Гурлан ҳокими фермерга шолисини йиғиб олишига руҳсат бермаяпти
Хоразм вилоят Гурлан тумани, Янгиобод-шоликор қишлоғи «Ўйилма» маҳалласидан Элтузга 25 октябрь куни келиб тушган видеода фермерга шоли экинини йиғиб олишга руҳсат берилмаётгани акс этган.
«Кечаю кундуз участка инспектори ички ишлар ходимлари билан келиб олиб, даламдаги комбайнимни қўриқлаб ўтирибди. Хўжалигимга қарашли озуқа базасида етиштирган хосилимни ўриб олишимга тўсқинлик қилишаёпти», дейди видеодаги аёл.
Элтуз 26 октябрь куни фермер хўжалиги рахбарлари билан боғланди. «Иззатбек Бунёдбек» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Раҳимова Ёрқиной хокимлик расмийлари уларга тегишли 60 тонна шоли топширилмагунча комбайн ишлатмасликни талаб қилаётганини билдирди.
«Биз бу йил шоли учун ҳеч қандай шартнома қилганимиз йўқ. Фақат пахта ва буғдой топшириш учун шартнома қилганмиз. Шартнома режаларини бажарганмиз. Лекин ҳоким камбағал оилаларга тарқатиш учун шоли ҳосилини ҳокимлик заҳирасига ўтказасан деб талаб қўяяпди» деди Рахимова Элтуз мухбирига.
Унинг Элтузга билдиришича, шартномадаги режани бажарганидан сўнг, унинг даласида шоли ўраётган комбайнни участка инспектори ва ички ишлар ходимлари келиб тўхтатишган. Аксига олиб, эртасига ёғингарчиликлар бошланган, бу ҳам шоли ўримини давом эттиришга тўсқинлик қилиши мумкин. @eltuz2022
Элтуз расмийлар жавобини кутади ва фермер шолиси тақдири атрофида кечаётган воқеаларни ёритишда давом этади.
Eltuz.com