Асосий мавзулар
27 август 2021

РТдан ваъз: Мустақиллик душманларидан иборат ўлка

Бир кунда мустақил бўлган мамлакат бир секундда олдинги ҳолатига қайтиши мумкин. Буни пуштун миллатчиларидан иборат террорчи тўда – «Толибон» оëғи остига ўзини ташлаган Aфғонистон мисолида кўрдим.

Ўзбекистонда мустақиллик ҳақида энг кўп бақирган ҳоким Барноевнинг мустақиллик душмани Жириновский оëғи остига қўй сўйиб, «Катюша»ни куйлаганини ҳам кўрдим. Яхшиям ковид бор экан, бу мустақиллик душманини бир уриб ерга киритиб юборди.

Аммо Барноев ўлгани билан мустақилликнинг миллионлаб душманлари бор. Улар ҳукумат таркибидаги сон- саноқсиз вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари тўдасидир. Яқинда бир шаллақи хотин вазир ўринбосарининг иккинчи хотиниман, деб йўл қоидасини бемалол бузишга индулгенцияси борлигини писанда қилди.

Бу ҳолат давлатчилик дарз кетгани ва жиддият йўқ бўлганидан далолат. Кўплар назарида Ислом Каримов мустақиллик гарови бўлган. Аслида у киши ҳам феълан ва фикран мустақилликка қарши бўлган эди. 

1990 йили марказий телевидение мухбири билан суҳбатда Ислом Каримов “Бизга мустақиллик керак эмас, биз иккита қоп ичидаги республикамизда ҳолимиз танг бўлади», деган эди.

Марказий телевидение мухбири айни кўрсатув доирасида Муҳаммад Солиҳдан ҳам фикр сўраб¸ «Ўзбек халқи мустақилликка тайëрми?» деган саволни қўяди.

“Қамоқдаги одам озодликка қанча ташна бўлса, биз ҳам шунчалик мустақилликка ташнамиз. Уни бир киши халқ миннатдор бўлиши учун ҳадя қилгани йўқ. Бу мустақилликка халқнинг ўзи эришган», дея жавоб қилган эди  Муҳаммад Солиҳ.

Аммо бу муболағадир. Оз сонли ойдинларгина мустақилликни орзу қилган – миллионлар эса мустақулликни. 

Вазир ўринбосарининг ўйнаши собиқ “зулпиячи“ми?

Ёши катта бир шоирнинг уйида ўтирувдим, эшик қоқилди. Келганлар шаҳардаги бой оталардан бири ва аъëнлари. Битта эси паст ҳам қизи бор экан. Шу қизни Зулфия мукоaотига ўтказиш учун шеър буюртма қилиб келишибди.

3 таси ватан ҳақида. Кейин иккитаси юртбоши ҳақида. Шоир бобой ҳам буларни маҳтал қилмай, шиғирлатиб ëзиб берди. Яна битта рассом ака расм чизиб берди. Ана шундан кейин танловда ҳам рассом, ҳам шоир бўлиб ўтди кетди. 

Умуман, зулфиячилардан шу пайтгтача бир бўқ чиқмаганини тушундим. Ана шундай зулфиячилардан бири каттайиб, тарвақайлаб Истанбулга бориб қолди. Курд ва сурияликларга қўлма-қўл бўлган бу хоним Англияда докторантурада ўқийман деб уйдагиларни алдаб юрди.

Ëлғон ҳаëт тарзига айланган авлод етишди. Бугун Ўзбекистондаги отидан от ҳуркадиган нашрда ишлайдиган журналист қиз 300 минг сўмга битта тирранча бачага мақола ëзиб берганини айтиб қолди. Бу тирранча танловда қатнашар экан. Мақола 5 йил олдин гўрга кирган Каримов ҳақида:

“Бобомиз бизга халқимизнинг минг-минг йиллар давомидаги ушалмас орзуси – мустақиллик аталмиш буюк ҳисни, эркинлик аталмиш тенгсиз туйғуни жанггоҳларда душманлар билан курашиб, лахта-лахта қон тўкиб олиб берди… Ислом Абдуғаниевич Каримов бутун дунё халқлари тотувлиги ҳамда дўст-иноқ яшаши учун курашган ва бунга эришган дунёнинг ягона президенти эди”.

Шу бульшит учун 300 минг тўлаб кўзига суртиб олиб кетибди бу тирранча. Эртага бундан каттароқ тирранчалар танлов ҳаками бўлиб бу бўқни олтин деб кўзига суртишади. Ëлғон худди қор уюми каби катталашиб бораверади. Миллионлаган одам эртадан кечгача бир-бирини алдайдиган истон бу ўзбекистон. Атайлаб кичик ҳарф билан ëздим. Чунки катта ҳарфга арзимайди. 

Менинг мустақиллик декларациям

Яхши ҳаëт кечириш нима? Мен учун бу бир неча мустақилликдан иборат. 

1. Ҳаракат мустақиллиги. Бу мустақиллик машина ва дипломатик паспорт. Машина билан Ўзбекистон ичкарисида диппаспорт билан ташқарида ҳаракатланаман. 

2. Молиявий мустақиллик. Ҳисоблаб кўрсам, Тошкентда ўртача бир ой яшаш (ош-овқат, тўлов, бензин) 820 доллар нари-берисида экан. Ўшандан кўпроқ пул чўнтакда туриши керак ҳар ой. Токи ресторанга борганда менюнинг нарх қисмини эмас, овқат қисмини роҳат билан ўқиш учун.

3. Ташқи таъсирлардан мустақиллик. Масалан, мен терассада қуëш ботишини томоша қилиб ўтирсам, биров олдимга ўтиб манзарани тўсмасин. Мен истамаган одамлар мендан сал узоқ бўлсин. Хавфсиз бўлай. Қулоғим тинч бўлсин.

4. Касалликлардан мустақил бўлсам иложи борича. Ковид, ўлат, сил, СПИД, рак ва бошқа миллион хасталик мендан сал узоқда турсин. Шу камтаргина тарз. Зотан, институтнинг иккинчи курсидан бери маънавий ва фикрий мустақилман. Яхши яшаш яхши. Яхшироқ яшаш ундан-да яхши.

Варрак ҳақида

Шу кунларда Тошкентда мустақилликка атаб минора қуришаëтган экан. Бу ҳолат менга итальян киночисининг суратга олинмаган фильмини эслатди.

1989 йили Шавкат Абдусаломов «Бир шохли» (Единорог) деб аталган фильмига натура излаб Хоразмга келди. Биргалашиб Янгиариқдаги Қалъаи жиқ деган жойга бордик.

Саҳро ўртасидаги бир кичик лой қалъа эди бу.

Афсонага кўра, бу қалъа бир вақтлар улкан шаҳар бўлган¸ аммо аҳолисининг феъли бузилгани боис бирдан кичрайиб қолган. Аҳолининг бу қалъа ичида мажақланиб ўлгани айтилади.

Шавкат ака қалъага олдин итальян киночиси Микеланжело Антониони билан бирга келганини айтиб берди.

Рассом Шавкат ака ҳикояси

Антониони «Варрак» деган кинони суратга олиш учун бу қалъага келувди. Бу филм орзу-ҳавас қурбони бўлган бир мамлакат ҳақида эди.

Сценарийга кўра, қадим бир мамлакат подшоси варрак учиришни ихтиëр қилади. Бу варрак мамлакат улуғворлиги тимсоли бўлиши лозим эди.

Ниҳоят варрак учирилади.

Варрак осмонга ўрлагани сайин ипга ип улашади. Мамлакатдаги барча ип ва арқонлар тугайди.

Газламаларни ва гиламларни ипга айлантиришади. Аммо улар ҳам тугайди. Бутун халқ эгнидаги кийимларини ечиб, ипга айлантиради. Бу ҳам етмайди. Экинзорлардаги буғдой ва арпаларни юлиб олиб эшиб ип қилишади. Оч ва яланғоч мамлакат устида улкан варрак учмоқда. Аммо ип тугайди.

Варрак бир шўнғиб бу мамлакат устига қулайди. Мамлакат аҳолиси ўзлари маҳобат дея осмонга учирган тонна- тонна иплар остида қолиб ҳалок бўлади.

Шавкат Абдусаломовнинг айтишича, бу фильм Хоразмда суратга олинишига ўша пайтдаги совет ҳукумати изн бермаган.

Йиллар давомида эрта тонгдан шомгача ишлаб топган пул уч соатда совуриладиган ўзбек тўйи ўша варрак эмасми?

Ëки хасталари дорига пул топа олмасдан дунëга видо айтаëтган Ўзбекистон давлатининг мустақиллик ¸ «Шарқ тароналари» деб пулни осмонга совурaëтгани варрак ҳикояси эмасми?

Олис юртдаги тўптепарларни миллионларга кира қилаëтган мамлакатнинг Антониони ривоятидаги юртдан фарқи борми?

Бирдан ип тугаб, варрак бошимизга қуласа-чи?

Xудо кўрсатмасин…

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
27 феврал 2021
26 февраль куни тузилажак «Ҳақиқат ва тараққиёт» социал- демократик партияси ташаббускори, иқтисод фанлари доктори Хидирназар Аллақулов уйидан куч ишлатар ...
26 май 2016
Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг 600 миллион долларга яхта сотиб олгани дув-дув гап бўляпти. Баъзан ...
7 июн 2022
Бу кун Англия фуқаролик жамияти томонидан монархия зўравонликларини чеклаш йўлида туб бурилиш ясалган санадир. 1628 йилнинг 7 июнида инглиз ...
14 май 2024
Анорбанк мижози муаммоси ечилди, имтиёздан марҳум оқ олтинлик фермерлар ғазабда, деновда канализация ахлати ариққа оқизилмоқда, ғузорликлар эса ҳокимнинг лой ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...