолини, анақа, тан маҳрамликка қабул қилди. 

Мулла ва уч сўм пулга ҳожат йўқ. Бу эскилик қолдиқлари бобойнинг …истонида қолиб кетган. Куëв боланинг исми Амиран Ширинович Сардоров.

Миллати курд. Язидлардан бўлади. Таниқли ютубер. Пули кўп. Марям Амирандан 13 ëш кичик. Лекин бахт ëшдамас – бошда. Икки ëш бахтли бўлсин. 

Аммо негадир мен тарафга учиб келаëтган шиппакларни кўряпман, холос. Нега қарсаклар йўқ? Бола отаси ëки набира бобоси учун жавоб бермайди. Ўзбек халқини эзғилаб, тепкилаб тараққиётдан ортда қолдирган диктатор Каримовнинг набираси Марямнинг курд ютуберига танмаҳрам бўлгани кўпларнинг ғашига теккандай кўринди. Лекин нега биз буни эллаштиришимиз керак?

Биринчидан, Амиран ўз тақдирини ўз қўли билан яратган миллионер ютубер. Файласуф, ëзувчи. Пулини ўзи топган. Шу маънода, у Лоланинг ўзи ва эри Темур Тиллаевдан юз баравар обрўли.

Иккинчидан, Марямнинг уни қулоғигача севиб қолгани кўриниб турибди. Рўза ойида тўй қилиб, “шампанский” ичди. Нега қори ака никоҳ ўқимади, деган саволларга ўрин йўқ. 

Икки ëш ажриқдай бир-бирига тармашиб кетсин. Қуëндай (ëки нонхўрак, яъни суваракдай) болаласин. Ҳаëтнинг завқини чиқарсин. Энг яхши шаробларни ҳўплаб, энг юмшоқ гўштлардан газак қилсин.

+++

Наманган вилояти прокуратурасининг 12 апрелда маълум қилишича, 5-синфда ўқийдиган қизни каналга ташлаб ўлдирганликда гумонланаётган Ф.Қ. жиноят иши доирасида қўлга олинди.

Расман билдирилишича, 5 апрель куни кечқурун ўқувчи М.А. мактабга кетганича уйга қайтмаган. Қидирув ишлари натижасида қизалоқнинг жасади 6 апрель куни Катта Наманган канали кўприги остидан ташқи тан жароҳатларисиз топилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида қизнинг келинойиси бўлган Ф.Қ. М.А.ни 5 апрель куни соат 10:30да мактабдан олиб чиқиб кетгани маълум бўлган.

Тергов жараёнида Ф.Қ. қизалоқни Чортоқ тумани, Навоий МФЙ, Улуғбек кўчасидан оқиб ўтган Катта Наманган каналига олиб бориб, сувга итариб юборгани аниқланган. 

+++

Бу миллатга нима бўляпти ўзи, дея ҳайрон бўла кўрманг. Тимсоҳ кўзёши ҳам тўкманг. Боримиз шу – 34 миллион биомасса!

Андижон вилоятида 3 ойлик чақалоқни 700 долларга сотмоқчи бўлган Ғ. исмли аёл ва О. исмли эркакка суд ҳукми ўқилди. Икки фарзанднинг онаси “кимдан экани номаълум бўлган чақалоғини” сотишга уринган. Унга бу ишда О. исмли эркак кўмаклашган.

Суд ҳукми билан О. исмли эркак 5 йилга кесилди. Ғ.га чақалоқ фарзанди борлиги ва эри йўқлигини ҳисобга олган ҳолда 2 йил муддатга шартли қамоқ белгиланди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185 та ҳолат аниқланган. Бу Ўзбекистонда йилига 60 та бола сотувга қўйилади, дегани. 

Ўзбекдай боласевар миллат йўқ, деб мақтаниш бўйича жаҳон чемпионимиз. Биров танқид қилса, чийиллаб юборамиз. Шессекундда гей ва халқ душманига чиқарамиз. Яна ўзбек бола сотмайди, деб ёқа йиртамиз. 

Яна денгиз қирғоғида ўлган суриялик болакай Айманга атаб қўшиқ куйлаймиз. Яна шеър ўқиймиз “Бола дунёни тебратади”, дея. Сал оғирлик қилса, ўз фарзандимизни битта бузоқнинг нархига мижжа қоқмай сотиб юборамиз. Болажон миллатмиз! Браво!

Америка киноларида бир гўдак болани қутқариш учун дунë остин-устун қилинади. Болада ҳуқуқ бўлади. Ҳатто ëвузлик салтанати раҳбари бўлган  большевиклар лидери Ленин ҳам ëзувчи Герберт Уэльс билан суҳбатида СССРда ягона имтиëзли қатлам болалардир, деган. Пеле футбол билан хайрлашаëтиб, “Болаларни севинг!” деган кўзда ëш билан.   

Ўзбекистон ҳам бола ҳуқуқлари бўйича конвенцияни имзолаган мамлакат. Аммо болада ҳуқуқ бўлиши мумкинлигини ҳатто ўзини ақлли, ўқимишли деб ҳисоблаганлар ҳам билмайди (эшакка муҳаббат қўйишнинг асорати бўлса керак). 

Булар боласини “эҳсон” қилади. Олиб чиқиб сотади. Энг ëмони, бу микроблар ақллилик қилиб, “Ҳа, энди боланинг ўзига яхши бўлади”, “Боласи йўқ одам яхши ниятда олибди”, деб бола тужжорлигини оқлайди. 

Бу ҳайвонлар тўдасини битта жойга йиғиб, устига атом бомба ташлаш керак. Ярим соат ўтиб, яна бир атом бомба шуларга бонус. Шунда башарият ва курраи замин булардан биратўла қутуларди.

Тошкент. Шайхонтоҳур. 22 ёшли Достон ўз таниши Алишерни пичоқ билан сўйиб ташлади. Алишер гўрда. Достон қамоқда. 

Сайлов рекламасига Россия политтехнологлари кириб келди. Ўрис ТВда гапирган Умурзоқов биз Россия бағрига интиламиз, деди. Сўнгги 4 йилда Россия орқа боғчасига айлантирилган мустамлакадан репортажда ўзбек мулозимларнинг мустақиллик душмани, ўғри ва хоин экани яққол кўриниб турди.

Шу ўринда бир тарихий чекиниш қилсам. 2010 йилнинг декабрида Тунисда халқ қиём қилиб, мамлакат президентини ағдариб ташлаганди. Халқ ғалаёнига мудҳиш ҳодиса сабаб бўлганди.

Солиқчилар аравада мева сотувчи 28 ёшли йигит Муҳаммад Буазизийдан меваларини тортиб олади. Қийинчилик ва адолатсизликдан тўйган Муҳаммад ўзини солиқчилар кўз ўнгида ёқиб юборади. Халқ ғазабга келади ва бир ой ичида президентни ҳокимиятдан ағдаради. 

Кўриб турганингиз видеода ҳам ўхшаш манзара. Фақат ҳодиса орадан 10 йил ўтиб Ўзбекистоннинг Олмалиқ шаҳрида бўлмоқда. Видеони қўйишдан ҳеч қандай ғаразли мақсад кўзлангани йўқ.

“Туз оға, қизишманг, буларнинг бўлари бўлган. Сиз Гагарин каби кўкдан боқинг муаммоларга”, дейишди. Бу ëзган одамнинг гапига ишонсак, биринчи космоновт ўзбек бўлган экан. Қўнғирот уруғидан. Оти Шариф уста. Хивадаги Калтаминор устидан учиб Ғовук кўлнинг ëнида қўнган. Шу қўнган ернинг оти “уста қўнди”. 

Иккинчи космонавт эса хонқалик. Исми Елтак ота. Асл касби фирибгар. Одамларни алдаб, пулини ухлатган. Хоннинг амри билан замбаракнинг ўқига бойлаб отилган. Дурвадик деган жойга бориб тушган. Лекин тушган пайтда ўлганми ë тирикми, бу ҳақида тарих жим. Учинчи космонавтнинг оти Гагарин. У 12 апрель куни фазога учган.

“Осмонга учди Гагарин, Ерга тушди Гагарин”. Ушбу шиғирни ëзган рассом Тузга офарин! Шу коинот ҳақида ўйласам, шеър ëзгим келади. Яхшиси, ўтган йили 59 ëшида оламдан ўтган буюк шоир Абдували Қутбиддин мисраларини ўқисам. Раҳматли билан дўст эдик тўқсонларнинг бошида. 

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,

Кундузи парисиз, тунда оққушсиз.

Руҳи равонимиз сизга бахш этдик,

Изингиз ёнига лабни нақш этдик.

Пуфласангиз ўчдик, силасангиз оқдик,

Уфқ нарёғига имладингиз, боқдик.

Қонимизни тўкдик бармоғингизга,

Кўнглимизни урдик тирноғингизга.

Ёт десангиз, ётдик сувдек жимирлаб,

Бир-бир ўйнадингиз кўзларимизда.

Шивир-шивир қилдик сизга шивирлаб,

Тош босиб қўйдингиз сўзларимизга.

Қалқидик, юлдузга узатсангиз қўл,

Чор-атроф расводир, безатмадингиз.

Тинчландик, боши берк бўлса ҳамки йўл,

Биз ҳамон хастамиз, тузатмадингиз.

Биздан хафамисиз, сарвим, хомушсиз,

Шудринг оқартирди юзларимизни.

Музтоғни эритган муқаддас тушсиз,

Қайтаринг, титраган бўзларимизни…

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Бирлашган МФЙ аҳолиси Хидирназар Аллақулов партиясига имзо йиққан талаба Абдураҳмон Икромовни сазойи қилди. 

Уни одамларни алдаганликда айблаб, тавба қилишга мажбурлашди.

Бу ҳолатга муносабатни ëзувчи Раҳимжон Раҳматдан эшитинг:

“Геморрагик иситма,  ўлат,  куйдирги каби ўта оғир юқумли  касалликларнинг  табиий ўчоқлари бўлади ва улар бу жойда юз, икки юз, уч юз йилгача бемалол яшайверади ҳамда вақти-вақти билан муайян сабабларга кўра, одамлар орасида тарқалади. 

Хўш,  нима демоқчиман? 

Оломон феълида ҳам ўта оғир юқумли касалликка ўхшаш жаҳолат бор ва бу нарса ҳам қулай шароитда хуруж қилади. 

Масалан, миллат ойдинлари қатағон этилган машъум 37-йилларни олайлик. 

Ўша пайтларда юртимизнинг қишлоқ, шаҳарларида, ишхоналарда,  идораларда Қодирий, Чўлпон каби “миллат душманлари”га қарши нафрат мажлислари ўтказилган, қарғашлар бўлган. 

Нафрат мажлисларида чўлпонларимизни қарғаган, номларини балчиққа белаган оломон бугун ҳам тирик ва эртага ҳам ўлмайди, хоҳлаган пайти чин миллатпарвар зиёлиларимиз устидан ахлат ағдаришга тайёр. 

Қўрқсам, шу оломондан қўрқаман. 

Қўрқсам, шу оломонга қўшилиб қолишдан қўрқаман”.

Азиз дўстларим, бир пайтлар Ўзбекистонда телевизорлар оқ-қора бўлган даврда телевизион миниатюралар театри бўларди. Эргаш Каримов чиқарди. Шу ҳажвияларнни эслаб, мана бу интермедияни ëзувдим. Воқеа бизнинг кунларда бўлиб ўтади.

Эшакчи қишлоғидан репортаж

Журналистикани битирган, аммо “менталитет”ни “минталитет” дейдиган, лаби шиширилган Дилпуз қишлоқдан репортаж олиб бормоқда:

Мухбир: Яратганнинг инояти ва шафоати, зироати учинчи ренессансга йўл очган шу кунларда инвестициялар кириб-чиқиб, туризмга қучоқ очиб янгиланган Ўзбекистондаги ислоҳотлар нуридан обод қишлоқда турибмиз. Суҳбатдошимиз Туëқбой ота. Ассалому алайкум, ҳожи бобо.

Бобой: Мен ҳожи эмасман, навбатим келмади, пулим ҳам йўқ. Қолаверса, арақ ичаман.

Мухбир: Ҳукуматимиз бошлиғи Абдулла Ғарипга айтамиз, сизни ҳожига юборади.

Бобой: Ҳожигамас, ҳажга. Аммо сўхликларга ўхшаб қамоққа юбормаса бўлди. Кераги йўқ, ҳозир барибир карантинга ëпилган. Ҳожилар тўпланган жойда касал кўп бўлади. 

(Дилпуз қўлини қайчи қилади). 

Мухбир: Бу ëғини кесиб ташлаймиз. (Томоғини қириб гапиради). Пиру бадавлат отахонимиз, 30 йил олдинги ҳаëт билан ҳозиргини солиштирганда қандай ютуқларга эришганингиздан бахтиëрмисиз?

Бобой: 30 йил олдин ҳеч нарсам йўқ эди. Ҳозир ҳам ҳеч нарсам йўқ. 30 йил олдин прокурор ўғри эди, ҳозир ҳам ўғри.

Мухбир:  Демак, ҳаëт ҳозир яхши демоқчисиз?

Бобой: Мен унақа демадим, қизим. Нега лабинг шишиб кетди? Ари чақдими?  

Мухбир: Ҳозир, мана, яхши яшаяпмиз демак. Кўзингиз ўткир.

Бобой: Қизим, 30 йилни қўй. Тўрт йил олдин картишка арзонмиди, деб сўра.

Мухбир: Картошка, полиз маҳсулотлари ҳозир мўл-кўл демоқчисиз-да?

Бобой: Йўқ, ҳозир қиммат. У пайтда бодринглар диринглаган эди. Ҳозир сулайиб ëтибди. Ҳандалаклар… Сен, қизим, кўкрагингни бекитиб ол, шамоллаб қолмагин. Ëш нарса. Ўзинг айт-чи, ҳозирги ҳаëтнинг нимаси яхши?

Мухбир: Ҳозир, отахон, муҳтарам зироати билан мамлакат очилди. Биз ҳамма нарсани, ҳамма нарсани бўлмасаям, мана, метро поездининг эшиги очиқ қолганини баралла гапиряпмиз. Олдин бу ҳақда гапириб бўлмасди.

Бобой: Нега? Олдин ҳам ҳаммаси ëмонлигини билардим. Лекин олдин метронинг эшиги юраëтиб очиқ қолмасди.

Мухбир: Бу қишлоқнинг оти олдин Эшакчи эди, муҳтарам шарофати билан қишлоқнинг оти Нурафрўз бўлди. Отахон, қишлоқнинг оти ўзгаргандан кейин яшаш яхшиландими?

Бобой: Қачон билан солиштирсам?

Мухбир: Масалан, 40 йил олдин билан.

Бобой: Қирқ йил аввал?..  Ҳа, осмон билан ерча фарқи бор.

Мухбир: Мана, кўряпсизми, азиз томошабин, муҳтарам зироати билан қишлоқ ҳаëти ўзгарди.

Бобой: Албатта ўзгарди. 

Мухбир: Шуни гапириб ташланг, отахон. 34 миллион одам тилини осилтириб қараб турибди сизга. 

Бобой: У вақтда гугурт кам ишлатардик. Чунки газ ярим метр бўлиб ëниб турарди. Водопроводдан сув шовиллаб келарди. Фаррошнинг ойлигига беш қоп ун келарди.

Мухбир: Лекин отахон маънавият ва учинчи ренессанс йўқ эди у пайтда.

Бобой: Бор эди, фақат у ишни Ялтага бориб қилиб келардик. Кампирдан бекитиб.

Мухбир: Қайси ишни?

Бобой: Ўша маънавият деганини-да. Бир сафар Махфиратни олиб борардим, бир сафар Маънавиятни.

Мухбир: Янаги сайловда сиз албатта… 

Бобой: Хидирназарга овоз бераман.

(Дилпуз қўлини қайчи қилади – кесиб ташлаймиз). 

Мухбир: Ҳамма Россия элчихонаси уюштирган ярмаркага борганда, мен бечорани шу қолоқ қишлоққа, ношукур бобойнинг олдига, ернинг киндигидан пастига юборишди, блин. Иши юришмаган одамман. 

Бобой: Йиғлама, қизим.

Мухбир: Отажон, сурворгим келади бу ерлардан. Чет давлатга бориб яшагим келади. Ҳамма мени топтайди. Ҳамма менинг устимда ишлагиси келади.

Бобой: Чет давлатда нима қиласан, қизим. Дарахт бир жойда кўкаради. 

Мухбир: Демак, бизнинг давлатимиз яхши. Шундай демоқчисиз-а?

Бобой: Ëмон.

Мухбир: Нега?

Бобой: Ўғри кўп

Мухбир: Илгари ўғри йўқмиди?

Бобой: Илгариям ҳамма ўғри эди. Ўзим заводдан чигит ўмариб, мол боқардим.

Мухбир: Унда нега ëмон бугунги тузум?

Бобой: Олдин ўғрилар “ўғриман”, дерди. Ҳозир бош вазирман, дейди. Ҳа, мўйловингга си….ай! Кал! 

Мухбир: Сўкиш жойини бипиллатамиз. Орқадаги эшакларнинг орқа икки оëғи орасидан чиқиб турган қора ходанинг устини бижиллатамиз. Сизга барибир бошқа одам овоз беради. Дубляж қиламиз. Хидирни ҳеч ким рўйхатга олмайди. Шу эшакларнинг орасида чириб ëтаверинг. Мен келаси ҳафтада амирликка кетаман. 

Бобой: У қора хода эмас, қизим.

Мухбир: Биламан. Маънавиятга зид нарса у.

Бобой: Амирликка ўша нарса учун кетяпсан-ку, қизим.

Мухбир: Э, боринг-ей. Қолоқ одам экансиз. Бахтий, йиғиштир карам шўрвани. Кетдик. Россия элчихонасидаги фуршетга кеч қолмайлик. Бошқа келмаймиз обод қишлоққа.

Шунақа гаплар. Буларни мен ўзим тўқиб ëздим. Аммо Иванқишлоқдаги воқеа ҳақиқий:

“Мен Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида яшайман. Мен яшайдиган жой боши берк кўча. Бор-йўғи 29 та хўжалик бор. Шундоққина туман ҳокимлигидан 800 метр жойда жойлашган. 

Лекин на асфальт кўрган у бечора тарихда, на давлат тарафидан бирор марта тош тўкиб таъмирлаб берилган. Кўп йилдан бери секторгаю халқ қабулхонаси, ҳокимликка – тўрт томонга югураман. 

2020 йили “Обод қишлоқ” дастурига киритилди, деди. Лекин пандемия туфайли ушбу дастур давом этмаяпти, деди. Кейин декабрда яна борсам, 2021 йилда киргизамиз деди, ана энди 2022 йилги дастурга киргизамиз деб ётибди бу каззоблар.

Кўчамизнинг номи ҳам ажойиб, Иванқишлоқ кўчаси. Вилоят ҳокимлигининг телеграм мессенжерига ҳам 2 йилдан бери мурожаат ташлайман, энди мурожаатларим ҳам йиғилиб, даста-даста бўлиб кетди. 

Шу кўчамизга Иванқишлоқ деб эмас, бир дурустроқ ном бериб, асфальт қилиб беринглар, бор-йўғи 400 метрли боши берк кўча, шундоққина ҳокимликнинг тумшуғи тагида, бир эътибор қилинглар шунга, деяпман. Лекин ҳеч бир натижа йўқ-да”.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
26 сентябр 2017
Самарқанд руҳий касалликлар шифохонаси раҳбарияти устидан ёзилган ариза бўйича 22 сентябр куни Кун.уз нашри икки қисмдан иборат ўз суриштирувини ...
1 декабр 2021
Рассом Кирпи
9 июл 2018
Каттақўрғонда милиция капитанининг аёл кишини қип ялонғоч қилган ҳолда таҳқирлагани ўзбек жамиятида жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Каримберди Тўрамурод ...
24 июн 2016
Истанбул полициясига кўра, 23 июн куни тушлик пайтида Истанбулнинг Енибосна мавзеида Ўзбекистонлик тадбиркор (балки мулозим) О.Е. йўлтўсар қароқчилар ҳужумига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...