Асосий мавзулар
19 октябр 2021

Судланувчилар кийимидаги қон доғлари марҳумларники экани очиқланди

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида 18 октябрь куни Миришкор тумани Чандир қишлоғида содир бўлган қотиллик жинояти юзасидан суд давом этди. 

Навбатдаги суд мажлисида судланувчи томон гувоҳлари, шунингдек, суд тиббиёт экспертизаси вакили тингланган.   

Қотиллик бир йил бурун, 2020 йилнинг 4 октябрида содир бўлган. Уч нафар судланувчи шу қишлоқда яшовчи қариндошлари 62 ёшли Асқар Ҳазратов ва унинг хотини Ўғилхон Айматовани ўлдирганликда гумон қилиниб, жорий йил 8 майда ҳибсга олинган эди. 

“Элтуз”нинг судда иштирок этаётган манбаларига кўра, суд тиббиёт экспертизаси вакили учала судланувчининг кийимларидан топилган қон доғлари марҳумга тегишли эканини тасдиқлаган.

Судланувчи томоннинг судда иштирок этаётган гувоҳлари айбланаётган ҳамқишлоқлари қассоблик билан шуғулланиб келишлари, уларнинг эгниларидаги қон доғлари эски ва сўйилган ҳайвонларга тегишли эканини билдиришган.

“Элтуз” илгари хабар берганидек, асосий даъвогар, марҳумнинг кичик ўғли Иброҳим Пайғамбарқулов ота-онасини ўлдирганликда куёви Панжи Наврўзов ва унинг икки қариндошини айбламоқда.

Пайғамбарқуловнинг 4 октябрь куни гувоҳлик берган хотини Шалола Жўраева қотиллик содир бўлган куни юзига рўмол ўраган Панжи Наврўзов унинг икки яшар ўғлини ерга босиб ураётганини кўргани, кейин эса уни ҳам уриб ҳушидан кетказганини иддао қилган эди.

Суд танаффуси пайтида “Элтуз” бир неча гувоҳ билан телефонда боғланишга муваффақ бўлди. Хусусан, 18 октябр куни судга гувоҳлик берган фермер Замон Ҳакимовнинг сўзларига кўра, Панжи Наврўзовнинг калишидан топилган қон доғлари у шу куни овқат пишириш учун сўйган хўрозникидир.

Ҳакимовнинг билдиришича, воқеа содир бўлган куни Панжи Наврўзов товуқ шўрвани олиб касал кўргани қўшниси Баҳодир Қаршиевникига борган. Судда гувоҳлик берган Баҳодир Қаршиев “Элтуз”га берган интервьюсидан чиндан ҳам Наврўзовнинг уникига касал ўғлини кўришга келганини тасдиқлади.

Судда гувоҳлик берганларнинг яна бири, Миришкор туманидаги хусусий чойхона эгаси айбланувчилардан бири Алимардон Наврўзов шу куни унинг чойхонасида овқатланганини маълум қилди.

“Элтуз” суҳбатлашган маҳаллий ҳуқуқ фаоли Шукурулло Парпиевга кўра, суд тиббиёт экспертизаси хулосаси сохталаштирилган ёки тергов жараёнида марҳумнинг қони судланувчиларнинг кийимларига атай суртиб қўйилган бўлиши мумкин.  

“Элтуз” айни иддаолар ва гувоҳликларнинг экспертиза хулосаларига зид келаётгани юзасидан кун давомида Қашқадарё вилояти суд тиббиёт экспертизаси идорасига қўнғироқ қилди, лекин идора ходимлари билан боғланишнинг иложи бўлмади. 

18 октябрь куни соат 14 дан ўтиб бошланган суд кечки 17.30 гача давом этди. “Элтуз” Чандир қишлоғида содир бўлган қотилликка оид суд жараёнини кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 март 2016
Ўзбекистон баҳсли бўлиб турган Чаласарт ҳудудига ҳарбий техника ва аскар киритгани муносабати билан Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчиси маслаҳатлашувлар учун Бишкекка ...
21 август 2024
Россияда ўрмонлар ёнмоқда, Таиландда сигирни зўрламоқчи бўлган ўрис эркак қамалди. Андижонда эса Ўзбекистон кулини кўкка совурган араб босқинчисининг мақбараси ...
18 октябр 2019
Жамоатчилик фикри. Нима у? Катта холангнинг елим кавушими? Тоғанг деворига осиб қўйган пилта милтиқми? Нима ўзи у?Инглизча қисқагина «Public ...
23 декабр 2023
21 декабрь куни Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг 32 йиллик тарихида илк бор рус элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...