РТдан ваъз: Тармоққа айланган қармоқ
Бир пайтлар ўзбек театрлари қайнона-келин ҳақида маҳаллий каллаварам ëзган гўтўйинларни эмас, балки инсоният тафаккури гултожи бўлган Шекспир асарларини саҳналаштирарди. Гамлет, Ромео ва Жулетта, Қирол Лир, Отелло…
“Отелло” асарида хотини Дездемонани рашк қилган қора мавр уни бўғиб ўлдиради. Бу ролни улуғ актёр Аброр Ҳидоятов қойиллатиб ижро қилган. Ўша пайтда бу спектаклни кўриш учун одамлар шу қадар кўп келганидан уларни отлиқ милисалар тартибга солган.
Ҳозир одамлар театр эмас, ютуб кўради. Ютуниб-ютуниб кўради. Ютубда эса Дездемонани бўғаëтган Отеллони эмас, балки солиқчини бўғаëтган ўзбек милиса ходимини кўриш мумкин.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида тўртта барзанги милиса туман солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган 40 ёшли Азиз Аҳмедовни бўғиб ўлдиради.
Ўзбекистон қонунларида одам ўлдириш, хоссатан, бўғиб ўлдириш жиноят ҳисобланади. Милисаларнинг одам ўлдираверганидан безор бўлган президент икки ой олдин қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги янги қарорни ҳам имзолади.
Президент қароридан сўнг Денов, Нишон ва Тахиатошда милиса ходимлари ватандошларни қийнаб ўлдирди. На қонун, на гап кор қиладиган безбет махлуқлар тимсоли милисадир.
Вазир Бобожоновга раҳмим келади. Бечора нима қилсин. Масалан, бир олим одамни мингта жиннига бошлиқ қилиб қўйсангиз, ўша олим нима ҳам қила олади. Ëки мингта одамхўрга битта ўтхўрни ëшулли қилсангиз.
Собиқ СССР республикалари ичида Болтиқбўйи ва Грузия советча ментура тизимидан воз кечди. Бу соҳада Грузияда улуғ ислоҳотчи Михаил Саакашивили ўтказган ислоҳот шоëн таҳсинга сазовор.
Шу маънода Ўзбекистон милициясини ислоҳ қилишнинг битта йўли бор. Милисада ишлаган барча одамларни бир кечада ишдан бўшатиб, махсус қора рўйхатга исмини ëзиб қўйиш керак. Яъни улар ҳеч қачон ИИВ таркибига қайтмаслиги учун.
Ички ишлар органлари давлат бошқарув ҳокимиятининг энг катта органи ҳисобланади. Шунга қарамай, унинг фаолияти мустақиллик эълон қилингандан кейин қисқа муддатда қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмади.
Умуман олганда, қонун қабул қилиниши ҳамиша ижтимоий муносабатлардаги алоҳида муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлади. Ички ишлар органлари ходимлари фаолиятига тегишли бўлган уч асосий муаммо – бу:
- ходимлар томонидан ваколат суиистеъмол қилиниши;
- ходимлар устидан назоратнинг сустлиги;
- ходимларга қарши ишончнинг йўқлиги.
Хўш, қонуннинг устунлик ва камчиликлари нималардан иборат? У юқорида санаб ўтилган асосий муаммоларни ҳал этадими?
Қонун қабул қилинганидан бери ўтган даврда бу қонун талаблари қоғозда қолди.
Масалан, 6-моддада ички ишлар ходимлари конституция ва қонунлар талабларига аниқ риоя этиши ва бажариши шартлиги айтилади. Шу билан бирга, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни хизмат манфаатлари, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ёки юқори турувчи мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф талаблари ва буйруқлари билан оқлаши/рўкач қилиши мумкин эмас, деб белгиланган.
Амалда бунинг тескарисини кўряпмиз.
8-моддада эса қийноқларга солиш, зўравонлик қилиш, бошқа шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситадиган тарзда муомалада бўлиш тақиқланиши белгиланган.
8-модда давомида ички ишлар органи ходими фуқарога мурожаат этганида ўз лавозимини, унвонини, исм-шарифини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши шартлиги айтилган. Ички ишлар ходими мазкур хатти-ҳаракатларни бажаргандан кейингина мурожаат қилишининг сабабини ва мақсадини маълум қилиши шарт.
9-моддада ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда амалга ошириши белгиланган. Бу дегани, шахслар тегишли тартибда ички ишлар органларининг фаолияти ҳақида ҳаққоний ахборот олиш ҳуқуқига эга.
Ваколат чегараси қаергача?
Қонунда юқорида тилга олинган муаммолар келиб чиқиши қисман тан олингандек кўринади. Масалан, 17-модда бошида ички ишлар органлари ҳуқуқлари санаб ўтилишидан олдин “ўз ваколатлари доирасида” деб белгилаб ўтилган. Аммо қонунда бўлинмаларнинг ваколати айнан нимадан иборат экани белгиланмангани учун алоҳида бўлинмаларнинг ваколати айнан қайси хатти-ҳаракатлардан иборат эканини аниқлаш мумкин эмас. Бу эса юқоридаги мисолларда тилга олингани каби ички ишлар ходими томонидан ўз ваколатлари доирасининг асоссиз равишда кенг талқин қилинишига йўл очиб беради.
Милиция ўзбошимчалигини чекловчи жиддий механизм йўқ.
17-моддада тақиқланган ёки чекланган нарсалар “бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлганда”, ички ишлар органлари ватандошларни шахсий кўрикдан ўтказишни, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириши мумкинлиги белгиланган.
Аммо асослар мавжудлиги қандай белгиланади? Талабанинг вилоятлик экани уни шахсий кўрикдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қиладими? Ёки бирон киши соат 23-00 дан кейин кўчада кетаётган бўлса, унинг тақиқланган ёки чекланган буюмлари бор бўлиши мумкин, деб ҳисоблашга асос бўлиши мумкинми?
17-модда ички ишлар ходимларига “зарур бўлган ҳолларда” транспорт воситаларини тўхтатиш ва уни бошқариш ва фойдаланишга тегишли бўлган ҳужжатларни кўздан кечириш ҳуқуқини беради. Яна савол туғилади, ички ишлар ходими бундай ҳолат мавжудлигини қандай белгилайди?
Рус халқ мақолида айтилганидек, тентак мент юзта бандитни боқади.
Олдинроқ мен Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мактуб ëзувдим. Мактубимда Хоразмдаги милисалар ўғри ва жиноятчилар қолиб Муҳаммад Солиҳнинг шеърий китобини ўқиган шоирни ойлаб тергаб ëтгани каби абсурд ҳолатга эътибор қаратгандим.
Жаноби олийларининг адьютантларидан бири менга сигналдан чиқиб, Пўлат Раззоқович бу мактубни ўқигани, аммо айнан шу ҳолатга таъсир ўтказиш имконига эга эмаслигидан афсусланиб ўтирганини шипшитди.
Раҳмат вазирликдаги элсевар мулозимларга. Курмак орасида баъзан гуруч ҳам учрайди.
Тошга ëмғир кор қилурми муттасил ëққан билан,
давлатингиз кам бўлурми бир қиë боққан билан.
Бу генерал Бобожонов туғилиб ўсган юртда айтиладиган қўшиқ мисраси. Аммо олимларнинг айтишича, муттасил ëққан ëмғир тошни илма-тешик қилиши мумкин.
Энг муҳими, частота. Яъни зарбалар мунтазам бўлмоғи лозим. Шу боис, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга яна бир мактуб ëздим.
Пўлат Бобожоновга мактуб
Ҳурматли Пўлат Раззоқович, мен бу мактубни ëзаëтган пайтим ташқарида шариллаб ëмғир ëғмоқда. Мен уй ичида, ер тути мураббоси билан чой ичаëтиб, бу ëмғирни деразадан бемалол кузатиб, милисаларга раҳмим келиб кетди.
Бундай ëмғирдан фақат полиздаги бодринглар севиниши мумкин. Кўчадаги милисалар эса жиққа ҳўл бўлиб азият чекмоқда. Уларнинг кийимлари на ëмғирга ва на иссиққа мослашмаган.
Чунки милисаларнинг катта армиясига либос тикиш Алматов замонидан бери кичик бир тўда тарафидан монополия қилинган. Улар энг арзон материалдан ўта ноқулай кийимлар билан милисаларни кийинтириб, давлатдан катта пул олишмоқда. Тендер, танлов деган нарса йўқ.
Пўлат Раззоқович, вақтингиз бўлса, катта ëшдаги милисалардан сўраб кўринг. Улар 1984 йилда СССР ИИВ буйруғи асосида тикилган униформанинг қулайлиги, ëмғир ва иссиққа чидамли бўлганини меҳр билан эслашади. Шунча йил ўтиб ҳам титилиб кетмаганини кўрсатиш учун ишкопдан олиб термулишади.
Исроил ëки Туркия полициясининг униформасини кўринг, кийишга, ҳаракатланишга қандай қулай. Энг муҳими, иқлим ҳисобга олинган. Арзоннинг шўрваси татимаслигини бугун сўтилиб кетган кийимларида ҳаммага кулгию калака бўлаëтган ўзбек милисаси билади.
Пўлат Раззоқович, Ўзбекистонда милиса деган сўз бекор қилинди. Аммо полиция деб айтишга ҳеч кимнинг тили бормади. Уларни ходим деб айтадиган бўлишди. Ходимнинг луғавий маъноси ҳаммомда одамларнинг орқасини қашлаб чўмилтирадиган чўрига мос келади.
Олдинлари ҳаммомда икки одам ишлаган. Биттаси гўлах бўлган. Яъни ҳаммом ўчоғига ўт ëққан. Яна бири ходим деб аталган. Ҳаммом ичидаги мижозларга хизмат қилган. Уларнинг устига ва тагига сув қуйган.
Пўлат Раззоқович, оддий милиционерларни калака қилиш учун уларни атайлаб ходим деб аташга қарор қилинган, деган гапдан узоқман. Аммо бу ном милиция ходимларини калака қилишнинг йиллардан бери давом этаëтган анъанасининг давоми каби туюлди менга.
Юртдошингиз марҳум Зерип қизиқчининг милисалар ҳақидаги латифасини эшитгандирсиз. Эшитмаган бўлсангиз, ютубда турибди. Латифада айтилишича, бир ота минг доллар бериб ўғлини милисага ишга жойлайди. Ишга олинишидан олдин милиса начальник бу ўғилни кабинетида қабул қилиб, милисада ишлашнинг порадан ташқари яна бир шарти борлигини айтади.
Яъни милисада ишлайдиган одам ë бир кўзини ўйдириши, ëки начальник милиция билан жинсий алоқа қилиши керак. Ўғил бу шартга рози бўлмайди. Отаси эса: “Ўғлим, минг доллар пора бердим сени ишга киритиш учун. Зое бўлмасин. Майли, ўша начальник милиса сенинг кетингга қила қолсин”, дейди.
Синовдан муваффақиятли ўтиб, милиса униформасини кийиб, ксивани қўлга олган йигит милиса начальнигидан сўрайди: “Наҳотки ҳамма милисанинг орқасига жинсий алоқа қилинган?
Албатта, қилинган ҳаммаси. Ëки бир кўзи ўйилган милисани кўрганмисан”, дея саволга савол билан жавоб беради начальник милиса.
Бир қарашда вульгар кўрилган бу латифа ИИВ тизимидаги порахўрлик ва оддий зобитларнинг таҳқирланиши манзарасини аччиқ ҳикоя қилади.
Самарқанд вилоятидаги қишлоқлардан бирида яшайдиган йигит “Қизил китоб”га кирган илон ва қушларни контрабандачиларга сотиб топган пулини порага бериб, милицияга ишга кирганини биламан.
Пўлат Раззоқович, мен милиция ходимларининг ичида адабиëт ва тарихни яхши биладиган закий инсонлар борлигини ҳам биламан. Лекин тарихий сиймоларимизга баҳо бериш милиционернинг вазифаси эмас.
Олдин ҳам ëзганимдек, сиëсий полициячилик Шимолий Корея каби саноқли давлатларда қолиб кетган.
Нью-Йорк полицияси нега Бенжамин Франклин ëки Марк Твенга эҳтиром кўрсатмадинг, дея ватандошларни тергаса кулгига қолади.
Пўлат Раззоқович, сиз ҳали Хоразм вилояти ҳокими бўлиб ишлаган пайтингизда вилоят милицияси бемақсад юрган одамларни ушлаб қамаб, кулгига қолган эди.
Сиздан илтимосим шу – этчи этчилигини, сутчи сутчилигини қилсин. Қўйни қассоб, ўликни ювғичи ювсин. Полиция эса ўғрини ушласин. Қодирий, Соғуний, Миртемир Мирабдуллаев каби юрт ойдинларига эҳтиром кўрсатишни тақиқлаган “ақли ошиб-тошиб кетган” Шайхонтоҳур милиса начальниги ўз вазифасини бажарсин.
Бир жоҳил одам милиса начальниги курсисига ўтирган заҳоти ақлли бўлиб қолмайди. Юртдошингиз Паҳлавон Маҳмуд айтган мисрани эслатсам сизга мактуб охирида.
Кўчадаги хасни шамол учириб осмонга олиб чиқса ҳам у хас бўлиб қолаверади.
Хас хасликча қолур гар уни
бўрон олиб чиқса ҳамки самога қадар.
Сизга ҳурмат-эҳтиром билан рассом Туз.
Исмигулнинг изтироблари
Ўзбекистонда милиса мўр-малахдан ҳам кўп. Аммо Ўзбекистон фақат милисалардан иборат эмас. Ўғри ва чўпчакчи имомбердилар ëнма-ëн расмга тушишади. Тентак мулозимлар ҳам сассиқ кўрпадаги бит каби урчиган. Ўзим кал, кўнглим нозик, деганидек, бу мулозимлар бахмал иштон ва қиммат соатларга ружу қўйган. Мана бу матнни Мирсаид деган кўзи ўткир блогер ëзибди:
“Ташқи ишлар вазиримиз Абдулазиз Комиловнинг муборак қўлларидаги соат Rolex компаниясининг Cosmograph Daytona соатига ўхшаб кетяпти. Агар шундай бўлса, айни шу моделдаги 18 каратли олтин соатнинг нархи ўртача 36 500 АҚШ доллари атрофида туради.
Яқинда 74 ёшни қарши оладиган Абдулазиз Комилов илк марта 1994 йили ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган. Масалан, ўша пайтда Қамашида туғилиб, ҳозир Москвада кўча тозалаётган йигит 27 ёшга тўлган. Бизнинг фахримиз А.Комилов эса яна узоқ йўлларни босиб ўтиб, ҳозир ҳам тақдир тақозоси билан ташқи ишлар вазири бўлиб ишламоқда.
Абдулазиз Комилов собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон раҳбари бўлган Шароф Рашидовнинг куёви саналади. Фарзанди Дониёр Комилов жуда омадли тадбиркорлардан. Масалан, у яқинда отаси бир пайтлар ишлаган МХХнинг собиқ биносини бор-йўғи 210 миллиард сўмга сотиб олган”.
Илгари радиода “Қармоқ” деган эшиттириш бўларди. Ўғри мулозимларни фош қиларди. Ҳозир эса тармоқ бор. Илгари¸ яъни 30 йилча олдин ФМ радиоларда «Исмигул» деган қўшиқ айланарди. Ҳозир эса тармоқда Исмигул исмли ватандошнинг изтиробларини ўқиймиз. Ўзбекистон байроғининг террорчи «Толибон» байроғи билан бирга ҳилпиллаши Исмигулнинг юрагини ларзага солибди.
“БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 9 декабрдаги 54/109 резолюцияси билан қабул қилинган Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро конвенция олдидаги мажбурият, ҳисобот нима бўлади энди бағига….?!
Зеро, БМТ 2003 йилда «Толибон» ҳаракатини расман “террористик ташкилот» деб тан олган, ҳозир ҳам бу рўйхат ўз кучида!
Ўзбекистон эса 1992 йилда БМТга расман аъзо бўлган.
Маълумингизким, аъзо давлатлар халқаро муносабатларнинг асосий тамойиллари акс этган, БМТнинг халқаро шартномалардан иборат бўлган низомида баён этилган мажбуриятларни қабул этади ва бунга амал қилиш мажбуриятини олади.
Терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро конвенцияда эса ҳар қандай важ-карсон билан (хайрия, гуманитар ёрдам ёхуд бошқа кўринишдаги ҳар қандай молиявий кўмак) террористик ташкилотларга ёрдам бериш ёки бошқа сабаблар билан ҳамкорлик қилиш халқаро жиноят таркибини келтириб чиқариши ва бу хатти-ҳаракатларни содир этган давлатларга санкциялар қўлланилиши ва бу ҳаракатда иштирок этган шахсларнинг ҳуқуқий жавобгарлик масаласи ҳам кўндаланг қўйилишини аниқ ва тиниқ келтириб кўрсатиб қўйибди…
Бизнинг Ўзбекистон байроғи эса БМТнинг қора рўйхатида террористик ташкилот ўлароқ тақиқланган «Толибон» байроғи билан ёнма-ён ҳилпираяпти, бирор сўз топа олмаяпман бу ақлга сиғмас ишларга, наузибиллаҳ…..
Зеро, сиёсатда ҳеч қачон дўстлик бўлмайди, бўлмаган ҳам, фақат муайян манфаатлар юзасидан вақтинчалик ҳамкорликлар бўлади… Гегемон маккор ўйинчилар давлатимиз қўли орқали «Толибон» билан алоқа қиляпти, лекин ўзлари ҳатто «Толибон»ни террористик ташкилот рўйхатидан ҳам чиқаришмади…
Қисқаси, эртага Русия ҳам, бошқаси ҳам биз учун туриб бермайди, аксинча, бурчакка тиқиб, бундай қалтис вазиятдан ўз манфаатларини олади ортиғи билан…
Путин қўш манфаатга эга бўлиш принципида қатъий ҳар доим.
Нимаям дердик, поезд рельсдан чиқди, бошга тушганини кўз кўради энди, биз нимаям қила олардикки, ТИВ тагида олов ёнаётган қилкўприк устига чиқиб, қўлида керосин билан ўта қалтис қадамлар билан чопиб боряпти, оқибати хайрли бўлсин, дейишдан бошқа чорамиз йўқ…”.
Эҳ, Исмигул, Исмигул. Ўғлон шошар – тут вақтида пишар. Наполеонга нисбат бериладиган бир гап бор. Бир мамлакатни найза билан забт қилиш мумкин. Аммо бу найзанинг устида ўтириб бўлмайди. Найза кўтига кириб кетади. «Толибон» дея аталган соқолтой террорчиларнинг орасида ола чиққани ҳам найзанинг учида давлат қуриб бўлмаслиги исботидир.
Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек,
Диана маъбадин ёқмоқ шарт эмас.
Кўпларнинг бахтига ўзликни жамлаб,
Шу улуғ бинога бир ғишт қўйсак бас.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Рассом Туз