Асосий мавзулар
15 июн 2024

«Катта еттилик» Россия даромадини Украинага беради

“Катта еттилик”ка аъзо давлатлар Италиядаги саммит чоғида музлатилган Россия активларидан Украинага ёрдам кўрсатиш учун фойдаланиш механизмини келишиб олди,  деди Европа комиссияси раҳбари Урусула фон дер Лейен.  

Шу билан бирга,  Украина президенти Владимир Зеленский ва Америка етакчиси Жо Байден саммит чоғида 10 йиллик хавфсизлик шартномасини имзолади. 

Аввалига «катта еттилик» келишувига тўхталсак.

Вон дер Лейен Х (собиқ Твиттер) ижтимоий тармоғида Киев 50 миллиард долларга яқин кредит олишини тасдиқлади.  Кредитлар эса келажакда Россия активларидан олинадиган даромад фоизлари ҳисобидан тўланади. 

«Бу қарор Украинани мудофаа ва қайта қуришга йўналтираётган Европа Иттифоқининг Украинага нисбатан сиёсати ўзгармай давом этаётганини англатади»,   деб ёзди Еврокомиссия раҳбари. 

Италияда бўлиб ўтаётган саммит мезбони Италия бош вазири Гиоргиа Мелонининг аниқлик киритишича,  ҳозирда Россия активларини мусодара қилиш ҳақида гап бораётгани йўқ.  

«Биз бу активларни мусодара қилиш ҳақида эмас, балки вақт ўтиши билан тўпланган фоизлар ҳақида гапиряпмиз»,   деди у. 

Украинага шу тарзда ёрдам бериш таклифи АҚШ президенти маъмурияти томонидан илгари сурилган. 

«Катта еттилик» давлатлари – Канада,   Франция,   Германия,   Италия,   Япония,   Буюк Британия ва АҚШ 2022-йилда Россиянинг кенг кўламли босқинидан кейин Украинанинг энг муҳим молиявий ва ҳарбий донорларига айланди. 

Бу давлатлар ва Европа Иттифоқи томонидан музлатилган Россия активлари миқдори 325 миллиард долларни ташкил қилади. 

Ғарбнинг етти бой демократик давлати Европа Иттифоқи раҳбарияти иштирокида бир неча йилдирки музлатилган Россия активларидан фойдаланиш форматини муҳокама қилиб келмоқда. 

Аммо таҳлилчиларга кўра,  бундай қарорни расмийлаштиришда бир қанча тўсиқлар бор,  улар асосан Венгрия бош вазири,  Владимир Путиннинг Европа Иттифоқидаги асосий иттифоқчиси Виктор Орбан билан боғлиқ. 

Бундан ташқари,  юридик хавф-хатарлар мавжуд: Россия мустақил Европа судларида ўз пулларини қайтариб беришни талаб қилиши мумкин.  

Хатарлар эса пул билан боғлиқ:  агар Европа инвестициялари сиёсий сабабларга кўра мусодара қилиниш хавфи остида бўлса,  бошқа мамлакатларда еврога нисбатан ишончсизлик кайфияти пайдо бўлиши мумкин. 

Сўнгги ҳафталарда Россия расмийлари ҳибсга олинган активлардан фоиз олиш ғоясини «ўғирлик» дея баҳолашди. 

Зеленский аввалроқ пайшанба ва жума кунлари бўлиб ўтадиган «катта еттилик» саммити асосан Украинага бағишланишини айтган эди. 

Италия саммити доирасида Украина ва АҚШ ўртасида 10 йиллик хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги келишув имзоланди.

Имзолаш маросимидан олдин Қўшма Штатлар баёнот бериб, шартномани «Украинани ҳозир ва келажакда қўллаб-қувватлашимизнинг кучли сигнали» деб атади.

Қўшма Штатлар «Катта еттилик» давлатлари ичида охирги ва Украина билан бундай шартномани имзолаган 17-давлат бўлди.

Пайшанба куни Зеленский Япония билан ҳам худди шундай шартнома имзолаганини эълон қилди. 

“2024-йилда Япония Украинага 4,5 миллиард доллар беради ва 10 йил давомида бизни қўллаб-қувватлашда давом этади”,  — деб ёзди Зеленский Х (собиқ Тwиттер) ижтимоий тармоғида.

«Катта еттилик» давлатларига Украина билан хавфсизлик битимларини имзолаш мажбурияти ўтган йили НАТО саммити чоғида алоҳида комюникеда кўрсатилган эди.  Бошқа давлатлар ҳам ушбу мажбуриятга қўшилди.

«Ушбу ҳужжатни имзолаш орқали биз Россияга ўз қароримиз ҳақида сигнал юбормоқдамиз»,  – деди Жейк Салливан аввалроқ журналистларга. – “Агар Владимир Путин Украинани қўллаб-қувватловчи коалициядан чиқиши мумкин деб ўйласа,  адашади”.

Украина билан тузилган хавфсизлик шартномаларида унинг иттифоқчилари ҳарбий ёрдам кўрсатиш, украиналик аскарларни тайёрлаш,  ҳарбий саноатни ривожлантиришга ёрдам бериш ва разведка маълумотларини алмашиш мажбуриятини олади.

Шу билан бирга,  бу келишувлар Украина учун курашиш мажбуриятини ўз ичига олмайди – улар «Катта еттилик»нинг дастлабки коммюникесига асосланиб,  агар урушдан кейин бир кун келиб,  Россия яна Украинага ҳужум қилиш ниятида бўлса,  шошилинч маслаҳатлашувлар тўғрисидаги бандни ўз ичига олиши мумкин. 

Элтуз Россия – Украина уруши ва катта еттилик давлатлари муносабатига оид воқеаларни ёритишда давом этади каналимизга обуна бўлинг. Видеоларимизга лайк қолдиринг.

Тағин ўқинг
26 октябр 2018
Ҳеч нарса ўз-ўзидан келмайди, жанг қурбонсиз бўлмайди. Мажбурий меҳнат батамом тугатилиши учун яна кимлардир қурбон бўлиши керак шекилли. Андижон ...
16 декабр 2019
«Ваъдабоз депутатларни сайлаб чарчадингизми, унда «Қўлдан келганча» партиясига овоз беринг». Телеграм ва ютуб тармоғида 2019 йилги сайлов кампанияси ҳажв ...
11 май 2017
Давр тақозоси билан Ўзбекистонда совчилик анъаналари ўзгармоқда. Аста секин ўғиллардан ҳам кўра, қизларга тузукроқ жойлардан эр қидириш, совчи жўнатиш ...
8 декабр 2020
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим “Элтуз” мухбири билан суҳбатда хонандалар Санжай ва Шерали Жўраев жанжалига умуман аралашмаганини, артист билан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...