Элтуз портали-8. Мажбурий ғалла йиғими, сирли ҳужжат ва оқсаётган таълим
Бугун Элтуз порталида муҳокама қилмоқчи бўлганимиз шикоятлар мавзуси Ўзбекистонда сақланиб қолган мажбурий меҳнат ва таълим тизимида юзага келган муаммоларга оид. Шунингдек шикоятлар юзасидан кўрилаётган чоралар ва ижобий натижалар ҳам ўрин олган. Демак навбатдаги бешта шикоятнинг дастлабкиси Наманган вилоятининг Поп туманидан. Мактуб муаллифи туманда ғалла ўрими бошлангани муносабати билан оммавий мажбурий меҳнат юзага келгани ҳақида ёзади.
Попда мажбурий меҳнат
«Поп туманида ғалла йиғими бошланиши муносабати билан тумандаги барча ташкилот ва муассалар раҳбарлари ва ӯринбосарлари мажбурий йиғимга жалб этилмоқда. Ҳар қандай хизмат идораси ўз фаолиятини тӯхтатиб, фақат ғалла билан шуғулланиши кераклиги ҳақида кӯрсатмалар берилди. 13 июнь куни эрталаб соат 05:00 га тумандаги МТП (машина трактор парки)га давлат ишчилари мажлисга чақиртирилган ва ғалла майдонларига чиқиб кечаю кундуз камбайнлар билан юриши режалаштирилган. Бу бӯйича шахсан туман ҳокими кӯрсатма берганлиги табъкидланмоқда. Ачинарлиси, қайси соҳа вакили эканлигини қизиғи йӯқ. У шифокорми, ӯқтувчими, электрикми, барибир.
Фермерлар нима иш қилади, билмаймиз. Бу ҳам мажбурий меҳнат турими ёки? Жонга тегди…» дея ҳасрат қилади поп туманидан Элтузга шикоят йўллаган арзгўй.
«Ҳар баҳорда шу бўлар такрор, ҳар баҳор ҳам шундай ўтади…» Кейинги шикоят ҳам айни мажбурий меҳнат ҳақида, лекин навбатдаги мактуб муаллифини ғалла ўришга мажбурлашаётгани йўқ. Шофирконлик болалар боғчаси хизматчилари ўз мудирлари томонидан дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбурланаётганидан арз қилишмоқда.
«Биз қуллар эмасмиз»
Ассалому алайкум Туз оға,
биз Бухоро вилояти Шофиркон тумани Жўйрабод қишлоғидан мурожаат қилмоқдамиз. Қишлоғимизда жойлашган 17-сон болалар боғчасида кўпдан буён ишлаб келмоқдамиз. Халқимизда бир гап бор: «Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилдинг» ёки «У кунимиз бу кунимиздан баттар» бўлди.
Биз ишчи ходимлар аввалги мудирамизнинг ўрнига ҳар томонлама бизларга ўрнак бўладиган раҳбар келади деган умидда эдик. Яқинда боғчамизга туман Мактабгача таълим ташкилотида » Методист» бўлиб ишлаб келаётган Шоҳсанам Ёдгоровани бизнинг 17-сон болалар боғчамизда вақтинчалик вазифа бажарувчи этиб тайинлаб кетишди. Ёдгорова Шоҳсанам бир вақтнинг ўзида икки жойда ишлайди. Шу сабабдан бизнинг боғчамизда кун давомида 2 соат ҳам ўтирмайди.
Ҳафта давомида тўпланиб қолган ишларни якшанба куни дам олиш кунига режалаштириб, бизни чақиртириб ишлашга мажбурлаб келмоқда. Биз ишчилар қуллар эмасмиз.
Ушбу мурожаатимизни тегишли идоралар атрофлича ўрганиб чиқади деган умиддамиз, дея ёзади ўз шикоятларида шофирконлик боғча хизматчилари.
Кейинги шикоят эса Прокуратура идораси томонидан Андижон вилояти мактаб директорларидан қўл қўйдириб олинаётган сирли ҳужжат ҳақида.
«Сирли ҳужжат»
«Ассалому алайкум Туз оға,
Андижонда ғалати ишлар бўляпди.
Андижон вилоят ХТБ мудири 33 млрд камомад туфайли қўлга тушганди яқинда.
Бу камомадлар қаерданлигини ҳамма билади, айниқса раҳбарлар.
Икки кун олдин Андижон вилоят прокуратураси ҳамма туманлардаги мактабларга хат чиқариб, шу хатда сўралган ва олинган нарсаларнинг миқдорини ёзмасдан, мактаб директорлари, спорт ўқитувчилари ва завхозларга қўл қўйдириб, печат босиб, берилишини сўрашаяпти.
Менимча, керакли миқдорни жадвалнинг ичига қўшиб ёзиб, А. Миркамиловнинг айбини камайтиришадиёв», дея таҳмин қилади мактуб муаллифи.
Мактубга айни имзоланиши керак бўлган Спорт жихозлари хатлов далолатномаси илова қилинган. Бу ҳолат мутасадди идоралар томонидан тегишли тартибда ўрганилади деган умиддамиз. Аксинча оҳирги гуноҳ эчкиси сифатида прокуратура ва вазирликдаги коррупцияга шерик бўлган мактаб директори гуноҳ эчкисига айланади.
Кейинги шунга ўхшаш шикоят Хоразм вилоятидан. 6-сон мактаб интернати ўқитувчиси ёзги таъмирга дея ноқонуний пул йиғилаётганидан арз қилмоқда.
Ёзги таъмир ўлпони
Ассалому алейкум Туз оға!
Бу хабарни Хоразм вилояти , 6-интернатдан ёзмоқдаман. Мен шу интернатда ўқитувчиман.
Интернат директори ходимларни иш вақтида меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришга мажбурламоқда. Бу нарсалар МЖТКнинг 51-моддасини бузилиши ҳисобланади.
Мажбурий меҳнатдан ташқари, ҳар йили ўқувчилар ёзги таътилга кузатилиши билан мактаб-интернатда ремонт деган «бошоғриқ» бошланади. Х.Ж таъмир учун ҳар бир ўқитувчидан пул йиғиб олади.
Арзон сифатсиз краска олиб келиб, хоналарга ишлатади. Касаба уюшмадан юборилган ҳамма совғаларни биринчи бўлиб ўзига олиб, ўзидан орттирган совғаларни 3-4 ўқитувчиларга бериб қўяди.
Жумладан мактаб-интернати ўқитувчиси ўз мактубида ўн йил давомида бирор маротаба ҳолис текширув ўтказилмаганидан шикоят қилади. жингл Кейинги мактубни эса Мингбулоқдаги 11 мактаб ўқитувчилари йўллаган. Улар нусхаси Халқ таълими вазирлигига йўлланган хатида мактабдаги таълим сифати ва интизомининг пасайганидан шикоят қилишмоқда.
Таълим сифати нега паст?
«Сизга шуни маълум қиламизки, 11-мактабда таълим сифати ва ўқитувчилар ўртасида бирдамлик ижро интизоми деган нарсалар кун сайин йўқолиб бормоқда.
Нега дейсизми? Мактаб рахбарияти ўқитувчиларга бир ҳил назар билан қарамайди, яъни одам танлаш, таниш билишчилик сўнги йилларда ҳаддан зиёд кўпайган. Албатта, бу ҳолатни кўрган билган ўқитувчиларнинг кайфияти ва ишга бўлган муносабати яхшимас. Масалан, ўқув йили олдидан қилинадиган дарс тақдимоти 3-4 та раҳбарлар иштирокида, ҳеч кимга айтмай, билдирмай, жамоа билан маслаҳат қилмай, қарор қабул қилинади.
Олдин ўзимизникилар кейин бошқалар қабилида. Устама ва мукофот пулларини умуман айтмаса ҳам бўлади, ҳаммаси яширинча амалга оширилади.
Бу йил ҳам мукофот пули ими-жимида ҳал қилинди. Биринчи ўринда мукофот пулини раҳбарлар ўзига ёзган – бу аниқ. Ўқитувчиларга эса мукофот пулига ҳали маблағ ажратилмади ёки кам ажратилди деган важлар ишонарли қилиб айтилади. Мактабда бу йил мажлисбозлик авжига чиқди. Ачинарли томони мажлислар дарс ўтилиши керак бўлган вақтда ҳам тугамайди.
Бундан ташқари мактабда чиқимлар рўкач қилиниб, тез-тез ўқитувчилардан пул ушлаб қолинябди. Мажбурий обуна ҳар йили ушлаб қолинади. Май ойига келиб мактаб таъмири учун ҳам пул ушлаб қолинади, бу ҳам ҳар йилги анъана. Бу йил ҳам ҳар бир ўқитувчидан 300 мингдан пул ушлаб қолинди. Мабодо қайсидир ўқитувчи 300 минг беришдан бош тортса у жазоланади. Ўша эски усул – ўқитувчининг дарс соати камаяди. Устама мукофот пулини тушида ҳам кўрмайди. Мактаб ҳаражатларига ўқувчилар ҳам жалб қилинадм. Ҳар битта ўқувчидан 20-30 мингдан ёки кўнгилдан чиқариб, мактаб таъмирига пул йиғилади.Мажбурий обуна ўқувчиларга ҳам мажбурий. Баъзи ота-оналар бунга эътироз билдириб пул бермаган бўлса, баъзилари боласи хархаша қилишидан безор бўлиб пул берган.
Шу кунларда мактабда эркак ўқитувчилар (ихтиёрий) мажбурий меҳнатга, таъмирлаш ишларига жалб қилинган. Раҳбарият агар ремонтга қатнашмасанг яна 300 минг бер, кетавер, сени ўрнинга одам ишлатамиз, деябди. Гапирсак, гап кўп. Ҳамма нарсани ёзиб тушинтириб бўлмайди». дея арз қилишган мингбулоқлик бир гуруҳ ўқитувчилар Элтуз портали орқали туман халқ таълими бўлими мудири Аҳмаджон Ғаниевга.
Айни мактуб юзасидан Элтуз Мингбулоқ туман Халқ таълими мудири Аҳмад Ғаниедан жавоб хати олди. Мактубда ўқитувчилар кўтарган масала бугун муҳокамага қўйилаётгани билдирилган.
Элтуз натижа: Ўқитувчилар шикояти душанба куни кўриб чиқилади
Ассалому алайкум Туз оға! Мен Мингбулоқ тумани халқ таълими мудири Ғаниев Аҳмаджонман. Каналингизда ёритилган Мингбулоқ тумани 11-мактаб бўйича қуйидагиларни маълум қиламан. Биринчидан, 11-мактабдаги ҳолатни менга ёзма мурожаат қилиш керак эди. Агар мен ҳам бу масалада лоқайдлик ва бепарволик қилсам кейин мени қўшиб ёзсалар майли эди. Ушбу мурожаатни 13 июнь душанба куни ўрганаман, ёзилган маълумотлар ўз исботини топса, айбдор масъуллар ўз жазосини олишини кафолатлайман. Бундан кейин ижтимоий тармоқларда ёритишдан аввал менга мурожаат қилишларини илтимос қиламан.Жингл
Шу ўринда айтиб ўтиш жоиз, Элтуз порталига ёзилаётган шикоятлар ва жавобларнинг аксарияти интерактив тарзда аввал телеграм каналида, кейин муносабат тарзида Элтуз сайти, Ютуб канали ва бошқа тармоқларда пайдо бўлади. Биздан муаммони ва уларнинг ечимини тегишли идораларга ва шахсларга етказиш. Хусусан, кейинги жавоб хати Сирдарёдан олинди. Товуқ ферма очмоқчи бўлган тадбиркор Элтузга шикоятидан кейин ўз муроди хосил бўлганини айтмоқда.
Элтуз натижа: «Ишимизни ўнглаган Туз оғага раҳмат!
«Ассалому алайкум Туз оға! Кеча Сирдарё вилояти Сайҳунобод туманидан паррандачилик лойиҳаси бўйича экология хулосасини ололмаётганимизни канализда ёритиб берганиздан сўнг, Экология қўмитасидан телефон қилишиб, ижобий хулоса тез ёзиб беришди, уларнинг сайтида техник носозликлар бўлганлигини айтиб тушинтиришди. Сизга катта раҳмат!»
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Сирдарё вилояти Сайҳунобод тумани «Golden Tex part» МЧЖ рахбари товуқ ферма лойиҳаси юзасидан Тошкентдаги Экология идораси операторининг русча жавоб қайтараётгани ва хулоса берилишини 45 кундан буён ортга суриб келаётганидан шикоят қилган эди. Мазкур шикоят телеграмдаги Элтуз порталида пайдо бўлгач, пойтахтнинг рус тилли мулозимлари «6-секундда» ишни ҳал қилишган. Ҳуллас шундай бахтли якун билан биз ҳам бугунги кўрсатувимизни тугаллаймиз. Бизга эса тағин мактуб йўллаш мумкин. Элтуз келаётган мактублар ва уларга ёзилган жавобларни эътиборингизга тақдим этишда давом этади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлинг.
«Элтуз портали»