Асосий мавзулар
16 сентябр 2021

18 ой ўзбек қамоғида ўтирган туркиялик текстилчи “асирга” олиндими?

Ўзбекистонда турк сармояси асосида ишлайдиган тўқимачилик ширкатининг собиқ раҳбари¸ 60 ёшли турк ватандоши Нажат Тайланли “Элтуз” мухбири билан суҳбатда туҳмат оқибатида 18 ой қамоқда ўтиргани ва шу кунларда Ўзбекистондан чиқарилмай, “асир” ҳолатида ушлаб турилганидан шикоят қилди.

Ўзбек расмийлари эса Тайланлининг суд ҳукми билан адолатли жазо олганини таъкидлашмоқда. 

Расмийларнинг “Элтуз”га айтишича, Тайланли суд ажримида белгиланган камомад суммасини тўлаб, бемалол ўз ватанига кетиши мумкин.

Шу кунларда ишсиз ва иш изнисиз Ўзбекистонда ўтирганини айтган Тайланли 560 минг доллар камомадни тўлашга қурби етмаслигидан нолиди:

“Қолган жазони шартли ўтаганимдан сўнг депорт қилинишим керак эди. Лекин буни ҳам қилишмади. Чунки 560 минг доллар камомадни қайтаришим керак эди. Бу маблағни қайтармасам, мамлакатдан чиқарилмаслигимни айтишди ва паспортимни олиб қўйишди. Паспортимни олиш билан бирга, ишга рухсат ва иқомат ҳуқуқини ҳам беришмади. Мен ишламасам, яшаш ҳуқуқидан маҳрум бўлсам, қандай пул топаман, десам, бу сенинг муаммоинг, дейишди”.

2016 йил 27 сентябрдан 2017 йилнинг 3 февралигача Тошкентдаги Serbo Textile нинг расмий раҳбари ва 2017 йилнинг 6 июнидан 2018 йилнинг 24 сентябрига қадар раҳбар ўринбосари лавозимида ишлаган, тергов ҳужжатларига кўра, бир вақтнинг ўзида  BF Textile Production ширкати норасмий раҳбари бўлган Нежат Тайланли жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2020 йил 13 январдаги ҳукмига кўра тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Тайланли Ўзбекистон Жиноят кодексининг  184-моддаси, яъни солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлашда айбли деб топилган эди.

Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин бор

Serbo Textile хусусий ширкатида ëлланма раҳбар бўлиб ишлаган Тайланли ноҳақ қамоқда ўтиргани ва адолатсизлик қурбони бўлганидан шикоят қилиб президент ва  бош вазир қабулхонаси ва Ўзбекистон Бош прокуратурасига шикоят аризаси билан чиқди. 

Жорий йилнинг 17 августида Тошкент вилояти прокурори ўринбосари З.Қораев имзо чеккан расмий жавоб хатида Нежат Тайланлининг шикоятлари асоссиз экани айтилади.

Ҳужжатда Тайланли билдирган эътирозлар ўринсизлиги таъкидланади:

“Сизнинг содир этилган жиноятлардаги айбингиз, гувоҳларнинг кўрсатувлари, кўздан кечириш ва олиб қўйиш баённомалари, судга оид хатшунослик экспертизалари хулосалари, тафтиш далолатномалари, сўзлашувлар стенограммаси, уяли алоқа воситаларининг кириш-чиқиш қўнғироқлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан  тўлиқ тасдиқланган.

Суд томонидан сизнинг ҳаракатларингиз тўғри малакаланган, жазо айбни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда қонун доирасида тайинланган.

Суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун протест келтириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдимнома киритишга асослар аниқланмади”.

Тошкент “асири”нинг президентга айтадиган бир минутлик дарди

Ўзбек қамоғида 18 ой ўтирган туркиялик тадбиркор Нежат Тайланли “Элтуз” мухбири билан суҳбатда бу жавобнинг шунчаки “отписка” эканини айтади:

“Агар менга президент бир минут ажратса, шу бир минут ичида бутун дардимни айтган бўлар эдим. Биринчидан, адолат тикланишини сўрардим. Бу эса менинг ишимни Олий суд қайта кўриб чиқишини тақозо қилади. Иккинчидан, мени бўҳтон билан қамаганларни фош қилувчи ҳужжатлар тўпламини президентга тақдим қилардим. Бу учун бир минут етиб ортади”.

Суҳбатдошга кўра, у  BF Textile фирмасидаги 9 ойлик иш фаолияти давомида ноқонуний олди- сотди ва коррупция ҳолатларига дуч келган.

“Бу, жумладан, маҳсулотларнинг фактурасиз сотилиши, даромаднинг яширилиши, қўш бухгалтерия, тафтишга келган терговчи ва прокурорларга пора бериш шаклида кўринди. Мен бу ҳолатларни қайд қилиб бордим. Фойда, даромад ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш ҳолатларини мониторинг қилдим. Мен бу ҳужжатларни Ўзбекистон олий раҳбариятига беришга тайëрман”, дейди тадбиркор. 

Нима бўлган эди?

Бир қарашда Туркиядан Ўзбекистонга келиб ишлаëтган икки турк ватандоши ўртасидаги низо каби кўринган бу ҳикоя аслида  Ўзбекистондаги тадбиркорлар дуч келаëтган муаммолар муз тоғининг чўққисини эслатади.

Ëлланма раҳбар бўлиб ишлаш чоғида ноқонуний ҳолатларни кузатган Тайланли бу жиноий ҳаракатлар ҳақида ширкат раҳбарига шикоят қилади ва ишдан бўшаш ҳақида ариза беради. 

Тайланлининг “ Элтуз”га билдиришича, у ишдан кетганидан сўнг BF Textile ширкати эгаси  Усмон Бўзқурт компаниядаги ноқонуний фаолият тўғрисида овоза бўлишидан қўрқиб унга таҳдидлар қила бошлаган. 

“Мен ноқонуний фаолият ҳақида прокуратурага билдиришимни айтдим. Шунда Усмон Бўзқурт мени қаматтириб юборишини айтди ва ҳеч бир далилсиз, прокурорга пора бериб, мени ҳибсга олдирди”, дейди Нажат.

2017 йил август ойида Туркия фуқароси Усмон Бўзқуртга тегишли Serbo Textile масъулияти чекланган жамиятида 129 тонна тайёр трикотаж маҳсулот камомади аниқланади. Дастлабки суриштирувларда бу маҳсулотлар талон-торож қилингани маълум бўлади.

Нажатнинг иддао қилишича, тергов давомида Усмон Бўзқурт терговчи ва прокурорларга пора берган.  

Усмон  Бўзқуртдан 47 минг долларни пора сифатида олган Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси катта терговчиси хорижий инвестордан пора олгани учун 15 йилга қамалгани ҳақида маҳаллий матбуот хабар берди.

Аммо бу “янгилик” Туркиядан келиб тўқимачилик саноатида бошқарувчи бўлиб ишлаш асносида қамалган Нежат Тайланли ишига таъсир қилмади.

У маҳкамагача 2019 йилнинг июлидан 6 ой ҳибсда қолди. Уч ой давом этган суд уни 4 йиллик қамоққа ҳукм қилади. 

Тошкент турк тадбиркорлари учун қопқонми?

2017 йил февралида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги бош вазири ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги расмий делегация турк сармоядорларга махсус таклифни шахсан президент Ражапб Тоййиб Эрдўғонга, сўнгра йирик турк ширкатларига тақдим қилган эди. 

Аммо орадан ўтган 4 йил давомида Ўзбекистонга Туркиядан айнан қанча инвестиция киргани,  нечта турк ширкати ëки хусусий тадбиркори бу вақт ичида Ўзбекистонда бизнес бошлагани  расмий маълумотларда очиқланмади.

Ўзбекистон “турк тадбиркорларига қучоқ очган”идан бир йил ўтиб қаҳрамонимиз Нежат Тайланли Туркияда Наманган вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими билан учрашиб, 50 миллион доллар сармоя киритиш режасида бўлган турк тадбиркорларини тамсил қилганини айтади.

“Газлама, дори-дармон ва маиший хизмат соҳасида самарали иш олиб бораëтган тадбиркорлар бошланишига 50 миллион доллар инвестиция киритишини билдирди. Мен уларни ўша пайтда Наманган ҳокими бўлган Хайрулла Бозоров билан таништирдим. Хайрулла Бозоров катта-катта ваъдаларни берди. Аммо менинг қамалганимни эшитган тадбиркорлар Ўзбекистонга келишмади. Ўзбекистон турк тадбиркорлари учун қопқон эканини ҳис қилишди”, дейди суҳбатдош.

Ўтган ойда Туркиядаги “Dalgic Hayvancilik” ширкати раҳбари Аҳмет Далгич (Ahmet Dalgiç) ўзбек тадбиркорларидан алданиб қолганини даъво қилиб, президент Мирзиёевга шикоят билан чиққан эди. Бундай тадбиркорлар ўнлаб топилади. 

Тағин ўқинг
7 август 2020
25 июль куни қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров пневмония билан касалланиши оқибатида қамоқхонада вафот этди, аммо ўлим сабаби аслида ...
10 май 2018
Эрамиздан олдинги VI-V асрларда яшаб ўтган, «Дао Де Цзин» асарини ёзган қадимги хитой файласуфи Лао Цзи сўзлари 9 майни ...
29 июн 2019
Тепада ўтирганлар каптарнинг бутига хат солиб менга жўнатишди. Шу яқин орада 9 та аëл президент тарафидан кечирилиб, қамоқдан чиқарилар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...