Асосий мавзулар
8 июн 2021

Ҳокимликка ёрдам сўраб борган косонлик шахс калтакланганини айтмоқда

Имтиёзли кредит ажратилишига ёрдам сўраб, 2 июнь куни Косон тумани ҳокимлигига борган иккинчи гуруҳ ногирони, 35 ёшли Дилшод Отаев ҳоким ёрдамчиси томонидан калтаклаганини иддао қилмоқда.

Бу ҳақда у Косон тумани ИИБ бошлиғи ва туман прокурори номига уни сабабсиз калтаклаган ҳоким ёрдамчиси Соҳиб Пардаевга чора кўрилишини сўраб 2 июнь куни ариза ёзган.

Дилшод Отавевнинг ИИБ бошлиғи ва туман прокурори номига ёзилган аризаси

«Элтуз»га берган интервьюсида Дилшод Отаев бир йилча олдин Халқ банки орқали кредит расмийлаштиришга ҳаракат қилгани, рад жавоби олгач, Косон тумани ҳокимлигига ёрдам сўраб ариза ёзгани, аризасига банкда расмийлаштирган барча ҳужжатларни илова қилганини айтади.

“27 май куни мен ҳокимликка ариза топширганман. Орадан бир ҳафта ўтиб, 2 июнь куни бордим. Мени у ерда (ҳокимлик ходимаси – таҳр) Ҳалима Сатторова қабул қилди. Аввалига у: “Сенинг ҳужжатларингни Нодира Қодирова (Косон тумани ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи – таҳр) олиб қолган, у кишига мурожаат қил”, деди.

“Нима қиласизлар одамни умидвор қилиб, ўйин қиляпсизларми”, дедим. У сенга Қодирова керакми деб, телефон орқали Соҳиб Пардаев деганни чақирди”, дейди Отаев.

Шундан сўнг, Отаевнинг сўзларига кўра, ҳоким ёрдамчиси Соҳиб Пардаев уни қабул бўлимидан кичик залга олиб ўтади. Ўша ерда эшикни қулфлаб олади ва уни калтаклайди. Отаевнинг айтишича, Пардаев унинг елка қисмига тепади. Бошига зарба беради.

Отаев шу куни уйига келгач, ўзини ёмон ҳис қилиб, тез ёрдам чақирган, бошида шиш пайдо бўлган, рентген қилишган.

Шифокорлар унинг баданида очиқ жароҳат аломатлари йўқлиги, бошини эса экспертиза қила олмасликларини билдиришган.

«Элтуз» воқеага ойдинлик киритиш учун 6 июнь куни Косон тумани ҳокимлигига қўнғироқ қилди. Ўзининг умумий бўлимда ишлашини айтган ходим ҳақиқатан ҳам Соҳиб Пардаев ҳоким ёрдамчиси эканини тасдиқлади.

Бироқ у «Элтуз»га ҳокимлик биносида Дилшод Отаевнинг калтакланганидан хабари йўқлигини айтди.

“Биринчидан, унинг кредит сўраб қилган мурожаати қандай қилиб ҳокимлик томонидан ижро этилиши мумкин? Иккинчидан, бу инсоннинг қандай жанжал қилганини билмайман. Лекин унга кредит керак бўлса, банкдан олавермайдими, гапидан ҳам кўриниб турибди-ку қандай мурожаат қилгани…”, деди ҳокимлик мулозими «Элтуз»га берган изоҳида.

«Элтуз» Дилшод Отаевни калтаклагани иддао қилинган ҳоким ёрдамчиси Соҳиб Пардаевдан ҳам изоҳ олишга уринди. Бироқ унинг телефони кун давомида қўнғироқларга жавоб бермади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 январ 2021
«Элтуз» Ўзбекистондаги касалхоналарнинг cочиқ, лунги ва арра муаммоларини бир минутлик «III Ренессанс касалхонасида» фильмида намойиш этади. eltuz.com
5 феврал 2016
Рассом Элсевар бугунги ҳажвий расмини, Ўзбекистонда газ, сув, электр ва бошқа коммунал тўловлардан қарзлар муаммосининг қандай ҳал этилаётганига бағишлади. ...
25 август 2016
Президент фармонида, 2016 йилнинг 1 октябридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ...
8 август 2022
Ўзбекистон ва Марказий Осиëда танилган 44 яшар поп қўшиқчи ва сиëсий фаол Жаҳонгир Отажоновнинг Туркиядаги шахсий машинаси ўғирлаб кетилди. ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...