Асосий мавзулар
13 май 2022

РТдан ваъз: Душман байроғи тикилган ўлка

“Лайлак келди – ëз бўлди, қаноти қоғоз бўлди”. Нега лайлакнинг қаноти қоғоз бўлганлигини олдин ҳам тушунмагандим, хозир ҳам тушунмайман. Ҳар холда буни ëзган шоир “ëз”га қофия излаб, “қоғоз” деб қўя қолган. Бугун сиз билан гаплашадиганимиз мавзуга мана бу видео сабаб бўлди.  Урганч шаҳрининг Авесто маҳалласида яшовчи Бобожонов Юсупбай жорий йилнинг биринчи майидан бошлаб ўз уйи томига Совет иттифоқининг қизил байроғини осиб қўйди. Қўшнилар милиса чақиришганида келган ИИВ ходими ҳеч қандай чора кўрмади. Ўзбекистоннинг алоҳида олинган вилоятида Совет ҳукуматини ўрнатишга уринишни ИИВ қўллаб қувватлайдими?

Матчон Суқилиш: Бухоро ҳокими Барноев ўлганидан кейин «катюша» айтиш беҳосият бўп қолувди. Лекин шу кунларда ҳамма «катюша» айтди. Ҳатто олий суд раиси ҳам авж пардада айтибди. Шу «катюша» айтадиган хофизларга лицензия берган мадвазир Озодбек Назарбеков дўпписини ерга олиб қўйиб, кал бошига шаппатлаб ўйланса бўлмайдими?

Рвссом Туз: Ўйлашга мия керакку. Озодбекда мия нима қилсин. «Анжан полкаси»га ўйнатганига халқ чидамайди, деб ëзди кимдир. Мазза қилиб ўйнашди. Мана уч кундан бери  «катюша» ўйнаб ëтишибди анжан дўппи кийган чоллар. Доктор Абдурахим Пўлатов «Қорамол» деб шуларни атаган эди.  Мактаблардаги ўқитувчилар роса тиришди ўрисқул тадбир ўтказишга. Кеча «ойлигим ўтмади» деб кўзидан сийган ўқитувчилар бугун ўрисни қўллаб тадбир ўтказиб ётибди.

МС: Минг лаънат бу ўқитувчиларга. Умрингиз қашшоқ, сочингиз супурги ва қўлингиз косов бўлиб ўтади. Чунки сизда ватан тушунчаси йўқ. Бошлуқ нима деса, шуни қиладиган таъвия ҳашаротлар сурувисиз. Баттар бўлинг!

РТ: Халқ таълими вазирлиги қаёққа қараб турибди? Бизнинг мактабларимиз Ўзбекистон фуқароларини эмас, Путинга садоқатли қулларни етиштириш корхонасига айландими?

9 май куни Тошкентдаги советқул путинпарастлар ҳеч кимдан сўрамасдан намойиш ўтказди. Намойишда совет тимсоллари ва Совет Ўзбекистони қизил байроғи кўтарилди. Ким уларга бу журъатни берди?

МС: Энди бу тарих. Ота боволаримиз отасини ўлдирган сталинга энасини беришга тайëр эди. Хозир хожи она, хожи ота бўлиб юрганлар ëшлигида Ленин бобом деб шеър айтган. Улар хозирам Сталин ва Ленинни отасидан ҳам яхши кўради.  Катюша айтишни яхши кўради.

РТ: Матчонбой улар нимани ëмон кўради?

МС: Улар мустақилликни, эркинлик ва озодликни ëмон кўради. Энди Туз оға сиздан бошқа йўқми бу масалада қайғурадиган?

РТ: Бор матчонбой мана тармоқ фаоли Abdukhalik Abdurazakov нима ëзибди?

«Пўлат оға Бобожонов! Юрт эгасиз қолдими? Босқинчилар (Путиннинг босқинчилик сиёсатини ошкора қўллаётганлар) қизил байроқ кўтариб, мустақил Ўзбекистоннинг конституциявий бирлигига очиқ-ошкора даҳл қилмоқда. Қонун ижросини назорат қиладиган Республика Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Конституциявий суд бу воқеага жавоб бериши шарт. “

МС: Шимолий Кореяда ҳам сталинни яхши кўришади, худди бизнинг раҳбарлар Путинни севгани каби.

РТ: Бу расм 2022 йил  9 май куни Олмаотада олинди. Ўрисқуллар жаллод Сталин ва Берия расмини кўтариб олишган. Ўрислар Туркистонни тўла босиб олишдан аввал, Олмаота (Верний) шаҳрида пистирма қуришган. Хивага ўрисларни еталаб борган пилигримлар ҳам қозоқ эди.

Мана бу расм 2022 йилнинг 9 майида мамлакат бошкенти Тошкентда олинган. Ўрисқуллар душман байроғини кўтариб туришибди. На ДХХ, на ИИВ ғиринг дея олмайди. Чунки давлат сотқинлар қўлига ўтиб бўлган. Эй, шарафсиз раҳбарлар. Ҳеш ақробингиз 50 минг пора олса кечирамиз. Лекин давлатни сотманг! Жадид отамиз Файзулла Хўжадан омонат бу давлат.

Смута

Смута деган сўз бор русчада. Бу тахминан тубанлик даври деган мазмунни беради. Масалан, сенинг уйингга кимдир кириб олиб, сени хўрласа. Байроғингни ерга отиб, ўз байроғини тикса шундай тубанлик даври бўлади. Мана 6 йилдирки Россияга ошкора вассаллик деган иснод ва уятли даврда яшаяпмиз. Икки тирмизак ва уларнинг эрларидан иборат хонадон кўтига тахт сваркалаган Путин бу иши эвазига мамлакат раҳбариятидан раъият, шукрона ва таслимият олмоқда.

Олти йил бурун Россиянинг орқа боғчасига қайтадан айлантирилган Ўзбекистоннинг советпараст раҳбарлари «Ғалаба байрами»ни нишонлаш учун Чўлпону, Фитратларни отиб ўлдирган қизил аскарларни улуғлашга  роса тиришишди.

МС: Ўзбекистондаги советқул раҳбарларнинг жони Путин режимининг ичида. Путин режими қулаган соатда буларнинг куни битади. «Катюша» айтганларни рўйхатга олиб боринглар.

РТ: Биттаси тройной ҳожиона Юлдуз Усмонова, – Ўзбекистон халқ артисти, собиқ депутат ҳуқуқшунослик номзоди. У ота-боларимизни қирган қизил армия кийимини кийиб расмларга тушди.

Мустақиллик ҳақида томоғини йиртиб куйлаган бу аëл Каримов ўлиб, мамлакатда «руспарастлик» мода бўлиши билан дарров қизил армия жаллодлари кийимини кийиб, ўзининг босқинчи ўрислар тарафида эканини намойиш қилди.

Уят, иснод, номус, ватанпарварлик ëки қизил армия аскарлари қириб ташлаган ота-боболаримиз хотирасининг ҳурмати йўқми!

Қўқон мухториятини ағдарган, Фарғона водийсида гўдакларни қиличдан ўтазган шу қизил армия эдику.

Хурматли ўртоқ генерал Бобожонов, Бош прокурор Йўлдошев. Эслатиб қўйсам, Ўзбекистон Республикасида қонун билан тасдиқланган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳия бор.

Совет байроғи, СССР тимсоллари ва «катюша» қўшиғи қаердан чиқди? Сиз буйруқни Москвадан оласизми ëки Тошкентданми?

Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади. Лекин дунёда бирорта рамз ёки тимсол давлатни, миллатни жаҳонга Давлат байроғидек танита олмайди.

Бинобарин, миллий давлатчилигимиз тарихининг барча даврларида давлат рамзлари, хусусан, байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган.

Ўз вақтида Россиядан ўлпон олиб Москванинг кулини кўкка совурган ўзбек Тўхтамишхон  давлат рамзларига жиддий эътибор қаратганини биласизми? Жанг майдонида бир аскар омон қолса ҳам, Ватани байроғини баланд тутишига фармон берганидан билса бўлади.  Тўхтамиш, Шайбоний, Жалолиддин, АмирТемур, Бобур каби оталаримиз ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, улар  барпо этган улуғ салтанатни эса сиз сиғиниб, байроғини ўпаëттанингиз – босқинчи Россия хор зор қилди.

Муҳтарам раҳбарлар, балки сизга Соҳибқирон Темур тузугидан дарс берсам қулоғингизга кирар.

Темур тузуги

Темур замонида душман байроғини тикиш сотқинлик саналган. Миллат учун  байроқни паст тутиш ёки черикнинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Бунга соҳибқирон алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган.

МС: Бу тарих – ё рост, ë ëлғон. У вақтда видео ëки кино бўлмаса. Маддоҳ тарихчилар ëшуллиларни мақтаб ëзишини биламизку?

РТ: Тўғри Матчонбой, тарихнинг ҳуқуқий мажбурияти йўқ. Аммо қонунчи?  «Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир», деб белгилаб қўйилган.

Олти йилдан бери ўзбек раҳбарияти суяниб турган ва янги ўзбекистон муҳтарамларининг нажот қалъаси бўлган Россия кун сайин моховистонга айланмоқда. Литва парламенти – Сейм бугун Россияни «террорчи давлат» деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Совет рамзларини тақиқлаган ўнлаб мамлакатлардан бири Литвадир.

МС: Нега ўрислар Украинада ëш гўдак ва хомиладор аëлларни зўрлашмоқда. Биз кўрган киноларда ўрис солдати нуқул яхшилик қиларди. Ҳатто, Махарашивили деган совет солдати Германиядаги узум новдасини танк билан босиб ўтишни истамайди.

РТ: Матчонбой, ëлғон бу кинолар. Полшалик ҳайкалтарош Ежи Богдан Шумчик (Jerzy Bohdan Szumczyk) Cовет қизил аскарининг иккинчи жаҳон уруши даврида ҳомиладор аëлни зўрлагани акс этган ҳайкал яратди. «Комм Фрау» («Кел хотин») деб номланган асарда совет аскари ва ҳомиладор аёл тасвирланган. Дубулғасида юлдузи бўлган жангчи уни тўппонча билан қўрқитмоқда ва шу билан бирга унинг сочларидан чангаллаб турибди. Шу тариқа бу шарафли рассом Европани фашист босқинчиларидан озод қилиш пайтида Совет аскарларининг аёлларга нисбатан тизимли зўравонлигини эслашга қарор қилди.

МС: Яхшиям, рассомлар бор. Бўлмаса, бу пийл ҳақиқатни билмай, ширин ëлғон афюнига маст ҳолда ўлиб, тупроққа кирарди. Ўзбекистон паспортига ëзилган арабча фуқаро сўзини ўзбекча қилиб ëзилишини талаб қиламан. Менимча, йўқсул ëки қашшоқ сўзи маъқул. Бомж бу ўрисча сўз. Битч инглизча. Туз оға сиз қайси сўзларни севмайсиз?

Рассом Туз севмайдиган сўзлар:

1. Хўжайин – қулсифат хотинлар ва салим ўғрини севадиган хезимлар ишлатади;

2. Фуқаро – Паспортга ëзилган бу сўзнинг маъноси ўтакетган қашшоқ ва камбағал дегани. Ҳақорат бу;

3. Мотивация – лохларни пулини шилиш учун айтиладиган гипноз сўзи;

4. Шукрона куни – Туғилган кунни харом деб билган аммо жуда ҳам нишонлагиси келган риëкор соқолтой ва ҳижоб ўраган экс сатанглар ўйлаб топган гап;

5. Ўғирладим рози бўлинг – Одатда туғма овсар бўлгани боис икки жумлани келиштириб ëза олмайдиганларнинг биров ëзган матнни кўчириб, ўз саҳифасига қўйганида ўзини овутиш учун такрорлайдиган мантра. Ўғирлик бу ўғирликдир. Уни оқлаб бўлмайди.

Рассом Туз саҳифаси қаерда?

МС: Баъзилар Рассом Туз саҳифаси кўринмай қолганидан ажабланишибди.. Сизга ëқмаган одамларни пашша ўлдиргандай қириб ташадингизми?

РТ: Ажабланишга лузум йўқ. Демак, блок қилинган. Демак, қаердадир Путинга сиғинган. Демак, қаердадир Ўзбекистон мустақиллигига шак келтирган, қаердадир диний фанатизмни тарғиб қилган. Қоидалар Чингиз армиясидаги «Яса» каби қатъий. Ким душман тарафига севги кўзи билан қараса, у кўз ўйилади. Ким душманга ëрдам қўлини узатса, у қўл чопилади. Ким давлат ва миллатни Россиядаги чўлтоқ супургига алмаштирса, ундай тавиядан воз кечилади. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Аммо, баъзан робот опалар билмай блок қилиб қўйган бўлса, уни тўғирлаймиз. 1994 йил Хоразмнинг Соримой деган жойидаги телевишка ортида кўзойнакли америкалик математик Эрик билан гаплашувдим. Эрикнинг бир гапи йиллар давомида энг тўғри эканига кечган йилларда амин бўлдим. Бу аср ва келажак асрда энг қимматли нарса – информация. Элтуздан блок бўлганлар ўша энг қиммат нарсадан маҳрум бўлади.

Мустақилликми ёки тонировка?

Ўзбекистон Россия таркибига губерня бўлиб киришга розилик берсангиз, тонировка текин бўлади дейишса, неча фоиз ўзбек рози бўлади? – Ушбу риторик саволга салкам 12 соат ичида 2528 киши жавоб берди. Улардан 44 фоизи 90% , 16 фоизи 50% ва 40 фоизи 20% ўзбек рози бўлади, деган фикрда экан. Умумий хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда жамиятимиз учун мустақилликдан ҳам тонировка муҳим.

МС: Бошқа янгиликлар йўқми? Позитив, одамга ҳуш ëқадиғон, нафис. Нафосату, назокатли. Спорти оз, ишваси кўп янгиликлар.

РТ: Ўзбекистонда 1 июндан ҳар бир ташкилот ўз ходимлари учун йилига бир марта маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиб бериши керак бўлади. Бу менга совет даврини эсга солди. Совет Ўзбекистонида ҳар бир ишчи Ленинградга бориб Эрмитажни кўриши жоиз эди.

Ленинградда эрталаб гостинца олдида ўзбек меҳнаткашларни устига эрмитаж деб ëзилган автобус кутиб турарди. Анжан дўппию, марғилон дўппи кийган қоринбой тоғалар узун қисқа бўлиб кўкалдошлар ҳақида аския айтиб, автобусга чиқарди. Ўрис шўпр микрофонни олиб «эрмитажга оборайми ëки ҳар дойим ўзбек туристлар борадиган  автозапчасть магазинигами» деб сўрарди. Ҳамма «магазинга» дерди. Битта кўзойнак кийган шляпали тарих муаллими «Эрмитажга борақолайлик, Рембрандтни кўрмоқчи эдим» дейди тортинибгина. Оломон бу маллимнинг устига ëпирилиб, мушт ўқталиб «овозингни ўчир пирапсор.» дейишарди. Бечара тоға мулзам бўлиб, бошини икки оëғининг ичига кўмиб, бу оломон сазойисидан қўрқиб рози бўларди.

Маршрутни бузган шўпр иван учун дўппи айлантириларди. Яъни бир марғилонлик ака кал бошининг сассиғи уриб қоган дўпписини ичига бир сўм солиб ўртага қўйворарди. Ҳамма дўппига бир сўмдан ташарди. Бечара «прапессор» ҳам.

Хожакалар ва уларнинг ҳеш ақробалари мендан ҳозир «Эрмитаж нима? Рембранд нима?» деб сўраши аниқ. Демак, Эрмитаж бу рус қироличаси Екатерина асос солган дунëдаги энг бой музейлардан бири. Рембрандт эса ҳар бир асари 20 миллион доллар турадиган  Голланд рассоми. Яна ҳам аниқ айтсам Эрмитажда Рембранд асарларининг бой коллекцияси бор. Масалан, «Даная» деган бўлиққина аëлнинг қип яланғоч бўлиб, тўшакда ноз билан ëтгани суврати бор. Роса кўришлик. Даная рахмалли Ребрандтнинг завжаий ҳалоли эди.

Бечара ўзбек маллимни Рембранд асарларини кўришдан маҳрум қилган жохил оломоннинг неваралари бугун Питер кўчаларини супуриб ҳар бир ўрисдан дашном эшитиб юрибди…

Ўтлаб кетдим. Мавзуга қайтсам. Олтиариқда мактаб директори аши мактабдаги тарих маллимини Самарқанддаги амирнинг гўрини кўришга юборади ва ҳаражатининг бир қисмини қоплайди. Аммо бу маллим амирнинг гўри ўрнига ипподромга бориб, бир талай эмчак халта обкеб, Бешариқдаги бозорчи хожакага бериб соттиради. Э амирингнинг гўрига с… дейди маллим.

МС: Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилоти тарафдори ушланибди. Туз оға хизбутлар ëмонми?

РТ: Агар Ўзбекистонда «толибонлашув» тенденциясига чек қўйилмаса, мамлакат худди Афғонистон каби мангу таназзул ичига киради. Одамлар учоқ қанотига осилиб қочадиган моховландга айланади. Мамлакатда худди рак касали каби икки хавфли ўсимта бор. Биттаси ўриспарастлик бўлса, яна бири диний муттасиблик. Бу икки йўлнинг «борса келмас» эканлигини интуитив тарзда тушунган аксар халқ грин кард ўйнаб, Америкага талпинади. Бор сарватини сотиб бўлса ҳам, либерал қадриятлар ҳоким бўлган Европа Шенген визасини олишга тиришади. Мен одамларнинг тилидаги эмас, дилидаги истагини ўқиб туриб, бу гапларни ëзяпман. Ўрисқуллик ва диний фанатизм бу миллатни ўлдирадиган захар заққумдир.

Олтин нархи нега ошди?

МС: Туз оға олтиннинг нархи нега ошди? Ë бизани раҳбарлар Рамзанга олтин сувенир совға қигани учун ошдими?

РТ: Дунëда олтин нархини Ҳиндистондаги энг жоҳил ва савиясиз хотин белгилайди. Ҳиндистон одатига кўра, эри ҳайдаб юборган хотин фақат устидаги кийим-бош ва тақинчоқларигагина эга бўла олади. Шу боис, бу хотинлар топган-тутганига олтин олиб, бўйнига осади. Қизи борлар ҳам «қизим хор бўмасин» деб, нуқул олтин олиб, боласининг бўйнига тақади. Лўли баронларининг ҳам олтинга ишқивозлигини биласиз. Туркиянинг энг қолоқ шарқий қисмида ҳам тўйларда келин боланинг бўнига килолаб олтин осилади. Яқин яқинларгача бой ўзбеклар соғ тишларини суғуриб, олтин тиш қўярди. Мабодо бу жоҳиллар ўқиб, илм-ирфонга кирса, олтин арзонлайди. Ўқимишли одамлар учун қадриятлар бошқа нарсаларда белгиланади – картина, ҳайкал, ноëб китоб ва тарихий обида парчалари. Олтин буюм совға қилиш – жоҳиллик белгиси. Олти йил аввалги Ўзбекистон раҳбарларининг бировга олтин буюм совға қилганини эсламайман. Ҳатто Гулнорага ҳам картина, қадимий китоб, қадимий буюм, атласу адрас совға қилинар эди. Немис бизнес делегацияси раҳбарига Макс Пенсон туширган ноëб негатив шишалар совға қилинганини эслайман. Ҳозирги раҳбарият эса соф олтиндан бўлган, аммо шаклан китч сувенирларни падарка қилишни урфга киритди (Яқин шарқдаги бемаза традиция). Қанча ялтираса, шунча яхши деб ўйлайдиган, дунëни фақат ўзларининг қашшоқ қаричи билан ўлчайдиган бу савиясиз ва кўзи оч раҳбарлар миллат ва давлат обрўйини тушираëтганидан хафаман.

МС:  Санников ери деган кинодаги аборигенларда ҳам олтин кўп бўлган. Ёшлигимда ушбу фильмни берилиб томоша қилардим. Бутунлай ўзга бир дунёга тушиб қолгандек хис этардим ўзимни.

РТ: Матчонбой 1973 йилда катта экранларга чиққан «Санников ери» фильми жуда машҳур бўлганди. Мен вақти келиб Санников ерига бораман деб ўйлагандим. Орзуюм амалга ошди.

Санников ери

Умримда бир марта Японияга борганман. Шунга ҳам 10 йилдан ошибди. Мен учун қиммат кўринган бу сафарга чиқишга Айтматовнинг китоби сабаб бўлувди. Китоб «Фудзиамага кўтарилиш» деб аталади. Японлар умрида бир марта ўз кечмишини англаш учун ëнар тоғ Фудзиамага чиқади. Мендан олдин борган  немис рассом дўстларимдан йўл йўриқ ва дуоий фотихaлар олиб йўлга чиқдим. Бугун эски йўл дафтаримни топиб ўша сафарни эсга олдим….

Эрталаб саккизларда  мен минган JAL учоғи  Нарита халқаро қўналғасига қўнди. Немис тилида гапирадиган гид қўлида исмим ëзилган картон қоғоз ушлаб турарди. Пробкалар боис нонуштани машина ичида қиламиз¸ бугун сизга Токиони кўрсатай деди. Илк борган жойимиз Токио ҳокими қароргохи бўлди. 202 метрлик бу бино устидаги айвондан бутун шаҳар кўринади. (Булутлар ва туман орасидан ғира шира кўринди ўша куни) Кейин пастга эниб император саройи олдидаги боғни томоша қилдик. Бу туман номи Асакуса аталар экан. Кейин гид бират мени судраб туристларга магнитка ва бошқа сувенир сотадиган Накамисэ бозорига оборди. Мен унга «оëғим зирқираяпти¸ магнитка ва бошқа сувенирлардан нафратланаман» десам ҳам шизофрен шаклда тиржайиб «Ока мени сувенир сотадиганлар билан келишувим бор. Ҳар кун камида битта турист оборишим керак. Тўғри тушунинг» деганга ўхшаган гап қилди. Бозорни ғиррр этиб айланарканман нуқул қочиш йўлини изладим. Қорним очганини баҳона қилиб гидни кафега судрадим. «кайсэки»  деган меню бор экан шуни еб ютдик. Кўпчилик дубайдаги пальма ороли расмини кўрган. Дубайдаги бу орол денгизга қум сепиб сунъий барпо қилинган. Бу усулни ери кам японлар ихтиро қилган. Токиога борган турист зоти борки қум сепиб барпо қилинган Одайба оролларини кўради. Жоиз. Кўришликда хайр бор. Кун қорайди. Чамадоним ҳалиям гиднинг рули бошқа тарафда бўлган икки эшикли тойотаси багажнигида. Нархи арзон бўлиши учун отелга соат кечки олтидан кейин жойлашиш режаланган эди. Торгина бўлса ҳам бу хонага икки кишилик ëтоқ ерлашган эди.  Тобутнинг ичидан сал каттароқ хонада ўликдай ухладим. Зотан чарчаган эдим.

Эрталаб гид телефон қилди. Фудзига бориладиган лилия рангли автобус отель олдида турганини эслатди. Пастдаги магазиндан сув ва қуритилган балиқли чипс сотиб олишни тавсия қилди. Йўл икки ярим соат. Токио меҳмонхоналарида нонушта инклюдет қилинмайди. Пулинг бўлса халтада овқат ейсан Ялтада… Пулинг бўлмаса халтада қатиқ борми Ялтада….

Гиднинг иши битган эди. Автобусда у менга йўлдошлик қилмади. Автобус Фудзи тоғи яқинидаги битта чойхонага ўхшаш жойда тўхтади. Бу прокат пункти экан. Ўша ерда тоққа чиққанда кийиладиган кийим¸ ўкчаси найзали кроссовка¸ тиззага кийиладиган совут¸ хасса ва яна нималарнидир олдик. Нимани прокатга олиш кераклигини улар белгилайди. Сиз эмас. Аммо пулини сиз тўлайсиз. Тоғдан ағдарилиб ўлиб нетиб қолсангиз «биз ҳамма нарса билан таъминладик.Ўзи айбдор» дейиши учун. Фудзиамага кўтарилишнинг ўз даражотлари бор. Худди сўфийлик тариқати мақомларига ўхшайди. Автобус бизни бешинчи мақомга олиб борди. Бу мақом денгиз сатхидан

2305 метр баландда. Саккизинчи маққомгача кўтарилиш беш соатдан кўпроқ вақт олди. Кенг оëқ йўли сичқон қуйруғидай торайиб боради. Одам қўрққулик даражада хавфли бурилишлар бор. Оëғинг тойса пастга қулайсан ë ўласан ë қоласан. Сафар оғаси бизга дарров фудзиамага кўтарилмай учинчи мақомда дам олишни таклиф қилди. Учинчи мақомдаги  палаткалардан бирини киралаб дарров ëтиб олдим. Оëқларим¸ белим зирқирар. Кислород сийрак бўлгани учун бошим оғрир эди. Палатка киришидаги звонокни кимдир босди. Палаткага дераза вазифасини бажарадиган елим ойнали тешикдан қарасам. Бир қирғиз башара қиз кулиб турибди. Дераза замогини ғиззз этиб очиб «Яхши қиз танишулик» деганга ўхшаган гап қимоқчи эдим. Бу қиз менга жилмайиб ланч бокс узатди. Пластик қути ичида овқат бор эди. Пастда 8 евро турадиган бу емак учинчи мақомда 30 евро эди. Раҳмат деб пулини тўлаб томоқ солинган қутини олиб шес секундда еб ютдим. Бугун учинчи мақомда тунашга қарор бердим. Мусулмончилик аста аста. Сафар оғаси менга эрталаб кун чиқмай йўлга чиқишим ҳақида таълимот берди. Ҳадаф 3776 метрлик Фудзи чўққиси. Тонг ëришмай палатка звоноги чалинди.

Энди ширин уйқуга кетувдим. Уйқуни ҳам кўтига тиқворишди энағарлар. Ҳамма ëқ қоп қора. Фонарик ëқиб узун қисқа бўлиб йўлга тушдик. Тонг отишини илк бора тоғ чўққисидан туриб кузатдим. Япония кун чиқар мамлакат деган сўз маъносни тушундим. Ланч боксларни очиб қизил лакс балиқлари ва гуручдан иборат емакни едик. Пўртахол сувини ичдик (жоиз).

Ўша ерда илк бора вулқон кратерларини кўрдим. Улкан лаққа балиқ оғзига менгзар эди бу кратерлар. Ëнимдаги тақвоси кучайиб ғулуга кетган японлар ўша ердаги Кусусий ибодатхонсига бориб топиниб чўқиниб, ўша ердаги паразит монахларга эхсон бериб келишди. Мен бу дин тужжорларидан тез узоқлашиб тоғ ëн бағридаги иссиқ қайнар булоқларда чўмилиш орзусида эдим. Чунки ëшлигимда «Санников ери» деган кинода кўрганим вулқонли тоғларда бўладиган термал чашмаларда чўмилиш мен учун Кусусий ибодатхонадаги буту санамлардан кўра ëқимли эди. (Ўзи саëхатни энг ëқимли қисми  ҳам шу қайнар булоқ бўлди) «Фудзияма-онсэн» деган қайнар булоқда мириқиб чўмилдим. Тоғ бағридаги қайноқ лавалар ҳудди ўчоқдай бўлиб бу сувларни иситган эди.

Денгиз сатхидан  3776 метр балндликдаги Фудзи пўчта идорасидан Урганчдаги кадиларга откритка жўнатдим. Сафар оғаси ким истаса Кавагути кўли бўйидаги отелда қолиши мумкинлигини айтди. Пулни аяганлар учунчи мақомга эниб палаткада ухлаши мумкин эди. Шундан шунга тирмашиб чиққан бўлсам. Қирқ йилда бир эшак ўйин. Қиммат бўлса ҳам отелга жойлашдим. Ойнадан кўл манзараси кўринади. Бу гўзал манзаранинг ижодкори вулқон эди.

Эрталаб уйғониб отель лоббисидаги бир ўйинчоқни кўрдим. 1 евро пул ташаб сувсиз шиша аквариум ичидаги кранни бошқарасиз. Мабодо ўша кран панжасига аквариум ичидаги панда айиқни илинтириб тешикка ташасангиз сиз ўша панда айиқ эгасига айланасиз. Олдин ҳам ëзганимдек мактабни битирганимда кран бошқарувчи деган права ҳам олганман. Кўтарма кран ва экскаватор бошқарганман Шорловуқда. Хуллас бутун маҳоратимни ишга солиб панда айиқни кран панжасига қисиб ўлжа олдим.

Ўйинимни кузатиб турган японлар ирғишлаб мени олқишлади. Нима экан десам, панданинг бўйнидаги халтачада билет бор экан. Бу Осака шахрига  оборадиган вертолет билети эди. Ҳамма харсиллаб юрганида мен люкс вертолетда Осакага бордим ва Фудзини вертолетдан томоша қилдим. Анжан биқинидаги Асакага бормаган Рассом Туз оғанг тоғ тепасидаги Оскага борволсая. Мана буни омад дейди.

Навоий Хиротда гул ҳидлаган пайтда Осакада қадимий бинолар қурилган экан. Осака қалъасини кезиб томошалар қилдим. Битта япон қиз келиб «нердансиз оғо» деганга ўхшаш гап қилди. «Урганчданман. Райцентр бозорни орқасидан» дедим. У япон бўлса «О, Урганч! Авангард ва лазур гурунч…» деса бўладими. Кейин қўлимга билет берди. 8 евролик билет «Фусима Инари» монастирини томоша қилиш ҳуқуқини беради. Инари гуруч худоси экан. Бориб урганчликларни бой бадавлат қилган гуруч худоси ҳайкалини кўриб қайтдим.

Кейин Син-Осакадан тезюрар «Пуле Синкансен» поездига чиқиб Токио аеропортига яқин вокзалгача бордим. Ўша гид бола мени вокзал платформасида табассм билан кутиб олиб Нарита аэропортигача кузатиб қўйди. Баҳайбат лайнер мени кунчиқар ўлкасидан кунботар тарафларга олиб кетарди. Энди мени Фудзиамага кўтарилдим дея айта олардим. Вулқон яратган бу масканга бориб бир кунгина бўлса ҳам ўзимни «Санников ери»да ҳис этиб болалик орзусига эришгандим.

Энг муҳими ëшлигимда орзу қилганим «Санников ери» фильмидаги вулқонлар ўлкасига бориб қайнар булоқлар бағрида яйраганим эди. Мен энди Фудзиама учун «Ëт киши» эмасдим…

Энг катта хато

МС: Йўлбитик ëзишга уста экансиз. Энди қиссадан ҳисса нима?

РТ: 10 май куни Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук 89 ëшида оламдан ўтди. У СССР деган ëвузлик салтанатини тугатиш ҳужжатини  имзолаган уч ботирнинг бири.

«Менинг энг катта хатоим – Россияга ишонганим» дея ëзган эди 1991-1994-йилларда давлат раҳбари лавозимида ишлаган  Кравчук. Бугунги Ўзбекистон раҳбарлари ҳам Россияга ишонгани учун бир кун келиб афусу надомат қилади.

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
6 октябр 2016
Сўнгги вақтларда маҳаллий нашрларда Ўзбекистоннинг марҳум президенти хотирасига машҳур кишиларнинг ёдномаларини чиқариш анъанаси кузатилмоқда. «Қишлоқ ҳаёти» газетаси (04.10) бу ...
25 май 2020
Гулнора Каримованинг қизи ва ўғли ўзбек тадбиркорларини «амнезия» (унутиш касаллиги)га чалинганликда айблашди. Сўнгги икки ҳафтада турли йилларда Гулнора Каримова ...
29 март 2017
Президент Мирзиёевнинг 7 мартдан кучга кирган қарори ортидан дори дармон тақчиллашуви билан боғлиқ жиддий муаммолар келиб чиқмоқда. Андижон шаҳридаги ...
30 май 2019
Кристиан Ласслет Коррупциялашгани билан танилган Ўзбекистон давлати ўзини ислоҳ қилишга уринаётган бир пайтда янги суриштирувлар давлат ва хусусий сектор ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...