Асосий мавзулар
19 июл 2022

Элтуз портали: Давлат амалдорларининг қимматбаҳо автомобиллари ва мажбурий ғалла йиғими

Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоятнинг дастлабкиси бўйнида 38 миллиард доллардан ошиқ ташқи қарзи бор мамлакатнинг қимматбаҳо машиналар минаётган давлат мулозимлари устидан ёзилган. Президент маслаҳатчиси қимматбаҳо машиналарга маблағни қаердан олади дея савол қўяди мактуб муаллифи.

Президент маслаҳатчиси қимматбаҳо машиналарга маблағни қаердан олади?

«Салом Туз оға. Сизга нархи салкам бир миллионга яқин бўлган учта автомобил суратини жўнатаяпман. Улар Бир оилага тегишли. Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов фарзандлари ва келинига бу автомобилларни ойлигидан олиб берганмикан ажабо? Албатта, Тошкент Ситидаги саккизта квартира, қўша қўша данғиллама ҳовлилар ҳисоб эмас, дея ёзади» Элтуз муштарийси.

Бюджетдан ойлик оладиган лавозими боис бизнес қилиши мақсадга мувофиқ бўлмаган мулозим ҳашамати ҳақида жим ўтирган «фаоллар» қиммат гўммага қарши бирдаму бир жон бўлиб чиқишди. Дирижёр ким? Мамлакат президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг башанг аравалари Лайлаквойнинг ҳазинасидан келдими?
Биз бу ҳолат тегишли идоралар томонидан ўрганилади дея умид қиламиз.

Кейинги мактубдаги муаммо ҳам автомобилга, тўғрироғи ҳокимга тегишли автоулов билан боғлиқ автоҳалокатга оид.

Косон ҳокими обрўсини сақлаш учун «айбни эрим бўйнига олди»

«Ассалому алейкум Туз оға. Мен Аҳмедова Барно Рустамовна Қашқадарё вилояти Косон тумани Гувалак қишлоғи Тошкўприк МФЙ да яшайман. Оилалиман. 3 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим Жўраев Раҳимжон билан бахтли ҳаёт кечириб келаётган эдик.
2020 йилнинг 12 декабрида Косон тумани марказий кўчаларидан бирида, Оброн МФЙ да Косон тумани ҳокимининг хизмат машинаси 70. 027.КА давлат рақамли КАПТИВА машинасида Оброн МФЙ да яшовчи 60 ёшли Шерали Жўрақуловни уриб юборди.
Бахтсиз автоҳалокат туфайли Жўрақулов вафот этди. Бу ҳодисани содир этган киши отасининг хизмат машинасини бошқариб келаётган Косон тумани ҳокимининг ўғли экани айтилган эди.
Ҳокимнинг мансаб обрўсини сақлаб қолиш учун Косон туман ҳокимининг иқтисодий ишлар бўйича ўринбосари Султонмурод Донаевнинг ҳайдовчиси менинг хўжайиним Жўраев Раҳимга Асрол Бойқарев ва унинг жиноятдоши Султонмурод Донаев акаси Шомурод Донаевларнинг ўртакашлиги билан ушбу автоҳалокатни бўйнига олишини илтимос қилади.
Ва ҳоким Асрол Бойқарев ҳамма ишлар бошида туриб беришига ишонтиришади. Султонмурод Донаев акаси Шомурод Донаевлар автоҳалокат туфайли вафот этган марҳумнинг уйига бориб даъво қилмаслик учун ўртакашлик қилишади ва жиноятни ёпиш учун ётиб оладилар.
Марҳумнинг яқин қариндошлари бунга ишонмайдилар. Ва менинг эримни марҳумнинг уйига Шомурод Донаев олиб боради. Улар Қуръони Каримга қўлини қўйдириб, қасам ичиради. Шомурод Донаев, Султонмурод Донаевлар хўжайним Жўраев Раҳимнинг тоғаларидир.
Қуръони Карим Оллоҳнинг сўзлари битилган улуғ китоб. Мен виждон азобидаман. Мен бу ишларни кўриб, хўжайним, қайнонамнинг қариндошлари ҳурмати учун жим ўтирдим.  Лекин  фарзандларим учун уларни ҳеч қачон кечирмайман. Менинг хўжайиним айбсиз, айбдор бўлиб тегишли жазони ўтаб чиқди», дея ёзади косонлик аёл.

Кейинги мактубларнинг эса автомобилга алоқаси йўқ. Улар Қашқадарё ҳокимлигидаги амалдорларининг ғалла топшириш юзасидан фермерларга ўтказаётган босимларига оид.

Буғдой режасини ё бажарасан ёки жойни топширасан

Ассалому алайкум Туз оға,
мен Қашқадарё вилояти Қарши туманида 30 йилдан бери аввал бригада кейин фермер бўлиб келаётган бобо деҳқонман. 12-июл куни бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев Қарши туман ҳокимлигига Ғалла 2022 бўйича катта йиғилиш ташкиллаштирди. Йиғилиш вилоят миқёсида чақирилиб, Қарши туман ҳокимлигининг катта залида соат 17:00 лар чамаси бошланди. Мобил телефонлар олиб қўйилиб, ички ишлар томонидан синчковлик билан текширилиб, киритилган фермерларни  йиғилишини Қарши туман ҳокими Бекзод Юсупов кириш нутқисиз, фикрлашувсиз бошлаб берди. Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев йиғилишда давом этаркан ғалла режасини бажармаган фермерларни «онасини» эслатиш билан дам олиш кунига  шукуҳ қўшди. Фермерларга мажбуран уйингни сотиб бўлса ҳам, буғдой режасини бажарасан ёки аризангни ёзасан, деб, қаттиқ босим қилди. Сув бўлмаганлиги сабабли буғдой режасини бажараолмаганлигини айтган фермерни Аму Қашқадарё сув ҳавзаси бошлиғи бир нечта фермерларни ўлимига сабабчи бўлиб келаётган Бахтиёр Ражабов сувни ўз вақтида етқазиб берганликда айблади. Шуҳрат Ғаниев Бош прократура ўринбосарини олиб келганман, буғдой режасини бажармаганларга жиноий иш очилади, деб, ҳақорат қилди.
Туз оға, президент дам олиш кунларини жорий қилиб, мажбурий меҳнатни бекор қилди, шу билан ҳам Шуҳрат Ғаниев буғдой режасини бажарасан ёки ўз хоҳишинг билан ариза ёзасан, сувни менга муаммо қилма, деб, фермерларни ҳақорат қилди. Ер топширмаслик учун бозорма-бозор буғдой сотиб олиб давлатга топширяпмиз. Босим, мажбурлов, мажбурий меҳнат раҳбарларнинг блокнотида Президентнинг минбарларидагина тугатилди. Қашқадарёда мажбурий меҳнатни тугатишда амалий ёрдам беришингизни сўраймиз, Элтуз оға дея ёзади қаршилик фермер.

Кейинги мактуб ҳам ғалла сотиб олиб ҳукуматга топшираётган қашқадарёлик фермерлардан. Элтуз порталига косонлик фермерлар шикоят йўлламоқда.

Ғалла сотиб олиб ҳукуматга топшираяпмиз

«Салом Туз оға,
Қашқадарё вилояти Косон туман қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ёрдамчиси Фахриддин Номозов ва Қашқадарё вилояти қишлоқ хўжалиги бўйича ҳоким ўринбосари Ўзоқовлар 2 июнь куни Косон туман қишлоқ хўжалиги бошқармасида йиғилиш ўтқазиб, ҳудуд раҳбарларига ва фермерларга қўшимча буғдой топширишни мажбур қилди. Ҳудуд раҳбарларига 15 тоннадан 20 тоннагача қўшимча топшир деди. Бу тонна ҳар бир фермерга 500-600 килограммдан тушади. Режани бажарасанми-йўқми, аҳамияти йўқ. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қачон барҳам берилади? Бозордан сотиб олиб бўлса ҳам топшир деяпти. Бозорда буғдой нарҳи 4500 минг, биз эса давлатга 3000 мингдан топширдик.
Мана шу инсон қадри бўлса керак!» дея ёзади косонлик фермер.

Кейинги мактуб ҳам косонлик фермерлардан. Гувалак қишлоғидаги Дон кластери билан шартнома тузиб фермерлик фаолияти юритаётган шахс Ички ишлар ва ҳокимлик устидан арз қилмоқда

Гувалак қишлоғидан иккинчи шикоят

«Қашқадарё вилояти Косон туман Гулобод МФЙ га қарашли Гувалак ҳудудида фермер бўлиб фаолият юритиб келаман. Шу йил 2022-йил Косон туман ДОН кластер билан шартнома қилиб, буғдой эккан эдим. Сув етишмаслигидан шартномадаги режани бажаролмадим. 2022 йили 29 июнь куни Косон туман ИИБда 150 та фермер хўжалиги раисини чақиртириб мажлис ўтқазилди. Мажлисни Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари ва Косон туман вакиллари ўтқазди. Режани бажармаган фермерлардан ариза олди, ерни ўз хоҳишим билан топшираман деган маънода. Биз сув йўқ, бизга сув муаммо бўлди, дедик. Раҳбарлар эшитмай, қайтанга ҳақорат қилиб кетди.
Биз буғдой экиб, Косон дон кластер билан шартнома қилганимизда ИИБ биносига бориб шартнома қилганимиз йўқ эди. Президент фермер, кластер мустақил дейди. Биз ҳануз мустақиллик нима эканлигини билмаймиз. Кейинги йилларда Косон туман ҳокимлиги зўровон тизимга ўтиб, унумли сувли ерларни чорвачилик, паррандачилик, қилиб бериб юборди. Президент қарорига зид равишда ер ажратди. Аслида унумли сувли ерларни чорвачилик учун бериш мумкин эмас эди. Косон туман ҳокимлиги бу қарорни эътиборга ҳам олмайди. Шу йиғилишдан ўзим бир қарорга келдим, ИИБ билан ҳокимлик ўзаро келишиб олган, деган. Сабаби фермер хўжалиги режани бажармаса, нима қилади ИИБнигг биносида йиғилиш ўтқазиб? Судга берса бўлади-ку! Режани бажармаган фермер хўжалиги раисиларни ИИБ идорасига олиб бориб куч ишлатади, аммо ноқонуний ерларни чорвачилик учун бериб юборган раҳбарларга ҳам қонун идоралари биносига олиб бориб, нега ноқонуний ерларни ажратдинг дейдиган режим бормикин. Ёки замон зўрникими?»

Бу сўнги мактуб ҳам Қашқадарёнинг гувалак қишлоғидан эди. Шоир Маҳмур ҳам бир вақтлар ўз қишлоғидаги ҳароб аҳволдан ҳукмдорга шикоят қилган эди. Байт будир.

Гар таҳорат қилса қавми сув тополмай ночор,
Бетини қум била юб (кўзи)га сургай гувалак.
Эй фалак қадру адолат шийами мулку малак.
Марҳамат чоғида раҳм айла ба ҳоли Хапалак.

Бугун биз ҳам Элтуз порталида айни йўсиндаги шикоятларга эътибор қаратдик. Бу муаммолар тегишли идораларга етиб боради ва албатта жамоатчилик эътиборига тушади дея умид қиламиз. Бизга эса тағин мактуб йўллаш мумкин. Элтуз келаётган мактублар ва уларга ёзилган жавобларни эътиборингизга тақдим этишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 декабр 2018
Фарғона мусиқали драма театри актрисаси Малоҳат Тоирова томошаларига қалбаки чипталар сотилганлигини фош қилгани учун ишдан бўшатилганини билдирмоқда. Бу ҳақда ...
30 март 2016
«Бута ва ярим буталарнинг турли эҳтиёжлар учун чопиб олиниши туфайли ўсимликларнинг уруғдан кўпайиш хусусияти анча чекланиб қоляпти. Бугунги кунда ...
25 сентябр 2019
«- Ака, мени бу ишда айбламанг. Сизга яна қайтариб айтаман, буйруқ юқоридан, очиғи, марказдаги МХХ идорасидан. Мен бир кичкина ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...