Асосий мавзулар
1 декабр 2021

Ўзбек пахта саноатини ўзгартирган Умида Ниëзова Тошкентда!

Таниқли ҳуқуқ фаоли Умида Ниëзова раҳбарлигидаги Cotton Campaign коалицияси делегацияси 1 декабрь куни Ўзбекистонга келди. Улар бир ҳафта мобайнида Ўзбекистон расмийлари ва тўқимачилик саноати, кластер вакиллари ҳамда фермерлар билан учрашади.

13 йиллик мажбурий ҳижратдан сўнг Ўзбекистонга келган Умида Ниëзова «Элтуз» мухбири билан қисқа суҳбатда бу ташриф пировардида мамлакат пахта саноатини тубдан ўзгартириб, мажбурий меҳнатга барҳам берган 10 йиллик фаолиятининг самараси бўлганини айтди:

«Биз 10 йил давомида Ўзбекистондаги пахта етиштириш жараёни бўйича жиддий мониторинглар ўтказдик. Бу мониторинглар асосида Ўзбекистон пахта етиштириш тизимидаги мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати акс этган 10 та ҳисоботни жамоатчиликка тақдим қилдик. Биз бу ишни бошлаганимизда Ўзбекистон пахта далаларида камида бир миллион бола мактабдан қолиб пахта терарди.

Буни ўзгартириш учун ҳукуматга молиявий босим зарур эди. Бизнинг талабимиз ортидан дунëдаги 300 дан зиëд етакчи ширкат ўзбек пахтасини бойкот қилди. Бу жиддий зарба ва ҳукумат учун бош оғриғи эди. Ислом Каримов ўлиб, Шавкат Мирзиëев иқтидорга келганидан кейин бу соҳада силжиш бошланди.

Мулозимлар биз билан мулоқотга киришди. 2017 йилда президент Шавкат Мирзиëев БМТда гапирганида пахта мажбурий меҳнати мавжудлигини дангал тан олди. Босқичма-босқич давлат қишлоқ хўжалигидаги тизимли мажбурий меҳнатни йўқ қилишга тушди. 2021 йилга келиб мажбурий меҳнат барҳам топди. Бу бизнинг ишимиз самараси, дея Тошкентдан туриб айтаëтганимдан ғурурланаман».

«Элтуз» билан суҳбатда Умида Ниëзова Cotton Campaign коалициясининг келажакдаги режасига ҳам тўхталди:

«Ўзбекистон пахта саноати бугун мажбурий меҳнатдан холи бўлди. Айни пайтда бу саноат ишчилари ҳуқуқлари халқаро даражада ҳимоя қилинмоқда, дея олмаймиз. Шу боис, яқин келажакда Ўзбекистон ҳукумати, пахта бизнеси вакиллари ва мустақил касаба уюшмалари бир даврада ўтириб, қишлоқ хўжалигининг келажакдаги эҳтимолий хатарларини бартараф қилиш йўлларини излаши лозим. Cotton Campaign шу масалани ўзбек расмийлари билан муҳокама қилади.

Умида Ниëзова 13 йил ўтиб Ўзбекистонга илк бор қадам қўйди. У 2008 йили Ўзбекистонни тарк этган эди.

Ниёзова 2006 йилнинг декабрида Тошкент аэропортида, бир ой сўнгра ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесишда айбланиб, икки бор қўлга олинган.

Таркибида диний экстремизм ғоялари бўлган материалларни ноқонуний олиб ўтиш ҳамда жамият тинчлигига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланган фаол тўрт ой қамоқда сақланган. 2007 йилнинг май ойида Сергели тумани суди уни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган, бироқ кўп ўтмай Тошкент шаҳри суди ҳукмни шартли жазога ўзгартирган.

Ниёзованинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти 1998 йилда таниқли мухолифатчи шоир Рауф Парфи билан учрашувидан кейин бошланган эди.

Умида Ниёзова Рауф Парфи аъзо бўлган инсон ҳуқуқлари ташкилотида ишлай бошлаган ва 1999 йил февраль портлашлари ортидан юзага келган қувғин ва босимлар, қийноқлар ва адолатсизликларга гувоҳ бўлган эди.

У сўнгра Варшавадаги инсон ҳуқуқлари мактабида таълим олиб, Женева, Москва ва Белградда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимини бойитган.

Умида Ниёзова Москвадаги учрашувлари чоғида Совет Иттифоқида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган Людмила Алексеева, Сергей Ковалёв ва бошқа машҳур фаоллар билан учрашган ва улардан олган таассуроти ортидан инсон ҳуқуқлари фаолиятига янада жиддий киришган.

Ниёзова хоним «Интерньюс», Экстремал журналистика маркази, «Фридом ҳаус», Халқаро инқироз гуруҳи, «Ҳьюман райтс уотч» инсон ҳуқуқлари ташкилотларида фаолият юритган.

Унинг тадқиқотлари жумласига пахта саноатидаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, Ўзбекистондаги диний экстремизм хавфининг нақадар реаллиги, қийноқлар ҳамда аёлларга босим мавзулари киради.

Умида Ниёзова Берлинда тузилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми асосчиларидан бири. Форумга Германия парламенти вакиласи доктор Диана Куринг ҳам аъзодир.

Умида Ниëзова «Ҳьюман райтс уотч» инсон ҳуқуқлари ташкилоти мукофоти совриндоридир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 ноябр 2021
“Элтуз”га келган мактублардан бирида 26 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокими ўтказган йиғилишда пахта теримига икки ҳафталик сафарбарлик эълон қилингани, ...
27 март 2017
Фарғона вилоятида шоқоллар тўдаси уч кун ичида 22 та қўйни бўғизлагани ортидан маҳаллий ҳукумат 20 мартдан бошлаб уларни йўқ ...
4 май 2016
Eltuz.com маҳаллий қўшиқчи ва санъаткорларни турли чегаралардан чиқмасликка даъват қилиб келаётган ўзбек мулозимлари ҳажв этилган рассом Тузнинг янги карикатурасини ...
16 январ 2023
Ҳали расман тасдиқланмаган xабарга кўра 15 январдан 16 январга ўтар кечаси ишдан олинган собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...