ART-DURBIN
15 ноябр 2021

20 йиллик «сафар»: Шуҳрат Бобожон юртга қайтди

Тошкент ва Хоразмга саëҳатим ва кўргазма ҳақида ўзим ҳикоя қилсам. Турк ота сўзида айтилганидек, «ўксиз ўз киндигини ўзи кесади». Қолаверса, 1994 йилдан бери журналистлик касбини қилган одам сифатида ҳам ўзим ҳақимда ўзим гапиришга ҳақ қозондим, деб ўйлайман.

Хуллас, 2021 йилнинг ëз кунларидан бирида ишдан узоқ муддатли таътил олиб, онам ва укаларим билан денгиз сохилида дам олаëтган пайтимда Ўзбекистонга бориш ҳақида таклиф тушди. Менинг ижодимни севган ўзбекистонлик сарват соҳибларининг бу таклифини 16 йилдан бери яхши таниган олим дўстим саслантирди.

Қариндош, маслакдош ва дўст-ëронлар билан маслаҳатлашсам, Ўзбекистонга боришимни олқишлашди. Таклифга розилик беришим ва паспортга виза ëпиштирилиши орасидаги бир ойча вақт 20 йил Ўзбекистонда “запрет”да бўлган каминани ҳамма ҳам орзиқиб кутмаëтганини билдиради.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасининг Сарварбек исмли хушмуомала ходими илтифот билан паспортимга виза ëпиштириб берди. Прагадан Истанбулга, Истанбулдан эса Тошкентга учдим.

Ярим кечаси учоқ Тошкентга қўнди. Трап олдида турган одам «Бобожонов» деб чақирди. Трап ëнидаги автомобилга таклиф қилиндим. Милисанинг қамоқ машинаси бундай ҳашаматли бўлмаслигини ўйлаб таскин топдим. Аэропортнинг ВИП залида мени тадбиркор дўстларим, кўргазма ташкилотчилари кутиб туришар эди.

Европадан олиб келганим 11 та санъат асари багаждан чиққунига қадар бу дўстлар билан дасттурхон атрофида суҳбатлашдик. Ташқарида эса мени «Ҳамар» галереяси ходими Ширин Тошева, укам Ғайрат ва жияним Ҳумоюн дохил ўнлаб яқинлар кутиб турарди. Қисқа учрашувдан кейин Олой бозори яқинидаги меҳмонхонага жойлашдим.

Эртасига эрталаб Тошкентдаги қариндошим уйида мени кутиб турган онам ва сингилларим билан учрашдим. 20 йил ўтиб сингилларим билан нонушта қилдим. Кейин мен тушган машина шаҳар марказидаги “Ҳамар” галереясига қараб йўл олди.

Машина ойнасидан тийрамоҳ сарғайтирган шаҳарни томоша қилиб кетдим.

Ёшлик зангор фасл, кечди, сарғарди,

Тўкилди у. Шафқат билмас баргрезон.

Қора совуқларга отиб юборди,

Шамоллар пойида синмоқда хазон.

Ёшлик зангор фасл. Кечди. Сарғарди.

(Рауф Парфи)

«Ҳамар» галереяси жойлашган кўргазмалар залини 1978 йилдан бери биламан. Ҳар бир тоши таниш. Шундай бўлса ҳам кираверишдаги тошга қоқилиб кетдим. Оëқдан чаладиган чақиртошлар ҳануз бор, деган мужда эди бу.

Кўргазма очилишида менинг расссом бўлишимга сабаб бўлган устозларим Янис Салпинкиди, Вячеслав Охуновга миннатдорлик билдирдим. Кўргазма ўзига хос муҳташам санъат байрамига айланди…

Рассом Салвадор Дали ижодкор камбағал ва хокисор бўлганидан кўра бадавлат ва мағрур бўлгани маъқул, деган эди. Мен бу кўргазма орқали рассом дўстларим кўнглини кўтариб, рассомлик шарафли маслак экани ҳақидаги мужда тагини чиздим. Париж ва Лондондаги кўргазма залларидаги зиëфат супрасидан кам бўлмаган дастурхон тузадик.

Шу ўринда кўргазма ҳақида гапирсам.

Кўргазма номи – «Гиламларда акс этган уруш» (War in carpet).

Кўргазма слогани – «Дунëдаги долзарб воқеалар фақат ОАВда эмас, балки тасвирий санъат асарларида ҳам ўз аксини топади». Кўргазмада 1983 йилдан то 2021 йилгача яратган асарларим намойиш қилинади. Бу асарларда дунëда юз берган воқеаларга (11 сентябрь фожеаси каби) ишоратлар бор.

Кўргазма концепцияси: Тош даврида яшаган энг биринчи рассом ғор деворларига ўзи кўрган воқеаларни чизиб қўйган. Бу расмларда қўлида қурол билан ов қилаëтган одамлар акс этган. Кейинчалик миниатюра, керамика ва тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан, гиламларда ҳам қуролли одамлар тасвирлари пайдо бўлди.

Камондан ўқ отаëтган ва қилич ушлаганлар тасвири бу асарлар бош мавзуси эди. Замон ривожланиб, модерн қуроллар пайдо бўлди ва бу қуроллар ҳам тасвирий санаъат ва халқ ижоди намуналарида акс этди.  19-асрда Хоразмнинг Каттабоғ қишлоғида яратилган керамик товоқларда порохли милтиқлар тасвири бор эди.

Бу каби тасвирлар Бухоро миниатюра асарларида ҳам учрайди.  Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Афғонистонда бошланган уруш даврида бу ўлкада яшайдиган туркманлар ўзлари тўқиган гиламларда «Калашников» автомати, вертолёт ва ракеталарни акс эттиришди.

Уруш гиламлари номини олган бу асарлар Ғарбда war rug (ингл. — «уруш гилами») дея кўргазмаларда намойиш қилинди. Бу гиламларнинг Ғарб ва АҚШда машҳур бўлишига америкалик санъатшунос ва коллекционер Кевин Судейт катта ҳисса қўшди. 1993 йили австриялик турколог олима Ингаборг Балдауф билан учрашганимда, Афғонистондаги уруш гиламлари, дея номланган санъат туридан хабар топдим. 

1980 йилдан бошлаб Афғонистонга мунтазам сафар қилиб афғон ўзбеклари ҳақида тадқиқот олиб борган доктор Балдауф коллекциясидаги гиламлар мени илҳомлантирди.  Рассом ўз рангтасвир асарлари ва коллажларида уруш ишоратларини истеҳзоли тарзда ишлата бошлади. Бу асарлар 1993 йилдан 1999 йилгача Германияда – Эрланген, Саарбруккен ва Берлиндаги кўргазмаларда намойиш қилинди.

2000 йили Тошкентдаги Есенин музейидаги кўргазмада танк ва милтиқлар суратини янги давр орнаменти ўлароқ тамсил қилгандим. 2003 йили Германиянинг Вермер шаҳрида “Правда востока” инсталяцияси ҳам уруш мавзусида эди.  Дунëда оловли нуқталарда бораëтган қуролли тўқнашувларни ОАВ ва интернет орқали кузатамиз.  Айни пайтда бу воқеалар ҳақида рассомлар ҳам мушоҳада қилади.  

Масалан, британиялик рассом Бэнкси асарлари замонавий воқеалик мундарижасига асосланган.  Машҳур афоризм бор: қурол гапирганда, музалар индамайди. Уруш ўз  замбараклари билан рассомларни ўлдиради. 

Талантли  ўзбек рассоми Бахром Ҳамдамий 1941 йили урушда ўлган эди. Уруш яшаëтган рассомлар билан қаторида келажакда  рассом бўлиши мумкин бўлган болаларни ҳам ўлдиради. Айни пайтда урушлар рассом ва ижодкорлар учун илҳом манбаи бўлиб қолади. Ҳақиқий санъат ва адабиёт урушни англаш натижасида пайдо бўлади.

Агар Лев Толстой Қрим урушида қатнашмаганида, нафақат «Севастополь ҳикоялари», балки «Уруш ва тинчлик» ҳам ёзилмаган бўларди.  Биринчи жаҳон урушидан кейин Ғарбда «йўқолган авлод» адабиёти пайдо бўлди (Э. Хемингуэй, Э. М. Ремарк, Р. Алдингтон).

Россиядаги фуқаролар урушини кўрган 1920 йиллар рус ёзувчилари давр манзалари акс этган ажойиб асарлар ëзишди. Шу маънода ер куррасида бўлаëтган зиддиятларни ўз асарларида акс эттиришимда ҳикмат борлигини билдим.

Кўргазма очилганидан 3 кун ўтиб Хоразмга йўл олдим. Урганч аэропортида мени қариндош ва таниш-билишлар муҳташам кутиб олишди.

Хоразм тарафдан эсди шамоллар,

Елканлар елкамга қўйдилар қўлин.

Хоразм тарафга кетди бетизгин,

Менинг соғинчларим бир кема бўлиб.

(Қудрат Бобожон)

Айнан Хоразмда ўзимни она бағридаги фарзанд каби азиз сездим. Отам Ражаббой Бобожон, бувим ва тоғаларим қабрини зиëрат қилдим. Етти ота-бувам ëтган Шаҳобиддин хўжа қабристони худди тарих китоби каби менга қадимий шажара ва сулолам ҳақида билги берди.

Қадим аробаларнинг излари қолган йўллардан юриб Хивани кездим. Юз йилча олдин Хоразмга Файзулла Хўжаев келганида Сафо Муғанний унга пешвоз чиқиб қўшиқ куйлаган эди.

Хўжа ўғли Файзулла,

Юртимизнинг оқсоқоли,

Хўш келдингиз Хоразмга.

Хоразмдир узоқ округ,

Борай десак темир йўл йўқ….

Кейин Урганчдан учган учоқ мени Тошкентга элтди. Тошкент қум ва чанг тўзон ичида қолган ва метеорологлар бундай ҳодиса кейинги юз йилда илк марта бўлаëтганини айтишди.

Нозим Ҳикмат ëзгани каби:

Ҳаво қўрғошиндай оғир!…

Бақир

Бақир

Бақир

бақиряпман…

Чопинг қўрғошинни

бир-бир,

Эритмоққа

Чақиряпман…

У айтади менга:

эй сен,

Ўз овозингдан ёнасан,

Кул бўласан

Карам каби,

Ёниб

Ёниб

Ёниб

Ёниб…

«Дард кўп, ҳамдард йўқ»

Юракларнинг қулоғи кар,

Ҳаво қўрғошиндай ботар…

Мен айтаман унга, хўп мен,

Кул бўлайин Карам каби,

Ёниб ёниб ёниб ёниб…

Мен ёнмасам,

Сен енмасанг,

Биз ёнмасак…

Қандай ичар қаро тунлар,

Ойдинликдан қониб, қониб?!…

Ҳаво тупроқдай қориндор,

Ҳаво қўрғошиндай оғир…

Бақир, бақир, бақир, бақиряпман,

Чопинг, қўрғошинни мумдай

Эритмоққа

Чақиряпман…

Нозим Ҳикматнинг бу шеъри илк бор 1930 йилда «Овозини йўқотган шаҳар» китобидан ўрин олган эди. Тошкентда кузак сўнг кунларини яшамоқда. Куз шунчаки фасл номи. Фасллар ўртасидаги бир муваққат кўприк. Мавсумдан мавсумга ўтиш йўлидаги адаптация йўлаги деймизми.

Табиатдаги қум-тўзонга қарамай, сиëсат об-ҳавосида очиқлик кўрдим. Учоқ ичида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан суҳбатлашиб кетдим. Суҳбат асносида мамлакатда ўзгаришлар тарафдори бўлган арбоблар етишиб чиқаëтгани ҳақида умид уйғонди.

Мен тушган учоқ Праганинг Васлав Ҳавел номидаги аэропортига қўнди. Бу шаҳарга 2001 йилнинг совуқ декабрида илк бора келган эдим. Ҳали эгнимда Хоразмда сотиб олганим кийимлар бор эди. Ҳали мен Урганч вақти билан яшашда давом этаëтган эдим.

Прага мен учун навбатдаги темир йўл турори эди. Ўзбекистондан келтирган кийимларим солинган жомадонни Прагада ўғирлаб кетишганида ҳам мени жомадон кайфияти тарк қилмаган эди. Мен худди рейси кечиккани учун қўналғада кутишга маҳкум учоқ йўлчиси каби ҳис қилар эдим ўзимни. Ўзбекистондан кийиб келганим жўроплар йиртилиб адо бўлиб¸ кийимлар ўғри урган жомадонга қўшилиб бадар кетар экан, мен ҳам аста-секин Прага сокинига айланиб сокинлашдим.

Бу шаҳарга келиб мамлакатини соғинган бир менми? Масалан 1958 йил баҳорида бу шаҳарда мен севган шоир Нозим Ҳикмат ўзининг «Мамлакатим» шеърини ëзган эди:

Мамлакатим¸ мамлакатим…

Сен энди фақат сочларимнинг оқида,

юрагимдаги инфарктларда,

пешонамдаги чизиқлардагина қолдинг.

Мамлакатим, мамлакатим…

Шуҳрат Бобожон,

журналист ва рассом

Тағин ўқинг
11 декабр 2018
Ўзбекистонда дори-дармон савдоси энг даромадли соҳалар қаторида қолаётган бир пайтда давлатга қарашли “Дори-дармон” акциядорлик компанияси қарз ботқоғига ботиб бормоқда. ...
11 октябр 2016
Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йилда қурилган, ўтган йилги ëнғин натижасида яроқсиз ҳолга келган «Жўрабек» масжиди «Марҳум Юртбошининг кенжа ...
3 июл 2020
Ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилишми? Ўзбекистон пахта секторини хусусийлаштириш жараёнидаги хатарлар Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий ...
26 ноябр 2020
Блогер Нозим Сафари: «АОКА «Газета.ўз»га ҳам коронавирус бўйича маълумотлар таққосланган мақолалар учун огоҳлантириш жўнатибти. АОКА асл қиёфасини намоён эта ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...