ДХХ изоляторидан навоийлик йирик тадбиркор жасади чиқди
26 апрель куни Самарқанддаги ДХХ тергов изоляторидан навоийлик кўзга кўринган тадбиркор, 56 яшар Азамат Халиковнинг жасади чиқди.
Шу ой ўрталарида ДХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган Азамат Халиков Навоий вилоятидаги энг йирик қурилиш ширкати – «Темур Малик» МЧЖга раҳбарлик қилган.
Унинг нимада гумон қилиниб ҳибсга олингани ва тергов тафсилотлари Элтузга маълум эмас.
Марҳумнинг жанозаси бугун, 27 апрель куни ўзи истиқомат қилган Қизилтепа тумани Оқсоч МФЙ Урганжи қишлоғида ўқилди.
Азамат Холиқов раҳбарлик қилган МЧЖда 4500 нафар одам ишлаган.
Азамат Холиқов – шу кунларда ҳам Навоий вилоятида бўлиб турган ДХХ тезкор гуруҳи ҳибсга олган шахслардан фақат биттаси экани иддао қилинмоқда.
Элтуз манбасининг айтишича, тезкор гуруҳга Холиқов ва бошқа тадбиркорлардан Навоий вилояти раҳбарияти ва вилоятдаги йирик корхоналар, хусусан Навоий НГМК раҳбариятига қарши кўрсатмалар олиш топшириғи берилган.
Элтуз манбаси келтираётган исмлар орасида шахсан НГМК раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Қувондиқ Санақулов ҳам бор.
Расмийлар ҳулосасига кўра, Холиқов юрак ҳуружи боис ўлгани билдирилмоқда. Элтуз Холиқовнинг ўлими ҳамда ДХХ томонидан ўтказилаётган рейдлар тафсилотини ўрганмоқда.
Таҳририят бу борада барча томонлар учун очиқ.