Ишдан бўшаган ҳоким қочишга уриндими?
Ҳали расман тасдиқланмаган xабарга кўра 15 январдан 16 январга ўтар кечаси ишдан олинган собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январ куни тонгда шаҳардан ўз оиласи билан чиқиб кетишга уринганида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан тўхтатилган. Бу хабарни блогер Никита Макаренко ва Кун Уз ўз манбаларига таянган холда тарқатди.
16 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини энергия билан узлуксиз таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказиб Жахонгир Ортиқхўжаевни ишдан олганини эълон қилди¸ Ўз фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилгани билдирилди. Шу пайтгача биринчи ўринбосар бўлиб келган Бахтиёр Раҳмонов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани оқибатида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ташқари, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимлари ҳам лавозимидан озод этилиб, ҳоким вазифасини бажарувчиси лавозимига туширилди. ДХХ ва Бош прокуратурага уларнинг фаолиятини ўрганиш топширилди.
«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдураҳмонов ҳам лавозимидан озод этилди. Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев шаҳар прокурори этиб тайинланди.Ўзбекистондаги сиёсий муҳит ҳақида чуқур билгига эга профессорнинг Элтузга айтишича, қуйидаги жиноий айбловлар қўйилиши эҳтимоли бор: Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, сохта тендерлар уюштириш, давлат маблағини мисли кўрилмаган миқдорда талон-торож қилиш, сохта ширкатлар ташкил қилиш, ноқонуний ер сотиш, рейдерлик, жиноий гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, пора олиш ва бериш, шантаж ва босқинчилик, ўзгалар мулкини жиноий йўллар билан ўзлаштириш. каби жиноялар занжири.
Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида 2018 йил 21 декабрь куни ташкилий масала кўрилиб, Шавкат Мирзиёев шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этган эди.
Тошкентнинг янги ҳокими ким?
Ортиқхўжаев ўрнига вақтинча тайинланган Бахтиёр Раҳмонов ким? Раҳмонов бир неча йиллардан бери ҳали у ҳокимликда, ҳали бунисида раҳбарлик қилиб келади ва сўконғич ва муштумзўр раҳбар сифатида от чиқарган.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари сифатида ишлаб келаётганда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги маҳаллалардан бирининг раисини ҳақорат қилгани ва жисмоний куч ишлатгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бу Раҳмонов билан боғлиқ оммага ошкор бўлган биринчи ҳолат эмасди. Бунгача яъни, 2019 йил август ойида интернетга ўша пайтда пойтахтнинг Олмазор туманини бошқарган Бахтиёр Раҳмоновнинг учрашуви аудиоёзуви тарқалган эди. Унда Бахтиёр Раҳмонов «йиғилиш иштирокчиларига қайта-қайта сўкиб мурожаат қилаётгани, уларни ҳақоратлаётгани, қаматиш, ишдан бўшатиш билан таҳдид қилаётгани» айтилган. Йиғилиш иштирокчиларига бундай муносабати эса ўшанда у раҳбарлик қилаётган Олмазор тумани Президент томонидан танқид қилингани билан изоҳланганди.
Бахтиёр Раҳмонов 1959 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 1981 йилда Киев муҳандислик-қурилиш институтини, 2000 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Раҳмонов 2011−2016 йилларда у пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаган. Раҳмонов Олмазор, ундан олдинроқ — Сергели ҳокими бўлган. 2018 йил майидан Олмазор туманига раҳбарлик қилган. 2021 йил январида Тошкент шаҳри ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.
@eltuz