UzPoster
17 ноябр 2021

Иноятов кетди, қолган чекистлар-чи?

15 ноябрь куни 76 ёшли Рустам Иноятов ҳукуматдаги лавозимидан бўшатилди. МХХнинг (ҳозирги ДХХ) собиқ раиси Иноятов Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб келаётган эди.  

Эндиликда унинг ўрнига Бахтиёр Исломов тайинланди. Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда Иноятовнинг нимага ишдан олингани айтилмаган. Иноятов бу лавозимга МХХ раислигидан бўшатилганидан бир неча ой ўтиб – 2018 йилнинг августида тайинланган эди.

СССР даврида собиқ КГБ зобити бўлган Иноятов Ўзбекистондаги энг қудратли бу махфий идорага мустақилликдан сўнг – 1995 йилдан то 2018 йилга қадар қарийб 23 йил раислик қилган эди.

Иноятов ишлаган, аввал номи НКВД, кейин КГБ, МХХ, 2018 йилга келиб ДХХ – Давлат хавфсизлик хизмати дея ўзгартирилган идора раҳбарлари даврлар ўтиши билан тез-тез алмашганига қарамай, бу идоранинг моҳияти бугунгача ўзгармаган, ҳанузгача бу идора махфий ва қудратли тузилма ҳисобланади.

Айни пайтда Иноятов ўзбекларнинг совет разведкачисининг ватанпарвар, ҳалол ва пок инсон бўлиши ҳақидаги тасаввурларини мутлақо ўзгартирган шахс ҳамдир. Иноятовнинг МХХдаги истеъфоси ортидан, президент Мирзиёев таъбири билан айтганда, тузилманинг “ғўдайган” порахўр чекистлари бирин-кетин кетаркан, Ўзбекистоннинг сўнгги тарихида бу идора  коррупцияга ва бегуноҳ инсонлар қонига энг чуқур ботган тизим экани яққол кўринди.

Лекин Ўзбекистондаги кадрлар алмашинуви Иноятов тақдирига деярли таъсир кўрсатмади, у юқорида айтганимиздек, президентнинг ҳуқуқ ва назорат бўйича маслаҳатчиси лавозимида фаолиятини давом эттирди.

Рустам Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарёда туғилган. Отаси Расул Иноятов КГБ полковниги бўлган.

Афғонистон нисбатан тинч, иқтисоди анча барқарор ва «Толибон» сингари диний гуруҳлар томонидан ҳали ишғол қилинмаган 1976 йилдан то 1981 йилга қадар КГБ контрразведкаси зобити бўлган Иноятов дипломатик ниқоб остида Афғонистон элчихонасида ишлаган.

Эътибор беринг, 80-йиллар бошида Афғонистон раҳбари Аминнинг ағдарилиши ва 1982 йилнинг ноябрига келиб совет қўшинларининг киритилиши мамлакат сиёсати ва иқтисодини ҳалокат ёқасига келтирган эди. Иноятовнинг бу талотўплардаги иштироки ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Аммо очиқ манбаларда ёзилишича 1981 йилга келиб Иноятов КГБ зобити ўлароқ Ўзбекистонда қайтади. Мустақилликдан кейин, 1995 йилнинг 27 июнида МХХ раислигига тайинланади.

Бундан илгари – 1991 йилнинг 2 ноябрида Вазирлар Маҳкамаси (ВМ) қарори билан Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати(МХХ)га айлантирилган эди.

Қизиғи шундаки, мазкур қудратли идоранинг бир қўлга топширилишини англатувчи низом ҳақидаги фармонни ҳам, ВМнинг низомни тасдиқловчи қарорини ҳам битта одам – Ислом Каримов имзолаган эди.

Шунингдек, ўша пайтда президент Ислом Каримов бир вақтнинг ўзида ВМ раиси ҳам эди. Бир вақтнинг ўзида иккита алоҳида ҳокимият органи устидан ҳукмронлик тизгинини қўлга киритган Каримов арқонни узунроқ ташлаш ва чуқурроқ илдиз отишни кўзлаган эди.

Иноятов айни Каримов қўли остидаги МХХга раислик қилган даврда Ўзбекистондаги демократик мухолифат йўқ қилинди. Айниқса, 1992 йилги талабалар намойишининг бостирилиши ва 1999 йилги Тошкент портлашлари ортидан мухолифат вакилларига таъқиблар бошланди. Минглаб диний ва дунёвий мухолифат вакиллари қамоқларга ташланди.  

Бу таъқиблар 2005 йилнинг май ойида Андижонда рўй берган қўзғолоннинг қонли бостирилиши ортидан янада кучайди. Айни қирғин боис ўзбек генерали, МХХ раиси Иноятов номи Европа Иттифоқи қора рўйхатига киритилди.

Норасмий манбаларга кўра, Андижонда 2005 йилнинг 13 майида намойишга чиққан  мингдан зиёд одам БТРдан отилган ўқлар ёмғири остида ҳалок бўлишган. Ўзбекистон Европа Кенгаши санкциялари остида қолган. Иноятов Европа ҳудудида исталмаган шахслардан бирига айланган.

Айни қора рўйхатга ўша пайтдаги ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби 8 нафар ўзбек расмийси киритилган эди.

Аммо халқаро журналистлар томонидан кейинги очилган айрим фактлар бу исталмаган шахснинг Европада ҳам, дунёнинг бошқа ҳудудларида ҳам қўли узун бўлганини кўрсатди. Улар Иноятовни йирик миқдорда коррупцияда ҳам айблаб чиқишди. 

«Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations) журналистлари 2018 йили Иноятов бизнес салтанатининг Австрия, Россия ва Бирлашган Араб Амирликлари бўйлаб ёйилгани ҳақида тадқиқотлар сериясини тақдим қилишган эди.

2018 йилнинг февралида «Элтуз» «Очиқ манба тадқиқотлари» (Open Source Investigations) журналистларидан иқтибос келтириб, Иноятовлар оиласининг Дубайдаги қурилишларга 12 миллион доллар сарфлагани ҳақида хабар берган эди.

Журналистлар суриштирувига кўра, Иноятовларга тегишли Венадаги 2,5 миллион евро турадиган Benif Handels қасри бор-йўғи бунга улар келтирган оддий мисолдир.

Жумладан, «Очиқ манба тадқиқотлари» журналистларига кўра, Рустам Иноятов оиласи Россиянинг Тула вилоятида 80 млн. долларлик паррандачилик мажмуасига эгалик қилади. Улар, шунингдек, ўша ҳудуддаги бир қатор йирик лойиҳалар, жумладан, $20 миллионлик омихта ем комбинатига ҳам сармоя ётқизишган.

«Рустам Иноятов ортиқ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари ҳисобланмайди. Бироқ унинг кенг миқёсдаги иттифоқчилари тармоғи ва сўнгги 23 йил давомида қурган бизнес империяси деярли тегилмасдан турибди», дея ёзган эди Open Source Investigations журналистлари 2018 йилнинг февралида.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
13 декабр 2021
Ниҳоят, маънавий руҳий бўшлиқда эканмиз, рационал фикр эгалари томонидан эътироф этила бошлангач, кўпчилик ўз ҳолатини тушиниб олса керак. Адабиёт ...
10 феврал 2021
АҚШнинг навбатдаги 46-президенти ҳам яна ўша қароргоҳ – Оқ уйга кўчиб ўтди. Ўзбекистонда эса президентнинг учта қароргоҳи бор – Оқсарой, ...
19 ноябр 2018
Шотландиянинг The Herald газетаси Ўзбекистоннинг йирик компаниялари устидан ўз назоратини ўрнатаётган сирли фирма ҳақидаги навбатдаги суриштирувини эълон қилди. «Элтуз» ...
24 апрел 2017
Сўнгги икки ҳафта давомида ўзбек телевидениесининг бош хабар дастурлари «Давр» ва «Ахборот»да сезиларли ўзгаришни кузатиш мумкин. Телекўрсатувларда гарчи, янги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...