Кадрлар – ҳар ишга қодирлар
Кеча юраëтиб, оëғим остида сарғайган барглар ғижирлаганини эшитиб, куз келганини англадим. Яқиндагина оëғим остида қорлар ғичирлаëтган эди. Кейин Стокгольм осмони кўм-кўк бўлиб, қушлар саси эшитилганда, кўклам келганини сезиб юрагим орзиққанди.
Алп тоғларига тирмашганимда эса елкамдан чиққан тер менга ватанимдаги Қорақум иссиғини эслатди. Оëғим остида барглар ғижирлар экан, ëзга алвидо айтарак, юрагимни ҳузун қоплайди. Ҳузунки – адоқсиз, ҳузунки – ҳадсиз.
Ëз тўқсони тугаб, қиш тўқсони бошланмоқда. Қорақум саҳросидан ëдгор эски дўстим Мақсуд Бекжон бу ҳисларни мендан кўра аниқроқ ифодалади.
ФАСЛЛАРГА ҚАРШИ
(Кузакда ёзилган шеьр)
Мен фаслга алданмайман, дўстгинам, етар,
Айт, биз учун нима ўзи фасл дегани?
Фасл деган қушча бир зум келар-да, кетар,
Биз қоламиз мангуликнинг ғамин егани.
Фасл кўзни алдагувчи сароб ё рўё,
Умидларни кўкартирар, сўнг айлар хазон.
У қалблардан минг хил шакл ясайди гўё,
Қалб— қалб эмас, бир парча лой—зарра, чанг, тўзон.
Фаслларнинг этагидан тутиб чарчайсан,
Тентирайсан лўли бола каби саргардон.
Ҳозир кўклам сувларига юзинг гар чайсанг,
Лаҳза ўтмай, куз дамидан жунжикади жон.
Биз севамиз ёримизнинг саратонини,
Қонимизни жўштиради унинг кўклами.
Бироқ кўрмоқ истамаймиз сўлғин онини,
Сипқорганда ёз ойининг сўнгги ҳўпламин.
Зотан, барча фаслларнинг охири тупроқ.
Расмда Қарши шаҳри маркази акс этган. Ҳокимликнинг Ўзбекистон байроғи осилган биноси олдида ИИБ ходимлари ҳайдовчини калтакламоқда. Жавод деган ходим қўлидаги тўқмоқ билан айлантириб соляпти.
Яна бир полвон миршаб эса ҳайдовчини кўтариб ерга урди. Ҳайдовчининг елкаси ерга тегди. Аммо бу спорт мусобақаси эмас. Бу Бобожонов миршабларининг чорасизлиги ва тизимнинг чиригани мисолидир.
Ҳайдовчилар ИИБ ходимига бўйсунмагани уларни ўласи қилиб уриш ҳуқуқини бермайди. Бугун Пўлат Раззоқовичга яна бир мактуб ëзаман. Ўзи Пўлат оғага мактуб ëзаваериб, қўлим ҳам қавариб кетди.
Мактуб мана бу сўзлар билан бошланади: “Пўлат Раззоқович, мен бу мактубни ëзаëтган пайтда ишга пора билан кирган ходимларингиз Ўзбекистон байроғи остида Ўзбекистон ватандошини калтакламоқда…”.
Хуллас, у ёғини биласиз…
Аҳли суфа
Бундан ўн йилларча олдин Андижоннинг “Чўнтаги”да бир супа одам билан 3 соатча ўтириб қолдим (ош едик). Тахминан 12 та одам. Мен ўн учинчи. Биттаси ўз назарида кулгили гап айтса, ҳамма кулади.
Биттаси ўз назарида ақлли ривоят айтса, ҳамма “ана, машаллоҳ”, деб маъқуллайди. Абсолют коллективизм эди. Индивидуализм сургунга кетгани аниқ.
Бугун тармоқни кузатиб, худди шу супани эсладим. Фақат супада 12 киши эмас, балки миллионлар. Ҳамма “Алишер президентликка қодир”, деган расм ҳақида бир хил танқидий фикр билдирмоқда.
Ҳамманинг назарида, бир тўйдан минг оладиган Муниса хунук. Ҳамманинг назарида, “опа ролни қойил ўйнамоқда”. Бир хил куладиган, бир хил йиғлайдиган ва бир хилда орқаси кўл бўладиган оломон.
Фактчекинг (фактни текшириб шубҳаланиш), турли фикр¸ айбсизлик презумпцияси ва оригиналликдан асар ҳам йўқ. “Ур ўғрини” десанг, девордан кесак қўпориб югурадиган бозор оломони.
Аслида 34 миллионнинг тепасидаги бу биожониворлар тўдаси ҳукмрон истаган ëзувни ëзадиган оппоқ қоғоздир, холос. Гапни супа ҳақида бошловдим.
Супадаги бир амаки латифа дея бир гап айтди: “Палончи мужоҳид қўрбоши доим бир ëнида севимли баччасини, бир ëнида эса Юсуфжон қизиқни олиб юраркан. Бир куни йўлдаги отелми ëки мотелми деган меҳмонхонада учаласи бир кўрпа тагида ëтишибди.
Четда қўрбоши, ўртада бачча, ўнгда эса Юсуфжон қизиқ. Кечаси Юсуфжон қизиқ қўрбошининг баччасини итариб қўйибди. Бир пасдан кейин қўрбоши уйғониб қараса, баччанинг орқаси ҳўл экан.
Юсуфжон қизиқ эса қўлига туфлаб, орқасига суртиб тўнқайиб ëтволибди. Қўрбоши бўлса: “Не тўлка менинг севимли баччамни, балки қизиқчимни ҳам итариб кетишибди-я”, дермуш.”
Шу жойига келганда ҳамма кулди. Мен эса бу латифага нега кулиш кераклигини билмадим. Йиғлайдиган нарсага куладиган халқ ким, деб сўрамай, ойнага қаранг.
Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилғанмен
Чўлпон бу мисраларни 1924 йилнинг 14 августи куни Ўш шаҳрида ëзди. Шоир советлар ағдар- тўнтар қилган ўлка ҳақида қайғириб: “Тиканли боқчалар чечак кўргуси, Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси…”, дея орзу қилади. Нақадар равон ва айни пайтда нақадар дардли сатрлар.
Бугун миллат дардини гапиришдан ор қиладиган қадимчилар урчиган¸ террорчи толиблар уларни жаноби олийлари дейдиган мамлакат раҳбари севгилисига айланган ва Туркистонни қонга ботирган рус аскарлари қабрини ўзбек манқуртлари тавоф қилаëтган пайтда Чўлпон сатрлари қалбимга малҳам бўлади:
Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилғанмен,
Улфат диёрига маскан қурғанмен.
Юзимни ўт эмас, гулга бурғанмен,
Самовий завқларға тўлиб турғанмен,
Булбуллар севгини мақтаған дамда!
Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшағуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.
Тилинган тилларга қон югурғуси,
Бўшалған инларга жонлар киргуси,
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси,
Жандалар танимга теккан кунларда!..
Ўш, 1924 йил, 14 август.
Ўқимаган ўзига ўзи душман бўлади
Ўзимизга душман бўлишни бизга рус мактабларида сингдиришган.
Совет мактабида ўқиганимда тарих дарсларида русларнинг Усмонли империяси билан урушларини ўқитган муаллимларимиз бизга: “Турклар душман, руслар эса бизнинг ўзимиз”, деб уқтиришган.
Аслида бизни босиб олган русларнинг ўзи бизга асл душман эди.
1985 йилда тошкентлик таниқли санъатшунос аëл Урганчга келди. Ўзбеклардан чиққан бу мутахассис аëл ўзбек тилининг туркий тил эканини билмас экан. “Бўлиши мумкин эмас, қандай қилиб қаëқдаги турклар билан тилимиз бир бўлади”, деди бу олима опамиз.
Яхшиям китоб токчамда “Совет энциклопедияси” бор эди. Очиб кўрсатдим. “Ўзбек тили туркий тиллар оиласига киради, деб аниқ-равшан ëзиб қўйилган эди. “Да, неужели”, деди ҳафсаласи пир бўлган олима.
Бу олима Илья Репиннинг “Казаклар турк султонига мактуб ëзмоқда” деган асарини мақтаб ëстиқдай китоб ëзган эди.
Мустақилликдан кейин Тошкентдаги “Демир” емакхонасида овқат еб ўтирган турк ишчиларига ҳасад билан қараган чўнтаги бўш тошкентлик ëш йигитчанинг кўзларидаги нафрат илдизи аслида рус мактабида сув ичган эди.
1999 йили Тошкентдаги журналистик йиғинлардан бирида ўзи ўзбек бўла туриб, ўзбекча билмайдиган ва рус тилидан бошқа забони йўқ “журналист” амаки Ўзбекистон иқтисоди ҳақида ваъз қила туриб: “Ўзбекистонни босган турк ахлатини Германия инвестиция ëмғири яқинда ювиб ташлайди”, деб башорат қилган эди.
Турклардан ҳазар қиладиган бу манқурт немисларнинг кетини ўпишга тайëр эди.
Бундайларни кейин кўп кўрдим. Берлинни мен билан зиëрат қилган тошкентлик “культурний” ўзбек хонимларидан бири: “Как немцы терпят этих грязных турков”, дея савол берган эди. Бу хоним ич-ичидан: “Кошки немислар бу туркларни ўчоқлар қуриб ëқиб юборса”, деб орзу қилса ҳайрон қолмайман.
Мана бу изоҳ эса ютубдаги лавҳа остига қолдирилган. Россияда яшашини писанда қилган муаллиф ўзига “Антитурк” дея лақаб қўйибди.
«Антитурк» изоҳи
муаллиф: антитурк қаердан: русия 11.07.2014 01:02
Йўқ қилиш керак бу ифлос халқни, булар Американинг чизиғидан чиқишмайди, турклар Ўзбекистонга оёқ қўйдими, демак Америка Ўзбекистонга яқинлашди, дегани. Америка яқинлашса… Худо кўрсатмасин, Ироқ, Афғонистон, Ливия, Суриянинг куни бошимизга тушишидан. Булар бузғунчи халқ, қаерга борса, ҳаром-ҳариш иш қилишади, фақат тилида “Аллоҳ, Аллоҳ”, дейишади-ю, нияти бузуқ инсонлар!!!!
Бу изоҳни изоҳлаб ўтирмайман.
Ҳар ҳолда бу изоҳни ëзган одам мияси рус совет мафкураси билан заҳарлангани аниқ.
Заҳарли тиканлардан қутулишнинг йўли уларни ëқиб юбориш, деган эди турк улусини якқалам қилган Навоий.
Илоҳи! Тикан иши санчилмоқ учун ани куйдурмак муносибдур…
Бугун ваъз ичи шеърлар билан тўла бўлди. Сорри. Кайфият ана шунақа бўлгани учун мана шунақа шиғир айтгиси келди одамнинг.
Ваъз нима ўзи? Ҳар ҳолда кайфият кўзгуси эмас. Тарихчилар дунëни турлича талқин қилади. Аммо ҳамма гап дунëни яхши тарафга қараб ўзгартиришдадир.
Азиз дўстим, синглим, опам, онажон ва отахонлар. Оға ва инилар. Кимки мени эшитаëтган бўлса, бефарқ бўлманг. Яхши яшаш учун эгилиш ëки патинка ўпиш жоизмас. Қўрқувни енгган одамгина озод бўлади. Фақат озод одамгина шод ва мукаррам бўлади.
Биргина жаллод қандай қилиб минг кишини ўлдирди
Бугунги олигарх Ортиқхўжаевлар режими милтиқ борлиги учун эмас, балки қўрқув эвазига яшаб турибди.
Токи биз қўрқар эканмиз, бу режим яшайверади. Бизни қамайди, қийнайди, ўлдиради, бор будимизни тортиб олиб, айш-ишрат суради…
Бир пайтлар бир мўғул аскари мингта хоразмликни қатор қилиб қўйиб, аста-секин калласини кесган.
Тушгача 50 та, тушдан кейин 50 та.
Ўн кунда мингта одамни калладан жудо қилган.
Мўғул аскари битта бўлган, унинг қиличи ҳам битта.
Атроф қум, фақат мингта асир ва битта жаллод.
Улар мўғул аскари устига шунчаки ташланганда ҳам бу аскарнинг абжағи чиқар эди.
Йўқ, асирлар мўлтираб қараб туришган, қачон сўйилиш навбати менга келар экан деб.
Қўрқув карахт қилган минг кишининг шуурини.
Улар биз кўпчиликмиз, жаллод эса битта, деган фалсафани тушунмагани учун ҳам қўй каби сўйилдилар.
Тарих улуғ мураббий, биз эса нўноқ шогирдлармиз…
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!
Eltuz.com